Ўзбекистон яна 2002 йилга қайтаяптими ёки янги чекловлар асл сабаби нима?

Ўзбекистон ҳукуматининг 1 майдан мамлакатга божсиз товар олиб кириш тартибини ўзгартиришга қарор қилгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, таҳлилчилар ва кузатувчилар томонидан танқидларга сабаб бўлаяпти.
Божхона қўмитасининг нега бундай қарорга келингани юзасидан тарқатган тушунтириши норозилик билдирганлар наздида асосли кўринмади.
Ўзбекистон ҳукумати 1 майдан ҳар ким ўзи билан божсиз мамлакатга олиб кириши мумкин бўлган қийматни икки баравар камайтиришга қарор қилди.
Шу вақтгача 2000 долларлик буюмни аэропортда божхона қоғозини тўлдирмасдан олиб кириш мумкин бўлса, энди бу рақамни 1000 га тушириш мақсад қилинган.
Шунингдек, хорижга чиқиб қайтиб киришнинг муддатини ҳам узайтиришга қарор қилинди, мақсад ташмачилик олдини олиш билан тушунтирилаяпти.
Мустақил Ўзбекистон тарихида "бозорларни тартибга солиш" важи билан тушунтирилган шунга ўхшаш чекловлар 2002 йили ҳам киритилганди.
Оилани боқишга етадиган маош ёки даромад манбалари бўлмагани туфайли кўпчилик "ўзини бозорга урган", Тошкентнинг "Ипподроми" буёғи Қирғизистон чегарасидан тортиб, нарёғи Қорақалпоғистон бурчакларигача одамларга даромад топиш манбаига айланган пайт эди.
Ҳукумат жуда кўп товарлар хориждан келаётгани, сифати талабга жавоб бермаслиги, ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги, бозорлар ва атрофларида тиқилинч кўпайгани, санитария-гигиена вазиятини яхшилаш важи билан халқ тилида "челноклар", деб аталадиган четдан мол келтириб сотадиган одамларга қарши кураш бошланганди.
Оқибатда, "Ипподром" бозорида улгуржи савдо нуқталарини очганлар Тожикистоннинг Сўғд вилояти ёки Қирғизистон жанубига кўчишга қарор қилгандилар.
Бунинг ортидан эса "Ипподром" атрофидаги ва мамлакат бўйлаб бозорларда тамаддихоналар ташкил қилган ишбилармонлар ҳамда йўловчиларни бозорлар ўртасида ташиш билан шуғулланадиган киракашлар азият чекдилар.
Кейинчалик, 2002 йилги айни қарор бир оиланинг бойишига хизмат қилган ва давлат ғазнасига миллионлаб доллар тушмай қолган каби ҳам хабарлар ўртага чиққанди.

Яқин ўтмишда Ўзбекистон ҳукуматининг ички ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш важи билан тушунтирилган қарорлари ҳар доим ҳам соғлом рақобат ривожланишига олиб келмаган, деган қарашлар йўқ эмас.
Илк қарор 1996 йилги "ЎзДЭУАвто"дан бошланган дейиш мумкин, 200 фоизлик "растаможка", яъни мамлакатга олиб кириладиган автомобил ҳаққига тенг бож белгилангани оқибатида ўзбекистонликлар яқин-яқингача ҳам минилган, лекин арзон машина сотиб олишдан маҳрум бўлдилар.
Баъзида айрим эҳтиёт қисмларисиз эгасига етказилган ва сифатини харидорлар савол остига олиб келган битта ширкат автомобилларидан одамлар йиллар давомида нолиб келишган.
Кейинроқ айримлар электромобилларгаўтишаркан,электромобилларни текширувдан ўтказадиган автополигон тузишга қарор қилинди.
Айни пайтда, у ерга олиб кирилган машиналар текширилмаслиги ҳақида ҳам даъволар чиққан.
Ҳали бир неча йил олдин ўзбекистонлик журналистлар Тошкентда сотилаётган айни русумдагителевизор, музлаткич ёки кир машинаси Қозоғистон Чимкентида ҳам ишлаб чиқарувчи компаниянинг ўз бренди номи остида сотувда экани, аммо Ўзбекистондагидан камида 100 доллар арзонлиги ҳақида ёзишган эди.
Бу Ўзбекистон бозорида монополистликни истаган ширкатларга аксилрақобат идораси қўйиши керак бўлган савол.
Мобил телефонларни мамлакатга олиб кириш мақсадини кўзлаган чекловлар мақсадлари борасида фаоллар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида саволлар туғилганди.
Тошкент дўконларидаги айрим асл товарларнинг нархи ҳатто Лондон каби шаҳарлардан ҳам қимматлигини кўриш мумкин.
Мисол учун, машҳур Nescafe қаҳваларининг нархларини солиштириш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз сиёсатининг устувор йўналиши деб ўзбекистонликларнинг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш даражасини кўтариш, одамларни ва шу орқали давлатни бой қилишни танлаган.
Айни пайтда мамлакат раҳбариятида халқ фаровонлиги ва иқтисодиёт ривожи учун деб тақдим қилинаётган айрим ҳужжатлар ҳамда қарорларга нисбатан тармоқларда одамлар норозилигини, мутахассисларнинг танқидий фикрларини, фаолларнинг саволларини учратасиз.
Охирги қарор борасида ҳам айни ҳолат бегона эмаслигини кузатиш мумкин.












