Мирзиёевнинг орзусига АҚШ, Афғонистон ва Покистон тортишуви тўсиқми?

Президент Мирзиёев хавфсизликка таҳдидларни "ўзиники ва ўзгаларники" деб ажратишдан воз кечишга чақирди.

Сурат манбаси, Prezident.uz

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев хавфсизликка таҳдидларни "ўзиники ва ўзгаларники" деб ажратишдан воз кечишга чақирди.

Самарқандда ўтган ҳафта бўлиб ўтган халқаро анжуманда нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев минтақадаги таҳдидларга қарши биргаликда курашишга чақирди, аммо анжуманни кузатган ғарблик журналистга кўра, мазкур анжуман турли томонлар Афғонистон масаласида қанчалар бўлинган эканини намойиш қилди.

"Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" номли халқаро анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, Россия, Хитой, АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Президент Мирзиёев ўз нутқида айтишича, бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда ва бунга қарши биргаликда курашишлари керак.

"Хавфсизликка таҳдидларни "ўзиники ва ўзгаларники" деб ажратишдан воз кечиш, "яхлит хавфсизлик" тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрдамиз", - деди Ўзбекистон раҳбари.

Аммо, журналист Катрин Путц diplomat сайтида ёзишича, анжуманда қатнашган давлатлар орасидаги бир-бирига бўлган ишончсизлик ва адоват минтақавий ҳамкорлик каби орзуга етишишни қийинлаштиради.

Катрин Путц ўз мақоласида Покистон ва АҚШ, ҳамда Покистон ва Афғонистон ўртасида юз берган даҳанаки жангни ёритди.

Анжуманда сўзга чиққан АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича директори Лиза Кёртис, журналистга кўра, АҚШ Исломобод ва Кобул ўртасида шерикликни йўлга қўйиш йўлида ёрдам беришга тайёр эканини айтган.

Аммо, Кёртис хоним ўз нутқини "АҚШ террорчи бошпаналарга тоқат қилмайди", дея якунлади.

У Покистонни тилга олмаган бўлса-да, аслида узоқ йиллар Толибонга бошпана беришда айбланадиган Покистонга ишора қилганди.

Унинг ортидан минбарга чиққан Покистон бош вазирининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Носир Хон Жанжуа афтидан бу айбловлар ва бармоқ ўқташларга тайёрланиб келганди.

Журналистнинг ёзишича, Жанжуа жаноблари Марказий Осиёга қанчалар яқинлигини намойиш қилиш учун ўз нутқини Совет Иттифоқининг Афғонистон ишғоли билан бошлади.

Унинг айтишича, агар Покистон советларга қарши курашда афғон мужоҳиддинига ёрдам бермаганида, Совет Иттифоқи қуламасди ва Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлмасди.

Жаноб Жанжуанинг норози бўлишича, Покистонни Афғонистондаги беқарорлик учун айблаш адолатдан эмас.

У советлар Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан у ерга Америкаликлар ал-Қоида ва бошқа жиҳодчи гуруҳларни жойлаштирганини даъво қилди.

"11 сентябрь ҳужумлари шу ерда режаланган. Покистоннинг бунга умуман алоқаси бўлмаган", - дея урғулади у.

АҚШ Президенти Трампнинг вакили Лиза Кёртис ўз нутқида террорчиларга "бошпана бераётган" Покистонга ишора қилди.

Сурат манбаси, Prezident.uz

Сурат тагсўзи, АҚШ Президенти Трампнинг вакили Лиза Кёртис ўз нутқида террорчиларга "бошпана бераётган" Покистонга ишора қилди.

Бунинг ортидан Афғонистонда ҳаддан ташқари кўп ҳарбий куч қўлланганини гапирар экан, Жанжуа ҳам америкалик ҳамкасбига ўхшаб, АҚШни номма-ном айтиб ўтирмади, аммо унинг хулосаси аён эди: Афғонистондаги бошбошдоқлик - Американинг иши.

Ниҳоят, Афғонистонга сўз берилди.

Катрин Путц ёзишича, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик тадқиқотлар маркази директори Фарамарз Таманна ҳам Покистон иддаоларига яхши тайёрланиб келган кўринди.

Таманнанинг айтишича, иккита версия мавжуд: бири халқаро ҳамжамият, АҚШ, Россия, Хитой, НАТО ва бошқаларнинг умумий версияси, бошқаси эса Покистонники.

"Менга ким жавоб бера олади? Усамо бин Лодинни қаердан топишганди? (Толибларнинг) Қуэтта шўроси, Пешавор шўроси қаерда жойлашган? Ҳаққоний тармоғи қаерда жойлашган?" дея савол ташлади Афғонистон сиёсий вакили. Буларнинг барчасига жавоб, албатта, Покистондир.

"Минтақавий хавфсизлик бўйича ҳамкорлик ҳалоллик билан қилиниши керак", - дея хулоса қилди у.

Катрин Путцнинг ёзишича, Самарқанддаги анжуман илк кунида ўзаро ҳамкорлик борасидаги кўтаринки руҳ билан бошланган бўлса-да, аслида унинг негизида бўлинишлар ётганди.

"Афғонистондаги уруш давом этар экан, Марказий Осиёнинг хавфсизлик манфаатлари у ўзи назорат қила олмайдиган урушга қарам бўлиб қолаверади. Покистон, Афғонистон ва АҚШ ўртасидаги тортишувлар Марказий Осиё орзу қиладиган ҳамкорлик йўлидаги муҳим тўсиқдир", - дея мақоласини якунлайди журналист.