Тожикистон: Аёл кишига генерал рутбаси берилди Tojikiston dunyo yangiliklar

Тожикистонда кейинги йигирма йилда биринчи марта аёл кишига генерал рутбаси берилди

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Тожикистонда кейинги йигирма йилда биринчи марта аёл кишига генерал рутбаси берилди
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожикистонда кейинги йигирма йилда биринчи марта аёл кишига генерал рутбаси берилди. Тожикистон Республикаси ҳукумати қошидаги Ижро хизмати бошлиғи Барно Саидвализода генерал-майор рутбасига сазовор бўлди.

Гарчи Тожикистон оммавий ахборот воситаларида Барно Саидвализода биринчи тожик генерал аёли, дея ёзилаётган бўлса-да, ундан олдин Саодат Амиршоева генерал-лейтенант рутбасини олган эди.

Ҳозирда 68 ёшли Амиршоева узоқ йиллар ҳуқуқ-тартибот мақомотларида фаолият юритди, Хатлон вилояти судида ишлади, мазкур вилоят Адлия бошқармасини бошқарди.

Барно Саидвализода эса, амалда фаолият юритаётган ягона тожик генерал аёли ҳисобланади.

Генерал аёллар

Барно Саидвализода ҳозир мамлакатда амалда фаолият юритаётган ягона тожик генерал аёли ҳисобланади

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Барно Саидвализода ҳозир мамлакатда амалда фаолият юритаётган ягона тожик генерал аёли ҳисобланади

Марказий Осиёда генерал рутбасига сазовор бўлган бошқа аёллар ҳам йўқ эмас.

Қозоғистонда биринчи бўлиб аёллардан Сауле Айтпаева генераллар сафига қўшилганди.

Узоқ йиллар мамлакат прокуратура мақомотларида фволият юритган генерал аёл сўнгги йилларда Қозоғистонда болалар ҳуқуқи вакили бўлиб ишлаган.

Афғонистонда эса, аёллар орасидан биринчи бўлиб мамлакатда таниқли шифокор, жарроҳ Суҳейла Сиддиқ генерал-лейтенант бўлган.

У ўтган йили охирида 82 ёшида вафот этган.

Марҳум шифокор генерал Ҳомид Карзай ҳукмронлиги даврида Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлган.

Ҳатто толиблар биринчи марта давлат бошига келганларида аввалига Суҳейла Сиддиққа аёлнинг вазифаси рўзғор юмуши деб, уйда ўтиришини таъкидлаган бўлсалар-да, лекин кейинроқ аёл жарроҳга муҳтожлик туфайли, унинг хизматидан фойдаланишганига оид хабарлар бор.

Рутба шунчаки берилдими?

Барно Саидвализодага генераллик рутбаси Тожикистон мустақиллиги 30 йиллигини нишонлаш арафасида берилди.

У Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон генерал рутбаси берган ё рутбасини оширган 37 киши орасида ёлғиз аёлдир.

Янги генераллар ва рутбаси оширилганлар мамлакат ҳуқуқ-тартибот, суд мақомотлари, ҳарбий ва куч тизимларида ишлашади.

Тожикистондаги амалда фаолият юритаётган ягона генерал аёл - Барно Саидвализода 48 ёшда.

Хуқуқшунос олима узоқ йиллардан буён масъул вазифаларда ишлаб келмоқда.

Жумладан, у Тожикистон Республикаси президенти қошидаги Миллий қонунчилик маркази директори сифатида фаолият юритган.

Президент ижроия дастгоҳи ҳуқуқ бошқармасига раҳбарлик қилган.

Аввалига у Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Ижро хизмати бошлиғи муовини вазифасига тайинланган. 2020-йил апрелидан бошлаб эса, мазкур хизматга бошчилик қилаётир.

Ҳалол меҳнати учун...

Тақдирлаш маросими

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Барно Саидвализода Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон генерал рутбаси берган ё рутбасини оширган 37 киши орасида ёлғиз аёл бўлган

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, Барно Саидвализода юксак рутбага ўзининг муносиб меҳнати туфайли сазовор бўлган.

"Мен узоқ йиллар Ижро хизматида ишлаганман. Суд ҳукмлари, ажримлари, бошқа мақомотлар қарорлари ижросини таъминлаш осон иш эмас. Айниқса, иқтисодий ва фукаролик ишлари бўйича чиқарилган ҳукм ва қарорлар ижросини амага ошириш учун кўп тўсқинлик бўлади. Оддийгина туюладиган фарзандлар учун алимент ундиришда қанча қийинчиликларга учраганман", деди ҳозирда нафақада бўлган мутахассис.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида мажбурий ижро тадбирлари натижасида деярли 107 миллион сомоний ва 1, 3 миллион АҚШ доллари ундирилган.

Ҳуқуқий шахслар манфаати учун ундирилганлари эса, 81 миллион сомоний, 1,3 миллион АҚШ доллари ва 3,4 миллион рус рублини ташкил этган.

Мутахассислар бу рақамлар айнан Барно Саидвализоданинг ўз ишига масъулият билан қараган ҳолда раҳбарлик қилиши натижасида ҳосил бўлганини таъкидлашади.

Унинг бир йиллик раҳбарлик фаолияти давомида давлат фойдасига ундирилган маблағ фақат олти ойда 11 миллион сомонийга ошгани урғуланади.

Жорий йилнинг ўтган ярим йиллигида ундирилган алимент пули 13 миллион сомонийдан ошиб кетган.

Алимент тўлашдан бўйин товлаётган 213 нафар кишига нисбатан эса, мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноий иш қўзғатилган.

"Албатта Барно Саидвализоданинг қилган ишларидан кўз юмиш яхши эмас. Лекин, менимча, унга генераллик рутбаси берилиши кейинги йилларда Тожикистонда жамиятда аёл мақомини кўтаришга боғлиқ бўлиши мумкин", дейди таҳлилчи Аҳмад Бобожонов.

Тожикистон ва гендер тенглик масаласи

Тожикистон аҳолисининг ярмига яқинини ҳам хотин-қизлар ташкил этишади

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Тожикистон аҳолисининг ярмига яқинини ҳам хотин-қизлар ташкил этишади

Масалан, кейинги сайловда Тожикистон парламентига сайланган аёллар сони аввалгисига қараганда уч нафарга кўпайиб, 15 нафарга етди.

Умуман эса, Парламентга 63 нафар депутат сайланади.

Парламент Раисининг ўринбосарларидан бири аёл депутат - Дилрабо Мансурийдир. Техника фанлари доктори бўлган бу олима аёл айни бир пайтда Тожикистон Фанлар академияси мухбир аъзоси ҳамдир.

Матлубахон Омонзода эса, Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосаридир. Зулфия Давлатзода - Тожикистон Маданият вазири.

Айни бир пайтда, айниқса, кейинги йилларда мамлакат ҳуқуқ-тартибот мақомотларида, ҳарбий тизимда ишлаш истагида бўлган аёллар сони ортиб бормоқда.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигидан билдиришларича, ходимларининг ҳар тўрттадан бир нафари аёл бўлиб, улардан айримлари полковник рутбасини олишга муваффақ бўлишган.

Фақат бу вазирликда эмас, Мудофаа вазирлигида ҳам, ҳуқуқ-тартибот мақомотларида ҳам аёлларнинг ўзларига берилган вазифани қатъиян бажаришга интилишлари, ҳалол ишлашларини таъкидлашади.

Кузатувчилар фикрича эса, аёл кишига генерал рутбаси берилиши нозик жинс вакилларининг айни шу хислатлари эса ҳисобга олинган ҳолда уларнинг куч тизимлари ва ҳуқуқ-тартибот мақомотларидаги сонини оширишга қаратилган ҳам.

Чунки мамлакат аҳолисининг ярмига яқинини аёллар ташкил этишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek