Покистон ҳам Мирзиёевни дастаклайди: Толибон билан сабрли бўлинг! Afg'oniston Tolibon O'zbekiston Pokiston

Сурат манбаси, EPA
БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессияси бораётган вақтда Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонни яккаламаслик кераклиги ҳақидаги фикрини такрорлади.
Жаноб Қурайший халқаро ҳамжамиятни Толибон билан муомалада сабрли бўлишга чақирди.
"Реалист бўлинг! Сабр-тоқат намойиш этинг! Мулоқотга киришинг! Ҳаммасидан ҳам муҳими - иҳоталаманг!"
Кўплаб оммавий ахборот воситалари Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайшийнинг интервьюсига эътибор қаратдилар ва унда Толибон билан муносабат борасида айтилган асосий фикрларни урғулаганлар.
Жаноб Қурайший сўзларига кўра, Покистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятга Толибоннинг халқаро эътирофига етаклайдиган йўл харитасини таклиф этмоқда.
Агар Толибон барча талабларни адо этса, сўнг гуруҳ раҳбарлари билан юзма-юз мулоқотга ўтириш имконли бўлади.
"Агар улар(Толибон) ўзларидан кутилаётган нарсаларни берсалар, ўзларига осон қиладилар. Уларни қабул қилишади, бу эса эътироф этилиш талабларидан биридир", деди Покистон ташқи ишлар вазири.
"Айни пайтда халқаро ҳамжамият ҳам англаб етиши керак: Ўрнига муқобил нима? Қандай вариантлари бор? Бу реаллик ва улар бу реалликдан юз ўгиролмайдилар", деб айтган Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший.
Бир кун олдин Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида чиқиш қилган ва Афғонистонни яккаламасликка чақирди.
Аксар Ғарб давлатлари ўзларининг Толибон билан сиёсатини қандай қуриш борасида бир қарорга келганлари йўқ, анъанавий босим йўлини танлаганлар ҳам топилаяпти, мулоқотни ўрнатганлар танқид қилинмоқда.
Шундай бир шароитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг янги раҳбариятига 1990 йиллардагидек муносабат яна оддий афғонларнинг аҳволини оғирлаштиришидан огоҳлантирди.
"Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас", деди Президент Мирзиёев.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи деб кўрилиб тақиқланган Толибон ҳаракати билан Ўзбекистон раҳбарияти 2019 йили тўғридан-тўғри мулоқотларни бошлаган, Толибон ҳайъати Ўзбекистонда бўлиб музокаралар ҳам ўтказган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шу йил 15 августида Толибон пойтахт Кобул ортидан бутун Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритар экан, Ўзбекистонда дунёдаги илк давлатлардан бўлиб Толибоннинг муваққат ҳукуматини олқишлади.
Толибон ҳам Ўзбекистонни шеригимиз деб атади.
Ўзбекистон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамлари етказган жаҳондаги биринчи мамлакатлардан бўлди.
14 сентябр куни 1500 тоннадан ортиқ кийим-кечак, озиқ-овқат ва дори-дармонларни ортган 25 вагон Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан Амударёни кесиб ўтиб Афғонистоннинг Ҳайратонига етиб борган.
"Яқинда ўзбек-афғон чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик", деди Президент Мирзиёев БМТдаги чиқишида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















