Ўзбекистон: Толибон келишувни бажармади – Афғонистон билан темир йўл алоқаси буткул тўхтади. Бу нимани англатиши мумкин? Янгиликлар

taliban

Сурат манбаси, Uzrailways

Сурат тагсўзи, Толибон келишув шартларини амалга оширмаётгани туфайли Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини айтилмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Толибон келишув шартларини амалга оширмаётгани туфайли Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини эълон қилган.

Ширкатнинг 31 январь куни Афғонистонга юк ташувчи тадбиркорларга йўллаган мурожаатида қатнов 1 февралдан тўхтатилаётгани айтилади.

Бир вақтнинг ўзида матбуотда қатнов 28 январдаёқ тўхтагани ва чегарада "минглаб тонна" тез бузилувчи маҳсулотлар туриб қолгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Толибон Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўли бошқаруви ҳуқуқини Ўзбекистондан олиб, Қозоғистон компаниясига беришни режалаётгани тўғрисида хабарлар чиққан эди.

Бироқ "Ўзбекистон темир йўллари" бу хабарларни рад этганди.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида темир йўл алоқаси узилиб қолгани нимани англатади?

Келиша олмаган томонлар

31 январь куни "Ўзбекистон темир йўллари" Афғонистон билан темир йўл алоқаси вақтинча тўхтатилаётганини эълон қилди.

Ширкатнинг хабар беришича, бунга Толибон икки ўртада келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабаб бўлган.

Расмий хабарга кўра, декабрь ойида икки томон Термиз шаҳрида учрашиб, Афғонистон ҳудудида 1 февралга қадар Афғон темир йўллари ишчилари томонидан техник ишларни амалга оширишга келишиб олган.

Шунингдек, учрашувда Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўл линияси эксплуатацияси бўйича янги шартномани 27 январга қадар имзоланишига келишилган.

Аммо, эндиликда, Ўзбекистон томони Афғон Темир йўл бошқармаси келишув шартларини ўз вақтида бажармаганини айтмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Оқибатда, 1 февралдан икки давлатни боғлаб турувчи Термиздаги Ғалаба ва Афғонистондаги Ҳайратон темир йўл станциялари ўртасидаги қатнов номаълум муддатга тўхтатилган.

Бу эса Афғонистон билан темир йўл алоқаси буткул узилганини англатади.

Чегарада "туриб қолган юклар"

Мазкур расмий хабар чиқиши ортидан Bugun.uz нашри Афғонистондаги ўз мухбири хабарига таяниб, Толибон ўзбек томони билан келиша олмагани туфайли юклар ташуви 28 январдаёқ тўхтаб қолгани ҳақида ёзган.

Нашрнинг хабарида айтилишича, мухбир "минглаб тонна" тез бузилувчи маҳсулотлар Ўзбекистон чегарасида туриб қолгани ҳақида хабардор бўлган.

"Ўзи шундоқ ҳам қийин вазиятда бўлган Афғонистонда, бу қишдаги аномал совуқлар етмагандек, афғон темир йўлчилари сабаб, тадбиркорларнинг юклари номаълум муддатларга туриб қолишмоқда. "Ўзбекистон темир йўллари" ва Афғонистон орасида тузилган шартнома муддати ўтган йилнинг декабрда тугаган, янги шартнома тузиш ишларида афғон томони ҳеч қандай ҳаракат ёки чоралар кўрмаяпти. Афғонистон темир йўллари раҳбарияти бундан буёғига ўзбеклар билан эмас, қозоқлар ёки украинлар билан ишлаши ҳақида миш-мишлар юрибди. Афғонистон темир йўл бошқармаси ҳам ушбу вазият бўйича тайинли маълумот бермаяпти", деган Bugun.uz мухбири билан суҳбатлашган афғонистонлик маҳаллий тадбиркор.

Ҳозирча, Толибон мазкур хабарларга изоҳ бермаган.

2011 йилда Ўзбекистон Афғонистон шимолидаги Ҳайратон ва Мозори Шариф шаҳарларини боғловчи 75 километрлик темир йўлни қуриб битказган ва шу тариқа икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаси сезиларли яхшиланган.

Ўша йилдан бошлаб мазкур йўлдаги барча хизматлар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "Сўғдиёна Транс" шўба корхонаси томонидан амалга ошириб келинган.

Шундан бери Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўли тижорат юкларини ташиш, хусусан, сўнгги йилларда Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказишда асосий риштага айланган.

Декабрь ойида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев биргина 2022 йил ҳисобидан жанубий қўшнига етти партия инсонпарварлик ёрдами етказилганини маълум қилганди.

Жанубга чиқиш йўли

taliban

Сурат манбаси, Uzrailways

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Толибон делегацияси декабрь ойида темир йўл масаласида музокаралар олиб боргани хабар қилинган эди.

Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўли Ўзбекистон учун нафақат Афғонистон билан савдо алоқалари, балки жанубдаги денгиз йўлига чиқиш учун муҳим ҳисобланади.

Россиянинг Марказий Осиёга нисбатан кучайиб бораётган босими, айниқса, Украинадаги уруш манзарасида Ўзбекистон Покистон денгиз портларига чиқиш йўлини очишни ўзининг энг асосий мақсадларидан бирига айлантирган.

Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларининг топталиши даъволари асосида халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқиди ва қораловига учрашига қарамай, 2021 йил августида Афғонистондаги ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон билан биринчилардан бўлиб дўстона алоқа ўрнатган.

Ўтган йилнинг баҳорида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон келишуви асосида уч мамлакатни ўзаро боғловчи қарийб 600 километрлик Мозори Шариф - Кобул - Пешавор йўналишини ўз ичига олган Транс-Афғон темир йўли қурилиши бошланган.

Ўзбекистонни "денгизга чиқиш имконияти бор" мақомдаги мамлакатга айлантириши айтилган мазкур лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки қиймати қарийб $5 миллиардга баҳоланган ва асосий молиялаштириш вазифаси расмий Тошкент зиммасига тушган.

"Узоқ давом этган Россия-Украина можароси туфайли юзага келган геосиёсий ўзгаришлар ва беқарорлик таъминот йўналишлари бўйича глобал ҳисоб-китобларни ўзгартириб юборди, айниқса Ўзбекистонда, яъни илгари амалга ошириш мумкин эмас деб ҳисобланган инфратузилмавий лойиҳалар ҳозирда олға сурилмоқда. Фойда олувчилардан бири Ўзбекистон томонидан кучли суръатда илгари сурилган Транс-Афғон темир йўли лойиҳаси бўлиб, у эндиликда Тошкентни йирик потенциал экспорт бозорлари, жумладан, Хитой ва Европа Иттифоқи билан боғлаши мумкин.

Транс-Афғон темир йўл лойиҳаси жадал ривожланмоқда, чунки Ўзбекистон Покистоннинг Карачи, Гвадар ва Қосим денгиз портларига киришни ўзини устувор мақсади деб ҳисоблайди, бу Тошкентнинг транспорт коридорларни диверсификация қилиш ва Евро-Осиё савдо ҳажмини оширишга қаратилган ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда", дейилади "Ўзбекистон темир йўллари"нинг 2022 йил августдаги хабарида.

Томонлар ихтилофи

Ўзбекистоннинг темир йўл алоқаси масаласида Толибон билан муносабатлари доим ҳам силлиқ кечмаган.

2022 йилнинг апрель ойида Толибон Транс-Афғон лойиҳасининг асоси бўлмиш Ҳайратон - Мозори Шариф йўналиши эксплуатацияси бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни тўхтатаётгани тўғрисида хабарлар чиққан, аммо "Ўзбекистон темир йўллари" бу хабарларни рад этган.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Толибон айни йўналиш бошқарувини Қозоғистон компанияларидан бирига топшираётгани хабар қилинган.

Афғонистоннинг ToloNews нашри мамлакат Темир йўл бошқармаси раҳбари Бахт Раҳмон Шарафатдан иқтибос келтириб, Қозоғистон компанияси темир йўл йўналишида хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг "Сўғдиёна Транс" корхонаси билан келишувдан кўра сезиларли паст нарх сўрагани ҳақида ёзган.

"Ўзбекистон темир йўллари" мазкур хабарни ҳам нотўғри, дея атаб, Ҳайратон - Мозори Шариф темир йўли бўйича бошқарув ҳуқуқини йўқотмагани ва бу борада Толибон билан ҳамкорлик давом эттирилишини маълум қилганди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek