"Борат" бўлиб кийинган туристлар Қозоғистонда ҳибсга олинди

Чех сайёҳлар "майда безорилик"да айбланди.

Сурат манбаси, Informburo.kz

Сурат тагсўзи, Чех сайёҳлар "майда безорилик"да айбланди.

Қозоғистонда машҳур фильм қаҳрамони Боратга ўхшаб манкини (эркаклар чўмилиш костюми) кийиб олган олти нафар чехиялик сайёҳ ҳибсга олинган.

Мазкур гуруҳ ўтган ҳафта пойтахт Остонада деярли яланғоч ҳолда суратга тушганлар.

Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, сайёҳлар ҳибсга олиниши ортидан, "утясиз" кўриниши учун ҳар бирига 22500 тенге (67 доллар) жарима солинган.

Манкини чўмилиш костюмини британиялик ҳажвчи Саша Барон Коэн кашф қилган "қозоқ телебошловчи" Борат машҳур қилганди.

Ўз фильми ва ҳажвий клипларида Барон Коэн қозоғистонлик журналист эканини айтиб, кўпларни ноқулай ҳолатларга солади.

Сайёҳларнинг ҳибсга олинишини қозоқ ижтимоий тармоқларида кескин баҳсу мунозарага сабаб бўлди.

"Агар бизнинг фуқаролар Чехияда шундай иш қилишса, уларнинг идоралари қандай муносабат қилган бўлишарди?" деб савол қўйган Фейсбукда журналист Ассем Мирекеева.

"Улар пинагини бузишмасди. Бизнинг полиция жуда нозик", деб жавоб ёзган Виталий Шуптар.

"Улар бир миллатни ҳақорат қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилишлари керак эди", деб ёзади яна бир киши Инстаграмда.

Борат Қозоғистон учун мубоҳасали шахс бўлиб қолмоқда.

2006 йилда Барон Коэн "Борат! Буюк Қозоғистон миллати фойдаси йўлида Америкадаги маданий сабоқлар" номли фильмини ёзган ва саҳналаштирганди.

Саша Барон Коэн манкини костюмини 2006 йилги фильмида машҳур қилганди.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Саша Барон Коэн манкини костюмини 2006 йилги фильмида машҳур қилганди.

Унда фильм қаҳрамони Борат Сагдиев ҳужжатли фильм қилиш мақсадида Америка Қўшма Штатларини кезади.

Қозоғистон мазкур фильм ва ДВД савдосини ман қилган. Ҳукумат эса Барон Коэнни судга бериш билан таҳдид қилган.

Фильмнинг қозоқ қисми дея тақдим қилинган парчалари аслида Руминияда суратга олинган.

Қозоғистон расмийларига кўра, у қозоқларни ирқчи, зўравон ва қолоқ қилиб кўрсатади.

Аммо, 2012 йилда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Барон Коэнни қозоқ туризм саноатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун олқишлади.

Қандай бўлмасин, дунёнинг турли бурчакларида уятсиз ва дидсиз суратларга тушиш ҳар кимни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Ўтган йили британ ва француз сайёҳлар Перудаги тарихий Мачу Пичу вайроналарида яланғоч суратга тушганлари учун полиция томонидан сўроқ қилингандилар.

2015 йилда эса британиялик турист Малайзияда муқаддас деб билинган тоғда яланғоч суратга тушиб ҳибсга олинганди.

2005 йилда 17 британиялик эркак Грециянинг Крит оролида роҳибалар бўлиб кийингани учун қамоқ жазосига юз тутгандилар.