Тожикистон: Эмомали Раҳмон президент сифатида қандай рекорд қўйди? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Эмомали Раҳмоннинг Тожикистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаганига 30 йил тўлди. Уни қудратга Тожикистон Олий Кенгашининг 1992-йил ноябрь ойида бўлиб ўтган 16-сессияси келтирган эди. Эмомали Раҳмоннинг Тожикистонни бошқараётганининг 30 йиллигига бағишланган тантаналар айнан мазкур сессия кечган Хўжанд яқинидаги эндиликда "тарихий" сўзи қўшиб айтиладиган машҳур "Арбоб" қасрида бўлди. Бу санага бағишлаб Душанбе ва Хўжандда китоблар нашр этилди, шеърлар битилди, қўшиқлар басталанди, мақолалар ёзилди, илмий-назариявий конференциялар ўтказилди.
Ўша тарихий 16-сессия қатнашчилари бўлган ҳозирда ҳаёт депутатлар, зиёлилар, мамлакат пойтахти ва вилоятларидан, шаҳар ва туманларидан келган кўп сонли меҳмонлар, фаоллар иштирок этган тантанали йиғилишда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон камида бир ярим соат давом этган нутқ сўзлади.
У аввало 16-сессияни ўтказишнинг сабаблари ҳақида гапирди. Эндигина мустақиллигини эълон қилган мамлакатда бошланган фуқаролар уруши, бошбошдоқликка чек қўйиш, мамлакат бўлиниб, тожик давлатининг йўқолиб кетиши хавфи олдини тезда олиш заруриятини асосий сабаблар дея изоҳлади
Фуқаролар урушида ким айбдор?
У гарчи номини тилга олмаган бўлса-да, Тожикистонда фуқаролар урушини келтириб чиқаришдан манфаатдор мамлакатнинг диний мутаассиблар, ўша пайтда ўзини Тожикистон Ислом уйғониш партияси деб атаган "Наҳзати ислом"нинг оддий одамларни алдаш, қўрқитиш қасам ичтириш каби йўллар билан Душанбедаги майдонлардан бирига олиб келиб, фуқаролар уруши бошлаганини айтди.
Таҳлилчилар фикрича, урушнинг касофати боис камида бир юзу эллик минг нафар тожикистонлик ҳалок бўлган. Юз минглаб болалар етим қолган. Уй-жойлар ёндирилган. Бир миллион нафардан ортиқ инсон Тожикистондан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Эмомали Раҳмон ўта қийин даврда мамлакат раҳбари этиб сайлангач, ўз ҳаётини хавфга солган ҳолда Афғонистонга бориб, бу мамлакатга ўтиб кетган юз минглаб қочқинларни қайтаришга қандай эришгани ҳақида сўзлади.
Уруш келтирган яна бир қийинчилик - одамларнинг оч қолиши, Фархор, Восе, ҳозирги Ҳамадоний туманларида минглаб одамларнинг оч қолмаслик учун зарарли ўсимликларни еб, касалликка мубтало бўлганликлари, шишиб вафот этганликларини эслар экан, президентнинг ютинаётгани яқкол сезилиб турди.
Эмомали Раҳмон янги ҳукуматда ишлаш учун кўпчиликнинг рози бўлмагани, бунга мамлакат пойтахти Душанбеда давом этаётган фуқаролар урушида ўққа дучор бўлиш қўрқуви сабаб бўлганини айтди.
"Масалан, Мудофаа вазирлигига одам топиш қийин бўлди. Ҳа, Арбобдаги сессия давом этаётган пайтда қўшни Ўзбекистон хавфсизликни таъминлаш мақсадида аскарлар юборди", деди Тожикистон Президенти.
"Ростдан ҳам оғир пайт эди. Душанбеда Олий Кенгашнинг бир гуруҳ депутатларини гаровга олишганди. Хатар яққол кўриниб тургани сабабли сессияни Хўжандда ўтказишга қарор қилинди", деди ўша 16-сессияда қатнашган депутатлардан бири.
Эмомали Раҳмон ўз манфаатларини ўйлаб халқни нотўғри йўлларга бошлаётган кучлар орасида фақат «Наҳзати Ислом» эмас, балки демократик ва коммунистик партияларни ҳам тилга олди.
Роғунга ким қарши чиққан эди?

Сурат манбаси, official
Ўша 16-сессияда Тожикистонга янги раҳбар сайлаш ҳақида гап борар экан, кўпгина таҳлилчилар номзодлар орасида аввалига Эмомали Раҳмоннинг бўлмаганлигини айтишади.
"Қирқ ёшли, гарчи Тожикистон Олий Кенгаши сессияларида бирмунча фаол бўлган депутат бўлса-да, ҳали Эмомали Раҳмон сиёсат бобида яхши танилмаган эди. Лекин унинг ҳаётини гаровга қўйиб ўт ичидаги Душанбега бориши, ҳатто ўзларини халқ қўмондонлари деб атаётган кишилар билан юзма-юз гаплашиши, айниқса Тоғли Бадахшонга сафарлари ёш раҳбарнинг жасурлигини кўрсатди", дейди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожон.
Унинг айтишича, гарчанд Тожикистон мустақиллиги 1991-йилнинг 9-сентябрида эълон қилинган бўлса-да, амалда истиқлолга эришилмаган эди. Орадан бир йилдан кўп вақт ўтаётган бўлса-да, мустақил Тожикистоннинг давлат рамзлари йўқ эди. Давлат байроғи айнан 16-сессияда қабул қилинди. Кейинроқ мамлакат Конституцияси, давлат герби ва гимни қабул қилинди, дейди Аҳмад Бобожон.
Эмомали Раҳмон Тожикистонда фуқаролар уруши бошлаганларнинг асосий мақсади исломий давлат тузиш эканлигини айтар экан, ўз нутқи давомида хурофотпарастлик ва экстремизм хавфи ҳозирда ҳам бутунлай бартараф этилмаганлигини урғулаб, ота-оналарни бола тарбиясига масъулият билан ёндашишга ундади. Айнан шундай оқимлар таъсирига тушиб қолган юзлаб тожикистонликларнинг Ироқ ва Сурияга, Афғонистонга кетиб қолишганини айтди. У урушда ҳалок бўлган тожикистонликларнинг хотинлари ва етим қолган болалари у мамлакатлардан икки марта қайтариб олиб келинганини айтди. Лекин ҳалигача 400 нафардан ортиқ тожикистонлик Сурия ва Ироқда қолаётганини, уларни Ватанга қайтариш учун қатъий ҳаракат қилинаётганини таъкидлади. Адашганларнинг ўз фарзандларини не кўйларга солганини ҳикоя қилар экан, ўн икки ёшида кўзи ёриган қизалоқ фожиасини сўзлади.
Гарчанд 16-сессияда миллий ярашув эришув борасида келишув эълон қилинган бўлса-да, мамлакатда фуқаролар урши тўхтамади. Ниҳоят, 1997-йилнинг 27-июнида оғир кечган музокаралардан сўнг мухолифатдаги томонлар тинчлик ва миллий бирлик борасидаги битимга имзо чекишди.
Эмомали Раҳмон Тожикистонни ривожлантириш, қурилиш ва ободончилик ишларини амалга оширишга фақат 2000 йилларга келиб киришилганини айтди. У бошқа мисоллар қатори 2000 йилда мамлакатда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 миллиард сомонийни ташкил этганини, 2021 йил натижаларига кўра бу кўрсаткич 95 миллиард сомонийга етганини айтди.
"Тўғри, мамлакатда фуқаролар уруши узил-кесил тўхтатилганидан кейин иқтисод анча ривожланди. Лекин барибир ҳалигача етарли маош бериладиган иш ўринлари етарли эмас. Йўқса, расмий равишда ҳозирда Россияда ишлаётгани айтилаётган 600 минг нафар меҳнат муҳожири ўз оиласи бағрида бўларди. Президентнинг ўзи ачиниб айтган рақам - Россиядан йилига 800 нафар тожикистонликнинг тобути келиши камайган, балки бутунлай тўхтаган бўлармиди, дейди таҳлилчи Аҳмад Бобожон.
Эмомали Раҳмон ҳозирда мамлакатда 2022-2026 йилларни саноатни ривожлантириш йиллари дея эълон қилинганини айтар экан, бунда мавжуд электр станцияларини таъмирлаб, қувватларини ошириш, келгуси йилда Роғун ГЭСининг учинчи агрегати ишга туширилиши муҳим ўрин тутишини айтди. Роғун ҳақида гап кетар экан, таниқли сиёсий раҳбарлардан бири Тожикистон ҳеч қачон Роғун ГЭСини қура олмаслигини айтганини эслатди.
"Гарчи номи тилга олинмаган бўлса-да, Эмомали Раҳмон Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовни кўзда тутганини сезиш қийин эмас. У Роғун ГЭСи қурилишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатган эди", дейди тарихчи олим Йўлдош Рўзиев.
Туркманбоши кетди, элбоши кетди, ким қолди?

Сурат манбаси, official
Шундай қилиб, Эмомали Раҳмон Тожикистонни 30 йилдан бошқармоқда. Гоҳ-гоҳ у ўзи эгаллаб турган мансабни ўғли - Рустам Эмомалига топшириши ҳақида гап кетади. Рустам Эмомалининг президентлик курсисига ўтириши учун барча қонуний расмиятчиликлар амалга ошириб бўлинган. Ҳозирда Душанбе шаҳри раиси бўлган Рустам Эмомали бир вақтда Тожикистон парламентига раҳбарлик қилади. Айни шу лавозим Эмомали Раҳмон қудратдан кетгудай бўлса, унинг ўрнини ҳали халқ сайловисиз эгаллаш имконини беради.
Нима бўлганда ҳам, Эмомали Раҳмон ҳозирда Марказий Осиёдаги раҳбарлар орасида энг кўп вақт давомида қудратда турган бош раҳбарлигича турибди. Ундан олдин Марказий Осиё давлатларини узоқ муддат бошқарган биринчи раҳбарлар турли сабаблар билан бирин-кетин ўз жойларини бўшатишди.
Энг аввало Туркманистонда президент ўзгарди. Бунга Сапармурод Ниёзовнинг ўлими сабаб бўлди. Йўқса, ҳали 1985 йилдаёқ Туркманистон ССР Компартияси Марказий қўмитаси биринчи котиби вазифани эгаллаган, 1990-йилда мамлакат президентлигига сайланган Ниёзов ўз ўрнини кимгадир бўшатиб бермаган бўлармиди?
Туркманбоши 2006 йилда вафот этди. Марҳум президент ўзининг ғалати қарорлари билан танилган эди. Масалан, унинг «Руҳнома» китобини ўқиш мажбурий эди. Ҳатто чет элларда ўқийдиган туркманистонлик талабалар ҳам «Руҳнома»ни ўқиш ва ёд олишга мажбур эдилар. Китоб шарафига Туркманистонда сентябрь ойи «Руҳнома» номига ўзгартирилган, ҳафта кунларидан бири — шанба эса «руҳкун» деб аталган. Бу кунда мамлакатнинг барча аҳолиси ўз раҳнамоларининг китобини ўқиши, кино, театрга бориши, маънавий жиҳатдан яхшиланиши керак бўлган. Бундан ташқари, 2005 йилда парламент қарори билан Туркманистонда «Руҳнома» йили деб эълон қилинган.
Туркманбошининг китоби мактаблар ва олий ўқув юртларида алоҳида фан сифатида ўтилган, китобдаги маълумотлардан Туркманистондаги барча ташкилотларда мутахассислик имтиҳони олинган ва ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ҳам ундан имтиҳон топширилган.
Китобни ўрганиш ўрта мактабларда 2013 йилда, Туркманистон олий ўқув юртларида эса 2014 йилдан бошлаб бекор қилинди.
Туркманбоши Ашхободда ўзининг олтин ҳайкалини ўрнаттиради. У балетни, соқол-мўйлов қўйишни, тилла тиш қўйдиришни тақиқлайди, вазирларни Ашхободдаги махсус 28-километрли йўлакда югуришга мажбур қилди.
Сапармурод Ниёзовнинг ота-оналари номига шаҳар ва туманлар, қишлоқлар, кўча ва мактаблар қайта аталган. Унинг ҳайкаллари, бюстлари ва портретлари минглаб майдон ва биноларни безаб келган.
Туркманистон Халқ Кенгаши Туркманбоши мамлакатни умрининг охиригача бошқариши тўғрисида қарор қабул қилган.
Сапармурод Ниёзовнинг ўрнига Президент бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов 2005 йил декабридан 2022 йил мартигача Туркманистонни бошқарди. 2022 йил 19 мартида унинг ўрнига ўғли Сардор Бердимуҳамедов Туркманистон президенти бўлди.
27 йил давомида мамлакатни бошқарган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам ўлим туфайли курсисини бўшатди. У 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимида иш бошлади.
1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида И.Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.
1991 йил 29 декабрда И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Кейинчалик унинг президентлик ваколати узайтирилди.
1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.
Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрда 78 ёшида вафот этди.
Ислом Каримовдан кейин Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлди. У тўғридан-тўғри Ислом Каримовнинг камчиликларини айтмаган бўлса-да, бир неча марта бунга ишора қилиб ўтди. Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бир қатор жиноятларда айбланиб, узоқ йиллик муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди.
Нурсултон Назарбоев эса Қозоғистонни салкам ўттиз йил бошқарди. У 2019 йил 19 мартда ўз истеъфосини эълон қилганди. Унинг ўрнини Конституция бўйича Сенат раиси бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаев эгаллади. Назарбоев эса, мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди ва ўзининг Элбоши мақомини сақлаб қолди.
2022 январида ёнилғи нархлари оширилишига қарши бошланган намойишлар барчасини ўзгартириб юборди. Намойишчилар мамлакатдаги коррупция, қариндош-уруғчилик, бюрократия ва бошқа бир неча ўн йиллик муаммоларни ҳамда президентликдан кетса ҳам, ҳокимиятдан кетмаётган Элбоши режимини тўлиқ тугатишни талаб қилишди.
Бутун мамлакат бўйлаб Элбоши ҳайкаллари қулатилди ёки зарар етказилди.
Янги президент томонидан нуфузли раҳбарлик лавозимларидаги Назарбоев тарафдорлари ишдан олина бошланди.
Назарбоевнинг ўзи эса Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди ва эндиликда оддий нафақахўр эканлигини айтди.
Тўқаев Назарбоев даврида аҳолининг жуда бой қисми шакллангани, улар ўз бойлигини халқ билан бўлишиши вақти келганини маълум қилди.
Мамлакат конституциясининг 91-моддасидан биринчи президент мустақил Қозоғистоннинг асосчиси эканлиги ва унинг Элбоши (миллат етакчиси) мақоми ўзгармаслиги ҳақидаги қоидалар олиб ташланди.
Шу билан бирга, бош қомусдан биринчи президент ва унинг оила аъзолари дахлсизлиги ҳақидаги бандлар ҳам чиқарилди. 17-сентябрда эса Тўқаев ўзининг президент сифатидаги илк қарорини бекор қилди ва Қозоғистон пойтахти номини Нур-Султондан яна Остонага қайтарди. 22-сентябр куни ҳар йили 1-декабрда нишонланувчи Биринчи президент куни давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилди. Шу тариқа, мамлакатдаги энг машҳур Элбоши мерослари тугатилди.
Бироқ, Назарбоевнинг қариндошлари, хусусан қизи Дариға Назарбоевада йирик молиявий қудрат ва ОАВ воситалари бор.
Ниёзов - Туркманбоши, Назарбоев - элбоши деб аталган бўлсалар, Эмомали Раҳмон - Миллат пешвоси деб улуғланади. У ҳозирда Марказий Осиёда қудратда қолаётган, энг узоқ муддат давомида ҳокимиятни бошқараётган раҳбар сифатида қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















