Толибон энди Ўзбекистон орзуси амалга ошишига ёрдам берадими ёки Афғонистонга тикилган умид

Ўзбекистон президенти ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати вакили икки мамлакат харитаси манзарасида. Kоллаж сурат.

Сурат манбаси, BBC/Rasmiy

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон, йиллардирки, Афғонистон орқали денгизга чиқишни режалаштириб келади. Шу сабабдан ҳам, Трансафғон темир йўли – мамлакатнинг энг бирламчи транспорт лойиҳаларидан. Темир йўл Ўзбекистонни нафақат денгизга олиб чиқиши, балки шимол ва жанубни ўзаро боғловчи транзит марказга айлантириши мумкин.

Бироқ, лойиҳа қанчалик умидли бўлмасин, мавжуд тўсиқлар унинг тақдирини номаълум қолдирмоқда. Толибоннинг давлат активлари музлатилган. Бу қурилиш харажатларини Ўзбекистон ва Покистон зиммасида қолдиради.

Толибон ҳукуматининг тан олинмаганлиги лойиҳа якунланганидан кейин ҳам унга халқаро институт ва компанияларни жалб қилишни қийинлаштириши мумкин.

Ўзбекистоннинг бу галги Трансафғон темирйўли лойиҳаси қанчалик ҳақиқатга яқин? Мамлакат қурилиш давомида нималарга тайёр туриши керак?

Ўзбекистон ва Афғонистон харитаси
Сурат тагсўзи, Афғонистон Ўзбекистон Жанубий Осиёга чиқадиган энг қулай ва қисқа йўл.

Темирйўл нега керак?

Ўзбекистон томонидан 2018 йил декабрида илк бор таклиф қилинган Трансафғон темир йўли лойиҳаси Афғонистон темирйўл тармоғини Мозори Шарифдан Кобулга, сўнгра Нангарҳор вилоятига чўзишга қаратилган.

Темир йўл Торхам чегарасини кесиб ўтиб, Пешовар орқали Покистонга ўтади. Покистонга келгандан сўнг, юклар Покистон темирйўл тизимига уланади. У ердан Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим денгиз портларига олиб боради.

Темир йўл йилига 20 миллион тоннагача юк ташиш қувватига эга бўлиши ва ишга тушгач, Ўзбекистондан Покистонга транзит йўл вақтини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартириши кутилмоқда.

Темир йўл линияси 647 км бўлиши режалаштирилган ва қурилишнинг тахминий қиймати 4,6 миллиард доллар.

Лойиҳа Ўзбекистон учун каррасига юқори иқтисодий ютуқларни ваъда қилиши айтилмоқда.

Бироқ, уни қуриш масаласи савол остида.

Сабаби, молиявий, техник ва географик тўсиқлар ҳануз сақланиб қолмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Молиявий тўсиқлар

Улардан бири таклиф этилаётган темирйўл линиясини молиялаштириш масаласидир. Шунингдек, Афғонистоннинг мураккаб экологик релефини ҳисобга олган ҳолда, тахмин қилинган харажатлар сезиларли даражада ошиши мумкин.

Тошкент халқаро молия институтлари (Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқалар) маблағларини жалб қилишни режалаштирган. Бироқ ҳозирча бу борада аниқ натижалар маълум эмас.

Покистон темир йўл қурилиши учун маблағ тўплашини ва Афғонистон ҳудудида қурилувчи линиянинг маълуми қисмини молиялаштиришини билдирган.

Кузатувчиларнинг фикрича, қурилиш бошланишидан аввал қилиниши керак бўлган илк масала бу Толибон томонидан хавфсизликнинг таъминланишидир.

Мустақил сиёсий таҳлилчи Юнис Шарифли ИШИД томонидан чиқарилган баёнотлар ва Толибон билан ҳамкорлик қилувчи мамлакатларни нишонга олувчи таҳдидлар темирйўл қурилишини янада кечиктираяпти, деган фикрда.

"Айни пайтда Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашуви молия институтлари билан кредит линиясини таъминлашни янада қийинлаштиради. Толибон Афғонистонда қонунийликни қўлга киритиш учун курашиб келмоқда. Бироқ, бутун мамлакат ҳануз этник тўқнашувлар ботқоғида", - дейди у.

Толибоннинг аёлларга нисбатан сиёсати ҳам халқаро молиялаштириш механизмларидан фойдаланишни қийинлаштираётган сабаблардан бири сифатида кўрилади.

Кўп томонлама молия институтлари ва донор давлатлар ўз ёрдамини маълум бир бошқарув тамойиллари билан шартлайди. Бу эса молиялаштириш ва ғарбий инвесторларни жал қилишдаги асосий муаммолардан бирига айланган.

Yunis Sharifli
Taqdim
Afg‘onistondagi xavfsizlik bilan bog‘liq vaziyatning yomonlashuvi moliya institutlari bilan kredit liniyasini ta’minlashni yanada qiyinlashtiradi.
Yunis Sharifli
Mustaqil tahlilchi

Географик тўсиқлар

Темирйўл линиясининг бир қисми Ҳиндукуш тоғли ҳудудидаги Саланг довони орқали 3500 метр баландликдан ўтиши режалаштирилган. Бу уни дунёдаги энг баланд темирйўл линияларидан бирига айлантиради.

Кузатувчиларнинг фикрича, Саланг довони қиш мавсумида кучли қор ёғишига мойил бўлиб, бу темир йўлни узоқ вақт давомида ишламай қолишга олиб келиши мумкин. Айни сабабдан темирйўл линияси учун тоғ остида туннел қуришга ҳам тўғри келади, дейди уларнинг баъзилари.

Бу каби географик ва об-ҳаво шароити билан боғлиқ муаммолар инфратузилмага чекловлар қўйиши ва етказиб бериш вақтини ошириши мумкин.

Хусусан, ўзбек журналисти Юрий Черногаев юритадиган "На Востоке не все как кажется" ("Шарқда ҳамма нарса кўрингандек эмас") Телеграм саҳифасида ҳудуддаги релеф жуда катта муҳандислик муаммосини келтириб чиқариши айтилади.

Постда баландлиги 3 000 метрга етадиган тоғлар, 1 200 та иншоот қурилиши, жумладан 360 та кўприк ва узунлиги жами 70 км бўлган туннеллар барпо этилиши савол остига олинган.

"Қурувчилар, айниқса, туннеллар билан қизиқишяпти. Бизга айтилаётган рақамлар мутлақо ҳақиқий эмас. Таққосланг: Европа ўзининг супер технологиялари билан, Сент-Готтҳард темирйўл туннелини [Ҳиндикушга қараганда] анча 'қулай' бўлган жойда 15 йил давомида қура олди. Унинг узунлиги 51 км. Харажати 10 миллиард доллар бўлган", — дея даъво қилинади хабарда.

Қурилишда иштирок этаётган томонларнинг ҳеч бири эълон қилинган умумий харажатлар қандай тақсимланиши ва қурилиш объектларининг жойлашуви ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Бироқ, айрим кузатувчи ва фаолларнинг фаразларига кўра, темирйўл қурилиши маълум қилинган миқдордан кўра анча кўп маблағни талаб қилади.

Шунга қарамай, айни лойиҳа Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон билан чекланиб қолмаяпти. Гарчи Ғарб мамлакатлари унга жиддий қизиқиш билдирмаган бўлса-да, бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия лойиҳа қурилишига алоҳида эътибор билан ёндашмоқда.

Аммо Ўзбекистоннинг бошқа транспорт лойиҳалари, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига қаршилик қилиб келгани айтилувчи Россия мамлакатнинг бу галги лойиҳасини нега умидли деб топмоқда? Транс-Афғон темир йўли санкциялар қуршовида қолган Россия учун нималарни ваъда қилиши мумкин?

Темирйўлдаги поезд

Сурат манбаси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

Сурат тагсўзи, Темирйўл линиясининг бир қисми Ҳиндукуш тоғли ҳудудидаги Саланг довони орқали 3500 метр баландликдан ўтиши режалаштирилган. Бу уни дунёдаги энг баланд темирйўллардан бирига айлантиради.

Россия бундан нега манфаатдор?

Айрим кузатувчиларнинг нуқтаи назарига кўра, Россиянинг асосий стратегик манфаатлари — Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтириш ва Ғарбнинг минтақадаги мавжудлигига қарши туришдир.

Европа Иттифоқи минтақада Транс-Каспий йўлагини қуришга интилаётган бир пайтда, Москва Трансафғон инфратузилма лойиҳасида қатнашиш орқали Афғонистон атрофидаги асосий ташқи куч сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши мумкинлиги айтилади.

Шунингдек, узоқ шимолдан узоқ жанубга қадар чўзилиши мумкин бўлган лойиҳа Марказий Осиё давлатлари учун Хитойнинг "Бир камар – бир йўл" ташаббусига муқобил вариантни таклиф қилиши мумкин.

Мустақил таҳлилчи Юнис Шарифли темирйўл Россиянинг кенгроқ мақсадларига ҳам мос келишини таъкидлайди. Унга кўра, бу айниқса Россия халқаро санкциялар остида бўлган вақтда муҳим аҳамият касб этмоқда.

"Иқтисодий жиҳатдан Россия Трансафғон темир йўлини Жанубий Осиё бозорларига кириш ва янги савдо йўлакларини очиш имконияти сифатида кўради. Бу йўл Россияга энергия, фойдали қазилмалар ва саноат маҳсулотларини Покистон, Ҳиндистон ва бошқа Жанубий Осиё давлатларига экспорт қилиш имконини беради", - дея мулоҳаза қилади у.

Москва – Толибон билан дипломатик алоқаларни сақлаб келаётган кам сонли йирик кучлардан, шунингдек, уни террорчи гуруҳлар сафидан чиқарган илк ҳукуматлардан бири.

"Инфратузилма ривожига кўмаклашиш орқали Россия Афғонистон ҳозирги раҳбарияти билан ишлашга тайёр прагматик ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши, Ғарб четда турган бир пайтда узоқ муддатли стратегик устунликларни қўлга киритиши мумкин", - дейди Юнис Шарифли.

Унинг фикр билдиришича, Москва бу лойиҳа ортидан халқаро савдони давом эттириш, санкцияларнинг иқтисодий таъсирини камайтириш ва Марказий ҳамда Жанубий Осиё устидан таъсирини кучайтиришни мақсад қилмоқда.

Шу йўл билан Москва Ғарб ҳукмронлигидаги савдо тизимларидан мустақил минтақавий иқтисодий тармоқни шакллантиришни истамоқда, дейди у.

Темирйўл қурилиши мумкинми?

Jasurbek Choriyev
O‘zbekiston Respublikasi Transport vazirligi
Menimcha, bu muddatlar juda qisqa, ammo ulkan rejalarni o‘z ichiga oladi — biz olti oyni belgiladik. Odatdada bunday loyihalarni ishlab chiqishga bir-ikki yil kerak bo‘ladi.
Jasurbek Choriyev
O‘zbekiston Respublikasi Transport vaziri o‘rinbosari

Лойиҳа атрофидаги муҳокамалар йиллардирки давом этиб келаётган бўлса-да, қурилишнинг асосий қисми қачон бошланиши ва ундаги ҳисобдорлар ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев июлда "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервюсида темирйўл қурилиши яқин олти ой ичида бошланиши мумкинлигини билдирган.

"Темирйўл қурилишини бошлашдан аввал биз томонлар ўртасида маълум муддатларни белгиладик. Менимча, бу муддатлар жуда қисқа, аммо улкан режаларни ўз ичига олади — биз олти ойни белгиладик. Одатда бундай лойиҳаларни ишлаб чиқишга бир-икки йил керак бўлади", - деган у.

Бироқ, Чориев ҳам айни вақтда лойиҳага қизиқиш билдираётган йирик халқаро ҳамкорлар ҳақида аниқ маълумот бермаган. Аксинча, у қурилиш бошланганидан кейим бу каби қизиқиш ортишидан умидвор эканлигини таъкидлаб ўтган.

"Томонларнинг тезроқ амалга оширишга бўлган ишончини ҳисобга олган ҳолда жараённи тезлаштирмоқчимиз. Шу жараёндан сўнг ТИАни бошқа давлатларга тақдим этиб, аниқ прогноз ва салоҳиятни кўрсатиб, қизиқишни жалб қилиб, лойиҳани биргаликда амалга ошириш мумкин бўлади", — деган у.

Мутахассисларнинг мулоҳаза қилишича, темирйўл қурилиши учун ҳал қилувчи уч омил мавжуд: етарли молия ва техник экспертизани жалб этиш, Афғонистон ҳукуматининг кенгроқ халқаро тан олинишига эришиш ҳамда йўл бўйлаб хавфсизлик кафолатларини таъминлаш.

"Қисқа муддатда (кейинги 5 йил) лойиҳа амалга ошиши эҳтимоли паст, чунки хавфсизлик, молиялаштириш ва дипломатик изоляция жуда кўп номаълумликлар туғдиради", - дейди Юнис Шарифли.

Унинг фикрига кўра, Афғонистон ҳукумати халқаро миқёсда тан олинсагина, темирйўл қурилиши учун сиёсий ва молиявий шароит пайдо бўлиши мумкин.