Ўзбекистонга икки минг жиноий иш қандай қилиб кетаётганди? Хитойдан Афғонга Андижон орқали поезд кетди. МИБ: Қарзинг бўлса, тўлаб кет! Ўзбекистон, янгиликлар

Раиса Худойберганова

Сурат манбаси, Social media

  • Олмаотада яна бир қорақалпоқ фаоли ҳибсга олинди;
  • Хитойдан Афғонистонга Ўзбекистон орқали янги юк поезди кетди;
  • Олтин-валюта захиралари 2021 йил апрелидан бери энг паст даражага тушди;
  • Россиядан Ўзбекистонга кетаётган юк машинасида икки минг жиноий иш топилди;
  • МИБ қарздорларга аэропортда тўлаб, тақиқни ечиш имконини яратди.

Яна бир қорақалпоқ фаоли ҳибсда

Июль ойи бошида Қорақалпоғистонда рўй берган оммавий норозилик намойишлари юзасидан Қозоғистонда яна бир қорақалпоғистонлик фаол Райса Ҳудайбергенова ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратов ОАВларга хавфсизлик ходимлари 16 сентябрь куни Райса Ҳудайбергеновани иш жойидан олиб кетишганини хабар қилган.

Алоқадор мавзулар:

Маълумотларга кўра, Райса Ҳудайбергенова Олмаотадаги тиббий марказларнинг бирида врач-кардиолог бўлиб ишлаган.

Аввалроқ Қозоғистонда фаоллар Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетовлар 13 сентабрь куни Олма-Отадаги яшаб турган уйларидан олиб кетилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратовнинг Озодликка айтишича, ҳибсга олинган фаоллар Олма-Отада узоқ вақтдан бери яшаб келишади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ИИВлари қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳибсга олиниши бўйича ҳали изоҳ беришгани йўқ.

Биринчиси кетди

Хитойдан Афғонистонга Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали янги юк поезди йўналиши йўлга тушди.

поезд

Сурат манбаси, official

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, 19 сентябрь куни Қашғар-Ўш-Андижон-Ғалаба-Ҳайратон (Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон) янги транзит йўналиши бўйлаб контейнер поездини синовдан ўтказиш бошланган.

- Ўзбекистондан 12 дона 40 футлик контейнердан иборат биринчи поезд йўналиш бўйлаб жўнаб кетди. Юк таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника ва халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотлар киради, - дейилади хабарда.

Шунингдек, маҳсулотлар Хитой томони томонидан контейнерларга жойлаштирилгани ва Ўш вокзалида (Қирғизистон) бу контейнерлар Ўзбекистонга тегишли фиттинг платформаларига ортилгани айтилади.

- Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, синов лойиҳасининг барча томонлари кўриб чиқилгач, фақат Афғонистон йўналишида юк ташиш ҳажми йилига 4 минг контейнердан зиёдни ташкил қилади, - дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабарида.

Олтин захираси камаймоқда

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2021 йил апрелдан бери энг паст даражага етди.

олтин

Сурат манбаси, official

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 сентябрь ҳолатида Ўзбекистоннинг расмий захира активлари ўтган ойга нисбатан 527,4 млн долларга камайиб, 34,08 млрд долларни ташкил этган.

Мазкур пасайиш асосан хорижий валютадаги захираларнинг камайиши (432,9 млн долларга камайиб — 12,04 млрд долларни ташкил этди) ҳисобига юз берган.

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон қимматбаҳо металл экспортини тўхтатгани хабар қилинган.

Ўзбекистонга кетаётган жиноий ишлар

Россиядан Ўзбекистонга кетаётган юк машинасида икки минг жиноий иш топилди.

макалатура

Сурат манбаси, Social media

Оренбург вилоятидаги «Сагарчин» чегара постида трактор тиркамасига жойлаштирилган жиноий ишларнинг сиқилган ҳажмлари топилгач, тегишли идораларга хабар берилган.

Тергов-суриштирув давомида маълум бўлишича, жиноий иш материаллари Бошқирдистон полицияси томонидан қоғоз чиқиндиларига топширилган.

Терговчилар сиқилган қоғозни қайта ишлаш учун Ўзбекистонга макулатурани йиғувчи «Экология РБ» компанияси жўнатганини аниқлади.

- Тиркамада 1956 та жиноий иш бўлиб, уларнинг учдан бир қисми йўқ қилинган деб топилди, қолганлари архивга топширилди. Уларнинг барчаси даъво муддати ўтганлиги сабабли тугатилган. Ишларни икки нафар полиция ходими макулатурага топширган ва бунинг учун улар етти минг рублдан кўпроқ пул олишган, - деб ёзади "База" Телеграм канали.

Айни пайтда жиноий иш ҳужжатларини макулатурага топширган полициячиларнинг иши кўриб чиқилади, чунки жиноят ишлари қонунга кўра, махсус комиссия назорати остида йўқ қилиниши керак.

Тўламасанг кетолмайсан

Ўзбекистон Мажбурий Ижро Бюроси хорижга чиқувчи фуқаролар учун қарзни аэропортнинг ўзида тўлаш ва тақиқни ечиш имкониятини йўлга қўйган.

миб

Сурат манбаси, official

«Дарё.уз» сайтининг МИБ матбуот хизматига таяниб ёзишича, Тошкент халқаро аэропортида фуқароларда қарздорлик сабабли юзага келган тақиқлар масаласига аниқлик киритиш ва уларни ечиш, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали қарздорликларни бартараф этиш мақсадида МИБнинг махсус интерактив хизматлар шохобчаси ташкил қилинган.

Хабарга кўра, ушбу шохобчада хизмат кўрсатаётган ходимлар орқали қарздорлик туфайли тақиқ бор ёки йўқлигини билиб олиш ва қарздорликни шу заҳоти ушбу сайтда электрон тўлов тизимлари орқали амалга ҳам ошириш мумкин.

"Фуқароларнинг суд ва бошқа орган ҳужжатларига мувофиқ белгиланган қарздорликнинг ўз вақтида тўламаслиги оқибатида Республика ҳудудида чиқиш ҳуқуқи чекланиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам алимент тўлаш учун жавобгар шахс бўлган ва турмуш ўртоғидан суд томонидан махсус рухсатномага эга бўлмаган йўловчининг алимент тўлаш бўйича қарзи бўлмаган тақдирда ҳам чет элга чиқиши тақиқланади", эслатади нашр.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek