Сўхга ўтиш-қайтишни 24 соат очиб қўйиш мушкулми? Видео

Сурат манбаси, Facebook
Охирги кунларда Ўзбекистоннинг Сўх анклави аҳолисининг Фарғонага келиб-кетиши қийинлашди. Чегара постларидан ўтиб қайтишда бир неча соатлик навбатлар юзага келди, инсонларнинг тоби қочгани хабар қилинди.
Бунинг асосий сабаби одамлар ва автомобилларни текшириб ўтказадиган Қирғизистон чегара постларининг ўтказувчанлик қобилияти чеклангани деб кўрилаяпти.
Сўхликларнинг Би-би-сига айтишларича, узун навбатлар ва чегара текширувидан ўтиб олиш учун 4-5 cоатлаб вақт сарфлаш вазияти октябр ойининг 20-саналаридан кейин деярли ҳар куни кузатилаяпти.
Чегарадан ўтиш-қайтиш қийинлашганидан, айниқса, болалар, кексалар ва беморларга оғир бўлган.
29-октябр куни Сўхга Фарғона вилоятининг Водилидан кириб борган сўхлик такси ҳайдовчисининг айтишича, шу куни ўтиш-қайтиши осон бўлган.

Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланган Сўх, Шоҳимардон ва Чўнғара қишлоғи Қирғизистоннинг Боткен вилояти ичкарисида жойлашган.
Сўх, Шоҳимардон ва Чўнғарага Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан Водил ва Риштон чегара постларидан ўтиб борилади.
Риштондан Сўхгача 60 километрча, Водилдан Сўхгача 100 километрча Қирғизистон ҳудудини босиб ўтиш талаб қилинади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Уч аҳоли маскани яшовчилари ва тужжорий юк ортилган транспорт воситаларини Қирғизистон чегара ва божхона расмийлари биттама-битта текширадилар, шахсий эҳтиёж ва сотиш учун олиб борилаётган товарларни фарқлаш мақсадидаги текширувлар ҳам чегарадан ўтиш фурсатини узайтиради.
Сўхликларнинг айтишларича, чегарадан ўтиш-қайтишни осонлаштириш мақсадида раҳбариятга мурожаат қилганлари ортидан шу йил июнидан октябригача чегара масканлари 24 соат ишлаш тартибига ўтказилган.
Бу ўзбекистонликларнинг ҳаётини осонлаштирган, ёзда сўлим ҳордиқ чиқариш маасканларига сайёҳларнинг боришини ҳам енгиллаштирган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги масъулининг Би-би-сига айтишича, охирги кунлардаги чегарадаги тирбандликлар Қирғизистон расмийларининг ўз ҳудудида кўприкни таъмирлаётганлари билан боғлиқ.

Сурат манбаси, .
Аммо сўхликлар ўз манзилларига етиш учун Сўх дарёси устидаги кўприкдан фойдаланишга тўғри келмаслигини айтадилар.
"Энг катта муаммо - будкаларининг сони камлиги", дейди Сўх яшовчиси.
"Фақат ёзда туристлар келгани учун эмас, доим чегарани 24 соат очиб қўйсалар, яхши бўларди", дейди у.
Чунки ҳозир чегарадан ўтказиш нуқтасининг ишлаш вақти чекланган, иш вақти тугаганидан кейин келган инсонлар эрталабгача шу ерда кутиб қолишга мажбурлар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Сўхликлар Самарқандда бошланган ЮНЕСКО анжуманига мурожаат йўлладилар, Сўхни мулоқот марказига айлантириш билан мушкулларини ҳал этишга ёрдамлашишга чақирдилар.
Ўзбекистоннинг Сўх тумани аҳолиси 87000 ни ташкил этади.
Сўхликларнинг ўзлари "100 мингга етиб қолдик" дейишади.
2020 йили Қирғиз овули яшовчилари ва сўхликлар ўртасида низо келиб чиқди, у ерга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи боришига тўғри келди.
Президент Мирзиёев ва Президент Жапаровнинг кейинги йиллардаги келишувлари сўхликларнинг ҳаётини ҳам осонлаштирди, Сўх ичидаги йўллар, мактаблар қурилишига эътибор кучайди.
2021 йил ноябридан буён Сўх ва Фарғона ўртасида авиа қатнов йўлга қўйилган, ҳафтасига 3-4 парвоз амалга оширилади.
Аммо қуруқликдаги Қирғизистон ҳудуди ҳамон Сўхни Ўзбекистон билан боғлайдиган асосий йўл ҳисобланади.












