Қирғизистон: Президент сайловида 18 номзод қатнашади, орасида ўзини "пайғамбар" дегани ҳам бор

saylov
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Мустақил Қирғизистон тарихида олтинчи президент бўлиш истагини билдириб, сайловга отланган номзодлар орасида Садир Жапаровнинг имконияти кўпроқ экани айтилмоқда.

Сайлов ва референдумларни ўтказиш бўйича Марказий комиссия, 2021 йилнинг 10 январида муддатидан аввал ўтказиладиган президентлик сайловларига 18 нафар номзодни рўйхатдан ўтказган.

Бу мустақил мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. 2017 йилги президентлик сайловларида 13 нафар номзод иштирок этган эди.

Давлат раҳбарлигига номзодлар тегишли ҳужжатларни йиғиб, 12 минг доллардан сал кўпроқ пулни гаровга қўйиш билан биргаликда, камида 30 минг сайловчининг имзосини тўплаб, Марказий сайлов комиссиясига топширган.

Номзодлар орасида собиқ депутатлар, вазирлар, ишбилармонлар, ўқитувчилар, ҳажвчилар, ишсизлар ва ҳаттоки ўзини «пайғамбар», деб атаганлар ҳам бор.

2021 йилнинг 10 январь куни президентлик сайлови билан бир қаторда, давлатнинг бошқарув шакли бўйича ҳам референдум ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ўн йил аввал Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бор парламент тизимига ўтган Қирғизистон, референдумдан сўнг яна президентлик бошқарувига қайтиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 4 октябрида адолатсиз бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин уюштирилган норозилик намойишлари ортидан Оқ уй ишғол қилиниб, қамоқдаги сиёсатчи, собиқ депутат Садир Жапаров озод этилган. Орадан кўп ўтмай собиқ маҳбус аввалига Бош вазир, кейин эса давлат раҳбари вазифасини бажарган. Бу лавозимда бир ярим ой ишлагандан сўнг, президентлик сайловида иштирок этиш учун истеъфо берган. У сайловда номзодлар орасида ғолиб чиқиш имконияти кўпроқ экани айтилмоқда.

Биз 10 январь куни бўладиган президентлик сайлови, номзодлар ҳақида Қирғизистонликлар фикрини сўрадик.

saylov

Сапарали Закиров, мутахассис

Янги президент сайланганидан кейин вазият ўзгариб, порахўрлик озаяди деб ўйлайман. Асосий номзод Садир Жапаровни ғолиб чиқиши аниқ. Уни халқ қўллаяпти. Бироқ, у ҳам икки хил гапиряпти, давлатни парламент бошқарувидан президентлик бошқарувига ўтказадими ёки йўқми, сайланганидан кейин ҳал қилса керак. У ҳам бир позицияда турмаяпти.

Янги президент давлат тараққиёти учун барча жабҳаларда ислоҳотлар олиб бориши керак. Агар адолатли ишласа Қирғизистонни ривожлантиради. Иқтисод, ижтимоий, божхона, қурилиш ва бошқа, барча соҳаларда порахўрлик мавжуд. Шу порахўрликни бартараф этиб, ундан олинган пулларни бюджетга туширса ва уни тўғри тақсимласа, давлат ривожланади.

Баходир Тургунбаев, пайвандчи

Сайловдан кейин вазият ўзгариши мавҳум. Қирғизистонни ривожланиб кетиши қийин.

Номзодларни телевизордан кўраяпмиз, халқ билан учрашиб, яхши ишларни амалга оширишга ваъдалар бераяпти. Лекин ҳеч қайси бирининг дастури билан танишмадим.

Янги давлат раҳбари халқ манфаати учун ишласа, унга ёрдам берса, кейин халқ ҳам уни қўллаб-қувватлайди.

saylov

Ҳозир асосий номзод Садир Жапаровни президент бўлиши аниқ. У одамларнинг овозини сотиб олиш учун пул ҳам беришига ҳожат йўқ. Ҳамма уни сайлайди.

Феруза Шамшитдинова, менеджер

Сайловдан кейин ҳеч нарса ўзгармайди. Номзодларнинг дастурларида Қирғизистон келажагини ривожлантирадиган аниқ нарсалар ёзилмаган. Ҳаммасида эски дастурлар. Ҳозир ҳеч қайси номзод давлатни ривожлантиролмайди.

Давлат тараққиёти учун мафкура, бирдамлик бўлиши керак. Ҳозир номзодлар бир-бирини ковлашмоқда. Ҳеч ким давлат келажагини ўйламаяпти. Ҳаммаси ўз чўнтагини ўйлаяпти.

Мен сайловга бормайман. Пропискам қишлоқда. Агар сайловга борганимда, номзод Миқтибек Арстанбекка овоз берардим. У бошқаларга нисбатан диндор одам, диний тарафлама яхши фикрини билдирди. Динда яхши, тўғри ишлар кўп. Лекин унга замонавий кўз қарашдаги одамлар қарши.

saylov

Мактабларда мафкуравий билимни бериш керак. Ёшларга буни ўргатиш керак. Ҳамжиҳат бўлиш керак деганни онгига сингдириш керак, ҳадеб сиёсат деявермасдан. Бизда адолат йўқ. Қачонки ҳақиқий адолат бўлсагина, шунда ривожланиш бўлади. Бизда йигирма йилдан кейин ривожланиш бўлса бўлади, унда ҳам аниқ эмас. Менда давлатни ривожланишига умид йўқ.

Қирғизистон собиқ омбудсмани ва депутати Турсунбай Бакир уулу ҳам бўлажак президентлар давлат якдиллиги ва халқ манфаатини ўйлаши кераклигини айтади.

Қирғизистон собиқ омбудсмани ва депутати Турсунбай Бакир уулу
Сурат тагсўзи, Қирғизистон собиқ омбудсмани ва депутати Турсунбай Бакир уулу

«Россияда қирғизистонликлар сон жиҳатидан Ўзбекистонликлардан кейинги ўринда туради. Ўзимизда иш йўқ, одамлар Россияга кетишаяпти. Бу давлат шунчалик бизни яхши кўрса, яқин ҳамкор бўлсак, ҳеч бўлмаса республиканинг жанубига бир-иккита заводлар қуриб қўймайдими? Фуқароларимиз ўша ерда ишлайдику? Йўқ, ўзимизда битта ҳам завод йўқ. Ҳамма Россияга кетади. Шунинг учун Конституцияда рус тили расмий тил деб ёзилган. Давлат тили, қирғиз тили ривожланмаяпти. Ёнига яна бир тилни ёпиштиришиб қўйди. Мана энди, ҳозир уни олишсанг, сенга кўрсатамиз деб, қўрқитишаяпти. Биз рус тилини Кремлдан қараб турибмиз дейишяпти. Рус тилини бу ерда алоқаси қандай?

Давлат тилимиз ривожланмаяпти. Бишкекда қирғиз қизи русча гаплашади. Тоғдан тушган қирғиз ҳам русча гаплашади. Ҳозир кўп одамлар болаларини ҳам русча мактабга бераяпти, муҳожир бўлиб кетиши учун. Ота-оналар болаларини муҳожир бўлади деб тайёрлашаяпти, барибир Қирғизистонда қолмайди деб», дея хавотир билдиради Турсунбай Бакир уулу биз билан суҳбатда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek