"Тиғ ёрдамида психотерапия". Нима учун Россияда кўпроқ ёш қизлар пластик жарроҳлик қилдирмоқда?

Сурат манбаси, Диананинг шахсий архиви
- Author, Амалия Затари, Анастасия Платонова
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 13 дақ
2024 йилда дунёда 17 миллион пластик жарроҳлик амалиёти ўтказилган – бу дақиқасига 33 та амалиёт дегани. Машҳурлар пластик жарроҳлик қилдирганини яширмаяпти ҳам, ижтимоий тармоқлардаги қизлар эса пластик жарроҳликдан сўнг кўкарган, гипсланган юзлари суратларини эълон қилмоқда. Россияда ҳам, бутун дунёда ҳам пластик жарроҳликни тобора кўпроқ ёш қизлар қилдирмоқда. Би-би-си уларнинг баъзилари билан суҳбатлашди, шунингдек, шифокорлар ва психологдан нима учун кўпроқ аёллар бунга қарор қилаётгани ва бу ҳолат бугунги жамият ҳақида нимани англатиши тўғрисида сўради.
"Улар ўзларига нимадир қилдирган, мен ҳам қилдираман"
25 ёшли Диана ўсмирлигида-ёқ ташқи кўринишини ўзгартиришни орзу қиларди. У Шимолий Кавказда туғилиб ўсган ва шу ҳудудга хос қиррадор бурунларни ёқтирарди. Аммо ўзининг бурни, унинг фикрича, кенг ва йўғон бўлиб, "чиройли эмасди".
Мактаб йилларида у ўзини хунук ўрдакча деб ҳисобларди: "Мен ички дунёмга қамалиб олган эдим, ташқи кўринишим менга умуман ёқмасди. Тўғриси, маълум вақтгача ўзимни ўғил боладек тутардим. Қиз эканлигимни тан олмас, сочимни калта қилиб олдирардим. Одатим шундай ғалати эди".
Ўрта мактабда синфдошлари унинг ташқи кўринишини масхара қила бошлади, бу ҳам унинг ўзига бўлган ишончига путур етказди. "Улар мана бу қиз сендан чиройлироқ, деб мени бошқалар билан таққослашар эди, – деб эслайди Диана, – Менга: "Сен эшакка ўхшайсан, сен эркакшода қизсан, сен унақасан-бунақасан, бурнинг катта" деб масхаралашарди".
Мактаб йиллари унда "катта комплекслар" пайдо қилди: "Мени ҳеч ким урмаган, камситмаган, аммо болаларнинг оғзидан вақти-вақти билан чиқадиган баъзи гаплар мени жароҳатларди. Болалар шундай, бераҳм бўлади. Бу менинг ишончимни синдирарди".

Сурат манбаси, Диананинг шахсий архиви
Диана 18 ёшидан 21 ёшигача брекетлар ёрдамида "эшак" деб масхара қилинишига сабаб бўлган тишларини тузатди. Аммо бурун туфайли пайдо бўлган комплекслар ҳеч йўқолмади, аксинча, йиллар ўтиши билан унинг бурни ўзига "тўғри келмаслиги" ҳақидаги ишончи янада мустаҳкамланди.
Ўзининг айтишича, ижтимоий тармоқлар ҳам унда ўзига ишончсизликни зўрайтирган: "Шаҳримдаги қизлар мендан анча чиройлироқ кўринарди ва ўйлардим: улар 100% ўзларига нимадир қилдирган, мен ҳам қилдираман. Охир-оқибат шундай қилдим ҳам".
17 ёшида Диана туғилган шаҳридан Москвага кўчиб ўтди, университетни "меҳмонхона бизнеси" ихтисослиги бўйича тамомлади ва пойтахт меҳмонхоналаридан бирида администратор бўлиб ишлай бошлади. У ҳар ой пластик жарроҳлик қилдириш учун маошининг бир қисмини жамғариб борди. Бир ярим йил ичида у керакли суммани – 230 минг рублни тўплади.
Махачқаладаги клиникалардан бирида ринопластика, яъни бурунни кичрайтириш жарроҳлик амалиёти нархи шунча эди. Диана у ерга пластик жарроҳлик учун 2024 йилда учиб борди. У Доғистондаги клиникани, биринчидан, у ердаги нархлар Москвадагидан бир неча баробар арзон бўлгани, иккинчидан, бир нечта танишлари аллақачон Доғистонда пластик жарроҳлик қилдириб, натижадан мамнун бўлиб қайтгани учун танлади.

Сурат манбаси, Диананинг шахсий архиви
"Кавказ аслида жарроҳликнинг катта маркази, – дейди Диана. – Бизда жуда чиройли қизлар бор, улар мукаммалликка интилади, [ўзларида] яна ниманидир ўзгартириш, тўғрилаш ҳақида ўйлайди".
Диананинг сўзларига кўра, дўстлари уни операциядан қайтаришга уринган: "Менга: "Сен ҳозирги ҳолингда яхшисан, ҳеч нарсани ўзгартиришга ҳожат йўқ", дерди. Мен шу бурун билан яшашга кўникишга ҳаракат қилдим. Аммо бурун ўсиб боради, вақт ўтиши билан катталашади. Бунга рози бўлолмадим ва бир куни тўсатдан қарор қилдим: тамом, ҳозироқ ёзиламан, ҳозироқ буни қилдираман".
Унинг айтишича, ота-онаси дастлаб бу ниятидан бехабар бўлган ва унга молиявий ёрдам бермаган – "улар ўзимни мажруҳ қилишим учун ҳеч қачон пул бермаган бўлишарди".
Онасига бу ҳақда операцияга ёзилгандан сўнг айтди. Онаси қизини бу йўлдан қайтаришга беҳуда уринди. Отаси ҳар қандай жарроҳлик аралашувига қарши эди, шунинг учун қизининг жарроҳлик столида ётгани ҳақида у операция тугагандан кейин билди, Диана шундай дейди: "У яхши қабул қилди – барибир ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмасди, бўлар иш бўлганди".

Сурат манбаси, Диананинг шахсий архиви
"Ота-она мукаммал кўринадиган оилада ўсганман"
18 ёшли Полина Аксенова ҳам мактабдаёқ бурнини кичрайтиришни орзу қилган: "Бурним отамникига ўхшарди, бироз кенгроқ ва юзимга унчалик мос эмасди."
Аммо унинг айтишича, бу истак ўсмирлик комплекслари билан боғлиқ эмас: "Ўзимни жуда комплексли одамман деб айта олмайман. Шунчаки, ота-онам мукаммал кўринадиган оилада улғайганман. Мен ҳам уларга муносиб бўлишни истардим. Онам пластик операцияларга жуда оддий қарайди, ўзи ҳам қилдирган, ҳатто бир неча марта."
Полина россиялик телебошловчи Дана Борисова ва тадбиркор Максим Аксеновнинг қизи. 18 ёшида у бир нечта пластик операцияларни қилдирди, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда очиқ маълум қилди ҳам.

Сурат манбаси, Диананинг шахсий архиви
Полина 17 ёшида ринопластика бўйича биринчи операцияни ўтказган, натижа ўзига ёққанди: "Менимча, янги бурним менга жуда мос". Балоғат ёшига етишига бир ҳафта қолганда яна тиғга борди. Бу сафар унинг кўкраги кичрайтирилди ва худди шу наркоз остида ёғнинг бир қисми қорин зонасидан думбасига ўтказилди.
Полинанинг айтишича, бу операцияни шифокорлар тавсия қилган – катта кўкрак ноқулайлик туғдирган ва уни жарроҳлик аралашувисиз кичрайтириш имконсиз эди. Амалиётни ўн йил олдин онасининг кўкрагини катталаштириб берган пластик жарроҳ амалга оширган.
Полина кўкракни кичрайтириш билан бирга ёғ кўчиртиришга ҳам ўзи қарор қилган: "Наркозга ётиш керак экан, бир йўла иккала амалиётни бажартирдим".
"Бунга тиббий кўрсатмалар йўқ эди, – деб давом этади у, – Фақат чиройли қомат, идеал бел истаги сабаб эди. Қум соат шаклидек қомат".
Унинг айтишича, онаси бу операцияга қарши бўлган: "Онам ортиқча ёғни олиб ташлашларини хоҳламади, чунки бунга зарурат йўқ деб ҳисобларди".
Шунга қарамай, она қизининг операцияси учун ўзи тўлаган, тўлов унга вояга етиши муносабати билан қилинган совға эди. Полинанинг айтишича, кўкракни кичрайтириш ва ёғ кўчириш 1,2 миллион рубль (тахминан 13,1 минг еврога) тушган.
Дастлаб операция 2025 йил сентябрга белгиланган, аммо Полина уни августга кўчиришни сўраган: "Мен онамга: "Қийин бўлади, сентябрда ҳам ўқишим, ҳам ишлашим керак, қандай қиламан? Яхшиси, эртароқ қилайлик", дедим. Туғилган кунимни тўлиқ шу компрессион костюмда нишонладим – устимда кўйлак, тагида қонли бинтлар ва шу кабилар эди".

Сурат манбаси, Arina Antonova/TASS
Полинанинг эслашича, у ҳеч қачон ортиқча вазн билан боғлиқ муаммога дуч келмаган, аммо икки йил олдин, 16 ёшида, онаси унга "Оземпик" инъекцияси ёрдамида биргаликда озишни таклиф қилган. Бу иккинчи турдаги диабетни даволаш учун мўлжалланган, аммо озишга ҳам ёрдам берадиган препарат бўлиб, бутун дунёда оммалашган.
"Аввалига рад этдим, лекин кейин [онамнинг] таъсирига тушиб қолдим, бир ойча ўзимга укол қилдим, – дейди у. – Менимча, бу жуда аҳмоқона қарор эди. Бу дори озиш учун мўлжалланмаган, сеҳрли таблетка йўқки, ичсанг-у, дарҳол озсанг. Бу соғлиққа жиддий таъсир кўрсатади, умуман такрорламаслик керак. Мен шунчаки ёш ва тажрибасиз эдим".
Полинанинг пластик жарроҳлик қилдиришига онаси ҳам ўрнак бўлганди: "У 50 ёшида ҳам ажойиб кўринади. Пластик операциялардан умуман қўрқмайди. Албатта, бундай ўрнакни кўргач, сен ҳам шундай бўласан-да. Она – ҳаётимиздаги энг яқин инсонлардан бири".
Полина тиббий кўрсатмалар бўлмаганда пластик операцияларни каттароқ ёшда қилган яхшироқ эканлигини тан олади, лекин ўзига келганда шундай дейди: "Менимча, буни эртароқ қилиб, бахтли яшаган яхшироқ, ўзинг билан курашишдан кўра. Агар онгли бўлсанг, ўзингда ниманидир ўзгартирмоқчи эканингга ишончинг комил бўлса, нима учун буни қилмаслик керак?"

Сурат манбаси, telegram/poxenovaa
Глобал тенденция
Халқаро эстетик пластик жарроҳлик жамияти (ХЭПЖЖ) маълумотига кўра, пластик жарроҳликка қизиқиш бутун дунёда, жумладан, ёш қизлар орасида ҳам ортиб бормоқда.
"Ёшлар орасида операциялар сони кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда, – деди Би-би-сига ХЭПЖЖ матбуот хизмати. – Бу, шубҳасиз, ижтимоий тармоқлар таъсири билан боғлиқ. Ёш қизлар бошқаларнинг операция қилдираётганини кўриб, уларга тақлид қилади".
Илгари машҳурлар одатда ҳар қандай пластик жарроҳликни яширган бўлса, ҳозир тобора кўпроқ машҳурлар буни очиқ гапирмоқда. Улар орасида 27 ёшида TikTok'даги изоҳларида кўкрагига қандай ўлчамдаги силикон имплант қўйгани ҳақида гапирган модель ва тадбиркор Кайли Женнер, реп ижрочиси Карди Би, "Дўстлар" сериали юлдузи Лиза Кудроу, россиялик қўшиқчи Инстасамка, блогер Надежда Стрелец ва бошқалар бор.
"Ижтимоий тармоқларда уларга қараб: "Бирам чиройли экан" деб ўйлайсан. Ижтимоий тармоқлар ҳақиқатни акс эттирмайди, шунинг учун мен имкон қадар очиқ бўлишга ҳаракат қиламан," деган 28 ёшли америкалик гимнастикачи Симона Байлз People журналига. Спортчи кўкрагини катталаштирган, блефаропластика (қовоқларни тузатиш) ва қулоқ солинчагини ўзгартирган. Байлз бу ҳақда очиқ гапиришга қарор қилганини "ёш қизларга танлов ҳуқуқига эга эканликларини ва бунда ҳеч қандай уятли нарса йўқлигини кўрсатиш" истаги билан изоҳлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ижтимоий тармоқлар туфайли юз пластик жарроҳлиги оммалашди, дейди ХЭПЖЖ Би-би-сига. 2024 йил якунига кўра, дунёдаги энг машҳур пластик операция блефаропластика бўлган – ХЭПЖЖ 2,1 миллион шундай операцияни қайд этган, бу ўтган йилга нисбатан 13,5 фоизга кўп. 2023 йилда қовоқлар пластикаси бўйича операциялар сони 2022 йилга нисбатан 24 фоизга ошган.
Одатда энг кенг тарқалган операциялар учлигига липосаксия ва кўкракни катталаштириш киради, аммо сўнгги бир неча йил ичида уларнинг оммавийлиги пасайиб бормоқда. 2023 йилга нисбатан дунёда липосаксиялар сони 12,6 фоизга, кўкракни катталаштириш бўйича операциялар сони эса 17,5 фоизга камайган.
ХЭПЖЖ Россия бўйича маълумотларни 2020 йилгача ўз ҳисоботларига киритган. Ўша пайтда Россияда энг машҳур операция блефаропластика эди. Ваҳоланки, бу тур операция ўша пайтда дунёда фақат учинчи ўринда эди. Йиллик пластик операциялар сони бўйича Россия тўққизинчи ўринни эгаллаган, етакчи учликда АҚШ, Бразилия ва Германия турибди.
2020 йилдан кейин Россия бу ҳисоботларга киритилмаган. ХЭПЖЖ вакили Би-би-сига бунинг сабабини россиялик пластик жарроҳлар етарли маълумотларни тақдим этмагани, деб тушунтирди. Би-би-си Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигидан статистик маълумотларни сўраган бўлса-да, жавоб олгани йўқ.
Пластик жарроҳликка қизиқиш глобал ўсиши жиҳатидан Россия "мутлақо трендда" эканлигини таъкидлайди пластик жарроҳ ва Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пластик жарроҳлик бўйича махсус комиссияси аъзоси Антон Захаров.
"Gidmarket" маркетинг компанияси таҳлилчиларининг РБК келтирган маълумотларига кўра, 2024 йилда Россиянинг пластик жарроҳлик бозори 13,5 фоизга, бир йил олдин эса 23,5 фоизга ўсган.
"Биз ижтимоий тармоқлар кириб келган, пластик жарроҳлик оммалашаётган, одамларнинг ўз ташқи кўринишига нисбатан талабчанлиги ўсиб бораётган глобал жараённинг бир қисмимиз. Ахборот макони ҳам бунга фаол ҳисса қўшмоқда", дейди Захаров.

Сурат манбаси, Шахсий архив
Россияда ҳам дунёдаги каби одамларнинг биринчи пластик операцияни ўтказиш ёши пасайиб бораётганини таъкидлайди пластик жарроҳ Сергей Круглик. У Москва соғлиқни сақлаш департаментининг САО ва СВАО бўйича бош округ штатдан ташқари мутахассиси ва VIP Clinic пластик жарроҳлик клиникалари тармоғи раҳбари.
"Агар бу ёшартирувчи пластик жарроҳлик бўлса, илгари бизда асосий ёш гуруҳи 45-50 ёш эди, – дейди у, – Ҳозир эса, масалан, блефаропластикага 18-19 ёшдаги қизлар мурожаат қилаётганини кўряпмиз. Улар кўз остидаги қопчалар ёки бошқа баъзи жиҳатлардан норози бўлишлари мумкин."
2023 йил март ойида ВЦИОМ томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Россияда ёшларнинг пластик жарроҳликка муносабати ижобийроқ. 18-24 ёшли респондентларнинг 18% пластик жарроҳликка ижобий, 19% салбий ва 63% нейтрал фикр билдирган. Бошқа ёш гуруҳларида жарроҳлик аралашувларига муносабат салбийроқ – сўралганларнинг ёши қанчалик катта бўлса, улар пластикага шунчалик танқидий қараган.
Ўзига ишонч ва тармоқларда машҳурлик учун яхши
Жарроҳлик амалиётлари ҳақида нафақат машҳурлар, балки оддий ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам очиқ гапирмоқда. Қизлар пластикадан олдин ва кейин ўзларини суратга олади, операциядан кейинги тикланиш жараёнини Instagram ва TikTok учун ҳужжатлаштириб, шишган, кўкарган ҳолда ва гипс билан тушган суратларини эълон қилади.
Визажист ва блогер Рита Захарова 19 ёшида ўзининг биринчи пластик операциясини ўтказди – Ёноқларидаги ёғ тўқималарини олдириб ташлади. Унинг бу ҳақдаги видеоси TikTok'да 9 миллиондан ортиқ кўрилган.

Сурат манбаси, TikTok/rzaharova
Ҳозир Рита 24 ёшда, ҳозиргача у яна бир нечта пластик операцияларга журъат этди – кўкрагига имплантлар қўйдирди, липофилинг қилдирди, яъни тананинг алоҳида қисмларидан думбага ёғ кўчирди.
Рита кўкракни катталаштириш операциясига кутилмаганда ёзилганини эслайди: "Биз дугонам билан Дубайда эдик, қарасам: "Вой, кўкрагинг пайдо бўлиб қолибдими! Қаердан?! Илгари йўқ эди-ку!" деб юбордим унга. У пластик операция қилдирганини айтиб, менга жарроҳнинг контактларини берди. Винодан бироз маст эдим, тезроқ қарор қилвордим, дарҳол ҳожатхонага бориб, суратлар олдим, уларни клиникага жўнатдим ва бир ҳафтадан сўнг икки фариштанинг онаси бўлдим."
Шундан сўнг унинг ўзига бўлган ишончи кескин ошди: "Кўкрагимни катталаштиргач, ўзимни янада кучлироқ ҳис қила бошладим". Рита бу операция унга 5,5 минг еврога (ҳозирги курс бўйича деярли 500 минг рубль) тушганини айтади ва уни "энг яхши сармоя" деб атайди. Липофилинг учун у тахминан 600 минг рубль (6,6 минг евро), ёноқ ёғ тўқималарини олиб ташлаш учун тахминан 20 минг рубль (220 евро) тўлаган.
У барча операциялари ҳақида обуначиларига очиқ гапириб берди: "Одамларга бу қизиқ ва улар ҳам шу асосда ўзларининг ижобий ва салбий томонларини ўлчайди. Буни кўрсатиш керак деб ўйлайман. Бу одамларни хабардор қилиш учун ҳам, блогер учун эса аудиториянинг янада содиқлиги ва машҳурликни ошириш учун керак. Бу ҳақиқатан қизиқарли."

Сурат манбаси, instagram/rzaharova
Унинг айтишича, баъзида у обуначиларига ўз пластик жарроҳини тавсия қилган. "Лекин ҳар кимнинг ўз танлови бор, – дейди у. – Пластикани ўзимни ўзгартириш имконияти деб биламан. Яхши клиникада ва яхши шифокорда қилдирилса, нега бундай қилмаслик керак?"
Ижтимоий тармоқлар таъсири ва "бой берилган имконият синдроми"
Сўнгги бир неча ўн йилда пластик жарроҳлик соҳаси сезиларли ўзгарди, дейди Захаров: технологик тараққиёт туфайли кўрсатилаётган хизматлар сифати ошди, ижтимоий тармоқлар эса илгари асосан машҳурлар фойдаланган соҳани кенг аҳоли орасида оммалаштиришга ёрдам берди.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар салбий таъсир ҳам кўрсатди. Круглик фотосуратларни таҳрирловчи филтрлар ва махсус иловаларни "муаммоли тенденция" деб атайди: "Экранда доим ўзгартирилган фотосуратларни кўрасиз, кўзгуда эса бутунлай бошқа нарсани, бу ҳол жарроҳлик амалиёти учун катта туртки бўлади."
"Ижтимоий тармоқларда бошқаларни кузатиш бой берилган имконият синдромини келтириб чиқаради, бу ташқи кўринишга ҳам таъсир қилади, – дейди Захаров. – Одамлар ижтимоий тармоқларда бошқалар жуда чиройли кўринишини кузатиб, ўзининг ҳолатидан қониқмай қолади. Шу сабабли улар ўз ташқи кўринишларига кўпроқ эътибор беришга, пластик жарроҳлик хизматларидан фойдаланишга қизиқиб қолади."

Сурат манбаси, Шахсий архив
Пластик жарроҳликка қизиқиш ортиши ижтимоий тармоқларда бундай хизматлар рекламаси кўпайишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида кўплаб виждонсиз мутахассисларга қўл келди, дейди Захаров: "Пластик жарроҳларнинг даромади ишбай. Баъзи шифокорлар зарурат бўлмаса ҳам ўз хизматларини ортиқча тавсия қилади."
Ўзидан асоссиз норози бўлганлар
Пластик жарроҳлик инсоннинг ижтимоий мослашуви ва ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин, деб ишонади Захаров. Аммо ижтимоий тармоқлар воқеликка тўғри келмайдиган умидларни уйғотади: "Одам пластик жарроҳлик хизматларидан фойдаланса-ю, кутган натижасини олмаса, норози бўлиб қолади, ана шу – муаммо."
Унинг айтишича, унинг олдига пластик жарроҳликка зарурат бўлмаган беморлар кўп келади: "Мен ўз амалиётимда уларга рад жавобини бераман. Ҳар қандай пластик жарроҳ қабулда маълум бир ишни бажариши керак – нафақат тиббий кўрсатмаларни баҳолаши, балки беморни операцияга нима ундаганини, унинг мотивацияси ва умидларини тушуниши лозим. Бу бизнинг ишимиз, ўзига ишончни ошириш, умумий кайфиятни яхшилаш бизнинг вазифамиз. Бу скальпель ёрдамидаги психотерапиядир."
Круглик қўшимча қилишича, пластик жарроҳнинг вазифаларидан бири – беморда дисморфофобия белгилари мавжудлигини баҳолашдир. Бу психологик бузилиш бўлиб, одам ўзининг ташқи кўринишидан ва ундаги кичик нуқсонлардан асоссиз норози бўлаверади. Уларни тузатиш истаги зўрайиб, алалоқибат косметолог ёки пластик жарроҳга мурожаат қилади.
Россиялик психиатр, тиббиёт фанлари номзоди Оксана Палатинанинг 2021 йилдаги тадқиқотига кўра, эстетик жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларнинг 17,2 фоизида дисморфофобия ташхиси қўйилган, уларнинг барчаси 30 ёш атрофидаги ёш аёллар экани аниқланган. "Кузатувларнинг 70 фоизида дисморфофобия бузилишлари балоғат ёшиданоқ бошланган", дейилади ишда.
"Бундай беморни ҳеч бир пластик амалиёт натижаси қониқтиролмайди. Жарроҳ ёмон натижа кўрсатгани учун эмас, балки бундай беморларни рози қилиш деярли имконсиз бўлгани учун", дейди Круглик.

Сурат манбаси, YouTube/vipclinic_msk
Шифокорларнинг жарроҳлик амалиётидан қайтаришга уринишининг яна бир сабаби – беморнинг жуда ёшлиги, дея давом этади Круглик.
"Кеча 15 ёшли қизча онаси билан ринопластикага мурожаат қилди. Унда ҳали бурун склети шаклланиб бўлмаган, яна ўсади, уни бу йўлдан қайтармоқчи эдим. Ринопластикадан сўнг бурун ва юз ўсишда давом этади ва бир неча йилдан кейин уйғунлик яна йўқолади, – дейди жарроҳ. – Лекин бу қизни кўндиришнинг иложи бўлмади, у кейинги ҳафтага операцияга ёзилди. Унинг бурни ҳақида тушунчаси жуда ғалати, у барча фотосуратларда бурнини яширади. Онаси шундай дейди: "Мен буни уддалай олмайман. Биз психолог билан ишлаяпмиз, дори ичяпмиз, бари беҳуда, пластик жарроҳлик биз учун ягона ечим."
Бу ёшда қилиш мумкин бўлган операциялар доираси жуда тор, дейди Захаров: "Барча қаришни кечиктириш операциялари истисно қилинади, уйғунлаштирувчи операциялардан фақат кичик бир қисми қолади. Тана бўйича операциялар кўпинча ёшликда умуман керак бўлмайди. Липосаксия қилишнинг маъноси йўқ, ундан кўра озиш осонроқ. 18 ёшда кўкракни катталаштиришни ҳар қандай муносиб жарроҳ рад этади. Бундан ҳеч қандай фойда йўқ, чунки кўкрак бези ҳали яна ўсиши мумкин."
Пластик жарроҳликни одатийлаштириш
Instagram ва бошқа визуал ижтимоий тармоқлар филтрлар ва турли эффектлар орқали гўзаллик стандартларини белгиламоқда, бу эса меъёр ҳақидаги тасаввурларни бузади, одамларда гўзаллик мезонини ошириб қўяди, дейди психолог Сабина Наримбаева.
Унинг фикрича, ижтимоий тармоқларда пластик клиникалар пластик операциядан олдинги ва кейинги беморлар фотосуратлари билан реклама қилиниши, шунингдек, блогерларнинг ўз жарроҳлик амалиётлари ҳақидаги видеолари одамларда бундай хизматлар хавфсиз ва қулай деган тасаввур уйғотади:

Сурат манбаси, Шахсий архив
"Бундай контент истеъмолчининг хавотирини камайтиради, унчалик қўрқинчли эмас экан, шундай ажойиб натижа учун чидаса бўлади, деган тасаввур пайдо бўлиши мумкин."
Яқиндагина ўз танасини қабул қилиш ва ўзини севиш ғоясини тарғиб қилиш урф бўлганди, "Оземпик"нинг пайдо бўлиши ва пластик жарроҳлик оммалашуви фонида вазият чаппасига кетди, дейди Наримбаева: "Ҳозир ҳамма бошқа томонга кетмоқда – ўзингизга эътибор беришингиз кераклиги, ташқи кўринишингиз учун масъул эканлигингиз ва ташқи кўринишингиз сизни шахс сифатида кўрсатиши."
Бу жамиятда жарроҳлик амалиётларини одатийлаштиради: "[Қизларга шундай уқтирилади] ўзингни ўзгартиришинг мумкин, танангнинг эгаси ўзингсан, ташқи қиёфангни истаганингча бошқаришинг мумкин."
"Аёлларнинг ташқи кўриниши уларнинг маошига ва жамиятда қабул қилинишига таъсир қилиши ҳақида тадқиқотлар бор, – дея давом этади психолог. – Патриархал жамият сендан гўзалликнинг нореалистик стандартларини сақлаб туришни, бу стандартларга амал қилиш учун барча ресурсларингни – пул, жисмоний ва моддий ресурсларингни сарфлашни талаб қилади."
Дунё сиёсий саҳнасида "ўнгга бурилиш" ва умуман сиёсий беқарорлик манзарасида ёш қизлар орасида пластик жарроҳликка бўлган талаб ортиб бормоқда, дейди Наримбаева: "Жамият қанчалик кам патриархал бўлса, аёллар гўзаллик стандартларига шунчалик кам қарам бўлади. Уруш ва беқарорлик шароити бизни анъанавий ролларда қандайдир барқарорликни топишга ундайди. Патриархал маданиятнинг бу афсонасини қарор топтириш учун, яъни эркак уйда хўжайин ва қарор қабул қилувчи, хотин эса гўзал бўлиши шарт, деган тушунчани сақлаб қолиш учун аёллар гўзал бўлишга мажбур."
Пластик жарроҳлик оммалашуви гўзалликни тижорийлаштириш ва стандартлаштиришга олиб келади, дейди психолог: "Қўли калта қишлоқдаги қиз гўзаллик мен учун эмас, деб ўйлаши мумкин. Бу унинг ўзига бўлган ишончини бутунлай синдириши мумкин."

Сурат манбаси, Шахсий архив
"Пластика – сеҳр эмас"
Диана ижтимоий тармоқлар унинг ўзини идрок этишига таъсир қилганини тан олади: "Кўзгуда бир нарсани кўраман. Instagram'да бошқа нарсани. Ҳатто расм нореалистик бўлса ҳам, унда кўп фотошоп ишлатилган ёки сунъий интеллект бўлса ҳам. Миям барибир: "У сендан яхшироқ, ҳамма нарса сендан яхшироқ" деб ўйлайверади."
"Баъзи операциялар, косметология туфайли гўзалликнинг ўзи қадрсизлангандек туюлади, – деб мулоҳаза қилади Диана. – Табиий гўзаллик энди қадрланмаяпти, шунчаки чиройли қизлар қадрланмоқда."
У ринопластикадан кейин "бахтлироқ ва ўзига ишонган" одам бўламан деб ўйлаган эди: "Аммо ҳеч нарса ўзгармади. Ўзимни аввалгидек ҳис қиляпман. Шунчаки кўзгудаги аксим мени кўпроқ қониқтиради. Пластика – сеҳр эмас, бунинг натижаси бўлиши учун ўз устингда, ўз-ўзингни баҳолашинг устида ишлашинг керак."
Диананинг айтишича, у қилинган ринопластикадан афсусланмайди. Аммо операциядан бир йил ўтгач, унда суяк қадоғи пайдо бўлди, яъни бурун қаншарида кичик қаттиқланиш юзага келди ва Би-би-си билан суҳбатдан кўп ўтмай, у қайта операция қилиш учун Махачқалъага учиб кетди.

Сурат манбаси, Шахсий архив
"Ринопластика менинг ҳаётимга мутлақо таъсир қилмади, – дейди у. – Эҳтимол, бошқача умид қилгандирман. Мен қиролича бўламан, миллионерлар ёнимга келади, деб ўйлагандим. Бу мутлақо нотўғри. Сен қандай бўлсанг, шундайлигингча қоласан. Шунчаки бошқа бурун билан."
Ҳозир у ҳеч қандай пластик операцияни режалаштирмаяпти, лекин келажакда липоскулптура қилиши эҳтимолини истисно этмайди: "Тана шаклимни ўша идеалдагидек, Instagram'да доимий кўриниб турадиган қум соати шаклига ўзгартириш учун."
"Аммо бу қанчалик оғир операция эканини тушунаман. Қизларда оқибатлар қандай бўлишини, қандай азоб чекишларини кўрдим. Бу операциядан кейин уларнинг кўриниши худди трамвай босиб кетганга ўхшайди. Шунинг учун бундай пластикани кейинроққа қолдирсам керак. Яхшиси, спорт залига бир йил, уч йил, беш йил қатнайман, энг юқори чўққимга чиқаман ва кейин, агар натижа ёқмаса, ана ўшанда тоза виждон билан дейман: "Бўлди, бу билан ҳеч нарса қила олмас эканман. Фақат жарроҳлик ёрдам беради."





























