Рашод Камолов: милиция айбини айтганим учун мендан ўч олишмоқда

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист

Қорасув шаҳридаги “Ас-Сарахсий” жоъме масжидининг собиқ имоми Рашод Камолов айтишича, Қирғизистон тинчлигини сақлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик олиш ўрнига айрим кучларнинг сиёсий қурбонига айланган.

12 ноябр куни Ўш вилоят судида томонларнинг аппеляция аризаси кўриб чиқилган.

Аппеляция маҳкамасида гапирган собиқ имом Рашод Камолов, ўзининг айбсизлигини айта туриб, бугунги кундаги муаммо - Сурия масаласи бўйича, нега одамлар у ерга кетаётганликлари сабабларини тушунтириб бергани учун бугун темир панжара ортида ўтирганини айтган ва ҳакамдан адолатни қарор чиқариб, уни оқлашни сўраган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

“Ўтган йилнинг охирида Ўшда давлат хавфсизлик тузилмалари раҳбарлари, диний арбоб ва оддий одамлар иштирокида бўлиб ўтган йиғинда Сурия масаласи бўйича, у ердаги ҳозирги “Халифалик” нотўғри эканлигини, нотўғри йўлга кирмаслик кераклигини айтганман ва одамлар нега у ерга кетаётганлигининг сабабларини тушунтириб берганман. Улардан бири, айрим милиция ходимлари болаларни ушлаб, улардан пул ундириш мақсадида қўл телефонларини текшириб, уларни қўрқитиб, турли хил йўллар билан пул олаётганликларини айтганман. Ва бунга эътибор қаратишни расмий идора раҳбарларидан илтимос қилганман. Ҳамма мени қўллаган” – деб айтган Рашод Камолов.

Унинг сўзларига кўра, йиғинда иштирок этган куч тузилмаларининг раҳбарлари имом айтган гапларни қўллаб-қувватлаганлар ва бундай қонунбузарликларга чора кўришларини айтган.

Лекин, Рашод Камолов айтишича, айтган гаплари айрим милиция ходимларига оғир ботиб, уларни ранжитган бўлиши ва қарийб бир йил давомида ўзидан ўч олаётган бўлишлари мумкин.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Камолов қўлга олинишидан аввал уйида тинтув ўтказилганда топилган имомни исломий халифалик тўғрисида қилган маърузаси ёзилган диск, Қирғизистон Давлат диний идорасининг мутахасисслари тарафидан “тақиқланган” маълумот дея топилган.

Бироқ бунга норози бўлган адвокатлар бир нечта мустақил экспертизалар ўтказганлар ва Рашод Камоловнинг маърузасида на давлат тузумини ағдариш ва на бир диний адоватни қўзғашга чақириқларни топганлар.

Москвада жойлашган “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Виталий Пономарев ҳам Рашод Камоловнинг маърузасини ҳам мантиқий ва ҳам таҳлилий экспертиза қилган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Пономаревнинг айтишича, имом халифаликнинг туб маъносини тушунтирган ва ҳеч қандай чақириқ қилмаган.

“Рашод Камолов халифалик тўғрисида, турли манбаларга асосланиб кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилган. Уни бугунги кундаги мисоллар билан ҳам тушунтириб берган. Лекин Қирғизистон тузумига қарши ёки Сурияга одамларни кетишга чақириқ қилмаган” – дейди Ўрта Осиёдаги диний вазиятни яқиндан кузатиб келаётган мутахассис Виталий Пономареё.

Бугунги суд жараёнида унинг чиқиш қилишига, суд ҳаками тарафидан, прокурорнинг тавсияномаси инобатга олинган ҳолда рухсат берилмади.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув туман суди имом Рашод қори Камоловни “диний адоват қўзғагаш” ҳамда “экстремистик материалларни сақлаш ва тарқатиш”да айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Виталий Пономарев айтишича, Рашод қори Камолов халифаликнинг туб маъносини тушунтирган ва ҳеч қандай чақириқ қилмаган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, Виталий Пономарев айтишича, Рашод қори Камолов халифаликнинг туб маъносини тушунтирган ва ҳеч қандай чақириқ қилмаган.

Қорасув шаҳридаги йирик «Ас-Сарахсий» масжиди имоми лавозимида ишлаб келган Рашод Камолов жорий йилнинг феврал ойида қўлга олинган эди.

Рашод Камолов Қорасув шаҳридаги «Ас-Сарахсий» масжидига 2006 йилнинг август ойидан бери имомлик қилиб келган.

Унинг отаси Муҳаммадрафиқ Камолов ўша йилнинг август ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг Ўш шаҳри четида ўтказган махсус амалиёти чоғида отиб ўлдирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio