Нега аёллар ҳозир ҳам менопауза аломатларини яширишга уринади ва бунинг зарари борми?

Terlagan ayolning yuzining yaqindan ko'rsatilgan surati
Нега аёллар ҳозир ҳам менопауза аломатларини яширишга уринади ва бунинг зарари борми?
    • Author, Зои Кляйнман
    • Role, Технология муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ноябрь ойида LinkedIn'да мия туманлиги – зеҳн ўтмаслашуви ҳақида пост жойлаган эдим. Уни тахминан 10 дақиқада ёзиб тугатдим – 20 йиллик фаолиятимда биринчи марта перименопауза туфайли юзага келган мия тумани сабабли жонли ТВ янгиликларда ёзма эслатмалардан фойдаландим. Постимга катта эътибор бўлишини кутмагандим.

Ажабланарлиси, бу кенг миқёсли муҳокамага сабаб бўлди. Мени қўллаб-қувватловчи, далда берувчи хабарлар кўпайди – LinkedIn'да 400 га яқин изоҳ ёзилди, ўнлаб шахсий хабарлар келди, шу ҳақда BBC News веб-сайтидаги мақола остида ҳам юзлаб изоҳлар бор эди. Уларнинг аксарияти мазмуни ўхшаш эди: мени очиқ гапирганим учун "жасур" деб аташар, мия туманини нормал ҳоллигини кўрсатганим учун миннатдорлик билдиришарди.

Ўша пайтда мен ўзимни унчалик жасур (ёки нормал!) ҳис қилганим йўқ, лекин бу ҳол менга одамлар перименопауза ва менопаузанинг баъзи аломатларига қанчалик уятдек қарашларини кўрсатди, ваҳоланки, бу аломатлар аҳолининг деярли ярмида ҳаётининг маълум бир даврида учрайди.

Опра Уинфри ва Ҳэлли Берри каби Ҳолливуд юлдузлари, телебошловчилар Давина МакКолл ва Лоррен Келли ҳам менопауза ва унинг таъсири ҳақида ўз тажрибаларини айтиб берган эди. Гвинет Пелтроу 2018 йилдаёқ менопаузани "қайта бренд"лашга чақирган эди.

Баъзи ўзгаришлар ҳам бўлди. Масалан, жорий йилдан бошлаб Англияда Миллий Соғлиқ хизматининг 40 ёшдан ошган аёлларга тақдим этадиган тиббий текширувларига менопауза скрининги ҳам киритилиши белгиланган. Бундан ташқари, Бандлик муносабатлари тўғрисидаги қонун лойиҳасида Буюк Британиядаги 250 ёки ундан ортиқ ходимга эга иш берувчиларда "менопауза ҳаракат режаси" бўлиши кераклиги назарда тутилган (шу йилнинг апрелидан ихтиёрий, 2027 йил апрелдан эса мажбурий бўлади).

Шунга қарамай, Лондон Университет коллежи октябрь ойида эълон қилган 1600 га яқин аёлнинг ихтиёрий сўровномасида уларнинг 75 фоиздан ортиғи менопауза ҳақида етарли маълумоти йўқлигини айтган.

Гвинет Пелтроу 2018 йилдаёқ менопаузани "қайта бренд"лашга чақирган эди.

Сурат манбаси, Getty Images for BAFTA

Сурат тагсўзи, Гвинет Пелтроу 2018 йилдаёқ менопаузани "қайта бренд"лашга чақирган эди.

Бундан ташқари, кўплаб аёллар менопауза атрофида ҳали ҳам уят ҳисси борлигини ва бу ҳақда очиқ гапира олмасликларини айтишмоқда.

Ижтимоий сиёсат бўйича мутахассис бўлган 60 ёшлардаги бир аёл менга хабар юбориб, ўзининг "менопауза пайтидаги кечинмалари" ҳақида аёл ҳамкасблари олдида ҳазил аралаш гапира бошлаганини айтди. Аммо бу ўшанда "уялтирадиган" ҳолат бўлганини, ўз соҳасидаги баъзи сиёсий атамаларини унутиб қўйганида айниқса сезилганини, қўшимча қилди.

Бироқ, аломатларни яшириш ёки менопаузани ниқоблаш жуда чарчатиши мумкин.

"Аёллар дуч келадиган қийинчиликларни ниқоблаш ёки уларнинг ўрнини тўлдириш учун сарфланган энергия кўпинча мавжуд ресурсларни янада камайтиради, одамни тез толиқтиради", дейди Фионнуала Бартон, умумий амалиёт шифокори ва менопауза бўйича Британия Менопауза Жамиятининг сертификатланган мутахассиси.

Унинг фикрича, бу ҳолдан тойиш хавфини ошириши мумкин. Қолаверса, яширишнинг ўзи аёллар ҳаётига таъсир қила оладими, деган савол туғилади.

Менопаузани ниқоблаш ва ҳолдан тойиш

Миллий Соғлиқ хизмати менопаузанинг 34 та мумкин бўлган аломатини санаган. Уларнинг баъзилари кўпроқ учрайди. Кўпчилик бу аломатларни жуда оғир ўтказиши мумкин.

LinkedIn'даги постимни кўриб, менга мурожаат қилган бир аёл эстрогеннинг камайиши қин қуруқлашувига олиб келганини, оқибатда оддий қадам босиб юриш ҳам оғриқли бўлиб қолганини тушунтирди.

Бир дўстим қовуғи заифлашиб қолганини айтди. Бу "деярли бир кечада" таъсир қилди, деди у, шу қадарки, баъзида ҳожатхонага етиб боришга улгурмас экан.

"Бу ҳаммадан ҳам кўпроқ безовта қилади", деб тан олди у, шу сабабли офисга бормай уйда ишлашни истар экан.

Бошқа бир аёл эса мия туманининг қуюқ булутлари ичида суҳбатдошининг гапларини англамай қолишини, шу боис ижтимоий мулоқотдан қочишини айтди.

Яна бир нечта аёл қандай чоралар кўргани билан ўртоқлашди: баъзилари қизиб кетмаслик учун иш жойида вентиляторларни ёқиб қўяди, бошқалари мен каби йўл тутиб, учрашувлар ва тақдимотлар пайтида ўзларига эслатмалар ёзиб қўйишади.

Миллий Соғлиқ хизмати менопаузанинг 34 та мумкин бўлган аломатини санаган.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, Миллий Соғлиқ хизмати менопаузанинг 34 та мумкин бўлган аломатини санаган.

Бир томондан, буларнинг барчаси аёлларнинг усталиги ва чидамлилигидан далолат беради, чунки улар баъзи ҳолларда одамни жуда заиф қилиб қўядиган аломатлар билан курашиб, ишни ҳам уддаламоқда.

Журналист ва "Меноурушлар" китоби муаллифи Фиона Кларкнинг айтишича, кўпинча аёллар аломатларни сеза бошлаганларида маълум бир йўлни босиб ўтади: "Аввалига саросима ва тан олмаслик, кейин қайғу, сўнг қабул қилиш.

Агар буни яшираётган ёки ниқоблаётган бўлсангиз, додингиз ташқари чиқмайди ва керакли ёрдамни ололмайсиз."

Bloomberg via Getty Images
Bir do‘stim qovug‘i zaiflashib qolganini aytdi. Bu "deyarli bir kechada" ta’sir qildi, dedi u, shu qadarki, ba’zida hojatxonaga yetib borishga ulgurmas ekan.
Zoi Klyaynman
Texnologiya muharriri (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Менопаузани ниқоблаш ишда алоҳида қийинчилик туғдириши мумкин. 2024 йилда эълон қилинган ҳукумат ҳисоботига кўра, Буюк Британияда 45 ёшдан 55 ёшгача бўлган тахминан тўрт миллион аёл ишлайди – бу менопауза учун энг кенг тарқалган ёш оралиғидир.

Очиқ университет Бизнес мактабининг одамлар ва ташкилотлар бўйича профессори Жо Брюис таъкидлашича, одамлар иш жойида аломатларни яширганда, бу иқтисодчилар "интенсив маргинал харажатлар" деб атайдиган бир қатор ҳолатларга олиб келиши мумкин.

"Бошқача айтганда, бу ўша одамлар учун қўшимча юкдир."

Баъзи аёллар ишдан бутунлай кетиши мумкин. The Fawcett жамиятининг 2022 йилги ҳисоботига кўра, Savanta ComRes тадқиқот консалтинг ширкати 4000 га яқин Буюк Британия аёллари ўртасида ўтказган сўров натижалари кўрсатишича, менопауза даврида ишлайдиган 40-55 ёшдаги ҳар 10 аёлдан бири менопауза аломатлари туфайли ишдан кетган.

Актриса Ҳелли Берри каби Голливуд юлдузлари менопауза ва унинг таъсири ҳақида ўз тажрибалари ҳақида гапиришди

Сурат манбаси, FilmMagic via Getty Images

Сурат тагсўзи, Актриса Ҳелли Берри каби Голливуд юлдузлари менопауза ва унинг таъсири ҳақида ўз тажрибалари ҳақида гапиришди

"Бу юк эътибордан қочиш шаклида намоён бўлиши мумкин, масалан, лавозимини кўтариш учун ҳаракат қилмаслик ёки ҳатто вазиятни бошқариш учун мақоми пастроқ, одатда камроқ ҳақ тўланадиган лавозимга ўтиш", дейди Жо Брюис.

"Аёллар сусткашлик қилаётгандек ёки иш самарадорлиги пасайиб кетаётгандек кўриниб қолмаслик учун ҳам қўшимча куч сарфлаши мумкин. Масалан, улар диққат тарқоқлиги ёки чарчоқ каби умумий аломатларни бошдан кечираётган бўлса, хато ўтмасин деб, икки марталаб текшириб чиқиш учун узоқроқ вақт ишлаши мумкин."

Япон аёллари ва "иккинчи баҳор"

Албатта, баъзи аёллар менопаузани яхши ўтказади ва бу тажрибаларни умумлаштирмаслик керак.

Баъзи маданиятларда менопаузага турлича муносабат бор. Масалан, япон тилида менопаузани англатувчи "коненки" сўзи янгиланиш ва қувват маъносини англатади.

У ерда менопауза баъзан "иккинчи баҳор" деб таърифланади – бу ҳаётнинг янги босқичига ижобий ўтишга ишорадир.

Лондон университети коллежининг эволюцион антропология бўйича фахрий илмий ходими доктор Меган Арнот шундай дейди: "Кўп мамлакатларда ҳали ҳам Буюк Британиядагидек менопауза атрофида муаммо бор. Аммо сўнгги йилларда бу ердаги муносабат ўзгара бошлагандек кўринмоқда."

Бироқ, унинг таъкидлашича, менопауза кўпроқ ижобий тарзда қабул қилинадиган халқлар ва мамлакатлар ҳам йўқ эмас.

"Кўплаб маҳаллий жамоаларда, жумладан, Америка туб аҳолиси ва Мая маданиятларида менопауза аёлларга кўпроқ ҳурмат ва нуфуз берадиган донолик ва етакчиликка ўтиш даври сифатида қаралади [...] Худди шундай, Австралиянинг туб аҳолиси орасида менопауза давридан ўтган аёллар кўпинча асосий маданий тарбиячилар ва маънавий йўлбошчиларга айланади".

Япон тилида менопаузани англатувчи "коненки" сўзи янгиланиш ва қувват маъносини англатади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Япон тилида менопаузани англатувчи "коненки" сўзи янгиланиш ва қувват маъносини англатади.

Делавер университетининг антропология профессори Мелисса Мелбига кўра, Ғарбда "менопауза даҳшатли ўзгариш, уни бошқариш қийин, ундан кейин ҳамма нарса ёмонлашади, деган тасаввур бор".

"Одатда, биз аёлларга фақат салбий аломатлар рўйхатини берамиз. Муаммолар. Биз улардан шу давр мобайнида сиз учун ижобий бўлган бирор нарса ўзгардими, деб ҳеч сўрамаймиз.

"Агар фақат салбий нарсалар ҳақида сўрасангиз, албатта, жавоблар ҳам шу томонга йўналади."

У ўн йил Японияда яшаб ишлади, у ердаги аёллар билан суҳбатлашиш унда "ҳаётининг кейинги босқичи учун умид туйғусини" уйғотди.

Мен ҳозирча бу фикрга қўшилолмайман, мабодо турмуш ўртоғим шу гапни айтса борми, унинг хавфсизлигига кафолат беролмайман. Аммо эҳтимол, бу фикрда ҳам жон бордир – салбий аломатлар ҳақида ўйлайвергандан кўра каттароқ манзарани кўришга уриниш керак.

Ҳаммага мос ўлчам йўқ

Менопауза узоқ вақтдан бери катта бизнесга айланган: озиқ-овқат қўшимчалари, симптомларни кузатиш воситалари, терапевтик бош боғичлари ва мураббийлар. Ижтимоий тармоқларда менга кўринадиган рекламалар асосан ўрта ёшдаги аёллар учун табиий воситалар ҳақида.

Менопауза бозори 2024 йилда 17 миллиард доллардан ортгани тахмин қилинган ва 2030 йилга бориб 24 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Аммо кўпинча буларнинг ўзи етарли эмас.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Иш жойи ҳақида гап кетганда, Брюис иш берувчилар қўллаб-қувватловга эътиборли бўлишлари кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрича, бевосита раҳбарлар ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаш учун тайёргарлиги етарли эмас, масалан, нозик масалада қандай суҳбатлашиш ва ходимлар учун оқилона енгилликлар яратишда муаммолари бор. У яна менопаузани ишга келмаслик учун баҳона эмас, жиддий сабаб сифатида аниқ белгилаш ҳам муҳимлигини таъкидлади.

"Баъзи аёллар, уларнинг ташкилоти қанчалик қўллаб-қувватламасин, ишдаги менопауза ҳолатини ошкор қилишни хоҳламайди, бу ҳам уларнинг мутлақ ҳуқуқи", дея қўшимча қилади у. "Аммо менопауза бўйича самарали ташаббуслар уларнинг очиқроқ бўлишини осонлаштириши ва бу муаммони камайтириши мумкин".

Айнан америкалик таниқли антрополог Маргарет Мид 70 йилдан кўпроқ вақт олдин "менопаузадан кейинги ғайрат" иборасини қўллаган эди.

Сурат манбаси, Universal Images Group via Getty Images

Сурат тагсўзи, Америкалик таниқли антрополог Маргарет Мид 70 йилдан кўпроқ вақт олдин "менопаузадан кейинги ғайрат" иборасини қўллаган эди.

Охир-оқибат, муносабат ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини тушуниб етдим.

Айнан америкалик таниқли антрополог Маргарет Мид 70 йилдан кўпроқ вақт олдин "менопаузадан кейинги ғайрат" иборасини қўллаган эди.

1950-йилларда у шундай деган эди: "Дунёда менопаузадан кейинги аёлнинг ғайратидан кўра кучлироқ нарса йўқ."

Шундай экан, ана шундай ижобий фикрлашни маҳкам тутишимиз керак.

Ўзимга келсак, бу фикрни қўллаб-қувватлайман ва "коненки" тушунчасини қабул қиламан.

Аммо миямда пайдо бўлган туман ҳақидаги постимдан кейинги қўллаб-қувватлов ва суҳбатлар менга яна бир, янада таскин берувчи ҳақиқатни кўрсатди: мен ёлғиз эмасман.

Get in touch

Have you been affected by the issues in this story? Share your experiences