Спорт мусобақасида Қозоғистон эмас, Борат мадҳияси ижро этилди

- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-Ота
Қувайтда бўлиб ўтаётган ўқ узиш бўйича мусобақада Қозоғистон мадҳиясининг ўрнига Борат филмидаги пародия қилинган мадҳия янграган.
Ушбу видео Youtube сайтига сиздирилган ва Қозоғистондаги интернет фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Қозоғистонликлар мадҳияга нисбатан бундай лоқайдсизликка Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб чиқиши кераклигини айтишган.
Қозоғистон мадҳияси билан боғлиқ техник хатолар биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Ўқ узиш бўйича Қувайт Амири ҳомийлигида бўлиб ўтаётган мусобақа давомида қозоғистонлик спортчи Мария Дмитриенко олтин медалларни қўлга киритди.
Олтин медални қабул қилиб олган Мария шохсупада қўлларини кўксига қўйиб Қозоғистон мадҳиясини тинглашга тайёр тураркан, ташкилотчиларнинг хатоси билан умуман бошқа бир мусиқа янгради.
Британиялик Саша Барон Коенннинг “Борат” филмидан олинган ушбу "мадҳия" пародия сифатида ишланган ва фильм Қозоғистонда тақиқланган.
Мадҳияга нисбатан бундай муносабат қозоғистонлик интернет фойдаланувчилар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Кимдир мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги дипломатларни тиши йўқликда айблаб, мана шундай ҳолларда ҳеч қачон муштини кўрсатмаслигидан нолийди.
Яна кимдир бу техник хатолик бўлганини айтиб бошқаларни тинчитишга ҳаракат қилади.
Айримлар эса мадҳия янграганда шоҳсупадан тушиб кетмаган спортчини танқид қилади.
Вот так вот ники билан изоҳ қолдирган ўқувчи бундай ҳолат олдин ҳам бўлганини, агар мана шунақа бўшанглик қилишса, яна давом этаверишини ёзаркан, бу каби ҳолатлар Ўзбекистон билан бўлмаслигини айтади.
“Нима учун Ўзбекистон мадҳиясига бунақа муносабат кўрсатишмайди. Чунки Ўзбекистон сиймоларга бўлган бошқача муносабатни қатъий жазолайди. Бизда эса кўчаларимизда кир байроқларимиз осилиб туради”, - дейди Вот так вот номли фойдаланувчи.
Қозоғистон мадҳияси билан боғлиқ англашмовчиликлар олдин ҳам бўлган.

Сурат манбаси, Getty
Ўтган йили Франциядаги спорт мусобақасида Қозоғистоннинг эски мадҳияси янграган бўлса, шу ойнинг бошида Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятидаги ҳоким иштирок этган спорт тадбирида мадҳия ўрнига Рики Мартиннинг қўшиғи янграган.
Йиғилганлар Рики Мартиннинг мусиқасини бир неча сония қўлларини кўксига қўйиб эшитгач, зудлик билан мадҳияга алмаштиралади.
Ушбу хатоликнинг олдини олмаган мактаб директори ишдан олинди.
Қозоғистонда Наврўз муносабати билан 5 кунлик дам олиш бўлгани учун Қувайтдаги ҳодиса юзасидан расмийлар бирор изоҳ беришгани йўқ.
Аммо мадҳиянинг Қозоғистонда хушланмайдиган Борат фильмидаги мусиқага алмаштирилиши интернет фойдаланувчиларнинг қаҳрини келтирган.
Қувайтда бўлиб турган Қозоғистон ҳайъати мусобақа ташкилотчиларидан бу борада тушунтириш ва Қозоғистон ҳукуматидан расман кечирим сўрашни талаб қилганлари ҳақида хабарлар тарқалган.
Британиялик актер Саша Барон Коен Қозоғистонлик журналист сифатида бадиий фильм яратиш мақсадида Америкага йўл олади.
Ушбу уйдирма қаҳрамон Қозоғистонда жиддий қабул қилинди.
Фильм чет элликларда Қозоғистон ҳақида нотўғри таъсурот пайдо қилади деб ҳисоблаган расмийлар фильм намойишига тақиқ қўйишди.












