Тожиклар Ворух анклавини тўсишга чек қўйишни талаб қилмоқда

Қирғиз-Тожик чегарасида икки инсон ўлими ва 10 нафарининг яраланишига сабаб бўлган қуролли тўқнашув орқасидан, Ворух анклавининг минглаб фуқаролари чегарада йиғилганлар.
Улар Қирғиз ҳукуматидан анклав йўлини очиб қўйишни талаб қилмоқдалар.
"Вазиятни назорат қилишимиз жуда қийин бўляпти. Одамлар ўта ғазабдалар. Улар икки мамлакат ҳукуматидан зарур чоралар кўриш ва муқобил йўллар қуришни талаб қилмоқдалар. Ҳозир Ворух деярли тўсиб олинган. Биз ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Исфарага олиб боролмаяпмиз. Йўл қирғиз ҳарбийлари томонидан ёпилган", -дейди Ворух анклави маъмурияти раҳбари Лойиқ Маҳкамов Би-би-сига.
Тожик томони ўзининг тўрт фуқароси отилган Қирғизистоннинг "Томдиқ" пости ноқонуний ўрнатилган деб ҳисоблайди ва ҳозирда баҳсли ҳудуддан чегара масканини кўчиришни талаб қилаётир.
Қирғизистон чегара хизмати эса Тожикистоннинг бу талабини бажаришдан бош тортмоқда ва расмий Душанбедан ворухликлар билан тушунтириш ишлари олиб боришни сўрамоқда.
"Қирғизистон давлат чегаралари тожик фуқаролари томонидан бузишга уриниш рўй берган тақдирда, уларга қарши чоралар кўрилади", деб айтилади Қирғизистон чегара хизмати баёнотида.

Сурат манбаси, Getty
Айни пайтда 10 июлда содир этилган отишмага масъулиятни иккала томон ҳам бир-бирига юклаяпти.
Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги баёнотига кўра, қирғиз чегарачилари тожик фуқароларига нисбатан ўта қўпол муомалада бўлган ва тожик аскарлари вазиятни юмшатишга ҳаракат қилганда, одамларга қарата ўт очган. Бунга қарши тожик томони битта ҳам ўқ отмагани айтилади.
Қирғиз томони буни рад қилган.
Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, отишма Тожикистон фуқароларининг ноқонуний ҳаракатлари орқасидан келиб чиққан.
Уларга кўра, 30 га яқин тожик фуқароси Ворух анклавининг Бедак қишлоғига Қирғизистон ҳудуди орқали қувур ётқизишга уринганлар.
Баёнотда айтилишича, Қирғиз чегарачилари ишни тўхтатишни сўраганлар, бунга қарши тожик фуқаролари уларга тош отганлар.
Шундан сўнг қирғиз чегарачиси ҳавога огоҳлантирув ўқи узган, ҳодиса ерига яқин турган тожик чегарачилари ҳам жавоб қайтарган, дейилади бу баёнотда.
Қирғизистон бош вазир ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари бошланганини билдирган.

Ворух анклави Қирғизистондаги энг йирик тожик анклави бўлиб, аҳолисининг сони қарийб 35 мингни ташкил қилади.
Тожикистондаги Би-би-си мухбирининг айтишича, томонлар кеча содир бўлган воқеа юзасидан музокаралар ўтказган, бироқ тафсилотлар ҳали номаълум.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












