Ислом модага қаршими ё мода Исломга? Супермодель Ҳалиманинг қарори, Рианнанинг қўллови

Ҳалима Аден

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳалима мода оламидаги энг омммабоп нашрлар бош саҳифасини безаган.

Ҳалима Аден ўз иши Ислом динига зид тушади, деб моделликдан воз кечди.

Америкалик 23 яшар супермодель мода оламидаги оммабоп нашрлар, хусусан, British Vogue, Vogue Arabia ва Allure журналлари бош саҳифаларини безаган.

Ҳалима ўзининг Instagram саҳифасида ёзаркан, пандемия даврида уйда қолиб, ўз қилаётган ишим бир муслимага мосми, деган саволлар устида кўп ўйлаган.

Муаммо модадами ё ҳижобда?

Ҳалима шундоқ ҳам аксар ҳижобда саҳнага чиқарди.

Лекин ҳозир ўз Исломий эътиқодига зид тушадиган моделликни танлаганидан пушаймонлигини айтмоқда.

"Имконият экан, деб аслида нимани гаровга тикканимни ўйласам, фақат ўзимни айблайман" - деб ёзган Ҳалима Аден.

Унинг айтишича, мода оламида ҳижоб ўраш муҳимлигини тушунадиган мусулмон стилистлар жуда кам.

Муслима супермоделнинг қарорини опа-сингил моделлар Белла ва Жижи Ҳадид маъқуллашган.

Суперюлдуз хонанда Рианна ҳам унинг қарорини қўллади.

Қочқинлар лагеридан шоҳсупага

Ҳалиманинг ота-онаси асли Сомалидан. У Кениядаги қочқинлар лагерида туғилган.

Қизалоқ 6 ёшида оиласи билан АҚШга кўчган.

Ҳали 18 ёшлигида IMG Models халқаро моделлик агентлиги назарига тушади ва АҚШдаги гўзаллик кўригида ярим финалгача чиқади.

Ҳалима ушбу гўзаллик танловида ҳам ҳижобда қатнашади.

АҚШ гўзаллик кўригида ҳижобини ечмаган илк қиз сифатида у тезда шуҳрат қозонади ва дунё бўйлаб турли мода ҳафталикларига таклиф этилади.

Кейинчалик хонандалар Рианна ва Кэни Уэст билан бирга ишлаган.

Рианна ўз видеоларида Ҳалиманинг ҳижоб ўраб чиқиш қарорига қаршилик қилмайди.

Ҳалима бу учун ашулачига миннатдорчилик ҳам билдирган.

Ислом ё шоҳсупа?

Ҳалима Аден

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳалима моделлик иши туфайли баъзан намозини қазо қилганини ва бошида ҳижоб ўрнига бошқа мато ўраб чиқишга рози бўлганини ҳам афсус билан эслайди.

Унинг айтишича, гоҳида фильмга олиш жараёнида ўз эътиқоди талабини бажаришни талаб эта олмагани учун ишдан кейин йиғлаган пайтлари ҳам бўлган.

"Мен ўзимни ноқулай ҳис қилардим" - деб ёзади Ҳалима.

Ҳали ўтган февраль ойида Би-би-сига гапирган Ҳалима Аден "авратни бекитиш бу фақат бир гуруҳ аёлнинг иши эмас, балки мода оламининг энг қадимий муҳим жиҳати" деб айтганди.

"Азалдан шундай бўлган. Ҳали яна юз йил ҳам шундай қолади. Бу бир танлов. Инсонлар танлайдиган йўл" - деганди Ҳалима Би-би-си билан суҳбатда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek