Тожикистон: Мустақиллик байрами тантаналари, авф қувончлари ва Афғонистондан хавотир Tojikiston Markaziy Osiyo

Сурат манбаси, Tojikiston prezidenti matbuot xizmati
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Бундан 30 йил олдин, 9 сентябр куни ўз мустақиллигини эълон қилган Тожикистонда байрам тантаналари уч кундан буён давом этмоқда. Ҳали байрамга икки кун қолганда Душанбе, Хўжанд, Бохтар каби шаҳарларда ва туманлар марказларида ҳарбий парад ўтказилди. Кеча мамлакат пойтахтидан бошлаб ҳамма ерда мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам тантаналари ва концертлар бўлиб ўтди. Бугун эса, барча шаҳар ва туманлар марказларида аҳоли иштирокидаги парадлар ўтказилди. Бунда 30 йил давомида халқ хўжалигининг барча соҳаларида эришилган ютуқларни намойиш қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакат Президенти Эмомали Раҳмон мустақиллик байрамига бағишлаб Душанбедаги ҳашаматли «Борбад» қасрида ўтказилган тантанада сўзлар экан, Истиқлолнинг дастлабки йиллари оғир кечганини, ички ва ташқи душманлар Тожикистонни бўлиниб кетишдек жар ёқасига олиб боришганини таъкидлади.
Тожикистон мустақилликка эришган Марказий Осиё мамлакатлари орасида фуқаролик уруши даҳшатларини бошидан кечирди. "Мустақил мамлакатимиз ўзининг дастлабки қадамларини ташлаётган пайтда тожик миллати хоинлари ва тожик давлати душманлари манфаатдор хорижий доираларга орқа қилиб, юртимизни ўткир мухолифатлик гирдобига, кейин фуқаролар уруши оташига отишди. Уюштирилган фуқаролик уруши ҳеч қачон халқимиз хотирасидан ва ўлканинг янги тарихидан ўчмайди", деди Эмомали Раҳмон.

Сурат манбаси, President.tj
У 1992-йилда ўзини қудратга келтирган Тожикистон Олий кенгашининг тарихий сессияси бўлиб ўтган Хўжанд яқинидаги машҳур Арбоб қасрини эслаб ўтди. Айнан шу қасрда Суғд вилояти фаоллари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида Мустақилликнинг 30 йиллиги тантанаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг қўшни Фарғона вилояти ҳокими биринчи ўринбосари бошчилигида ташриф буюрган меҳмонлар ҳам иштирок этишди.
Байрам тантаналари Душанбе, Хўжанд ва бошқа шаҳарларда кеч оқшомгача давом этди. Ковид пандемияси қоидаларига риоя қилинган ҳолда боғлар, маданият масканларида байрам концертлари бўлиб ўтди, халқ сайиллари учун имкониятлар яратилди.
Камбағаллик даражаси қайси ҳисобга камаймоқда?

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Эмомали Раҳмон тантанали йиғилишда айнан тинчлик ва осойишталик йилларида Тожикистон иқтисоди ривожланиб, аҳоли ҳаёти яхшиланганини таъкидлаб ўтди ва мисоллар келтирди. Кейинги йигирма йил давомида давлат бюджети даромади 252 миллион сомонийдан 27,6 миллиард сомонийга етган. Ички маҳсулот ҳажми киши бошига 30 баравар кўпайган. Мамлакатда камбағаллик даражаси 1999-йилда 83 фоиз бўлса, орадан йигирма йил ўтиб, 26,3 фоизга тушган. Бошқача айтганда, уч баравардан кўпроқ миқдорда камайган.
Мамлакатда кейинги саккиз йил мобайнида 1 миллиондан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўрни ҳозирланган. Натижада меҳнат муҳожирлигига кетаётган кишилар сони 64 фоиз камайган.
«Тўғри, айниқса, тадбиркорларнинг саъйи ҳаракати ила янги корхоналар ишга туширилаётгани боис иш ўринлари кўпаймоқда. Лекин норасмий маълумотларга кўра, ҳамон бир миллион нафардан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирлигига кетган. Уларнинг борган сари кўпчилиги Россия фукаролигини қабул қилмоқда. Айнан меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ҳисобига камбағаллик даражаси кўпроқ пасаймоқда», деди аслида тожикистонлик ҳуқуқшунос, ҳозирда Россиянинг Омск шаҳрида ишлаётган Акром Абдуллаев.
«Барибир мустақил мамлакатда яшаш бошқача. Қийинчиликлар ўтиб кетади. Иш йўқ, деб нолиганлар кўп. Лекин мени ҳозир нечта ишхонага таклиф этишяпти. Ҳозирги ишлаётган еримда агар Америка долларига ҳисобласак, минг доллардан кўпроқ маош оляпман», деди ихтисоси компютер дастгурчиси эканлигини айтган душанбелик 30 ёшли Маъруфжон.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
«Шу кунларда байрам муносабати билан авф эълон қилинаётгани бизнинг оиламиз аъзоларини, айниқса онамни қувонтириб юборди. Адашиб, жиноят йўлига кириб қолган 21 ёшли укам бағримизга қайтиб келадиган бўлди», деди Бохтар шаҳрида яшайдиган Маҳмадали.
Байрам арафасида озодликдан маҳрум этилган ва жиноят содир этишда айбланаётган кишиларга нисбатан авф эълон қилиниши хабар қилинди. Бу авфга кўра таёрланган қонун лойиҳасига мувофиқ 16 минг нафарга яқин киши озод қилинади.
Ҳарбий парад огоҳлантиришми?
Тожикистон ўз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини қўшни Афғонистонда толиблар қудратга келган бир вазиятда нишонламоқда. Тожикистон Республикаси Олий суди томонидан «Толибон» террорчи ва экстремистик ташкилот сифатида эълон қилинган. Эмомали Раҳмон байрамга бағишланган тантанали йиғилишда Тожикистон қўшни Афғонистонда юз бераётган воқеаларга асло бефарқ қарамаслигини таъкидлади. Қадимий бу юрт бошига тушган хавфу хатарлар ва бадбахтлик хорижий мамлакатларнинг аралашиши, яъни минтақа ва жаҳондаги манфаатдор доираларнинг фаолияти натижаси бўлиб, ҳозиргача давом этмоқда», деди Эмомали Раҳмон.
У жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон халқи бошига тушган мушкул аҳволни ҳал этишга чорлар экан, инсон ҳуқуқига оид халқаро ташкилотларнинг бу масалада жимликни ихтиёр этаётганликларидан ҳайратда эканлигини таъкидлади.
Эмомали Раҳмон зарур чоралар кўрилмаса, Афғонистоннинг халқаро террорчилик маркази сифатида қолиши ва минтақа ҳамда жаҳон мамлакатлари тинчлик-осойишталигига жиддий хатар етказишини урғулади.
«Афғонистондаги вазият Марказий Осиё мамлакатларига бевосита салбий таъсир кўрсатади, мен минтақамиз хавфсизлиги биринчи навбатда қўшни ўлка вазиятига боғлиқлигини кўп марталаб айтганман», деди Тожикистон президенти.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Айни бир пайтда Эмомали Раҳмон Тожикистонга қочиб ўтиши мумкин бўлган афғон қочқинларини қабул қилиш борасида тўхталмади. Хабарларга кўра, Тожикистонда афғон қочқинлари учун муваққат бошпаналар тайёрлашга киришилган. Лекин афғонистонлик қанча киши қабул қилиниши очиқланмаган.
«Менимча, Тожикистон бўйлаб ўтказилган ҳарбий парадлар толибларга мамлакат раҳбарларининг ўз қудратини кўрсатиб қўйишни ҳам назарда тутган. Бу Тожикистон чегараларини бузиб ўтишни ўйламаслик учун бир огоҳлантиришдир», дейди истеъфодаги полковник.
«Лекин Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида дарё кечиб ўтган юз минглаб тожикистонликларни Афғон ҳукумати кўксидан итармаганини, аксинча уларга жой берганини унутмаслик зарур. Ҳа, йигирма йил олдин минглаб афғонистонликлар толиблардан Тожикистонга қочиб ўтиб, жон сақлаб қолишди. Тўғри, йиллар ўтиб, уларнинг кўплари бошқа мамлакатларга, кўпроқ Канадага кўчиб кетишди. Лекин ҳозир ҳам ўша афғонларнинг айримлари Тожикистонда яшаб, ишлашмоқда, болалари ўқишяпти», деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.
Тожикистон президенти янги афғон ҳукумати таркибига албатта тожиклар ва ўзбеклар киритилишини айтиб чиққанди.
Душанбедаги байрам концертида афғон санъаткори Фаҳим Фанонинг иштирок этиши ҳам Тожикистоннинг қўшни мамлакат ва у ерда яшаётган кўп миллионлик тожиклар тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатди, деди Аҳмад Бобожонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















