Қирғизистон-Тожикистон: Чегара можаросими ёки агрессия? Халқаро экспертлар фикри - Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Чегара кузатув маскани

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзаро чегараларидаги қуролли тус олган сўнгги можаро ортидан, ҳар икки қўшни давлат бир-бирларига жиноий иш очишган.

Тожикистон қирғизистонлик ҳарбийлар ва айрим қирғиз фуқароларини кўзда тутган.

Мамлакат Бош прокуратураси уларнинг сонини тахминан 200 кишига нисбат берган.

"Исфарага ҳужум"ни назарда тутиб, уларни қотиллик ва тажовузкор урушда айблаган.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса, Боткендаги тўқнашувлар боис, Тожикистонга қарши жиноий иш қўзғаган.

Тожик томонини, "Тинчликка қарши жиноят"да айблаган.

Расмий Бишкекнинг баён қилишича, Тожикистон Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорликка оид битимни бузган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги воқеалар бўйича 11 та жиноий иш қўзғатгани маълум бўлган.

Хабарларга кўра, бу ҳақда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Эркебек Аширхўжаев брифинг чоғида билдирган.

У жиноят ишларининг "Қотиллик", "Тартибсизликлар", "Тинчликка қарши жиноятлар", "Безорилик", "Чегарадан ноқонуний ўтиш" моддалари бўйича очилганини айтган.

Сўнгги можаро икки давлат ўртасидаги бу яқин йилларда кузатилган энг ёмони бўлган.

Ҳар икки давлат бирдек фойдаланувчи "Бош" сувтақсимлагичдаги оддий айтишувдан бошланган келишмовчилик қуролли тус олган.

Можарога ҳар икки томондан ҳарбийлар, ҳарбий аслаҳалар ва бронетехника аралашган.

Икки кунлик зўравонлик ўнлаб одамнинг қурбон, яна юзлабининг тан жароҳати олиши билан якунланган.

Юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган.

Томонлар низони қўзғашда яна бир-бирларини айблашган.

Орада бунга "учинчи куч"ни масъул билганларнинг борлиги ҳам кўрилган.

Бир минтақа давлатининг бошқасига нисбатан жиноий иш билан чиққани эса, бу яқин йилларда кузатилмаган.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги можаро эса, мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз берган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувлар юзасидан Коллектив Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг бирор бир баёнот билан чиққани ҳозирча кўрилмаган.

КХШТ ҳам жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга ташкилот саналади.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга икки давлати бўлади.

Чегарадаги зиддият манзарасида матбуот котиби Россия Президенти Владимир Путиннинг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини ҳам баён қилган.

Бунинг ортидан, Россия Ташқи ишлар вазирининг ҳам Тожикистон ва ҳам қирғизистонлик ҳамкасби билан чегарадаги вазиятни муҳокама этиб олгани хабар берилган.

Телефон мулоқоти Россия томонининг ташаббуси билан бўлгани айтилган.

Сергей Лавров Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида бошланган музокаралар жараёнини ҳамда ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни олқишлаган.

Россия Ташқи ишлар вазири вазиятни янада барқарорлаштиришда мамлакати ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини баён қилган.

Би-би-си бир қатор халқаро экспертларга мурожаат қилиб, можарога нима сабаб бўлганлиги ва уни қандай ҳал қилиш мумкинлигини сўраган.

Александр Коваленко, украиналик ҳарбий эксперт

Александр Коваленко

Сурат манбаси, Social media

А. Коваленко: Менинг ўйлашимча, Москва собиқ Совет Иттифоқи давлатларининг баҳсли чегара масалаларидан ўзининг глобал геосиёсий амбициялари йўлида фойдаланмоқда.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги бу зиддият Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Душанбега келиб кетганидан кейин юз бермоқда.

Тожикистондаги ташқи ва ички омиллар, жумладан, Раҳмон режимининг ўзгарувчан табиати Душанбени шундай вазиятга туртмоқда.

Бу нафақат тожик халқига, балки унинг "ўзгармас" раҳбари ва унинг кураторларига ҳам фойда бўлмоқда.

Рамазон Саттар ўғли, Қозоғистондаги Лев Гумилев номидаги ЕвроОсиё университети ходими, социология фанлари номзоди

Рамазон Саттар ўғли

Сурат манбаси, Social Media

Рамазон Саттар ўғли: Биринчидан, Қозоғистонда бу масала бўйича халқ орасида қизғин баҳс-мунозаралар бўлганини сезмадим.

Менимча, кўпчилик одамлар етарли маълумотга эга эмаслар.

Қирғизистон ва Россия оммавий ахборот воситаларидан қисқа маълумотлар келмоқда.

Қозоғистоннинг қайсидир бир оммавий ахборот воситалари у ерга бориб, воқеани жойидан ёритганини кўрмадик.

Facebook каби ижтимоий тармоқ сайтларида бироз мунозаралар бўлмоқда.

Қабул қилинган маълумотларнинг аксарияти қирғизларга йўналтирилмоқда.

Сабаби, баҳсли ҳудуд қирғизларга тегишли, деб тушундим.

Уни босиб, бўлиб олиш босқинчининг ҳаракати. Бу халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинади.

Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳам яхши иш эмас.

Би-би-си: Қозоғистон президенти Қирғизистонга расман ҳамдардлик билдирди. Қозоғистоннинг давлат телеканаллари қонли воқеани қандай ёритмоқда?

Рамазон Сатар ўғли: Давлат телеканалларида юзаки маълумот берилди. Маълумот кўп эмас.

Ёмон воқеа бўлди. Қўшнинг билан урушиб яшай олмайсан-да.

Бу муаммони ҳал қилиш керак, деб ўйлайман.

Чинара Эсенгул, халқаро алоқалар бўйича мутахассис

Чинара Эсенгул

Сурат манбаси, social media

Чинара Эсенгул: Иккала томон ҳам сув ва ер ресурсларига бирдек муҳтож.

Тожикистон ушбу манбалардан кўпроқ фойдаланишни хоҳлайди.

Жаҳон амалиётида ҳам бу масала ўта жиддий масала бўлиб ҳисобланади.

Бу асрда яшалар экан, тинчлик йўли билан ҳал қилинса, жуда яхши бўлар эди.

Қирғизистон билан Тожикистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШОС) ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси (ОДКБ) ташкилотларига аъзо.

Аммо, агар ташкилотнинг қоидаларига назар солсак, унга аъзо бўлмаган давлат ҳужум қилса ёки аъзо давлатларга таҳдид солса, террористик ташкилотлар хавф туғдирса, ташкилот аралаша олади.

Ташкилот таркибидаги давлатлар орасида ўзаро шундай вазият вужудга келса, аралашмайди, деб таъкидланган.

КХШТ (ОДКБ) доирасида мавжуд вазият ташкилотдаги асосий таъсирлардан бири бўлган Россияга ҳеч қачон яхши, деган баҳони бермайди.

Россия можароларсиз келишувга эришиш ҳаракатини қилса бўларди, деган фикр.

2010 йили ҳам шу масала кўтарилган. Ташкилот низоми ўзгартирилди, дейилган. Бироқ бу борада сезиларли ўзгариш бўлмаган.

Андрей Большаков, Россиядаги Ўрта Осиёни ўрганиш тадқиқот институти директори:

Харита

Андрей Болшаков: Афсуски, сўнгги ўн йил ичида қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар одатий ҳолга айланди.

Таассуфки, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ишлари якунлангунича, бундай можаролар давом этаверади.

Россияга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо икки давлат чегарасидаги можаронинг кераги йўқ.

Россия бу можаронинг тинч йўл билан тартибга солинишидан манфаатдор.

Бироқ бу икки мамлакат ўз вақтида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг музокаралар учун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти тажрибаси, имкониятларидан ва россиялик картографларнинг ёрдамидан фойдаланиш таклифини рад этган.

Бу можаро қирғиз-тожик президентлари даражасида ҳал қилинади, деб ўйлайман.

Би-би-си: Тожикистон ва Қирғизистонни 900 км дан ортиқ давлат чегараси ажратиб туради, уларнинг ярмига яқин қисми демаркация қилинмаган.

Одатда, давлатлар ўртасида чегара қаерда жойлашганлигини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳолининг сув, яйлов ва йўллардан фойдаланишида муаммоларга олиб келади.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегараларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади ва унинг энг зиддиятли қисмлари ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek