Газ-свет, дори-дармон, кредит... - бугун Ўзбекистонда пенсия нимага етади ёки "Аллоҳ баракасини берсин", давлат "шуни ҳам бериб турганига шукр"ми?

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
- Author, Юлдуз Абдурашидова
- Role, Мустақил журналист, Ўзбекистон
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ўзбекистондаги аксар оилаларда кексалар вояга етган фарзандлари қарамоғида бўлгани сабаб қариялик нафақаси қанчалик етади, деган саволга жавоб топиш осон эмас.
Бозорларга тушар экансиз гоҳ лимон сотиб ўтирган ёки шиппак пуллаётган кекса аёллар, арава судраб кетаётган ёки ошпазлик қилаётган ёши улуғ эркакларга дуч келасиз.
Чирчиқ шаҳри бозорида юриб, кексалар билан суҳбатлашдик: уларнинг айримлари вақтни самарали ўтказиш учун фарзандларига ёрдам тариқасида чиққан, айримлар эса рўзғор, дори-дармон ва қамоқдаги ўғлини озодликка чиқариш учун пул топишни мақсад қилган.
Ўзбекистон: Пенсиялар нимага етади ё кексалар аҳволи қандай - видеомизни ҳам томоша қилинг.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қариялар ва пенсиялар
Pensiyaning narxlarga juda katta ta’siri bor, hamma narsa qimmat, boshqa nima ham qilardik, tinchlik bo‘lsin deb o‘tiraveramizda bolam.
"Пенсиям бир ойга етмайди, етмаганидан ўтирибман мана. 1 млн 224 минг сўм пенсия оламан, институтни тугатганман, турли ишларда, масалан, кутубхоналарни текшириб, ойлик ёзадиган бўлиб ишлаганман. Ўғлимга кредитга уй олганмиз, ўша ўғлимга ёрдам қиламан: икки боласи чала туғилган, нозик, иммунитетлари паст, ўзимга шифохонага ётишимга етмайди. Мана, қийиллаб, чийиллаб, қиши билан йўталсам ҳам дори ичиб, мана шу ерда ўтирдим. Бировдан қарз сўрасангиз, эртага эшик тақиллатади, "бер" дейди"- дейди бозорда ерга товарини қўйиб сотаётган, ўзини Карима опа дея таништирган аёл.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 март ҳолатига пенсия тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчилар сони 712 минг 618 нафарни ташкил этиб, жорий йилнинг бошига нисбатан 15 минг 465 нафарга кўпайган.
Мен суҳбатда бўлган айрим кексалар пенсиясини тўғри кредит қарзларини тўлашга йўналтиргани, айримлар эса электр, газ ва дори-дармондан орттира олмаётгани ҳақида сўзлаб берди. Килолаб лимон олиб, доналаб сотаётган аёл нарсалар сал арзонроқ бўлишини исташини, пенсияси ошгани билан нарх-наво ҳам ошишини айтди.
"Пенсия кам бўлади-ку, бир ойга етмайди. Пенсияга асосан дори-дармон оламан, даволанаман. Пенсияга мактабда ишлаб чиққанман, ҳозир килолаб лимон олиб, доналаб сотаман. Қаердан етади, барибир етмайди, кам-ку, болам. Сал нарсалар арзонроқ бўлса-да, қиммат-ку ҳамма нарса, арзонроқ бўлса-да болам. Пенсиянинг нархларга жуда катта таъсири бор, ҳамма нарса қиммат, бошқа нима ҳам қилардик, тинчлик бўлсин деб ўтираверамизда болам", дейди йўлнинг бурчагидаги дарахт остига жойлашиб, савдо қилаётган пенсионер аёл.
60 дан ошган, бозорга кириш йўлида у-бу нарса сотиб ўтирадиган аёл кам ойликли ишда ишлагани боис бугун пенсия ҳам камроқ олишини, лекин бундан нолимаслигини айтди. У ҳам ўз нафақа пулларини рўзғор ташвишларига ишлатишини, етмаганини қоплаш учун савдога чиқишини, пенсия камлиги уни ташвишлантирмаслигини сўзлаб берди.
"Бизнинг пайтимизда ойлигим кам бўлган, Аллоҳга шукр секин-секин давлатимиз қўшиб боряптилар, қўшилса яхши бўлиб кетади, додаларимиз хизмат қиляпти, пенсияларимизга ҳам шу апрелда қўшилади деган гап бор. Қўшилса яхши бўлиб кетади. 750 минг сўм пенсия оламан, Аллоҳ баракасини берсин, уни рўзғор маҳсулотарига сарфлайман. Ўзим савдо қиламан, пенсиям кам бўлса бўлаверсин" - деди бир чеккадаги темир панжара ёнида ўтирган аёл.
Бу аёл каби апрел ойидан пенсиялар ошишига ишонадиганлар кам эмас, чунки ушбу ойдан бошлаб энерготаърифлар кескин ошиши айтилгани, Ўзбекистон президенти кейин уни май ойига қадар кечиктиришга қарор қилган.
Одатда, товарлар ва хизматлар қимматлашганда (масалан, таърифлар ошганда) одамларнинг даромади ҳам шунга мос равишда кўтарилиши керак бўлади.
Шунда уларнинг сотиб олиш қобилияти сақланиб қолади.
Бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги март ва август ойларида иш ҳақи, пенсия ҳамда нафақаларнинг ошиши ҳақидаги хабарларни инкор этди ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
Ошаётган пенсиялар ва саволлар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
"Мувофиқ даражада индексакция бўладими? Индексация 1 апрелданми ё ўтган йилгидек йил охиридами? Ижтимоий тоифалар бу йил ҳам яна бир марта алданганларини ҳис этадиларми?" - дея савол бермоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.
Иқтисодчи таърифлар баҳорда оширилган бўлишига қарамасдан, пенсия, иш ҳақи ва маошларнинг кузда оширилганига эътибор қаратди.
"Ўтган йили таърифлар майдан каррасига ошган бўлсада, иш ҳақи ва пенсиялар индексацияси сентябр-октябрга бориб амалга оширилди. Натижада энг кам даромадли ўқитувчи ва докторлардан тортиб пенсионер ва нафақахўрларгача кенг ва чуқур ижтимоий тоифалар ўзини алдангандек, ютқазгандек ҳис қилди. Бу йил ҳам яна шундай манипуляция юз берадими? Яна таърифларни кескин ошириб, маошлар ва пенсияларни индексациялашни кузгача кечиктиришадими? Афсуски, бу саволларга яна жавоб йўқ" - дея ёзиб қолдирган Отабек Бакиров.
Ўзбекистонга меҳнатга лаёқатли ёшлар сони катта. Шу қаторда охирги йиллар давомида туғилиш ҳисобига аҳоли ўсиши ҳам кузатилиб келган. Бироқ мамлакатда ишсизлик ҳам баланд. Кўпчилик кундалик ишлар ёки чет элларда меҳнат қилади.
"Биз-ку пенсиядамиз, болаларимиз қариганда нима қилишади, ҳайронман, давлат ишида ишламаса, хусусийларнинг ҳаммаси ҳам нафақа учун стаж ёзиб беришмайди" - дейди бозорлик қилиб юрган аёл. Аҳолининг пенсия жамғармасига ҳисса қўшиб, кексалик учун нафақа йиғиш тартиблари йўлга қўйилган. Бироқ бу ҳали у қадар оммалашмаган.
Мамлакатда ҳамон ё қариганда даромад келтирадиган бирон иш-машғулотни режалаш ва унга сармоя киритиш, ёки фарзанд ўстириб, уларнинг роҳатини кўриб, ота-оналик гаштини суриш анъанаси кенг тарқалган.
Самарқандлик 70 дан ошган яна бир суҳбатдошимиз ҳам пенсиясини ўзининг борди-келдиси, санаторияларда даволаниши, набираларига у-бу нарса совға қилишга сарфлашини айтади. Сўзларига кўра, қизлари вақти-вақти билан пул бериб туришади, бирга яшайдиган ўғли рўзғор харажатлари учун ҳар доим ҳам онасини безовта қилмайди. Санаторийга йўлланмани давлат совға қилади.
"Бир неча йилдан бери санаторияларга боришим анъанавий ҳолга айланган, Аллоҳга шукр. Ҳамон уй ишларида келинимга қарашаман, улар ишда вақтлари овқатларни ўзим қилиб қўявераман", дейди у.
"Мен оддий уй бекаси ва онлайн ишчиман, 1,5 ёш фарзандимга бола пули тўғирлаш учун кўп харакат қилдик, натижаси бўлмади, ўзини-ўзи банд қилган сифатида рўйхатда туришим керак экан, унинг ҳам ўзига яраша харажатлари бор эмиш. Тасаввур қилинг, неча йил пол ювган аёллар 700 минг атрофида пенсия олгандан сўнг, мен солиқ тўлаб қанчагина олардим. Ҳали қариганимда нафақа оламан десам бола пули тўғирлашдан ҳам кўпроқ югурсам керак" - дейди 24 ёшли Юлдуз.
Янгича пенсиялар

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
2025 йил 1 мартдан бошлаб ёшга доир пенсия ёшига етган одамларга давлат автоматик равишда (проактив тарзда) пенсия тайинламоқда, бунда фуқародан алоҳида ариза ёки мурожаат талаб этилмайди.
Шу билан бирга Ўзбекистонда пенсионерлар учун бир қанча имтиёзлар мавжуд, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади, шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади.
Бундан ташқари, кексаларнинг спорт билан шуғулланиши, музейларга бориши ёки китоб ўқиши учун ҳам имтиёзлар бор. Аммо қария инсонлар бу имтиёзлардан ҳар доим ҳам фойдаланишмайди.
Бозор кезиб кексаларнинг гапларини тингларканман норози кайфиятда йўл бўйида туршак сотиб ўтирган аёлнинг ҳикоясига ҳам қулоқ тутгим келди. Унинг сўзларига кўра, аёл ҳали нафақага чиқмаган, бироқ турмуш ўртоғи пенсионер.
"Хўжайиним оддий ишчи бўлиб пенсияга чиққан, етмайди пенсияси ҳеч нимага. Ҳеч кимники етмайди. Мана қишни чилласидаям кўчада туршак сотиб ўтирамиз, агарот қиламиз. Пенсия пулини эса свет-газга сарфлаймиз, тамом"- дейди у.
Бозордаги суҳбатлардан англашиладики, электр энергияси ва газ таърифларининг ошгани ўзи шундоқ ҳам пенсияси кредит қарзларни ёпишга кетаётган кексалар учун яна бир зарба бўлган.
Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган бир киши пенсия харажатлардан ортиб, дори-дармонига етмай қолаётганини айтиб берди: "Икки оғиз гапирсанг бориб қамаб қўйишади, аммо мана даволана олмай юрибман-ку" - деди эркак ҳафсаласиз оҳангда.
Бошқа бир эркакнинг айтишича, пенсиянинг ўзи нормал яшаш учун етмайди, "шуни давлат бериб турганигаям шукр қиламиз, беряпти, ҳеч қурса гўшт оляпмиз, бермаса нима қилардик" - деди пенсионер эркак.
"Яқинда вафот этган бобом доим юрак касалликларидан азият чекарди, даволанар, турли дорилар сотиб оларди. Бир кун поликлиникадагиларга бақирганди: "Бепул дорилар берилиши керак эмасми бизга, қани дорилар" - деб. Ўшанда шифохона 2-3 хил таблетка берганди бепулга", дея хотиралари билан бўлишди суҳбатдошларимдан бири Азиз.












