1000 га яқин маҳкум президент афвига тушди – минтақа ва сиёсат, Turkmaniston O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
1000 га яқин маҳкум Туркманистон президенти афвига тушди. Бердимуҳамедов Қадр кечаси муносабати билан ўнлаб чет элликни ҳам афв этди. Афв этилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас. Рамазон ойидаги афвга оид хабар ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмаган.
Туркманистон томонининг расмий хабарида бу гал афв этилган 982 маҳкумдан 53 нафарининг чет эл фуқароси экани айтилди.
Президент Бердимуҳаммедовнинг янги афви Қадр кечаси муносабати билан эълон қилинган.
Расмий хабарда айтилишича, Туркманистон раҳбари, анъанага мувофиқ, "қилган қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, янги ҳаёт бошлашга аҳд қилган маҳкумлар"ни афв этишга қарор қилган.
Афв этилган маҳкумларнинг тезроқ яқинлари бағрига қайтишини таъминлаш вазифасини эса, мамлакат вице-президенти, Хавфсизлик Кенгаши Бош котиби ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига юклаган.
Бу фуқароларнинг айнан кимлар экани, Туркманистон Жиноят Кодексининг аниқ қайси модда ва бандлари бўйича жазо муддатини ўтаётган бўлишганига оид маълумотлар ҳам имконли эмас, расман шахслари очиқланмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 7 май кунги йиғини чоғида Гурбангули Бердимуҳамедов вилоятлар, туманлар ҳокимлари ва бошқа раҳбарлардан уларни ишга жойлаш масаласини ҳал этишларини ҳам сўраган.
Афв этаётган маҳкумларга эса, Туркманистон президенти виждонан ишлашни тилаб қолган.
Туркманистон минтақанинг табиий энергия захираларига энг бой иккита давлатидан биттаси саналади.
Президентнинг йил давомида эълон қилувчи бу каби катта сондаги маҳкумларни кўзда тутувчи афвлари қолган бирор бир минтақа давлатлари мисолида кузатилмаслиги билан таҳлилчилар эътиборини ўзига тортиб келади.
Мамлакат қамоқхоналарида жами қанча маҳкум сақланиши маълум эмас.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS VIA GETTY IMAGES
Туркманистон дунёнинг "энг ёпиқ" ва "авторитар" режимларидан бири сифатида кўрилади.
Мамлакат қамоқхоналаридаги аҳвол ва шарт-шароитларга оид хабарлар халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётгани кузатилади.
"Хроника Туркменистана" нашри эса, бундан аввалроқ "пора эвазига афв рўйхатига тушиш мумкин"лиги ҳақида ёзган.
Нашр ўз хабарига афв рўйхатини тузувчилар ва афв этилганларнинг ўзлари билан суҳбатларини асос қилиб келтирган.
Туркманистон Қирғизистон билан бирга минтақанинг аҳолиси энг кичик иккита давлатидан биттаси бўлади, умумий сони 6 миллиондан сал ортади.
Рамазон ойидаги афвга оид хабар ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркманистон президенти ҳар йил Рамазон ойида - Қадр кечаси арафасида эълон қилувчи афвлари билан танилган.
Гурбангули Бердимуҳаммедов глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган ўтган йилги Рамазон ойида ҳам Туркманистон қамоқхоналарида сақланаётган 1192 нафар маҳкумни афв этган.
Расмий хабарда уларнинг 210 нафари хорижий давлат фуқаролари эканликлари айтилган, ўшанда ҳам уларнинг шахслари очиқланмаган.
Ўзбекистонга қайтишлари ортидан, Туркманистон Президенти афвига тушганлар орасида қатор Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳам маълум бўлганди.
Бу йилги Рамазон ойи ҳам глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Туркманистон ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган ягона минтақа давлати бўлиб турибди.
Ўзбекистон президентининг сўнгги афвига оид расмий хабар шу йилнинг 19 мартида олинган.
Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами арафасида афв тўғрисидаги янги фармонга имзо чеккан.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар фуқаро афв этилиши айтилган.
Шавкат Мирзиёев Наврўз айёми муносабати билан маҳкумларни афв этишга қарор қилган ягона минтақа давлати президенти бўлганди.
Ўзбекистон президентининг Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилган энг йирик афвларидан бири 2019 йилга тўғри келган.
Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев 575 нафар маҳкумни афв этишга қарор қилган.
Бу йилги Рамазон Ҳайитининг минтақада 13 май кунига тўғри келиши тахмин этилмоқда.
Ўзбекистон президентининг Туркманистонга сўнгги ташрифи ҳам шу йилнинг Рамазон ойида амалга ошган.
Имконли бўлган расмий хабар ва унга илова қилинган суратлардан икки қўшни давлат президентларининг биргаликда ифтор қилишгани ҳам маълум бўлган.
Икковлоннинг масжидда ва ифторлик пайтида олинган суратлари кечки соатларда эълон қилинганига қарамай, Ўзбекистондаги деярли барча интернет нашрларини эътиборидан четда қолмаган, бирдек чоп этилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














