Тожикистонда юз минглаб ҳарбий оёққа турди, президент Раҳмон буйруқ берди - Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Тожикистон президенти ўзининг эътироф этишича, бунақаси мамлакат мустақиллиги тарихида бўлмаган. Хабарларга кўра, бутун мамлакат бир кунда ҳарбий полигонга айланган.
Президент Раҳмон бундай кенг кўламли ҳарбий машқлар сабабини Афғонистондаги кескинлашаётган вазият билан изоҳлагани айтилмоқда.
Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини кучайтирган сўнгги ҳафталарда минтақанинг давлат чегараси энг кўп бузилган мамлакати экани ҳам кўрилади.
Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳам биринчилардан бўлиб бутун мамлакат бўйлаб ўзининг шахсий таркиби жанговарлигини синаб кўрган.
Аммо Тожикистондагисига ўхшаб барча ҳарбий бўлинмаларининг бир кунда оёққа қалқитилиши ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаган.
Хабар, бошқа томондан, Тожикистон аллақачон Афғонистон билан чегараси ҳимоясини кучайтиришга киришган ва Толибон Россияга Марказий Осиё чегарасини бузиб кирмасликка ваъда бериб бўлган бир манзарада олинган.

Сурат манбаси, official
Тожикистонда ҳам президент мамлакат Қуролли кучлари Олий қўмондони бўлади.
Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, бугун маҳаллий вақт билан саҳар 04:00да президент Эмомали Раҳмоннинг "тревога"си билан мамлакатдаги барча ҳарбий бўлинмалар оёққа турғизилган.
Тожикистонда бир кунлик "Марз-2021" ҳарбий машқлари бошланган.
Нашрнинг ёзишича, бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган машқларга Тожикистон Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва бошқа куч тузилмаларининг 100 мингдан ортиқ аскар ва зобити сафарбар этилган.
Тожикистон Қуролли кучларининг захирадаги 130 минг ҳарбий хизматчиси ҳам ташланган.

Сурат манбаси, official

Сурат манбаси, official
Бундан ташқари, Тожикистон Қуролли кучлари ихтиёридаги қурол-яроғ, зирхли техника, қирувчи ва юк самолётлари, артиллерия ва транспорт воситалари ҳам жалб қилинган.
Барча масъул юқори мартабали ҳарбийлар эса, бўлинмаларнинг жанговар шайлиги борасида Тожикистон президентига ҳисоб беришган.
Уларнинг орасида президент Раҳмоннинг тўнғич ўғли, Душанбе шаҳар мэри, генерал-лейтенант Рустам Эмомалининг ҳам борлиги айтилган.

Сурат манбаси, official
Хабарларга кўра, машқлар ортидан, пойтахт Душанбеда йирик ҳарбий парад ҳам бўлиб ўтган.
Унда 10 мингдан ортиқ аскар, зобит ва ҳарбий техника иштирок этган.
Машқлар Тожикистондаги барча давлат теле-радио каналлари орқалм тўғридан-тўғри олиб узатилган.
Президент Раҳмон ҳарбийларига ўз миннатдорчилигини билдираркан, бунақа машқларни йилига бир-икки марта қилиб туриш лозимлигини айтган.
Тожикистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун ҳукумат барча чорани кўришини айтган.

Сурат манбаси, official
Парад иштирокчилари қаршисида қилган худди шу чиқишида Эмомали Раҳмон афғон можаросини куч билан ҳал қилиб бўлмаслигини ҳам яна бир бор такрорлаган.
Тожикистон ўзининг "Қуролли кучлари бирор бир қўшни давлатга нисбатан ишга солмаслиги"ни баён қилган.
Тожикистон Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган Марказий Осиё давлати бўлади.
Россия президенти Афғонистондаги вазият кескинлашаётгани сабаб аллақачон Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам КХШТ доирасида кўмак беришга ваъда қилган.
Келаси ой Афғонистон чегараси яқинида Тожикистон билан бирга қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишни режалаган.
Худди шу режаси асосида кеча, чоршанба куни базасидаги танкларини Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинига ташлагани ҳам маълум бўлган.
Худди шу куни Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базасини янада кучайтириш истагида экани ҳам хабар берилган.
Афғонистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларидаги аксарият ҳудудлар ҳали-ҳануз Толибон назорати остида қолмоқда.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган Марказий Осиё давлатлариники билан қиёсланганда энг узуни ва бориш қийин тоғли ҳудудлардан ҳам ўтгани боис, қўриқлаш қийин бўлгани айтиб келинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














