Сурияда энди ҳаёт қандай ўзгаради – Идлибда буни кўриш мумкин

Сурат манбаси, Reuters
Сурия шимоли-ғарбидаги чекка ҳудуд бўлмиш Идлибга олиб борадиган йўлда ҳамон эски фронт чизиғи излари кўзга ташланади: хандақлар, ташлаб кетилган ҳарбий мавқелар, ракета снарядлари ва ўқ-дорилар.
Икки ҳафтадан сал олдинроққача бу мамлакатдаги мухолифат назоратидаги ягона ҳудуд эди.
Идлибдан "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" ёки ҲТШ деб номланувчи исломий гуруҳ бошчилигидаги исёнчилар Башар Асадни ағдариб ташлаган ва унинг оиласининг Суриядаги эллик йиллик ҳукмронлигига барҳам берган кутилмаган ҳужумни амалга оширди.
Натижада, улар мамлакатнинг де-факто ҳокимиятига айланиб, ўз бошқарувларини Суриянинг қолган қисмига жорий этишга уринмоқда.
Идлиб шаҳри марказида Асаднинг ағдарилиши ортидан жамоат майдонларида яшил йўлли ва уч қизил юлдузли мухолифат байроқлари баланд ҳилпирамоқда, ёшу қари, эркагу аёл уларни кўтариб юрибди. Деворлардаги битиклар режимга қарши курашни улуғлайди.
Вайрон бўлган бинолар ва харобалар яқиндаги урушни эслатса-да, таъмирланган уйлар, янги очилган дўконлар ва яхши сақланаётган йўллар айрим нарсалар ростдан ҳам яхшиланганидан дарак беради. Бироқ ҳокимиятнинг қаттиққўл бошқарувидан шикоятлар ҳам йўқ эмас.
Биз шу ҳафта бошида борганимизда кўчалар нисбатан озода, светофор ва кўча чироқлари ишлаётган, энг гавжум жойларда назоратчилар бор эди. Оддий бўлиб кўринган бу нарсалар Суриянинг бошқа ҳудудларида йўқ ва бу ерда фахрланиш манбаига айланган.
ҲТШ ал-Қоидадан келиб чиққан, аммо сўнгги йилларда ўзини жиҳодий ўтмишидан узоқлашган ва Асадни ағдаришни мақсад қилган миллатпарвар куч сифатида қайта кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Biz bu yerda koʻplab oʻzgarishlarni koʻrdik. Idlibda Asad rejimi davrida boʻlmagan koʻp narsalar bor. Asad davrida ular Idlibni unutilgan shahar deb atashardi.
Исёнчилар шу ой бошида Дамашққа юриш қилганида, унинг раҳбарлари барча сурияликлар учун Сурия қуриш ҳақида сўзлашди. Бироқ, у ҳали ҳам АҚШ, Буюк Британия, БМТ ва бошқалар, шу жумладан, баъзи суриялик исёнчиларни қўллаб-қувватловчи Туркия томонидан террорчи ташкилот сифатида тавсифланмоқда.
Гуруҳ 2017 йилда 4,5 миллион аҳолига эга бўлган ушбу минтақанинг катта қисмини назорат остига олиб, фуқаролар урушидан сўнг барқарорликни таъминлаганди.
Нажот ҳукумати номи билан танилган маъмурият сув ва электр таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва йўлларни таъмирлашни йўлга қўйган.
Бизнес, фермерлар ва Туркия билан чегарадаги ўтиш пунктларидан йиғилган солиқлар унинг давлат хизматларини, шунингдек, ҳарбий операцияларини молиялаштиради.
"Асад даврида улар Идлибни унутилган шаҳар деб аташарди," дейди кардиолог доктор Ҳамза Алморав эски почта омборхонасида ташкил этилган шифохонада беморларни даволаётиб.
У 2015 йилда уруш авж олган пайтда хотини билан Ҳалабдан кўчиб келган, аммо шаҳар исёнчилар назоратига ўтган бўлса ҳам қайтишни режалаштирмаяпти.
"Биз бу ерда кўплаб ўзгаришларни кўрдик. Идлибда Асад режими даврида бўлмаган кўп нарсалар бор."
Маҳаллий мухолифат орасида халқаро тан олинишга интилиш жараёнида ўз позициясини юмшатгани сабабли, ҲТШ ҳокимият тепасига келганида жорий этган баъзи қатъий ижтимоий қоидаларни, жумладан, аёллар учун кийим-кечак қоидаларини ва мактабларда мусиқа тақиқини бекор қилди.
Boshida ayrim muammolar boʻlgan, biroq soʻnggi yillarda ular yaxshiroq harakat qilishmoqda va oʻzgarishga intilishmoqda. Bu toʻliq demokratiya emas, ammo erkinlik bor.
Баъзи кишилар сўнгги норозилик намойишларини, шу жумладан ҳукумат томонидан жорий этилган солиқларга қарши чиқишларни, Асадлар давридан фарқли ўлароқ, маълум даражадаги танқидга йўл қўйилаётганининг исботи сифатида келтирмоқда.
"Бу тўлиқ демократия эмас, аммо эркинлик бор," дейди фаол Фуад Сайидисса.
"Бошида айрим муаммолар бўлган, бироқ сўнгги йилларда улар яхшироқ ҳаракат қилишмоқда ва ўзгаришга интилишмоқда."
Асли идлиблик бўлган Сайидисса ҳозирда Туркияда истиқомат қилади ва у ерда Виолет нодавлат ташкилотини бошқаради. Минглаб сурияликлар каби, Асаднинг ағдарилиши унинг ўз шаҳрига қайтиш имкониятини берди – унинг ҳолатида, ўн йил ичида биринчи марта.

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC
Бироқ, баъзилар авторитар бошқарув деб атаган ҳолатга қарши намойишлар ҳам ўтказилди. Мутахассислар таъкидлашича, ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун гуруҳ экстремистларни нишонга олган, рақибларни ўзига қўшиб олган ва мухолифларни қамоққа ташлаган.
"Ҳукумат бутун Сурияда қандай ҳаракат қилиши бошқа масала," дейди Сайидисса. Сурия хилма-хил мамлакат бўлиб, режим ва унинг иттифоқчилари томонидан ўнлаб йиллар давомида амалга оширилган зулм ва зўравонликдан сўнг, кўпчилик адолатга чанқоқ. "Одамлар ҳали ҳам нишонлашмоқда, лекин улар келажакдан ҳам хавотирда."
Маҳаллий амалдордан суҳбат олишга ҳаракат қилдик, аммо уларнинг барчаси янги ҳукуматга ёрдам бериш учун Дамашққа кетгани айтилди.
Идлибдан бир соатлик масофада жойлашган кичик насроний Қуния қишлоғида 8 декабрь куни Асаднинг ағдарилишини нишонлаш учун ўн йил ичида биринчи марта черков қўнғироқлари жаранглади.
Туркия чегараси яқинидаги жамоа 2011 йилда Асад унга қарши тинч намойишларни бостирганда бошланиб кетган фуқаролар уруши пайтида бомбаланган ва унинг кўплаб аҳолиси қочиб кетган.
Фақат 250 киши қолган.

Сурат манбаси, Lee Durant/BBC
"Асад ағдарилганидан бери Сурия яхшиланмоқда," деди руҳоний Фоди Азар.
Бироқ, исломчиларнинг кўпайиши, ҲТШнинг диний ва этник гуруҳларни ҳимоя қилишига ишонтиришига қарамай, озчиликлар, жумладан, Асад алавийлари хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар пайдо бўлди.
"Сўнгги икки йил ичида улар [ҲТШ] ўзгаришни бошладилар... Илгари жуда қийин эди," дейди Ҳазрат Азар.
Мулклар мусодара қилиниб, диний маросимлар чекланган.
"Улар [бизнинг жамоамизга] кўпроқ эркинлик бердилар, қочқин бўлган бошқа насронийларни ўз ерлари ва уйларини қайтариб олишга даъват этдилар."
Лекин бу ўзгариш ҳақиқийми? Уларга ишонса бўладими? "Нима ҳам қила олардик? Бошқа танловимиз йўқ, – дейди у. –Биз уларга ишонишга мажбурмиз."
Мен фаол Сайидиссадан, нима учун ҳатто мухолифлар ҳам гуруҳни танқид қилишдан чўчишаётганини сўрадим.
"Улар энди қаҳрамонлар... [Лекин] бизда қизил чизиқлар бор. Биз энди диктаторларга, Жўлоний ёки бошқа бировга йўл қўймаймиз," дейди у ҳокимият тепасига келганидан сўнг Абу Муҳаммад ал-Жўлоний тахаллусини ташлаган ҲТШ раҳбари Аҳмад ал-Шараага ишора қилиб.
"Агар улар диктаторлардай иш тутишса, халқ "йўқ" дейишга тайёр, чунки энди улар эркинликни ҳис қилишди."












