Халқаро дайжест: Путин яна огоҳлантирди, Ғазо режаси чиппакка чиқадими? Gen Z инқилоби, Шоҳруҳ Хон ҳаммани ортда қолдирди

Сурат манбаси, Getty Images
Путин: Tomahawk ракеталарининг Киевга етказилиши жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирмайди
Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, АҚШ томонидан Украинага Томагавк (Tomahawk) қанотли ракеталарининг эҳтимолий етказилиши Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга зарар етказади, аммо бу жанг майдонидаги вазиятга таъсир кўрсатмайди. Бу фикрни у "Валдай" мунозара клубининг йиғилишида билдирди.
"Томагавклар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу кучли қурол. Ҳа, у энди унчалик замонавий эмас, лекин барибир кучли ва таҳдид солувчи восита. Албатта, бу жанг майдонидаги кучлар нисбатига умуман таъсир қилмайди", — деди Путин.
Шунингдек, у Россиянинг ҳаво мудофаа тизимлари 2023-йилдан бошлаб АҚШ томонидан Украинага етказила бошланган АТАCМС ракеталарига мослашганини ҳам таъкидлади.
Ҳамас ҳарбий етакчиси АҚШ режасига қарши чиқди

Сурат манбаси, EPA
Ҳамас ҳарбий етакчиси АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш режасига қарши чиқди
Ғазодаги Ҳамас ҳарбий қаноти раҳбари Изз ал-Дин ал-Ҳаддад воситачиларга шуни маълум қилганки, у АҚШнинг янги ўт очишни тўхтатиш режасига рози эмас. Унинг фикрича, бу режада Ҳамас қандай жавоб бермасин, барибир йўқ қилиниши кўзда тутилган. Шу боис, у курашни давом эттиришга қатъий бел боғлаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан тақдим этилган 20 бандлик режа, Исроил томонидан аллақачон қабул қилинган бўлиб, Ҳамасдан қуролларни топширишни ва Ғазони бошқаришда келажакда иштирок этмасликни талаб қилади.
Ҳамас учун энг катта тўсиқлардан бири — режанинг дастлабки 72 соат ичида гаровдаги барча шахсларни топширишни талаб қилиши. Уларнинг сони 48 нафар деб тахмин қилинмоқда, аммо фақат 20 нафари тирик экани айтилмоқда. Бу эса Ҳамаснинг "энг муҳим савдолашув воситаси"дан воз кечишини англатади.
Ташкилот ичида Исроилга нисбатан ишончсизлик кучли, айниқса ўтган ой Доҳа шаҳрида Ҳамас етакчиларига қарши уюштирилган суиқасддан сўнг. Улар Исроил гаровдагиларни топширгач, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашидан хавотирда.
Бундан ташқари, Ҳамас етакчилари АҚШ ва араб давлатлари томонидан таклиф этилган "халқаро вақтинчалик барқарорлаштириш кучлари"ни янги босқинчилик шакли деб ҳисобламоқда. Ҳамас илгари ҳам қуролни фақат суверен Фаластин давлати ташкил этилгач топширишини билдирган.
Марокашда Gen Z норозиликларида ўлим ҳолатлари қайд этилди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Марокашда, Агадир яқинидаги Лқлия шаҳрида намойишчилар политсия бўлимига бостириб киришга уринганида, политсия ўқ узган. Камида икки киши ҳалок бўлган. Бу ҳолат Gen Z 212 деб номланган ёшлар ҳаракати бошланганидан бери илк ўлим ҳолати сифатида қайд этилди. Ҳаракат номи Марокашнинг халқаро телефон коди — 212 рақамидан олинган.
Политсия баёнотида айтилишича, улар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқ узишга мажбур бўлган, чунки бу ҳужумни тўхтатиш зарур эди.
Намойишлар ҳукуматнинг 2030-йилги FIFA Жаҳон чемпионати учун стадионлар қурилишини устувор деб билиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва иқтисодий инқирозга эътибор бермаётганига қарши қаратилган. Намойишчиларнинг энг кўп такрорлаётган шиори: "Стадионлар бор, касалхоналар қани?"
Расмий статистикага кўра, мамлакатда ишсизлик даражаси 12.8 фоизни, ёшлар орасида эса 35.8 фоизни ташкил этади. Норозиликлар Работ, Касабланка, Тангиэр ва Маракеш каби йирик шаҳарларга ҳам тарқалган. Маракешда политсия бўлими ёқиб юборилган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 409 киши ҳибсга олинган, 260 дан ортиқ политсиячи ва 20 нафар намойишчи жароҳатланган. Шунингдек, 40 та политсия машинаси ва 20 та шахсий автомобил ёқиб юборилган.
Шоҳруҳ Хон расман миллиардерлар сафида
Ҳиндистон киносининг машҳур юлдузи Шоҳруҳ Хон, 59 ёшда, эндиликда расмий равишда миллиардерлар сафидан жой олди, бу эса уни дунёдаги энг бой актёрлардан бирига айлантирди. Hurun India Rich List 2025 рўйхатига кўра, Кҳанънинг бойлиги 1.4 миллиард АҚШ доллари (тахминан £1.03 миллиард) деб баҳоланган.
Унинг молиявий муваффақияти асосан икки йирик бизнесга боғлиқ: Red Chillies Entertainment кинокомпанияси ва Knight Rider Sports крикет клуби. Бундан ташқари, у фильмлардан олган даромадлари, реклама шартномалари ҳамда глобал кўчмас мулк инвестициялари орқали ҳам катта фойда кўрган.
"Болливуднинг романтика қироли" деб аталувчи Xoн Ҳиндистон кино саноатида 30 йилдан ортиқ вақт фаолият юритган. Унинг бойлиги уни Риҳанна ва Тайгер Вудс (Tiger Woods) каби глобал машҳурлар қаторига қўшади.
Мутахассислар Шоҳрух Хоннинг миллиардерликка эришишини Ҳиндистонда ўзгараётган иқтисодий манзарани акс эттирувчи ҳолат деб баҳоламоқда. Эндиликда интеллектуал мулк, кўнгилочар саноат ва спорт анъанавий соҳалардан ташқарида ҳам жиддий бойлик манбаи сифатида шаклланмоқда.












