Россия: Москвада сўнгги 8 йилда энг йирик намойиш қандай ўтди?

Митинг на Сахарова

Сурат манбаси, Sergei Savostyanov/TASS

    • Author, Елизавета Фохт
    • Role, Би-би-си

10 август куни Москвада сўнгги 8 йилда энг йирик норозилик намойиши бўлиб ўтди. Эркин сайловлар учун митинги пойтахт марказидаги Сахаров проспектида 10 минглаб одамни йиғди. "Оқ ҳисоблагич" бўйича майдонга 50 минг, ИИВ маълумоти бўйича 20 минг намойишчи кўчага чиқди.

Одамларни на ёмғир, на "оммавий тартибсизлик бўйича" жиноий жавобгарлик қўрқитди. Намойишдан сўнг уларнинг бир қисми Президент маъмуриятига қараб йўналди. Бир неча соат сайлгоҳ ва яқин атрофдаги кўчаларда ОМОНдан қочиб юрди.

Полиция 200 кишини қўлга олган.

Парк Горького
Сурат тагсўзи, Максим Горкий паркида ҳкоимлик ташкиллаштирган фестивалга расмийлар 52 минг одам келганини айтмоқда

Москвада қарийб бир ойдан бери дам олиш кунлари намойишлар давом этиб келмоқда. Бунга сабаб мухолифат номзодларини Москва давлат думаси сайловига рўйхатдан ўтказмаслик бўлади.

Сахаров проспектидаги акция сўнгги уч ҳафтадаги ҳукумат розилиги билан ўтказилган илк митинг бўлди.

27 июл ва 3 август кунлари ўтган рухсат берилмаган митинглар натижасида полиция 2 минг 300 одамни қўлга олди.

Тергов қўмитаси эса "оммавий тартибсизлик" ҳамда полицияга нисбатан зўравонлик бўйича 13 кишига иш очди.

Сахарова

Сурат манбаси, YURI KADOBNOV/AFP/Getty Images

Москва давлат думасига номзодини илгари сурган мухолифатчиларнинг деярли ҳаммаси келишилмаган митинг ташкиллаштириш бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди.

Иля Яшин, Константин Янкаускас, Юлия Галямина ва Иван Ждановлар митинггача озодликка чиқишга улгурмади. Сайловларда иштирок этишни истамаган мухолифат лидери Алексей Навалний 24 июл куни 30 суткага ҳибсга олинди.

Очиқликда фақат Любов Собол ва Александр Соловевлар қолишди.

ОМОН

Сурат манбаси, Gavriil Grigorov/TASS

Сурат тагсўзи, Намойишдан сўнг юришни давом эттирган одамларни полиция ушлаб кетган

Соболнинг кичик ёшли қизи бўлгани учун махсус ҳибсхонага юбориша олмади. Бироқ Любов Собол митингга чиқолмади, уни махсус кучлар кечгача ушлаб турди.

Соловев эса ўзига берилган 8 суткани ўтириб чиққан эди.

Мухолифат вакилларини ҳибсга олиш, уйида тинтув ўтказиб, уларга нисбатан жиноят ишларини очиш намойишчиларни қўрқитолмади.

Бу сафар москваликларни кўчага чиқишга журналист Юрий Дудь ва Владимир Познер, блогерлар Данила Поперечний ва Николай Соболевлар ҳамда реппер Мирон Федоров чақиришди.

ОМОН

Сурат манбаси, VASILY MAXIMOV/AFP via Getty Images

Москва ҳокимлиги эса ҳар сафар мухолифат шаҳарда намойиш уюштираётган одамларни тўплаш учун турли фестиваллар ташкиллаштирди.

Би-би-си мухбирлари бу сафарги Meat&Beat фестивалига кам сонли томошабин келганини айтмоқда.

Мухбирлар бир неча юз иштирокчи ёмғирда Максим Горкий паркида юрганига гувоҳ бўлишган.

Бироқ Москва шаҳар ҳокимлиги фестивалга 52 минг одам келганини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek