Ўзбекистон йўллари Тожикистонникидан ҳам сифатсизроқми?

Ўзбекистондаги магистрал йўл

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Жаҳон Иқтисодий Форуми(World Economic Forum) жаҳондаги 137 мамлакат йўлларига баҳо берган. Бу рейтингда Ўзбекистоннинг йўқлиги мамлакат йўлларининг сифати дунёнинг 137 мамлакатиникидан ҳам ёмон деган маънони англатадими?

Жаҳон Иқтисодий Форуми у ёки бу мамлакатдаги йўл сифатини 1 дан 7 баллгача шкалада баҳолаган.

Қайси мамлакат юқори балл тўплаган бўлса, йўлларининг сифати юқори.

Жами тўплаган балли паст бўлган мамлакатнинг йўллари сифатсиз деган хулосани беради.

Энг юқори 7 баллни 137 мамлакат орасидан бирортаси ҳам тўплолмаган.

1-ўринда Бирлашган Араб Амирликлари 6,4 балл, Сингапур 6,3 балл билан иккинчи, Швейцария 6,3 балл билан учинчи ўринни эгаллаган.

Жаҳон Иқтисодий Форуми рейтингида собиқ СССР мамлакатлари орасида энг юқори ўринни Озарбайжон эгаллаган.

Озарбайжон йўллари 4,8 балл билан 36-ўринда.

Озарбайжон ортидан 4,7 балл билан 37-ўринни Литва, яна 4,7 балл билан 38-ўринни Эстония эгаллаган.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори ўринда Тожикистон жойлашган.

Тошкент кўчаси

Сурат манбаси, Asiaterra.info

Сурат тагсўзи, Тошкент кўчаси

4,1 балл билан Тожикистон 70-ўринда.

Грузия 82-, Арманистон 85-, Латвия 107-, Россия 114-, Қозоғистон 115-, Қирғизистон 122-, Молдова 128-, Украина 130-ўринга қўйилган.

Бу рўйхатда Ўзбекистон, Беларусь ва Туркманистон йўлларига баҳо берилмаган.

Аксар кузатувчилар фикрича, Тожикистонда йўллар хусусийлаштирилгани магистрал йўллар сифати яхшиланишига олиб келган.

Тожикистоннинг йўллари Ўзбекистонникига нисбатан текис эканини яқинда чегаралар очилиб, Тожикистонда меҳмонда бўлиб қайтган ўзбекистонлик журналистлар ҳам эътироф этдилар.

Ўзбекистонда нега жуда текис, узоқ вақтга чидайдиган сифатли йўл қурилмайди?

Бунинг асосий сабаби сифатида коррупция тилга олинади.

Ҳали СССР замонидаёқ "20 сантиметрли асфальт қатлами ётқизиш керак бўлган жойда бир сантиметр кам ётқизиш" билан неча-неча тонна битум, шағал ва миллион-миллион сўмни "чўнтакка уриш мумкин"лиги калькуляцияси юрарди.

Кейинчалик Камчиқ довони йўлини шишадек текис қилиб бермоқчи бўлган хориж ширкатига Ўзбекистон раҳбариятидаги масъул шахслар томонидан рад жавоб берилгани ҳақидаги латифа ҳам тарқалган.

Ўзбекистон ёзи ва қишига мос стандарт бўйича асфальт ётқизилмаслиги йўлларнинг тез ўйдим-чуқур бўлиб қолишига олиб келади.

Мамлакатда сўнгги йилларда йўлчи касби сифати ҳам тушиб кетди: "ура-ура", "мустақиллик байрамигача" қуриб битказилиши шарти билан қурилган кўча ва йўллар четида лоток ёки сув чиқаргичларни қўйиш "ёддан кўтарилиб қолди", оқибатда Тошкент кўчалари баҳорги ёғин-сочин кунларида "бассейнга" айланадиган бўлиб қолди.

Сиз Ўзбекистон йўлларининг бугунги сифатига неча балл берасиз?

Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон World Economic Forumнинг йўллари сифати баланд мамлакатлари рўйхатига қачон киролади?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek