Тожикистон: 18 ёшдан катталар Ковидга қарши мажбурий эмланади - минтақа, коронавирус ва сиёсат Tojikiston koronavirus

Сурат манбаси, courtesy
Ковид-19 олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича Республика штаби қарорига кўра, Тожикистоннинг 18 ёшдан катта бўлган барча фуқаролари коронавирусга қарши мажбурий вакцина олади. Ўзбекистон дохил Марказий Осиё минтақасида Тожикистон биринчи бўлиб шу қарорга келган. Расмий маълумотларга қараганда эса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда коронавирус Тожикистонга қараганда кўп тарқалган.
Коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича Республика штаби COVID-19 юқиши олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича эпидемиологик тадбирларни кучайтириш борасида Мурожаат эълон қилар экан, 18 ёшга тўлган ҳар бир тожикистонликнинг вакцина олиши шартлигини таъкидлаган. Лекин айни бир пайтда ҳали вакцина олишдан бош тортган кишиларга нисбатан қандай чоралар қўллаш борасида ҳеч нарса дейилмаган. Коронавирусга қарши эмланмаган кишилар бунинг учун оилавий врачга ёки маҳаллий тиб муассасасига мурожаат этишлари зарур. Эмлаш бутунлай бепул ўтказилади.
Айни шу Мурожаатда Республика штаби аҳолини шахсий ва ижтимоий гигиенага, ижтимоий масофага, нақлиёт ва жамоатчилик жойларида албатта ҳимоя ниқоблари тақишга риоя қилишга чақирган.
Муожаатда Тожикистон ҳудудига хориж сафаридан қайтиб келаётган фуқароларнинг албатта коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш учун текширишдан ўтишлари тавсия этилган. Сафардан қайтган фуқароларга натижа салбий ё ижобий бўлишидан қатъиназар ўн кеча-кундуз давомида қариндошлари ва яқинлари билан кўришмаслик, иҳотада сақланиш зарурлиги айтилган.
Тожикистонлик мутахассис шифокорларга кўра, COVID-19 ни юқтирмаслик, бу хавфли касалликни бутунлай йўқотишнинг ягона йўли ҳозирда айнан ҳаммани коронавирусга қарши эмлаш бўлиб турибди.
Сабаблар нимада?

Сурат манбаси, courtesy
Кузатувчиларга кўра, Республика штабининг бир қадар кескин кўринган бу қарорга келишининг албатта сабаблари йўқ эмас. Биринчидан, гарчи деярли ярим йил давомида Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари учрамаганлиги иддао қилиб келинган бўлса-да, июннинг учинчи ўн кунлиги бошланар экан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги икки кунда 32 нафар кишининг Ковид юқтирганлигини расман эълон қилган. Агар коронавирусга чалиниш ҳолларининг январь ойи бошидаги сўнгги рақами билан ҳозирги кўрсаткич қиёсланганда, 10 кун орасида деярли 200 нафар кишининг Ковид юқтирганлиги маълум бўлади.
Иккинчидан, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон COVID-19 масаласига жиддий эътибор қаратган. У 30 июнда бўлиб ўтган Ҳукумат йиғилишида мамлакатда коронавирусга чалинаётганлар сони ошиб бораётганидан ташвиш билдирган. Эмомали Раҳмон коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш Республика штаби (Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилик қилади) ва мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига вакциналаш жараёнини ва санитария-гигиена қоидаларига, ижтимоий масофани сақлашни назорат остига олишни топширган. Президент дори-дармонлар етказиб беришни яхшилаш, барча ўқув юртлари, дам олиш ва маданият боғлари, хиёбонлар, жамоатчилик жойларини дезинфекция қилиб туриш кўрсатмасини берган. Учинчидан, айрим оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда коронавирусга оид вазият яширилаётгани, ковидга чалиниш натижасида ўлим ҳоллари кўпаяётгани иддао қилина бошланди. Нуфузли нашрлардан бири ҳатто коронавирус ҳаётдан олиб кетган ўн кишининг рўйхатини келтирди. Уларнинг ҳаммаси мамлакатда таниқли кишилар ё уларнинг яқинлари эди. Кўп ўтмай, Тожикистонда таниқли актёр, Тожикистон Халқ артисти Убайд Ражабов ва тиббиёт фанлари доктори, профессор, гепатолог врач Фарида Мансурованинг COVID-19 га чалиниб, вафот этганликлари ҳақидаги хабарлар чиқди. Бу хабарлар марҳумларнинг яқинларига суяниб тайёрланган эди.
Лекин Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги бу хабарларни инкор этиб, 2021 йилда ҳали бирон кишининг COVID-19 дан вафот этмаганлигини таъкидлашда давом этди. Вазирлик маълумотларида бу борадаги ўтган йилги рақам - 90 нафар кишининг ўлими ўзгармасдан келар эди.
Ниҳоят, 2 июль куни Вазирлик 2 кишининг COVID-19 га чалиниш оқибатида ҳаётдан кўз юмганини расман эълон қилди. Лекин бошқа ҳеч қандай тафсилотлар оммалаштирилмади - марҳумларнинг исм-шарифи, ёши, қаерданлиги билдирилмади.
"Мен билан ҳарбий хизматда бўлган қуролдош дўстим руҳига фотиҳа ўқиш учун Ашт туманидаги у яшаган Оппон қишлоғига бордик. У коронавирус билан оғриб, жон берган экан. Тиб ва санитария хизмати ходимларининг ўзлари қабрга қўйишибди. Вазирлик эълон қилган маълумотдаги икки кишининг биттаси у эканлиги ё эмаслигини билмаймиз", деди ҳозирда Гулистон шаҳрида яшаётган қирқ ёшли Салимжон.
"Мен бир нарсага ҳайронман. Зотилжам ўта тез юқадиган касаллик эмас. Устига зотилжам кеча пайдо бўлган касаллик ҳам эмас. Буни ҳамкасбларимнинг яхши билишларига ишонаман. Лекин негадир кейинги бир йилда бизда зотилжам билан оғриш ва у туфайли ўлим ҳоллари кескин кўпайиб кетди. Коронавирус тўсатдан пайдо бўлган ва дунёнинг манаман деган давлатларини ташвишга солган юқумли касаллик. Унга чалинишнинг кўпайиб кетиши ва ўлим ҳолларини тушунса бўлади. Лекин нега йиллар давомида мавжуд бўлган ва унга қарши кураш тажрибаси орттирилган ҳолда зотилжам олдини олиш шунчалик қийин кечяпти?", деди ҳозирда нафақада бўлган шифокор.
Маҳаллий кузатувчилардан бирининг фикрича эса, зотилжам тиббиёт даражаси абгор ҳолатда бўлган ва аҳолиси камбағал мамлакатда авж олади.
Намозхонлар хавотирлиги

Сурат манбаси, courtesy
Душанбедаги айрим масжидлар имом-хатиблари намозхонлардан вакцина олишни талаб қилганликлари ҳақида хабарлар тарқалди. Намозхонлар акс ҳолда ўзларини масжидга киритишмасликларидан хавотирлик билдиришган. Аммо имом-хатиблар эмлаш борасидаги гапларини тавсия тарзида айтишганини изҳор этишган.
Айни бир пайтда бошқа жамоатчилик жойлари каби Душанбедаги масжидларда кўчма эмлаш нуқталари иш бошлаган.
"Мана, энди эмлашнинг мажбурийлиги борасида қарор чиқаришди. Ўтган йили пандемия боис чекловлар жорий қилинганда, энг аввало масжидлар ёпилганди. Одамлар кун бўйи гавжум бўладиган бозорлар эса, ёпилмади. Бу гал ҳам, ёпилиш масжидлардан бошланмаса эди", дея хавотирланади Душанбе масжидларидан бирининг намозхони Маҳмадулло.
Тожкистонда вакцина олиш ишлари бундан уч ой олдин бошланганди. Аҳолининг заиф қатлами, жумладан, 60 ёшдан ошган кишилар Британияда ихтиро қилинган, Ҳиндистон корхоналарида тайёрланган AstraZeneka вакцинаси билан эмлана бошланди.
24 июндан бошлаб эса, мамлакатга Хитойдан Coronavac вакцинаси олиб келиш бошланди. Хитойдан Душанбега 300 минг доза вакцина келтирилди. Хитой бу вакциналарни Тожикистонга бепул юборганини эълон қилди.
Аввалига мамлакат пойтахти Душанбеда 18 ёшдан ошган кишиларни оммавий эмлашга киришилди.
Осиё Тараққиёт банки эса, Тожикистон Ҳукуматига COVID-19 га қарши вакцина сотиб олиш, эмлаш жараёнини муваффақиятли ўтказишни кучайтириш учун 25 миллион АҚШ доллари ҳажмида кўмак беришга қарор қилди.
Расмий маълумотларга қараганда, Тожикистон аҳолининг коронавирусга қарши эмланиш даражасида жаҳондаги энг паст кўрсаткич қайд қилинган мамлакатлардан бири эканлигича қолмоқда.
Айни бир пайтда аҳоли орасида мамлакатда инсон ҳаёти учун ўта хавфли ҳиндистонча штамм тарқалгани борасидаги хабарлар хавотирлик уйғотмоқда. Бу борада ҳатто вирусолог мутахассислардан бири ҳам айтган.
Лекин Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги бу иддаони рад этиб, мамлакатда бирон киши ҳиндистонча ё "дельта" штамми юқтирмаганини билдирди.
Расмий маълумотларга кўра, 3-4 июлда коронавирусга чалинганлар сони яна 49 тага кўпайди. Ва уларнинг умумий сони Тожикистонда 13 минг 597 нафарга етди. Бир кеча-кундузда 32 киши ва умуман 13.300 дан ортиқ киши соғайган. Вафот этганлар сони эса, жами 93 тага етган.
Лекин ижтимоий тармоқларда Тожикистонда COVID-19 тарқалиши борасида фикр билдирувчилар кўпинча бу рақамларни шубҳа остига олишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















