Толибон бангиларни кўчадан териб қаерга олиб кетмоқда? Dunyo Yangiliklar Afg'oniston

Муҳаммад Умар учоқ хизматкори бўлиб кўп давлатлар сафар қилгани, аммо Толибон келиши билан ишини йўқотганини айтади.
Сурат тагсўзи, Муҳаммад Умар учоқ хизматкори бўлиб кўп давлатлар сафар қилгани, аммо Толибон келиши билан ишини йўқотганини айтади.

"Кўприк тагида доридан бироз чекволмоқчи эдим, орқамдан кимдир ушлади. Толибон экан. Бизни олиб кетгани келишибди."

Муҳаммад Умар Толибон аскарлари ғарбий Кобулдаги Пули Cухта кўприги олдида қандай пайдо бўлгани ҳақида гапиради.

Муросасиз исломий гуруҳ 2021 йил августида ҳокимиятга қайтишидан анча илгари бу ер бангилар тўпланадиган машҳур жойга айланган эди.

Охирги ойларда Толибон пойтахт бўйлаб юзлаб бангиларни қўлга олди - кўприклар остида, паркларда, тепаликларда. Уларнинг кўпчилиги АҚШнинг собиқ ҳарбий базасига олиб борилган. Бу ер ҳозир муваққат реабилитация марказига айлантирилган.

Афғонистон дунёнинг бангилик урчиган пойтахтидир. Халқаро гиёҳванд моддалар ва ҳуқуқ тартибот бюросига кўра, 40 миллион аҳолиси бор бу мамлакатда 3.5 миллион одам бангидир.

Пули Сухта кўприги тагида ахлатлар, шприцлар ва дозани оширворганидан ўлиб қолганлар жасадлари орасида юзлаб эркак ўтирганини кўриш мумкин.

Оммалашган наркотиклар героин ва метамфетаминдир.

Кўприк остидаги бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди, итлар ахлат уюмларини титмоқда. Тепада транспорт оқими, кўча сотувчилари савдо қилмоқда, йўловчилар автобусларга чиқишга шошмоқда.

"Мен у ерга дўстларим билан учрашиш ва дори қабул қилиш учун борардим. Ўлимдан қўрқмадим. Нима бўлса ҳам, ўлим Худонинг измида", дейди Умар.

Олдинги ҳукуматнинг гиёҳвандларни ушлаб, марказларга жойлаштириш сиёсатига қарамай, бу ерни уйга айлантирволган эркаклар эътибордан четда қолган эди. Аммо Толибон мамлакатда назоратни қўлга олгач, кўчаларни улардан тозалаш учун янада тажовузкор кампания бошлади.

"Улар бизни ҳатто қувурлар билан калтаклашди, - дейди Умар. - Кўприк остидан чиқишни истамагани ва қаршилик қилганим учун бармоғимни синдирдим. Бизни барибир мажбурлаб олиб кетишди".

Кобулдаги Пули Cухта кўприги бангилар тўпланадиган машҳур жойга айланган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кобулдаги Пули Cухта кўприги бангилар тўпланадиган машҳур жойга айланган.

Умар ўнлаб одамлар билан бирга автобусга чиқарилган.

Толибон ҳукумати кейинроқ эълон қилган кадрларда аскарлари ҳудудни ортиқча дозадан ўлган гиёҳвандлардан тозалаётгани, уларнинг жасадларини тўқ кулранг матога ўралган ҳолда олиб кетаётгани кўрсатилган. Тирикларини ҳам ҳушсиз бўлгани учун замбилда олиб кетиш керак эди.

Умар олиб борилган реабилитация шифохонаси 1000 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 3000 нафар беморни қабул қилган. Шароитлари ёмон. Эркаклар марказда тахминан 45 кун ушлаб турилади ва озод этилишидан олдин интенсив дастурдан ўтади.

Бундай беморларда иллат яна хуруж қилмаслигига кафолат йўқ.

Кўчадан олиб келинган асосан эркаклар бўлса ҳам, айрим аёллар ва болалар ҳам махсус реабилитация марказларига олиб борилган.

Умар ҳам марказга олиб келинган бошқа бангилар каби озиб кетган, касалхонада берилган жигарранг кийимлари баданларида осилиб турибди, қиёфа эса бечораҳол.

У каравот четида ўтириб, ҳаётини тасвирлайди.

"Бир кун Дубайда бўлсам, кейинги куни Туркияда, баъзан Эронда бўлардим. Мен Kam Air авиакомпаниясида борт хизматчиси сифатида дунё бўйлаб саёҳат қилганман, учоқда собиқ президентлар каби VIP йўловчилар ҳам бўларди".

У Кобул қулагандан кейин ишсиз қолди. Иқтисодий қийинчиликлар ва мавҳум келажак қаршисида қолгач, гиёҳванд моддаларга ружу қўйди.

1990 йиллардаги Толибон кўкнори етиштиришни деярли йўқ қилган эди. Аммо гиёҳванд моддалар савдоси уларнинг кейинги 20 йиллик курашлари давомида асосий даромад манбаи бўлди.

Юзлаб бангилар ахлатлар ичра шу ерда яшайди.
Сурат тагсўзи, Юзлаб бангилар ахлатлар ичра шу ерда яшайди.

Ҳозир Толибон кўкнор савдосини тўхтатишга буйруқ бергани ва бу сиёсатни амалга жорий қилишга ҳаракат қилаётганини айтади. Аммо БМТ маълумотларига кўра, гиёҳванд модда етиштириш 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ошган.

Айни пайтда Афғонистон иқтисодиёти халқаро ёрдамни йўқотилгани, хавфсизлик муаммолари, иқлим билан боғлиқ хавотирлар ва глобал озиқ-овқат инфляциясидан азият чекмоқда.

Умар реабилитацияга кирганидан бери ўзини ўнглашга қарор қилган.

"Мен оила қуришни ва оддий ҳаёт кечиришни хоҳлайман, - дейди у. - Бу ерда шифокорлар жуда меҳрибон. Улар бизга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда."

Марказ шифокорлари учун бу одатий иш. Толибон одамларни олиб келишда давом этмоқда, ходимлар уларга жой топишда қийналмоқда.

"Бизга ёрдам керак. Халқаро ҳамжамият ёрдамни тўхтатди. Аммо муаммоларимиз йўқолмади», - дейди шифокорлардан бири.

"Бу одамлар орасида профессионаллар кўп. Бир пайтлар яхши яшаган ақлли, ўқимишли одамлар. Аммо жамиятимиздаги қийинчиликлар, қашшоқлик ва ишсизлик уларни шу аҳволга солган".

Одамларнинг ҳаддан ташқари кўплиги, ресурслар етишмаслигига қарамай, шифокорлар бу бангиларга ёрдам бериш учун қўлларидан келганини қилмоқда.

"Бу беморлар кетгандан кейин қайтмаслигига ишонч йўқ. Лекин биз ҳаракатни давом эттиришимиз ва энг муҳими, уларга келажакка умид беришимиз керак. Ҳозир уларда умид ҳам йўқ."

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002