Ўзбекистон ва дунё: Энди инфлюенсерлик орқасидан доллар, доллар пул ишлаш қийин бўладими?

Икки аёлнинг ёнма-ён сурати.

Сурат манбаси, Kaaviya Sambasivam/Simone Mckenzie/Google Veo 3

Сурат тагсўзи, Каавия Самбасивам (чапда) машҳур инфлюенсер. Инфлюенсерлик ортидан зўр пул ишлаётган Жижи (ўнгда) эса ҳақиқий одам эмас, сунъий ақл маҳсули.
    • Author, Сакши Венкатраман
    • Role, АҚШ бўйича мухбир, BBC
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бир қарашда Жижи бошқа ёш ижтимоий тармоқ инфлюенсерларига ўхшайди.

Сочи ва пардози жойида, мухлислари билан мулоқот қилади. Овқатланаётгани, терисини парваришлаётгани, лаб бўёғи суртаётгани каби видеоларини улашади. Ҳатто баъзи видеоларда ёқимтойгина чақалоғи ҳам кўриниб қолади.

Аммо бир неча сониядан сўнг, нималардир ғалати туюлиши мумкин.

У эриган лавадан тайёрланган пицца ейди ёки лабларига ялтиратиш учун қор парчаси ва шакарпахта суради. Қўллари баъзан ушлаб турган нарсалардан ўтиб кетади.

Бунинг сабаби оддий – Жижи ҳақиқий одам эмас. Уни ёзда пул ишлаш мақсадида Иллинойс университети талабаси Симона Маккензи сунъий интеллект ёрдамида яратган.

21 ёшли Маккензи хоним Google Veo 3 каби сунъий интеллект чатботларига оддий сўровлар – промптлар ёзиш орқали видеострим яратадиганлардан бири. Мутахассислар айтишича, баъзи танқидчилар ва норози томошабинлар "СИ ахлат" деб атаган бу жанр ижтимоий тармоқларни эгаллаб олмоқда.

Унинг ижодкорлари сезиларли даражада муваффақиятга эришмоқда.

"Битта видео менга атиги тўрт кунда 1600 доллар даромад келтирди, – дейди Маккензи хоним. – Шунда ўзимга: майли, давом эттираверай-чи дедим."

Икки ойдан сўнг, Жижининг видеолари миллионлаб марта кўрилди ва Маккензи хонимга TikTok ижодкорлар фонди орқали минглаб доллар келтирди. Бу дастур ижодкорларга кўришлар сонига қараб ҳақ тўлайди. Бироқ мутахассислар фикрича, у сунъий интеллект ёрдамида осон машҳурлик қозонаётган ягона инсон эмас.

"Ҳозир бу жараён авж олмоқда ва эҳтимол, давом этади," дейди Пенсилвания университети доценти ва рақамли маданият бўйича мутахассис Жесса Лингел.

Энди бир неча дақиқада амалда исталган нарса ҳақида видео ярата оладиган бу СИ ижодкорлар сердаромад инфлюенсерлар томорқасида тартибсизлик чиқариши мумкин.

Бироқ баъзилар сунъий интеллект ижтимоий тармоқларни бузаётганини айтса, бошқалар интернетда шуҳрат қозониш имкониятини ҳаммага бераётганини айтмоқда, дейди Лингел. Чиройли орқа манзара, камера ёки видео таҳрирлаш воситалари учун пули ёки вақти бўлмаганлар ҳам энди машҳур бўлиши мумкин.

Жижи
Simone Mckenzie/Google Veo 3
Bitta video menga atigi to‘rt kunda 1600 dollar daromad keltirdi. Shunda o‘zimga: mayli, davom ettiraveray-chi dedim...
Simona Makkenzi
Illinoys universiteti talabasi. Suratdagi esa u sun’iy aql yordamida yaratgan inflyuyenser Jiji (batafsil: bbc.com/uzbek da).
Пишириқ еяётган ёш аёлнинг сурати.

Сурат манбаси, Simone Mckenzie/Google Veo 3

Сурат тагсўзи, Маккензи хоним Жижининг энг оммабоп видеосини яратишда фойдаланган ҳаракатлардан бири.

Анъанавий инфлюенсерлар сиқиб чиқарилмоқдами?

Ижтимоий тармоқларда инфлюенсер бўлиш яқиндагина нормал карьерага айланганди. Аммо атиги бир неча йил ичида саноат ҳажми 250 миллиард доллардан ошди, деб хабар беради Голдман Сакс инвестиция компанияси. Онлайн ижодкорлар кўпинча контент яратиш ва обуначи жалб қилиш учун ўз ҳаёт тарзларидан – таътиллари, уй ҳайвонлари, пардоз одатларидан фойдаланади.

Сунъий интеллект ижодкорлари эса худди шундай нарсани тезроқ, арзонроқ ва чекловларсиз қила олади.

"Бу, шубҳасиз, ижодкорлар майдонини остин-устун қилиши мумкин", дейди Корнел университетининг рақамли ва ижтимоий медиа бўйича тадқиқотчиси Брук Даффи.

Жижи ижодкори Маккензи хонимнинг айтишича, видеоларни яратиш учун унга атиги бир неча дақиқа керак бўлади ва у баъзан кунига учта пост жойлайди.

Бу турли платформаларда 1,3 миллион атрофида обуначига эга 26 ёшли Каавия Самбасивам каби инсон инфлюенсерлар учун имконсиз.

У қандай видео тайёрлаётганига қараб – таом рецептими, кундалик ҳаёт ҳақида видеоблогми ёки пардоз бўйича тавсияларми – бир неча соатдан бир неча кунгача вақт кетиши мумкин. У харид қилиши, режалаштириши, фон ва ёруғликни созлаши, суратга олиши ва кейин видеони монтаж қилиши керак.

Сунъий интеллект ижодкорлари эса бу босқичларнинг деярли барчасини ўтказиб юбора олади.

"Савол туғилади: биз бунда рақобатлаша оламизми? Чунки мен инсонман. Менинг имкониятларим чекланган, – дейди Шимолий Каролинада яшовчи Самбасивам хоним. – Шундай ойлар бўладики, руҳан тушкунликка тушаман ва жуда кам пост жойлайман. Роботлар билан беллаша олмайман."

У ўз каналини Ковид пандемияси пайтида ота-онаси билан яшаб турганда бошлаган. Ускуналари бўлмагани сабабли суратга олиш учун телефонини деворга скотч билан ёпиштириб қўярди. Вақт ўтиб, у инфлюенсер сифатида ишлаб топган пулини ўз видеолари учун штативлар, ёритгичлар, пардоз ашёлари ва озиқ-овқат сотиб олишга сарфлади, обуначиларини орттириш учун йиллар керак бўлди.

Маккензи хонимнинг айтишича, у аввалига анъанавийроқ инфлюенсер бўлишни ўйлаган, аммо пули, вақти ёки ускуналари йўқ эди. Шунинг учун у Жижини яратди.

"Уйдаги иш столимда жуда кўп китоблар ва нарсалар бор, – дейди у. – Бу видео учун жуда кўримли эмас. Сунъий интеллект ёрдамида хоҳлаган фонингизни танлаш анча осон, албатта."

Тез орада сунъий ақл инсоният бошига етадими - видеони томоша қилиш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Уммон манзарасида суратга тушган Каавия Самбасивам

Сурат манбаси, Kaaviya Sambasivam

Сурат тагсўзи, Каавия Самбасивам

Сунъий интеллект видеоларида "ҳақиқий" ҳаёт

Маккензи хоним ишни бошлаганида, Google'нинг Veo 3 чатботидан аёл образини яратишни сўради.

Жижи 21 ёшда, териси қуёшда тобланган, кўзлари яшил, сепкилли, кўз киприклари қанотсимон ва узун қора сочли. Кейин у чатботдан Жижини гапиртиришни сўради. Энди Жижи ҳар бир видеони уни сунъий интеллект деб айблаётган фойдаланувчиларни танқид қилишдан бошлайди. Сўнг, уларнинг ҳақлигини масхараомуз тарзда тасдиқлаб, тошлардан ясалган авокадо ёки шилимшиқдан тайёрланган печеньени ейди.

Даффи хонимнинг айтишича, рақамли ўзгартиришлар янгилик эмас. Аввалига расмларни таҳрирлаш учун Photoshop каби дастурлар мавжуд эди. Кейинчалик, FaceTune каби иловалар фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқлар учун юзларини ўзгартиришни осонлаштирди. Бироқ у бугунги ўта реалистик сунъий интеллект видеоларининг асосий ўтмишдоши 2010-йиллар охирида пайдо бўлган машҳурларнинг сохта видеолари эканлигини таъкидлайди.

Аммо ҳозир улар анча ҳақиқийроқ кўринмоқда ва тезроқ тарқалиши мумкин, дейди Даффи хоним.

Сунъий интеллект видеолари "McDonald's"да ишлайдиган мушук ҳақидаги мультфильмдан тортиб, эшикка ўрнатилган сохта камера тасвирларигача бўлган турли мавзуларни қамраб олади. Улар орасида барча жанрлар – қўрқинчли, кулгили, ошпазлик кабиларгача бор. Бироқ буларнинг барчаси сунъий.

"Бу маълум маънода мем маданиятининг бир шаклига айланди," дейди Даффи хоним.

Жанубий Кореяда яшовчи 31 ёшли америкалик аёлнинг TikTok саҳифаси сунъий интеллект ёрдамида яратилган Гамжа исмли кучукчага бағишланган. Унда кучукча қулоқчин тақиб, овқат пишириб, сочини жингалак қилади. Унинг видеолари миллионлаб марта кўрилган ва уларга реклама жойлаштирмоқчи бўлган компаниялардан ҳамкорлик таклифларини олмоқда.

"Мен одамлар севадиган нарсаларни, масалан, овқат ва кучукларни, илгари қилинмаган тарзда бирлаштиришни хоҳлардим," дейди у.

TikTok'даги энг йирик сунъий интеллект контент яратувчилардан бири 27 ёшли Дениэл Райлидир. Унинг миллионлаб мухлислари бор, аммо улар унинг юзини ҳеч қачон кўрмаган. Аксинча, унинг "вақт саёҳати" видеоларига 600 мингга яқин обуначи бор ва ўн миллионлаб марта кўрилган.

"POV: Сиз Помпей шаҳрида вулқон отилган кунда уйғондингиз" ва "POV: Сиз Клеопатра малика сифатида уйғондингиз" каби сарлавҳалар энг машҳур видеолар бўлиб, томошабинларни қадимги тарихнинг хаёлий куни билан 30 сонияда таништиради.

"Мен одатда миллионлаб доллар сарфланадиган ҳикояларни айтиб беришим ва одамларга телефонлари орқали турли даврларга назар ташлаш имконини беришим мумкинлиги ҳақида ўйладим," дейди у.

У яна бир даромад манбаини яратди – ойлик тўлов эвазига бошқаларга шу каби сунъий интеллект видеоларини яратишни ўргатадиган курс.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг:

Бирор ким фарқини билармикан?

"Мени сунъий интеллект деб аташни бас қилинг," дейди Жижи ҳар бир TikTok чиқиши бошида. У шубҳаланувчилар билан баҳслашади, аммо баъзи томошабинлар унинг ҳақиқий эканига шубҳа қилмайди.

Бир томондан, ҳақиқийдек кўринадиган сунъий интеллект видеолари жиддий муаммо туғдиради, дейди Лингел хоним, айниқса, медиа саводхонлиги ҳали шаклланмаган ёш болалар учун.

"Менимча, яқин келажакда оддий одам фарқини ажрата олмайди, – дейди у. – Ёлғон маълумотлар, фирибгарликлар ва шунчаки... сифатсиз контент кўпайишига гувоҳ бўласиз."

Бошқа томондан, сунъий интеллект видеолари жозибали бўлиши мумкин, дейишади мутахассислар, чунки улар мультфильмга ўхшаш, бўрттирилган материалларни тақдим этади.

"Ҳақиқат ва ёлғон қоришган тасвирлар ва постлар эътиборимизни тортади ва улашишга ундайди", деди Даффи хоним.

Ҳарвард университети тадқиқоти кўрсатишича, 14-22 ёш оралиғидаги сунъий интеллект фойдаланувчиларининг кўпчилиги ундан расмлар ва мусиқа кабиларни яратиш учун фойдаланишини айтган.

Шунга қарамай, дейди у, савол шундаки, инсоннинг фаҳм-фаросати тез ривожланаётган технологиялар билан ҳамқадам бўла оладими?

Гамжа ижодкорининг айтишича, у деярли ҳар куни интернетдаги одамлардан хабар олади. Улар сунъий интеллект ёрдамида яратилган кучукчадан хавотирда: улар кучукча соғлиғи учун зарарли овқатлар еяпти деб ўйлашади, чунки улар ҳақиқий итни кўряпмиз деб ишонишади.