Қирғизистон: Таниқли ўзбек имоми озодликка чиқди Qirg‘iziston musulmonlar yangiliklar (видео)

Рашод қори Камолов

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўш вилоятининг Қорасув туманида жойлашган "Ас-Сарахсий" масжиди собиқ имоми Рашод қори Камолов озодликка чиқди.

Камоловнинг адвокати Ҳусанбой Солиевнинг сўзларига кўра, ҳимоясидаги инсон муддатидан аввал шартли равишда қўйиб юборилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Рашод Камолов 27 август куни тушдан кейин қамоқдан озод этилди. У 2015 йили 10 йилга ҳукм қилинган эди. Агар маҳкум муҳлатининг учдан иккисини ўтаб бўлса, уни муддатидан аввал озод этиш бўйича судга мурожаат қилса бўлади. Биз шу имкониятдан фойдаландик. Рашод Камолов қолган 8 ойини озодликда, шартли равишда ўтайди", дейди адвокат.

Қорасув шаҳридаги йирик "Ас-Сарахсий" масжиди имоми лавозимида ишлаб келган Рашод қори Камолов 2015 йилнинг февраль ойида қўлга олинган эди.

Ўша йилнинг 7 октябрь куни Ўш вилояти Қорасув туман суди имом Рашод қори Камоловни "диний адоват қўзғаш" ҳамда "экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатиш"да айбдор, деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

25 ноябрь куни Ўш вилоят суди адвокатларнинг аппеляция аризаларини кўриб чиқиб, Рашод қори Камоловнинг қамоқ муддатини 10 йилга узайтирган.

Кейинчалик Олий суд ҳам Ўш вилоят суди ҳукмини кучида қолдирган.

Рашод қори Камолов Қорасув шаҳридаги "Ас-Сарахсий" масжидига 2006 йилнинг август ойидан бери имомлик қилиб келган.

Би-би-си уч кун аввал қамоқдан озод этилиб, ҳозирда Қорасувдаги уйида, оиласи билан яшаётган Рашод Камолов билан суҳбатлашди.

"Айбни ҳозир ҳам тан олмайман"

Савол: Куни-кеча қамоқдан озодликка чиқдингиз. Ҳозир аҳволингиз қандай?

Рашод қори Камолов: Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳнинг фазли ва мусулмон дўстларимиз, оналаримиз ва устозларимизнинг дуоларининг фазли билан Аллоҳ Таоло бу мусибатдан қутилтирди. Алҳамдулиллаҳ. Бу сўз билан ифодалашга қийин бўлган ҳис-туйғу. Ҳаммаси ўтиб кетди. Бир тушга ўхшаб қоларкан. Маҳбуслик, асирликнинг ўзи ҳам, ҳолати ҳам ўзига яраша бир имтиҳон. Аллоҳ Таоло пайғамбари Юсуф алайҳиссаломни ҳам бундай синов билан имтиҳон қилган. Мени ҳам синов билан имтиҳон қилган Роббимга ҳамд бўлсин. Роббим рози бўлса бўлди. Алҳамдуллиллаҳ ҳаммаси ўтиб кетди. Хурсандмиз. Ҳаммаси ортда қолди.

Савол: Сиз қандай шарт билан озодликка чиқдингиз?

Рашод қори Камолов: Қирғизистон қонуни бўйича жиноятлар бир нечта турга бўлинади. Енгил, ўрта ва оғир жиноят деб. Муддатидан аввал шартли озод этилиш, дейилади. Жазо муддатим тугашига яна саккиз ой қолганди. Лекин суд ҳукми билан қолган муддатини ўз оиласида, шартли равишда ўтасин, деб қамоқдан озод қилди. Қамоқдаги хулқимиз, ходимлар билан бўлган муносабатимиз ва уларнинг менга нисбатан берган характеристика қоғози, шуларнинг барчасини инобатга олиб суд шундай ҳукм чиқарди.

Савол: Келажак режаларингиз қандай? Нима қилмоқчисиз?

Рашод қори Камолов: Мусулмон одамнинг режаси фақат Аллоҳ Таолога бандалик қилишдир. Аллоҳнинг динига амал қилиб, билганимизни билмаганларга ўргатиб, онамиз бор, шу онамизнинг хизматини қилиб, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланиб, дўстларимиз дийдорига анча муҳтожмиз, улар билан дийдорлашиб дегандек. Аллоҳ Таоло тақдиротимизга нимани ёзган бўлса, динимизга келган ҳолатда, Роббимизнинг розилигини истаган ҳолатда амал қилиб, ҳаётимизни давом эттирамиз, ИншаАллоҳ.

Савол: Сиз бир нечта айбловлар, яъни "диний адоват қўзғаш" ҳамда "экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатиш" каби айбловлар билан қамалиб, жазо муддатини ўтаяпсиз. Судгача эса сизга нисбатан яна бир қатор гумонлар ҳам илгари сурилган. Лекин сиз ҳеч қайси бир айбловни тан олмагансиз. Орадан олти ярим йил ўтди. Давлат раҳбарлари ва бошқарув ҳам ўзгарди. Сиз ўзингизга қўйилган айбловлар юзасидан судга мурожаат қилиб, оқлашни талаб қиласизми?

Рашод қори Камолов: Бу айбловларга аввал ҳам рози бўлмаганмиз ва бундан кейин ҳам рози бўлмаймиз. Аввало Аллоҳнинг ҳузурида оқланиш асосий ҳадаф, мақсадим. Қолаверса, дунё, мусулмонлар ва жамият орасида ҳам жиноятчи бўлиб қолишни хоҳламайман. Чунки жиноятчи эмасмиз. Буни Алҳамдулиллаҳ ҳамма билади. Кўпчиликка маълум бўлгандек, ўша вақтдаги ҳокимиятнинг қандайдир бир тушунмовчилик билан қилган қарори бўлган. Ҳамма билади, гарчан қоғозларда ўзгача бўлгани билан. Экспертиза сунъий қилинган. Айтган сўзларимиз динимизга, Расулуллоҳ суннатига мувофиқ бўлганлиги аён. Марҳум дин олими Чубоқ ҳожи ҳам мен ҳақимда ёзма равишда ижобий баёнот берган. Ўйлайманки, амалдаги ҳокимият менинг ишимни тўғри баҳолаб, аввалгиларнинг хатосини қайталамайди. Сабаби янги ҳокимиятдан халқнинг умиди катта. Адолат қарор топади, деб умид қилади. Мен ҳам улар қаторида ўзимга қўйилган қора доғнинг олиб ташланишини, оқланишимни хоҳлайман. Аллоҳнинг ҳузурида пок бўлиш асосий ҳадафимиз. Бутун халқ ёмон, яхши одам эмас эди десин, лекин Аллоҳ Таолонинг рози бўлган бандам дейиши менга кифоя қилади. Ўйлайманки, бу ҳар бир иймон аҳлига кифоя қилади.

Савол: Сиз олти ярим йил қамоқда ўтирдингиз. Қамоқ шароити ҳақида гапириб берсангиз. Қандай шароитда ўтирдингиз?

Рашод қори Камолов: Инсоний жиҳатдан қарайдиган бўлсак, қийин ҳолат. Камера тизими, ёпиқ бир хона ичида. Бир, бир ярим соат кун остига олиб чиқилади, қолган пайт фақат хонанинг ичида бўлдик. Аллоҳ Таоло ўзи қалбга сукунат, хотиржамликни солди, Алҳамдулиллаҳ. Мен шахсий ҳолатда Аллоҳга ҳамд айтаман, қалбимга ором берди ва Алҳамдулиллаҳ у кунлар ўтиб кетди. Лекин инсонийлик жиҳатидан қарайдиган бўлсак, албатта у кунларни эслашни ҳам хоҳламайман ва у кунни душманимга ҳам раво кўрмайман. Зулм эканлиги ҳаммага кифоя қилади. Энг ачинарлиси нафақат менга, балки онам, аҳлим, фарзандларим, чиққанимдан кейин эшитаяпман, оналар, оқсоқоллар, дўстлар, жуда ҳам кўпчиликка озор берилганлигини. Бу инсонлар ўзлари озор тортганлигини, афсуски, билишмайди. Кўп инсонлар бу дардга шерик бўлиб, озорланганлигини кўриб туриб, озор берганлар буни ҳис қилмаганлиги ачинарли ҳолат, энг ёмони шу. Чунки маҳзун, хафа бўлиб кўзнинг ёши оқиши арзимайди бу дунёда. Фақат Аллоҳ Таоло учун чиқиш керак бўлган кўз ёшларга, инсоннинг қилган хатоси, жинояти, ҳаддидан ошиш билан иш қилиши қандай оқибатларга олиб келишини инсон тасаввур қила олмайди. Кўп умматга зулм беришди. Аллоҳ Таоло уларга ҳидоят берсин. Агар ҳидоятга лойиқ бўлмаса, ўзи адолати билан кифоя қилсин.

Савол: Қамоқда сизга нисбатан қийноқ ва босимлар бўлдими?

Рашод қори Камолов: Иккита колонияда бўлдим, 27 ва 47чи колонияларда. У ернинг раҳбариятлари илм аҳлидан эканлигимизни билиб, ҳурматимизни қилиб, ҳаттоки сен демасдан сизлади. Мен ҳам уларга бўлган муносабатим, муомаламни ҳурмат билан қилдим. Шунинг учун шахсий қоғозларим ичида мақтов қоғозлари ҳам кўпайиб кетди. Инсонийлик юзасидан бўлган муомаламиз яхши ўтди, Алҳамдулиллаҳ.

Савол: Қамалганингизга нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?

Рашод қори Камолов: Қўлга олиниб, қамалганимда ҳам билардим ва ҳозир ҳам биламан. Лекин буни айтишим фақат салбий таъсир қилиши ва бу иш билан бевосита боғлиқ одамларга салбий таъсир қилиши, ўзимдан эмас, бошқаларга зиён етиб қолишидан қўрқаман. Шунинг учун бу мавзу тафсилотларини очиқламасликни тўғри, деб ҳисоблайман.

Савол: Суд жараёнларидан бирида бизга берган интервьюингизда, "менинг қамалишимга Ўзбекистон махсус хизматлари алоқадор бўлиши мумкин. Сабаби Қирғизистон расмийлари билан муаммомиз йўқ", деган эдингиз....

Рашод қори Камолов: Бу ўша даврнинг сўзи эди. Ҳозир ҳокимият, қўшни давлат ҳокимияти ўзгарди. У ердаги ислоҳотларни кўриб кўз қувонарлик даражада. Яхши тарафга бўлаётган қадамларни кўриб, яна ҳам бундан яхши бўлишига умид қиламиз. Ва бу айтган сўзимиз қандайдир қора ниятли инсонлар фойдаланмаслиги учун ўша даврнинг сўзи эди. Бугунги кундаги Қирғизистон ва қўшни давлатдаги вазият мутлақ ўзгарган. Шунинг учун фақат яхшиликни умид қиламиз. Дўстона муносабатлар ва динимизга нисбатан бўлаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб қувонамиз. Роббимдан дуо қилиб сўраймиз. Олқишлаймиз ва бундан ҳам яхши бўлишини умид қилиб қоламиз.

Савол: Демак, сиз яна 8 ой уй қамоғида бўласизми?

Рашод қори Камолов: Уй қамоғида эмас. Қирғизистон ичида юриш ҳуқуқим бор ва рухсат билан хорижга ҳам бориб келишга қонуний ҳуқуқим бор. Лекин ҳозирча уйимдаман, Алҳамдулиллаҳ. Яқинларим, қариндошларим олдидаман ва бундан албатта бахтиёрман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek