Рашод Камолов 5 йилга ҳукм этилди

Сурат манбаси, Shohruh Soipov
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист
Қирғизистонлик собиқ имом Рашод Камолов "диний адоват қўзғаш, экстремистик маълумотларни сақлаш ва тарқатиш"ликда айбдор деб топилган. 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган имом ўзининг ноҳақ қамалганини айтган.
7 октябр куни Ўш вилояти Қорасув туман маҳкамасида маҳаллий "Ас-Сараҳсий" масжидининг собиқ имоми Рашод Камолов устидан кечаётган суд жараёни якунланди.
"Суд ҳаками Рашод Камоловни Қирғизистон Жиноят Кодексининг 299-моддаси "Диний адоватни қўзғаш" ва 299-модданинг 1-банди "Эстремистик маълумотларни сақлаш ва тарқатиш"ликда айбдор деб топди ва унга нисбатан 5 йиллик қамоқ жазосини тайинлади", - дейди имомнинг адвокати Валерян Вахитов.
Унинг сўзларига кўра, аввалига Рашод Камоловни ҳар бирида икки моддадан иборат уч эпизод: "Лавозимини суистеъмол қилган ҳолда диний низони қўзғаш" ва "Оммавий тадбирларда экстремистик маълумотларни ёйиш" билан айблашган.
Кейинчалик суд жараёнларида аниқланишича, Қирғизистон муфтиятида Рашод Камоловни Қорасув шаҳридаги "Ас-Сарахсий" масжиди имоми этиб тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ бўлмаган.
"Суд ҳаками мазкур холатни инобатга олган холда судланувчига қўйилаётган айбловлардан "лавозимини суистеъмол қилиш" банди бўйича барча уч эпизодни олиб ташлади ва судланувчининг аввал судланмагани, оилавий эканлиги ва у ҳақдаги ижобий фикрларни инобатга олди" - дейди Валерян Вахитов
Мазкур жиноий иш шу каби айбловлар юзасидан ўтказилаётган суд жараёнларининг энг узоқ давом этгани бўлган. Тўрт ой ичида 17 марта маҳкама жараёни бўлиб ўтган, адвокатлар суд ҳакамига 20дан ортиқ илтимосномалар билан мурожаат этган ва уларнинг аксарияти қаноатлантирилган.
7 гувоҳ, 10 дан зиёд тахлилчи ва мутахасислар маҳкама жараёнларида иштирок этган.
Якуний маҳкама жараёни қатнашувчилари ҳукм ўқилишини кечки соат саккизгача кутиб турган. Бунга ҳакам судланувчи Рашод Камоловга ҳукмни бир ярим соат ўқиши сабаб бўлган.
Адвокатлар Қорасув туман суди ҳукми юзасидан Ўш вилояти судига аппеляция аризаси билан мурожаат этишини билдирган.
Қорасув шаҳридаги йирик «Ас-Сарахсий» масжиди имоми лавозимида ишлаб келган Рашод Камолов жорий йилнинг феврал ойида қўлга олинган.
У халифалик тузишга тарғиб қилиш ва Суриядаги фуқаролар урушига одам ёллашда гумонланган. Ушбу айбловларга имомнинг Суриядаги диний можаролар юзасидан ва ўзини Исломий давлат дея таништираётган гуруҳ иддао қилаётган Халифалик бўйича қилган маърузаси сабаб бўлган.
Рашод Камолов Қорасув шаҳридаги «Ас-Сараҳсий» масжидига 2006 йилнинг август ойидан бери имомлик қилиб келган. Унинг отаси Муҳаммадрафиқ Камолов ўша йилнинг август ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг Ўш шаҳри четида ўтказган махсус амалиёти чоғида отиб ўлдирилган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












