Ўзбекистон Афғонистон билан йўлларни очмоқчи, калтакланган футболчилар ва Мирзиёев ўз сайловолди ташвиқотини бошлади - янгиликлар

Сурат манбаси, President.uz
•Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашмоқчи;
•«Сурхон» клуби собиқ аъзолари калтаклангани айтилди;
•Ўзбекистон Афғонистон билан транспорт алоқасини тикламоқчи;
•Диний таълим муассасалар муаллимлари маоши оширилади;
Қорақалпоғистондаги ташвиқот
Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни Қорақалпоғистонга жўнаб кетган.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Мирзиёев президентликка номзод ўлароқ сайловолди ташвиқотини айни ҳудуддан бошламоқда.
У қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашиши, сафар давомида турли масканларга бориши режалаштирилгани хабар қилинмоқда.
20 сентябрь куни Ўзбекистон президенти сайловига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланган эди.
Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП номзоди сифатида 24 октябрь куни ўтажак президент сайловида иштирок этади.
Афғонистонга йўллар очилади

Сурат манбаси, Social Media/Afghanistan
Ўзбекистон Афғонистон билан автомобиль ва темир йўл алоқаларини тиклашни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев сўзларига таянган ҳолда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.
«Албатта, биз ҳозирги пандемия даврида афғон халқи муҳтож бўлган озиқ-овқат ва дори-дармон етказилувчи Афғонистон билан автомобиль ҳамда темир йўл алоқаларини қайта тиклаймиз. Бу инсонпарварлик нуқтайи-назаридан амалга оширилади», деган Иргашев душанба куни Тошкентда «Валдай» халқаро мунозара клуби ва Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкилланган конференция давомида.
ТАСС агентлигининг ёзишича, Иргашев Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани ёпиш ва визалар беришни тўхтатиш юзасидан қарорни «бошқа сабаблар эмас, балки фақат коронавирус пандемияси» туфайли олганини таъкидлаган.
Шунингдек, Афғонистон бўйича махсус вакил ушбу чекловларнинг яна қанча вақт давом этиши, ҳозирча, номаълум эканини қўшимча қилган.
У чекловларнинг бекор қилиниши фақатгина мамлакатдаги эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши эмас, балки Афғонистондаги ҳокимият органларининг қанчалик тез шакллантирилишига боғлиқ эканини билдирган.
Калтакланган футболчилар

Сурат манбаси, javohiresonqulov/instagram/rumir
Ижтимоий тармоқда «Сурхон» футбол клуби собиқ ўйинчилари Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаев жамоа вакиллари томонидан калтакланганлиги тўғрисида хабар тарқалган.
Ҳолат 17 сентябрь куни юз бергани айтилган мазкур хабарда иддао қилинишича, футболчилар шартномада кўрсатилган маошни ярим йил давомида ололмай келганлар, клуб раҳбарияти эса уларнинг талабларига қўпол жавоб қайтарган.
«Шунда ўйинчилар Эсонқулов Жавоҳир ва Акром Хўжаев айни амалга қўл урганлар, фақат уларнинг эшигига ёзма тарзда», дейилади Инстаграмда эълон қилинган хабарда.
Хабар муаллифи орадан бир ҳафта ўтгач раҳбарият вакили футболчиларни талаб қилинган пулларни олиб кетиш учун чақиргани, сўнг уларни офисга қамаб, таёқ ва стуллар билан калтаклашганини даъво қилган.
«Жабрланувчиларни «Сурхон» жамоаси тренерлари ушлаб турганлар, қолганлар бита ва стуллар билан урганлар, яна отвертка тиқиб олиш ва арқон билан бўғиш билан таҳдид қилганлар», иддао қилинади хабарда.
Хабарга юзида жароҳат излари кўриниб турган футболчиларнинг суратлари ҳам илова қилинган.
Ушбу хабарларга муносабат билдирган «Сурхон» футбол клуби Жавоҳир Эсонқулов билан меҳнат шартномаси 21 июль куни томонлар розилиги билан бекор қилингани, шунга қарамай у клуб офисига «доимий» келиб, қўшимча пул талаб қила бошланганини маълум қилган.
Клуб матбуот хизмати собиқ футболчилар Жавоҳир Эсонқулов ва Акром Хўжаев «ўзаро тил бириктириб», клуб офиси эшиги ёнида раҳбар номига «қўпол сўзлар» ёзиб кетганини қўшимча қилган.
«Жамоа сардори футболчиларга шу жамоада ўйнаб, шу жамоа нонини еб, тузлигига тупурмаслик кераклигини тушунтирган ва ўртада зиддият пайдо бўлган ҳамда иккала футболчи бир-бирлари билан муштлашиб кетишган», воқеа юзасидан ўз талқинини баён қилган «Сурхон» футбол клуби.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилаётгани, суд-тиббий экспертизаси ўтказиш белгиланганини маълум қилган.
Маош ва стипендиялар оширилади

Сурат манбаси, daryo.uz
Диний таълим муассасалари муаллимлари ва талабаларининг моддий таъминоти оширилади
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, Олий ва Ўрта махсус ислом билим юртлари муаллимлари ойлик маошлари ва стипендиялари 20 сентябрдан бошлаб қарийб икки баробарга оширилади.
Шунингдек пандемия даврида мураккаб молиявий вазиятга тушиб қолган масжидлар ходимларига ҳам молиявий кўмак кўрсатиш тўғрисида тегишли қарор чиқарилган.















