Мода олами келажаги шу материаллардами?

Сурат манбаси, Charlotte McCurdy Research
Бизни кийим-кечак билан таъминлайдиган саноат катта бизнес – у ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 1,7 триллион доллар келтиради.
Бироқ, бу саноат атроф-муҳитни жуда ифлослантиради. БМТ маълумотларига кўра, мода саноати глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг 8 фоизигача бўлган қисмини яратади – бу кўрсаткич урфга кирган, арзон, бир марталик кийимларнинг ўсиши билан ошиб бормоқда.
Кийимнинг бутун ҳаёт цикли атроф-муҳитга таъсир кўрсатади – пахтага сепиладиган пестицидлардан тортиб, полиэфир ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган нефтгача, матоларни бўяш, фабрикаларни электр билан таъминлашдан чиқиндихоналарга ташланадиган тонналаб кийим-кечак чиқиндиларидан ажраладиган газларгача.
Мутахассислар огоҳлантиришича, модани ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳозирги тенденциялари барқарор ва соғлом эмас.
"Сиз 7 долларга футболка сотиб оласиз, лекин бу Ер учун ҳақиқий нарх эмас", дейди Лондон университети коллежи материалшунос профессори Марк Миодовник BBC Radio 4 нинг "Inside Science" дастурига.
"Биз ўз истеъмолимиз туфайли атмосфера ва океанларда салбий ўзгаришлар бўлаётганини тан олгимиз келмайди", деб давом этади у.
"Агар кийим сайёрага зарар етказмайди шаклда ишлаб чиқарилса, унинг ҳақиқий нархи, масалан, футболка учун 54 доллар бўлиши мумкин, бундай ҳолатда уни камроқ сотиб олган бўлардингиз".

Сурат манбаси, Martin Bernetti/AFP via Getty Images
Иккинчи қўл кийимлар савдоси ўсиши билан бир қаторда, дизайнерлар моданинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун инновацион материаллар ва ишлаб чиқариш усулларини ўрганмоқда.
Улар ҳозирча фақат оз миқдорда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, мутахассислар фикрича, бир кун келиб улар мода келажагини ўзгартириши мумкин.
Мана ўша материаллардан учтаси.
1. 3D материаллар
Ўз уйингизда қулай шароитда ўзингизга мос кийимларни 3D-принтерда чоп этиш имкони бўлса-чи? Бу амалга ошиши мумкин.
Профессор Миодовник шахсни сканерлай оладиган, рақамли дизайн яратадиган ва кейин кичик занжирли ҳалқалардан ташкил топган синтетик ёки биопластик асосидаги материални бир вақтда бир қатлам қилиб чоп этадиган технология устида ишламоқда.
"Бу биз мато ва мода деб ўйлайдиган нарсаларнинг чегараларини ҳақиқатан ҳам кенгайтирмоқда", дейди у.
Nike, New Balance, Adidas ва Balenciaga каби брендлар аллақачон 3D босиб чиқаришни синаб кўрган.

Сурат манбаси, Christian Partik
3D босиб чиқариш афзаллиги шундаки, буюмларни чиқиндисиз ва ортиқча ишлаб чиқаришсиз буюртма асосида тайёрлаш мумкин. Биопластлар маккажўхори крахмали ёки шакарқамиш каби ўсимликлардан тайёрланади ва фойдаланиб бўлингач, саноат миқёсида компостга айлантирилиши мумкин.
Аммо бошқа эҳтимолий фойдалар ҳам бор.
Профессор Миодовник ҳаракатланиш қобилияти чекланган одамларга оёқ-қўлларини осонроқ ҳаракатлантириш имконини бериш учун 3D босиб чиқарилган материалга сенсорлар ва ҳаракатланиш қурилмаларини жойлаштириш устида ҳам ишламоқда.
"Агар стулдан осон тура олмасангиз, биз сизга мушакларингизни таранглаштирувчи ва ўша пайтда сизга ёрдам берувчи матони лойиҳалашимиз мумкин. Кейин у бўшашади ва нормал юришга имкон беради", дейди у.
"Биз умуртқа поғонасининг турли хил шикастланишлари ва умуртқа поғонаси билан боғлиқ муаммолари бўлган одамлар билан гаплашяпмиз, бу технология улар учун ҳам қўл келади".
2. Комбуча чарм
Agar stuldan qiynalib tursangiz, mushaklaringizni taranglashtiruvchi va o‘shanda yordam beruvchi matoni loyihalashimiz mumkin. Keyin u bo‘shashadi a normal yurishga imkon beradi.
Комбуча – чой ва шакарни бижғитишдан тайёрланган ичимлик бўлиб, ичакка фойдали бактериялари билан машҳур, унинг дизайнерлар тажриба ўтказаётган қўшимча маҳсулоти бор.
Агар у тахминан уч ҳафта давомида дамланса, бактериялар суюқлик устида парда ҳосил қилади.
Буюк Британиянинг Манчестер университетидан тўқимачилик технологияси бўйича мутахассис доктор Жейн Вуд айтишича, "Сиз бу пардани йиғиб, уни шунчаки сув билан ювиб, қуритишингиз мумкин, чармга жуда ўхшаш нарса ҳосил бўлади".
Доктор Вуд айтишича, комбуча чарм сигир боқишга қараганда иқлимга зарари пастроқ, ҳатто мотоциклда қўлланадиган чармларга қараганда ҳам "жуда ишқаланишга чидамли."
"У жуда тез биологик парчаланади, – дея қўшимча қилади у. – Уни компост қутисига солиб қўйсангиз, икки ҳафта ичида ҳеч нарса қолмайди".

Сурат манбаси, Bernhard Schipper/SCTM UG
Комбуча чарм сув ўтказади, шунинг учун ёмғирбоп эмас, лекин буни яхшилаш учун табиий мойлар ёки асалари муми билан ишлов бериш мумкин.
Тадқиқотчилар, шунингдек, замбуруғлар ёки бактериялар каби микроблар қандай қилиб тўқимачилик учун ранг ҳосил қилиши мумкинлигини ўрганмоқда, бу эса янада экологик тоза бўёқлар олинишига замин ҳозирлайди.
3. Денгиз ўтлари матоси
Бир нечта брендлар органик моддалардан тайёрланган яна бир янги тўқимачилик маҳсулоти – денгиз ўтлари билан тажриба ўтказа бошлади.
Денгиз ўтларини қуритиш, майдалаш ва қайта ишлаш орқали ўсимликдан тола ажратиб олиш мумкин, сўнг улар йигирилади ёки тўқилади.
Стелла МкКартни ва H&М яқинда сув ўтларидан олинган биополимердан тайёрланган Келсун толасидан ишлаб чиқарилган кийимларни тақдим этди.
Шу билан бирга, АҚШнинг Стенфорд университети тадқиқотчиси ва дизайнери Шарлотта МакКёрди сув ўтларидан олинган биополимердан шаффоф ёмғирпўш яратди.
Худди шу материал дизайнер Филипп Лим билан ҳамкорликда яратилган ялтироқ либос учун безак тайёрлашда ишлатилган.

Сурат манбаси, Charlotte McCurdy/Phillip Lim
Денгиз ўтларининг асосий афзаллиги шундаки, улар полиэстер каби пластик асосли матолардан фарқли ўлароқ биологик парчаланади. Пластик матолар океанлар ва инсон саломатлигига зарарли бўлган микропластик зарраларни ажратиб чиқаради.
Бундан ташқари, денгиз ўтлари сув остида ўсаётганда карбонат ангидридни ўзига сингдиради, уларга пестицидлар керак эмас ва уларни тўқимачилик маҳсулотига айлантириш жараёни анъанавий синтетик толаларга нисбатан анча кам ифлослантирувчи ҳисобланади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
"Кўплаб технологиялар чиқинди кўпайтирмаслик ва осон йўқ қилиш мумкин бўлган маҳсулотларни яратиш учун қандай қилиб экологик жиҳатдан масъулиятлироқ бўлишимиз мумкинлигига эътибор қаратмоқда," дейди доктор Вуд.
"Арзон оммабоп мода асосан полиэстердан иборат. Нима учун фақат бир неча марта кийиладиган либосни абадий сақланадиган материалдан тикиш керак?"





























