Тожик-Қирғиз чегараси: можарода ҳалок бӯлганлар бор

Қирғизистонда яраланганларни олиб кетиш

Сурат манбаси, BBC Kyrgyz

Сурат тагсўзи, Жароҳатланган Қирғизистон фуқаролари аввал Боткен шифохоналари, сўнг Бишкекка олиб кетилганлар

16-сентябр куни кечки соат еттига яқин Тожикистоннинг Суғд ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари чегарасида қуролли можаро юз берди. Натижада ҳар икки томондан 30 нафарга яқин киши жароҳатланди. Расмий хабарларга кӯра тожикистонлик уч ҳарбий хизматчи ва қирғизистонлик бир ҳарбий ҳалок бӯлди. Ҳар икки томон бир-бирини биринчи бӯлиб ӯточар қуроллардан, хатто гранатомёт ва миномётлардан ӯт очганликда айбламоқда.

Отишма икки ярим соат давом этган.

Инсон талафотига олиб келган можаро Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров ноҳиясига тегишли Овчиқалъача қишлоқ жамоатининг Қирғизистоннинг Лайлак тумани билан чегарадош "Баҳор" маҳалласида келиб чиққан.

Қирғиз расмийлари Тожикистон фуқароларини, Тожик расмийлари эса Қирғизистон фуқароларини чегара ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаганликда айблаб чиқди.

Қурилиши мўлжалланган ҳарбий иншоот Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида делимитацияга оид имзоланган битимларга зид эканлиги айтилган.

Ким биринчи бўлиб ўточар қуролни ишга солгани борасида ҳам томонлар қарши тарафни айбламоқдалар.

Қоронғиликдаги уруш

"Маҳаллада чироқ ӯчганди. Қоронғида дод-войларни, ёрдам сӯрашларини эшитдим. Кейин бизни зудлик билан кӯчира бошлашди. Аёллар, болалар ва қариялар "Равшан" санаторийсига олиб кетилди. Қолганлар ҳам хавфсиз ерга олиб борилди. Лекин ярадорлар кӯп эди", деди "Баҳор" маҳалласи яшовчиларидан Шарифжон.

"Баҳор" маҳалласи жойлашган Овчиқалъача қишлоқ жамоати раҳбарларидан бирининг айтишича, ярадорлар кӯп бӯлиши мумкин.

"Чунки ҳаммаёқ қоронғи эди ва ярадорларнининг ҳаммасини топиш қийин бӯлди", деди у.

Расмий маълумотларга кӯра, отишмада ӯқ тегиб ҳалок бӯлган уч нафар тожикистонликнинг ҳаммаси ҳарбийлар бӯлган. Уларнинг бири 35 ёшли подполковник Рустам Убайдуллаев, яна икки марҳум оддий аскарлар бӯлишган. Уларнинг бири 21, иккинчиси 19 ёшда эканлиги айтилмоқда.

Қирғиз расмийларига кӯра, отишма натижасида 13 нафар қирғизистонлик яраланган. Уларнинг 7 нафари ҳарбий ва олти нафари оддий фуқаро эканлиги айтилмоқда. Икки нафар ярадорнинг аҳволи оғирлиги билдирилган. Яраланганлар аввал Лайлакдаги беморхоналарга ётқизилган. Бугун уларнинг ӯн нафари учоқда Бишкекка даволаш учун олиб кетилган. Отишмада қирғизистонлик бир ҳарбий ҳалок бӯлган. 41 ёшида ҳалок бӯлган Равшан Мӯминовнинг махсус вазифаларни бажарувчи отрядда хизмат қилгани айтилмоқда.

16 сентябр тунидаги қонли тўқнашув ортидан Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчиси Суҳроб Олимзода Қирғизистон Ташқи Ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга норозилик нотаси топширилган.

17 сентябр эрталаб Қирғизистон Бош вазири Муҳаммедкалий Абилғазиев қонли ҳодиса рўй берган Боткен вилоятининг Мақсат қишлоғига борган ва маҳаллий аҳоли билан учрашган.

"Ҳозир чегара масаласи бўйича мутахасислар билан ишлаяпмиз. Боткенда, республиканинг жанубида яшайдиган, бизнинг ерларимизни, халқнинг яшаш шароитини биладиган одамлар билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Сўзлашув процессларини кучайтирамиз. Тез орада, шахмат сифатидаги ерларни қандай ҳал қиламиз деган масалани қўямиз", деб айтган Қирғизистон бош вазири.

Можаролар нега келиб чиқмокда?

"Баҳор" маҳалласидаги отишмага айланган можаро арафасида Тожик-Қирғиз чегарасидаги бошқа бир минтақада ҳам тӯқнашув келиб чиқишига оз қолган. Исфара шаҳри ва Боткен тумани чегарасидаги қишлоқларда яшовчи аҳоли ҳар икки томонни баҳсли ҳудудларда текширув-назорат ӯтиш пункти қура бошлашда айблашган. Маҳаллий аҳоли орасидаги можаро кучайиб кетмаслиги учун ҳукуматлар зудлик билан келишув учун учрашишган. Исфара шаҳар ҳукуматидан билдиришларича, агар Қирғиз томони текширув-назорат ӯтиш пункти қурса, Ворух анклавида яшовчилар учун Тожикистоннинг бошқа ҳудудларига борди-келди қийинлашади.

Суғд ва Боткен вилоятлари раҳбарлари учрашишгач, ҳар икки қурилиш тӯхтатилган.

Кузатувчилар эса, айнан шу Ворух анклави атрофида можаролар тез-тез келиб чиқишини таъкидлашади. Бу ерда инсон талафотига олиб келган сӯнгги можаро жорий йилнинг июл ойида юз берганди. Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи ахолиси билан юз берган жанжал оқибатида 20 киши жабрланди. Бир киши ҳалок бӯлди. Шунингдек, Исфаранинг Хӯжаъло қишлоғида яшайдиган бир киши ӯртадаги можаро қурбони бӯлганди.

Расмий маълумотларга қараганда, кейинги ӯн йил орасида Тожик-Қирғиз чегарасида камида 150 та можаро қайд қилинган. Бу можароларнинг кӯпчилиги Исфара ва Боткен чегарасида рўй берган. Бобожон Ғафуров туманининг Қирғизистон билан чегараси эса, одатда тинч ҳисобланар ва икки ӯртада дӯстона борди-келди мавжуд эди. Ҳар икки томон фуқаролари учун қӯшни мамлакатга ӯтиш ҳеч бир муаммо туғдирмасди. Тожикистонликлар Қирғизистоннинг хушманзара жойларида дам олишса, қирғизистонликлар Тожикистон беморхоналарида даволанишар, бозор-ӯчарларини Бобожон Ғафуров туманидаги бозорлардан қилишарди.

Шу йил бу қӯшни туманлар орасидаги биринчи можаро август ойида келиб чиқди. Қирғизистонниг Арқа овулида яшайдиган кишилар бошлаган қурилишга Тожикистоннинг Хистеварз қишлоғи аҳолиси норозилик билдирди: "бу қурилиш ҳали баҳсли бўлиб турган ерда қурилмаслиги керак", дея чиқишди. Лекин бир-бирини ҳақоратлаш, тош отишлар бӯлса-да, у можаро тинч йӯл билан ҳал этилганди.

"Баҳор" ва Мақсат аҳоли пунктлари аҳолиси орасидаги можаро ҳарбийлар аралашиб, отишмага айланиб кетиши, чегарага оғир артиллерия олиб келиниши, ҳавода тикучарлар парвоз қилиши тинчгина яшаётган одамларни қӯрқувга солиб қӯйди", - дейди тожикистонлик кузатувчи Аҳмад Бобожонов. - Кимлардир бу можаролар ортида бузғунчи кучлар турибди дейди. Лекин мен ҳамма нарса ҳалигача аниқланмаган баҳсли ҳудудларнинг кӯплигида деб биламан", - деди у.

Расмий маълумотларга кӯра эса, Тожикистон ва Қирғизистон ӯртасидаги чегара 976 километрга чӯзилган. Ҳозиргача бу чегаранинг 504 километри аниқланиб, белгиланган.

"Дӯстона яшашимиз кимгадир ёқмаяпти"

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари учрашуви

Сурат манбаси, President.tj

Шу йил июлида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбеков можаролар ӯчоғи деб кӯрилган Ворух ва Оқсойда бӯлиб, оддий аҳоли билан учрашишди, уларнинг муаммоларига қулоқ солишди. Икки президент ӯртасида аввал Исфара шаҳрида, кейин Қирғизистоннинг Иссиқкӯл соҳилидаги Чӯлпонота шаҳрида музокаралар бӯлиб ӯтди. Президент Жээнбеков оддий қирғизлар такрорлайдиган "тожиклар билан бозоримиз бир, мозоримиз бир" деган сӯзларни айтар экан, икки орада ҳал қилиб бӯлмайдиган муаммо йӯқ, деди. Президент Раҳмон Қирғизистон билан қӯшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, турли соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга мудом тайёр эканликларини билдирди.

Музокаралар натижасида чегараолди аҳоли манзилларидаги муаммоларни биргаликда ечишга ҳам келишилди.

Ҳозирда Бобожон Ғафуров ва Лайлак районлари чегарасида можаро юз берган ерга Тожикистон ва Қирғизистоннинг нуфузли раҳбарлари етиб боришган ва вазиятни мўътадиллаштириш чоралари кӯрилмоқда.

"Биз қирғизлар билан тинч-тотув яшашимиз учун ҳар икки мамлакат президентлари қанчалик ҳаракат қилишганини биламиз. Лекин дӯстона яшашимиз кимларгадир ёқмаяпти. Айбдорлар жазоланмас экан, ҳеч ким янги можаро келиб чиқмайди деб айта олмайди", деди овчиқалъачалик Мӯминжон.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.