Конституция ўзгариб, президент кучайиши мумкин

Сурат манбаси, official
Бугун 11 апрель якшанба кунги референдумда қирғизистонликлар янги Конституцияни ё маъқуллаши, ё рад этиши кутилмоқда.
Президент Жапаров ўзи ҳам овоз бераркан, одамларни янги Конституция лойиҳасини қўллашга чақирди.
У ўтган ўттиз йил давомида ҳам мамлакат Конституцияси кўп марта ўзгартирилганини қайд этди.
"Бироқ бу ўзгартиришлар киритилганда, биз қайси бир мамлакатдан, қайси бир манбалардан Конституция тарҳларини кўчириб, ёзиб олиб, ўшалар билан 30 йил яшаб келдик" - деди Қирғизистон президенти.
Унинг урғулашича, ҳозирги лойиҳа олимлар, оқсоқоллар ва ҳуқуқшунос мутахассислар иштирокида тузатилган.
Танқидчиларга кўра эса, ҳозирги референдумдан кўзланган асосий мақсад - президент куч-қудратини ошириш.
Президент ваколати кучайиб, муддати кўпайиши Қирғизистонга барқарорлик келтирадими ёки мамлакатни яккаҳоким бошқарув тарафга етаклайдими, деган хавотирлар ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images

Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар ва реаллик унинг қўшниларидан тубдан фарқ қилади.
Йирик қарорлар олишда Қирғизистон президенти халқ истаги ёки сайловчилар вакилларини намоён этадиган парламент иродасига қарши иш тутиши деярли имконсиз.

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
Мустақил Қирғизистон тарихидаги олти президентдан уч нафари оммавий қўзғолон ёки инқилоблар натижасида қудратдан кетказилган.
Ҳокимият ҳамда президентларнинг тез-тез алмашиши чорак аср давомида Қирғизистон Конституцияси юз тутган ўзгаришлар ва босиб ўтган йўлда ҳам кўринади.


Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO/AFP VIA GETTY IMAGES
Янги конституция: Нима ўзгаради?
Референдумга қўйилган янги лойиҳага мувофиқ Қирғизистонда президент айнан қандай ваколатларга эга бўлади?
Қуйидаги жадвалда бу борадаги муҳим ўзгаришларни кўриш мумкин.

Энг асосийси, Марказий Осиёдаги ягона парламент бошқарувидаги Қирғизистон ҳам мазкур масалаларда президент бошқарувидаги қўшниларига яқинлашиши мумкин.
Минтақадаги аксар давлатларда президентлик бошқаруви ишлайди.
Таҳлилчилар наздида, айни мамлакатларда амалда турли даража ва кўринишдаги яккаҳокимлик ҳукмронлик қилиб қолмоқда.
Бу борада Қирғизистон истисно бўлиб келди.

Сурат манбаси, PRESIDENT.KG

Сурат манбаси, Getty Images
Таклиф этилаётган ўзгаришлардан яна бири - парламентдаги депутатлар сони қисқариши.
Қисқариш озмунча эмас ва у 25% фоизни ташкил этади.
Айрим фикрларга кўра, бу парламентда бир қарорга келиш ё бирон қонунни қабул қилиш жараёнини осонлаштириши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳозирги референдум бир нарсани кўрсатади:
Қирғизистон раҳбарияти Конституцияни ўзгартириш каби йирик қарорларни қабул қилгунча халқ фикри ва иродасига таянмоқчи.
Қирғизистон халқи кучли президент истайдими ёки кучли парламент?
Буни энди овоз бериш натижалари кўрсатади.
Дастлабки натижалар эса кечга яқин эълон қилиниши эҳтимоли йўқ эмас.
Референдум билан бирга Қирғизистонда маҳаллий кенгашларга ҳам сайловлар бўлиб ўтмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














