Тошкент - Бишкек: Мирзиёев ниманинг қайғусида, Жапаров-чи? Ўзбекистон ва Қирғизистон, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон - Қирғизистоннинг янги президенти амалий ташриф билан келган Қозоғистондан кейин иккинчи минтақа давлати бўлди. Қирғизистонда Садир Жапаровни қудратга келтирган сўнгги "халқ инқилоби" шахсан президент Шавкат Мирзиёев эътиборидан четда қолмаганди.
Садир Жапаров ўтган йилги "халқ инқилоби" ортидан президентликка келган.
У ўтган 30 йилча вақтнинг ичида Қирғизистонни бошқараётган олтинчи президентга айланган.
Қирғизистон минтақанинг устма-уст уч инқилобга саҳна бўлган ягона давлати бўлади.
Ўзбекистонга бевосита чегарадош бу мамлакатда бир миллиондан зиёд ўзбек ҳам яшайди.

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Орада Қирғизистондаги сўнгги ғалаёнларнинг президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукуматига эътиборидан четда қолмагани ҳам кўрилган.
Шавкат Мирзиёев "халқ инқилоби" чоғида Қирғизистондаги вазиятдан биринчилардан бўлиб ўз хавотирларини изҳор этган.
Бу масалани тезликда қолган аксарият минтақа давлатлари раҳбарлари билан муҳокама этиб олган.
Мирзиёев тўрт Марказий Осиё президентларининг бу хусусдаги қўшма баёнотига ҳам бош қўшган минтақа лидерларидан бири бўлган.
Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров ҳали Қирғизистоннинг муваққат президенти-Бош вазири экан, у билан сиртдан кўришган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги онлайн саммитида уни "кўрганлигидан мамнун" эканини айтган.
Саммит чоғидаги нутқида яна, "Ўзбекистон энг яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистон халқини тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши"ни баён қилган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан бирга қирғиз халқига иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятида экани ҳам маълум бўлган.
Шавкат Мирзиёев бу масалани Қозоғистон президенти билан гаплашиб олгани англашилган.
Шу йил январ ойида президент этиб сайланиши ортидан, Би-би-си Қирғиз хизматига берган интервьюсида эса, Садир Жапаров Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Ислом Каримовдан қолган диктатурани йўқ қилиб, мамлакат эшигини дунёга очганини айтган.
Қирғизистон унинг қўли остида авторитар бошқарувга айланиб кетмайдими, деган саволга у айнан Шавкат Мирзиёевни мисол келтириб жавоб берган.
Садир Жапаровга кўра, Мирзиёев бошқарувга келгач, диктатурага барҳам берган, натижада мамлакатга сармоя кириб кела бошлаган, xалқнинг ҳаёти фаровонлашган.
Би-би-сининг бу суҳбати ўшанда Ўзбекистондаги аксарият йирик интернет нашрлари томонидан қайта босилган.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил, "халқ инқилоби" натижасида истеъфога чиқишга мажбур бўлган президент Сооронбай Жээнбеков бошқаруви даврида Қирғизистонда "Йилнинг одами", деб ҳам топилган.
Мукофот шахсан Ўзбекистон президентининг топшириғи билан Тошкентдан етиб борган Ташқи ишлар вазири биринчи муовинига топширилган.
У "Шавкат Мирзиёев бу мукофотни чуқур эҳтиром билан қабул қилиб олгани"ни билдирган. Бунинг Ўзбекистон халқи, президенти учун катта шараф эканини айтган.

Сурат манбаси, official
Бош вазир Абулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати эса, орада янги Қирғизистондаги "ислоҳотларни дастаклаш"га тайёр эканлигини билдирган.
Расмий Тошкентнинг бу истаги "халқ инқилоби" ортидан қудратга келган Қирғизистон янги Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ортидан маълум бўлган.
Бу ҳақда Қирғизистон томонининг ўзи расман хабар берган.
Ўзбекистон ўшанда ҳам янги Қирғизистон Ташқи ишлар вазири қисқа вақтнинг ичида Россия ва Қозоғистондан кейин расмий ташриф билан борган учинчи дунё давлати бўлганди.
Қирғизистоннинг янги Бош вазири Улуғбек Марипов эса, ўтган ой Олма отада ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан учрашган.
Ушбу учрашув ортидан ҳам, Ўзбекистон томони президент бошчилигида "қирғиз халқини ҳар қандай ташаббус билан қўллаб-қувватламоқчи" экани маълум бўлган.
Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов ҳам қўшни давлат билан ўзаро ишончга асосланган чинакам қардошлик муносабатларидан фахрланишини урғулаган.

Сурат манбаси, official
"Биз Ўзбекистон билан стратегик шерикликни янада фаол ривожлантиришга тайёрмиз", деганди Улуғбек Марипов.
Расмий хабарларга кўра, пойтахт Тошкентдаги расмий музокаралар чоғида икки қўшни давлат президентлари ўзаро алоқаларини ҳар томонлама янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқишлари кутилмоқда.
Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви ҳамда чегара музокараларининг фаоллашганига қарамай, Сўх аҳолиси амалда қамалда қолаётир.
Тошкентдаги музокаралар кун тартибидан Сўх йўли муаммоси жой олган-олмагани маълум эмас.
Президент Шавкат Мирзиеёв, ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда минтақа ўзлари учун устивор йўналиш бўлиб қолишини алоҳида қайд этган.
Минтақада қурилаётган йирик ГЭСлар масаласи юзасидан бир тўхтамга келинган, уларни ҳамкорликда барпо этиш истаги янграган, ўзаро парвозлар қайта тикланган, ёпиб қўйилган йўллар, чегара назорат ўтиш нуқталари очилган. Чегара демаркация ва делимитацияси жараёни жадаллашган.
Ўзбекистоннинг минтақада ягона энергетика тизимини тиклашга доир сайъ-ҳаракатлари ва интилишлари ҳам аксарият минтақавий экспертларнинг эътиборларини ўзига тортган.
Шавкат Мирзиёев ўзи қудратга келган бор-йўғи бир неча йилнинг ўзида Марказий Осиёда энг кўп минтақавий ташаббуслар билан чиққан президентга айланган.
Би-би-си Ўзбек хизмати ҳали ўша пайтдаёқ буларнинг барчаси нимани англатиши саволи билан Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилган.
Қирғизистондаги мустақил журналист Шоҳруҳ Соиповкўмагида бу хусусда маҳаллий сиёсий экспертлардан бирининг фикри билан ҳам қизиққан.
Улардан Тошкент, Мирзиёев ниманинг қайғусида, янги Бишкек-чи, деб сўраганди.

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи
Ўзбекистон-Франция
"Шавкат Мирзиёев маъмурияти Қирғизистон борасидаги янги оҳанг шакллантириш, яширин ва ошкора зўриқишлардан ҳоли бўлган ишонч муҳитини олиб кириш, мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпти.
Бу - Ўзбекистон минтақавий дипломатиясининг муҳим шарти ҳисобланади.
Қолаверса, айнан Қирғизистонда тинчлик ва барқарорлик, давлатлар ўртасидаги илиқ муносабатлар, Ўзбекистоннинг ички сиёсати, барқарорлигига жиддий таъсир қилувчи омил ҳисобланади.
Президент Мирзиёевга Ислом Каримовдан жуда оғир минтақавий муносабатлар мерос қолди.
Ўтган йиллар ичида Мирзиёев бу муносабатларни жиддий бир шаклда ижобийлаштиришга эришди.
Каримовнинг "Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати, шунинг учун айнан Ўзбекистонни иродаси кўпроқ инобатга олиниши керак", деган позициядан воз кечилди.
Унинг ўрнига, "Ўзбекистон минтақанинг энг марказий давлати, айнан шунинг учун у барчага кўпроқ қулоқ солиши, кибр билан эмас, юмшоқ ва фаол дипломатия билан ҳаммани бирлаштиришга интилиши лозим", деган қараш шакллана бошлади.
Ўтган йилларда Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларида зўриқишга сабабчи бўлиш потенциалига эга кўплаб воқеа-ҳодисалар бўлди, жумладан, Сўх туманига боришдаги қийинчиликлар ва маҳаллий аҳолининг оммавий норозиликлари.
Лекин Мирзиёев маъмурияти совуққонлик билан, икки давлатнинг ўзаро муносабатлари ва минтақавий дипломатик мувозанатга қаратилган стратегиядан келиб чиқиб, муаммоларга ечим изланди.

Сурат манбаси, official
Айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистонни минтақа борасида ўзининг чуқур англанган ва яхши ўйланган дипломатик йўналиши мавжуд ва мана шу стратегияга кўра, барча давлатлар билан мутлақ ишончли ва дўстона муносабатлар шакллантириш вазифаси қўйилган.
Қирғизистонда яқинда ҳокимият ағдарилгач, вазиятни тезроқ барқарорлаштириш, янги ҳокимиятни тезроқ легитимлаштириш ва бу билан Бишкекдаги янги ҳокимият тафаккурида Ўзбекистонга нисбатан ишонч парваришлаш - мана шу дипломатиянинг ифодаси сифатида кўрилади.
Назаримда, Ўзбекистоннинг янги минтақавий дипломатияси расмий Тошкентнинг минтақадаги салоҳиятини парваришлаш, минтақадаги рақобатда ва минтақадан ташқаридаги муносабатларда ўзининг вазмин овозини етказишга қаратилган ҳисобланади.
Иккинчидан, Қирғизистондаги вазиятни тезрор барқарорлашишидан, Ўзбекистоннинг икки йўналиш бўйича манфаатдорлиги ҳам бор.
Бутун дунёда бўлгани каби Марказий Осиё минтақасида ҳам пандемия таъсирида ижтимоий-иқтисодий муаммолар янада чуқурлашган.
Барча давлатларда ижтимоий кайфиятдаги зўриқиш ва сиёсий таранглик олдингига қараганда нисбатан ошган.
Ҳар сафар Қирғизистонда инқилоб ёки тўнтаришлар орқали ҳокимият ағдарилганда, қолган тўрт республика ҳукуматлари жиддий асабийлашишади.
Барча қўшни давлатлар Қирғизистондаги каби давлатнинг жамият устидан ўрнатилган назорат тизими тўлалигича қулашидан қўрқишади.

Сурат манбаси, EPA
Минтақа ҳокимиятлари учун Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий фаолликнинг ўсиши, вақти-вақти билан бу фаоллик тез кунларда жорий ҳокимиятни тезда йиқитиш потенциалига эга эканлиги - ўта хавфли сиёсий фаоллик модели сифатида қабул қилинади.
Гарчи Ўзбекистонда Каримов даврига қараганда жиддий ўзгаришлар юз берган бўлса-да, жамиятнинг сиёсий фаоллиги борасидаги эҳтиёткорлик сақланиб турибди. Шу сабаб, Қирғизистонда барқарорликка интилишнинг мана шу қирраси ҳам мавжуд.
Қирғизистон барқарорлигини мустаҳкамлаш ва у билан ишончли алоқалар ўрнатилиши борасидаги муҳим ёндашув - бу давлатдаги этник тинч-тотувлик масаласи ҳисобланади.
Қирғизистон аҳолисининг тахминан бешдан бири - этник ўзбеклар. Шу пайтгача юз берган баъзи ўта мудҳиш воқеалар ҳалигача Ўзбекистон жамиятида ўта салбий қабул қилинган эди.
Ўзбекистон жамияти ва дунё ўзбеклари тарихий хотирасида кейинги ўттиз йил ичида икки марта юз берган воқеалар жароҳати ҳали ҳам жуда кучли.
Мирзиёев маъмурияти яхши англайдики, агар қўшни давлатдаги этник ўзбеклар билан боғлиқ муаммолар юз берса, бу зўриқишлар Ўзбекистонни ичидаги барқарорликни тўлиқ издан чиқариб юбориш салоҳиятига эга.
Бундай зўриқишларнинг натижаси Ўзбекистоннинг ички барқарорлиги ва минтақавий янги дипломатиясига ўта салбий таъсир қилиши, балки ачинарли оқибатларга олиб келишини расмий Тошкент яхши англайди.
Шу сабаб, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан илиқ ва ишончли муносабатларга йўналтирилган сиёсати, нафақат минтақавий геосиёсат, Ўзбекистоннинг минтақадаги ва глобал миқёсдаги ижобий репутациясини шакллантиришга қаратилган.
Балки бу ички барқарорлик ва тадрижий ривожланиш учун муаммоли вазиятларни олдини олишга қаратилган қадам ҳам ҳисобланади".
Янги Бишкек ниманинг қайғусида?
Бишкеклик сиёсатчи, собиқ депутат Равшан Жээнбеков:

Сурат манбаси, BBC Sport
Равшан Жээнбеков: Қирғизистондаги сўнги воқеалардан кейин давлатда қатор сиёсий халқаро масалалар пайдо бўлиб қолди. Асосий ҳамкорларимиз, Россия, қўшни давлатлар, Америка ва Ғарб давлатлари Қирғизистоннинг янги раҳбарларини яхши тушуна олишмаяпти. Россия ҳамкоримиз сифатида собиқ президентнинг истъефосини талаб қилган учун ҳокимиятдаги ҳозирги одамларни қабул қилмаяпти. Шунинг учун, бизнинг яқин ва олис ҳамкорларимиз билан ҳам шундай тушунмовчиликлар, муаммолар пайдо бўлаяпти.
Россия бизга сиёсий ва иқтисодий тарафлама муҳим. Қирғизистоннинг ҳозирги расмийларини ўзига яқинлаштирмай, кўп ҳам тан олмаётганининг яна ўзига яраша сабаблари бор. Сабаби, Россия авторитар давлат. Россия Қирғизистонда собиқ президентларни куч билан қувилишини хоҳламайди. Чунки у президентлар билан Россия яқин ҳамкорлик қилган. Шунинг учун, уларни четлатган янги давлат раҳбарларини тан олмасликка ҳаракат қилаяпти.
Шу сабаб, бизнинг Ташқи ишлар вазири Россияга ҳозир иқтидордаги ҳокимиятни тан олдириша, улар билан яқиндан алоқа ўрнатиб, ҳамкорлик қилиш ва иқтисодий тарафлама масалаларда ёрдам сўрашга ҳаракат қилди.
Бу фақат Россияга эмас, балки Қозоғистон ва Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир. Иккаласи ҳам бизга қўшни давлат. Уларнинг қирғиз ҳукуматини тан олиши ва ҳамкорлик қилиши, янги ҳокимиятни қонунийлашиши, давлат бошқарувида, қўшнилар билан ҳамкорлик қилишига имкон яратади. Шунинг учун, Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев ҳам Қозоғистон ва ҳам Ўзбекистонга борди. Бугунги аҳволни тушунтириб беришга ҳаракат қилди.
Ўзбекистон Бош вазирининг Қирғизистонда янги бўлган ҳукумат раҳбари Садир Жапаровга қўнғироқ қилиб табриклаши ва алоқа ўрнатишга ҳаракат қилгани бу - жуда яхши нарса. Биринчи бўлиб Қирғизистон билан Ўзбекистон гаплашди ва ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилди. Бу ўзбек тарафининг маданиятлилиги ва соф ниятда эканлигидан далолатдир.
Савол: Баъзи сиёсатчилар Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг ҳали Садир Жапаровни Бош вазир сифатида қонунан иш бошламай туриб янги мақоми билан табриклаганини дипломатиядан ташқари эканини айтишмоқда. Бунга фикрингиз қандай?

Сурат манбаси, Shohruhsoipov
Равшан Жээнбеков: Менинг фикримча, Ўзбекистон Бош вазирининг Қирғизистон янги Бош вазири ва муваққат президенти Садир Жапаров билан суҳбатлашгани бу - прагматик сиёсат ҳисобланади.
Сабаби, Қирғизистонда бир миллионга яқин ўзбеклар яшайди. Бу ўзбек-қирғиз муносабатларидаги энг кучли канал ҳисобланади. Икки давлатни яқин қилган, ўзгача муомала қилишга ундайдиган фактордир.
Ариповнинг Жапаровга қўнғироқ қилиб суҳбатлашгани бу Қирғизистондаги ўзбекларни қўллаб-қувватлагани, уларнинг ҳавфсизлик ва келажагини ўйлаб, қирғиз ҳукуматидан ўзбекларга кўпроқ эътибор қаратишини сўраб, ўзбек маданиятини ривожлантириш ва қўшни давлатда яшаётган миллатдошлари билан яхши алоқа ўрнатиш учун қандайдир бир даражада сигнал берган қадами ҳисобланади.
Шунинг учун, қандайдир бир халқаро тажрибада ҳали қонуний иш бошламаган ҳукумат раҳбари билан алоқа қилиши тўғри қабул қилинмаса-да, Ариповнинг ҳаракатини прагматик сиёсат, деб айтса бўлади.
Савол: Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг келажакдаги ҳамкорлиги қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз? Ўзбекистоннинг роли ҳақида гапириб берсангиз...
Равшан Жээнбеков: Икки давлат муносабатлари яхши ривожланаяпти. Савдо-иқтисодий келажаги бор. Маданий келажагимиз кучли ва бошқа давлат иштирок этган катта лойиҳаларни амалга оширишга кўпроқ имкониятлар пайдо бўлади.
Савдо-иқтисодий тарафлама Ўзбекистон Марказий Осиёда саноат ва қишлоқ ҳўжалиги бўйича энг ривожланган давлат. У ердан Қирғизистонга товарларнинг экспорт бўлиши қўшни давлатнинг миллий, савдо ва иқтисодий манфаатлари асосида амалга оширилади. Шунинг учун Ўзбекистон Қирғизистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор деб айта оламан.
Маданий тарафлама ҳам бир-биримизга яқинмиз. Қирғизистонда яшаётган миллионга яқин ўзбеклар икки давлат алоқларини яхшилайдган асосий масала ҳисобланади. Бу келажакда муносабатларимизни янада ривожлантиришда роль ўйнайдиган фактор.
Учинчи масала, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой иштирокидаги темир йўл, газ қувирлари каби йирик лойиҳаларда ҳар иккала давлат манфаатлари тўғри келади.
Шу уч йўналишда икки давлат муносабатлари, бошқа қўшни давлатлар, Қозоғистон, Тожикистонга ҳам нисбатан анча динамикали ва келажаги бор.

Сурат манбаси, official
Савол: Қирғизистонда ҳар ҳокимият алмашганда, янги давлат раҳбарлари аввало Россияга боради. Бунинг сабаби нимада?
Равшан Жээнбеков: Менинг фикримча, бугунги кунда Россиянинг Қирғизистонга бўлган таъсири кескин пасайиб бормоқда. Авваллари Россия қирғиз ҳукуматига, республикада бўлаётган сиёсий иқтисодий жараёнларга очиқдан-очиқ аралашиб келган бўлса, охирги пайтларда бунинг сезиларли даражада камайгани кузатилади.
Бугунги кунда Қирғизистонда Кремлга бормасдан туриб, мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб бориш имкони пайдо бўлди. Бироқ, афсуски, биз қолипланган одатимиз бўйича, кўп сиёсатчилар, давлат идора раҳбарлари қийналган пайтда Москвага бориб, "дуо"сини олишга ҳаракат қилаяпмиз.
Менинг фикримча, биз аксинча, энг аввало қўшнилар билан сиёсий, иқтисодий яхши муносабат ўрнатишга ҳаракат қилишимиз керак. Булар, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Хитой.
Савол: Айрим Ғарб нашрларида Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев Москвага борганида, Кремль уни яхши қабул қилмагани ҳақида ҳам ёзилди. Бошқа давлатлар ҳам ҳозирги қирғиз ҳукумати билан эҳтиёткорона муносабат қилаяётгани айтилаяпти. Бугунги кунда Садир Жапаров раҳбарлигидаги қирғиз ҳукуматини қонуний, деб айтса бўладими?
Равшан Жээнбеков: Қирғизистонда янги келган ҳокимият конституция тартиблари бўйича парламент орқали қонунийлаштирилди, деб айтсак бўлади. Бугунги кунда Бош вазир ва муваққат президент бор.
Вазият аввалгига нисбатан барқарорлашиб, ички сиёсатдаги ўрнини эгаллади.
Давлат ичида, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар мавжуд. Бироқ аста-секинлик билан жамият, сиёсий кучлар янги ҳукуматни тан олиб, ҳамкорлик қила бошлади.

Сурат манбаси, EPA
Россия, Америка, Ғарб давлатлари қирғиз ҳукуматини тан олишлари учун қатор ишларни амалга ошириш керак.
Келажакда президент, парламент сайловларини адолатли ўтказиш керак ва ўша қонуний сайлов жараёнлари орқали янги ҳукумат, янги президентни иқтидорга келиши билан ташқи кучлар ҳам Қирғизистонга муносабатини ўзгартиради, деб ўйлайман. Бизни халқаро миқёсда шу орқали тан олишади.
Савол: Келажакда Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги ўрни қандай бўлиши керак?
Равшан Жээнбеков: Қирғизистон Марказий Осиёда ижтимоий, иқтисодий, саноат тарафлама етакчи бўла олмайди. Буни очиқ айтишимиз керак.
Бироқ Қирғизистоннинг ўзгача бир ўрни бор, у ҳам бўлса, қўшни давлатларга нисбатан демократия тарафлама бироз олдинда, деб айтсак янглишмаймиз.
Афсуски, уч марта юз берган революция мақсадлари амалга ошмади. Нима бўлганда ҳам, Қирғизистонда ҳукумат тез-тез алмашиб, бошқа давлатларга нисбатан инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, демократия бироз ривожланди.
Шу тарафдан, Қирғизистон Марказий Осиёда демократияни ривожлантиришда етакчи ҳисобланиб, намуна бўлиши мумкин.
Янги келган ҳукумат ҳам демкоратияга урғу бериб, ижобий парламент тизимини тузса, келажаги яхши бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















