Янги темирйўл: Қирғизистонда Ўзбекистон борасида нимага эътироз билдиришмоқда? Dunyo, Yangiliklar, O'zbekiston

temir yol

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон Темир йўлини қуриш бўйича ҳаракатлар бошланди. Янги йўлнинг катта қисми тўғри келадиган Қирғизистонга хитойлик мутахассислар келиб, аллақачон техник-иқтисодий асосини ҳисоблаб чиқишни бошлаб юборган.

"Ишчи гуруҳнинг ярми Норин ва ярми Жалолобод вилоятида ишламоқда. Улар лойиҳанинг техник иқтисодий асосини ҳисоблаб чиқиш ишларини олиб боришмоқда", дейди Қирғизистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Элмира Шарипова.

15 Сентябр куни Самарқандда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон қарийб 30 йилдан бери музлатиб қўйилган темир йўлни қуришга келишиб олганди.

Хитой Европага қуруқликдан Россия ва Қозоғистон орқали юк ташийди. Мутахассислар Россия Украинага бостириб киргач санкцияларга дучор бўлиши натижасида Хитой Европага ўтиш йўлларини кўпайтиришга аҳд қилганини айтишади.

Янги йўл масофа вақтини ҳам кескин қисқартириши айтилмоқда.

"Россия ёпилганидан кейин, муқобил йўллар қидирилади бошланди. Энди ҳозир Қозоғистон Каспий денгизига чиқиб, ундан Озарбайжонга, Озарбайжондан Грузия ўтиб, у ердан яна Қора денгиз орқали Руминияга чиқмоқчи бўляпти. Лекин бу жуда мураккаб. Агар Хитой Қашқар орқали Ўшга чиқса, Ўшдан Андижон, ундан тўғри Туркманистон орқали Туркияга чиқишга тўғри йўл бор. Шу йўл қисқа ва йўл атрофидаги халқлар ҳам фойдаланади", дейди иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Ушбу лойиҳа учун ўртача 5-7 миллиард доллар сарфланади. 280 чақирим масофа янги темир йўл ўтадиган Қирғизистон ундан бир йилда ўртача 200 миллион доллар фойда кўриши айтилмоқда.

Темир йўлдан фойдаланиш эвазига Ўзбекистон бир йилда қанча фойда кўриши ҳозирча айтилгани йўқ. Бироқ асосан шимол орқали ўтадиган йўлларга қарам бўлиб қолган ва анча йиллардан бери дунёга чиқиш учун барқарор муқобил йўл излаётган Ўзбекистон учун бу лойиҳа стратегик аҳамиятга эга бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ҳали ўрганиш ишлари давом этаркан, Қирғизистонлик тадбиркорлар темир йўл изларини алмаштириш станцияси Ўзбекистонда эмас Қирғизистонда бўлиши кераклигини ва темир йўл қайси ҳудудлардан ўтса Қирғизистон иқтисодига кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини муҳокама қилишмоқда.

"Қирғизистон дунё логистика тармоғига янги таклиф билан чиқиб, ўзида янги бир ҳаб қуриши мумкин. Агар биз бу лойиҳани Мақбал орқали қолдирсак, у ёқда аэропорт, инфратузилмаси ривожланиши учун шароит йўқ, сабаби у ерларда халқ йўқ. Фақат карго учун аэропорт қурилмайди. Агар биз Ўш ёки Жалолободнинг ёнига аэропорт қурсак, Фарғона (водийсидаги) даги 15-20 миллион йўловчи ўша томондан уча бошлайди, ёнида товарлар ҳам уча бошлайди. Қирғизистон бу ердан бутун Евроосиёга товар тарқата олади", дейди қирғизистонлик тадбиркор Жодар Сайдилкан.

Ғояси 1990 йиллар бошида ташланган темир йўл қурилиши шу вақтгача пайсалга солиниб келишига кузатувчилар турли сабабларни айтади.

Айрим мутахассисларга кўра, қурилишнинг бошланмаганига Марказий Осиё давлатларининг Хитойга эҳтиёткорлик билан ёндошгани асосий сабаб.

Бошқа кузатувчиларнинг айтишича, Россия ҳукумати ушбу лойиҳа бошланишига хайрихоҳ бўлмаган.

Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон 2023 йилнинг июн ойигача лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёр қилишга келишиб олган.

Қурилиш режадагидек кетса, темир йўл 2030 йилга бориб ишга тушиши мумкин.

Ҳозирча эса уни қуриш учун маблағни ким қанча тўлайди, бошқарув қандай амалга оширилади каби саволлар очиқ қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek