Қуюқ туман Россия кучларига Украина муҳим шаҳри Покровскка кириб боришида қўл келмоқда

Ukraina sharqidagi yo'l bo'ylab mototsiklda ketayotgan ruslarning tumandagi surati

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Душанба куни ижтимоий тармоқларда россияликларнинг туманда Покровскка мотоциклларда кириб келаётгани видеолари пайдо бўлди
    • Author, Абдужалил Абдурасулов
    • Role, Киевдан
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қалин туман рус қўшинларига Украинанинг шарқидаги муҳим стратегик шаҳар - Покровскга янада чуқурроқ кириб боришга имкон берди. Украинанинг 7-ҳаво-десант ҳужум корпуси об-ҳаво шароитлари, хусусан зич туман, Москвани вайрон бўлган шаҳарга кўпроқ кучларни киритиш ва украин қўшинларини ўраб олиш ҳаракатини кучайтиришга ундаганини айтмоқда.

Рус кучлари шаҳарни эгаллаш учун бир йилдан ортиқ вақт сарфлади. Украина ҳарбийлари ҳозир у ерда 300-500 рус аскари бўлиши мумкинлигини билдиради. Президент Володимир Зеленский эса вазият мураккаблигича қолаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, армия қўмондони Олександр Сирский жануби-шарқдаги Запорижжя вилоятидаги фронт чизиғидаги вазият "сезиларли даражада ёмонлашганини", учта аҳоли пунктининг йўқотилганини маълум қилди.

Россия энг фаол ҳаракатларни Покровск атрофида амалга оширмоқда. Ижтимоий тармоқларда рус аскарлари фуқаролик автомобиллари ва мотоциклларда туманли йўлда очиқчасига ҳаракатланаётганини кўрсатган видео тарқалиб кетди.

BBC ушбу видео тасвирланган жойни тасдиқлади - у шаҳар жанубий чеккасида, Селидове–Покровск автомагистралида олинган.

"Бир неча кун давомида туман ҳаво разведкасини амалга ошириш имконини чеклади", дейди 68-бригаданинг "Шершни Довбуша" бўлинмасига мансуб, чақирув номи "Ғоз" бўлган дрон бошқарувчиси.

У BBC га айтишича, руслар "жасорат қилиб", одатда, украин дронлари томонидан дарҳол йўқ қилинадиган автомобиль колонаси билан ҳужум бошлашга уринган.

Алоқадор мавзулар

Украин дрон бошқарувчиси BBC га унинг бўлинмаси пиёда ва мотоциклда олдинга силжишга уринган кичик рус гуруҳларини мунтазам аниқлаб, йўқ қилиб келганини айтди. Улар якшанба куни тасвирга олингани айтилаётган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги ҳужумни қайтаришда ҳам иштирок этган.

"Ғоз"нинг айтишича, конвой қисман йўқ қилинган, бироқ об-ҳаво шароити туфайли ҳужумни қайтариш жараёни видеокузатув остида бўлмаган, шунинг учун у, бутун гуруҳ зарба олиб-олмаганига ишонч ҳосил қила олмаган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Бир ҳафта аввал Зеленский Покровскда 300 га яқин рус аскари жанг қилаётганини тахмин қилганди. Видео тасвирлар бу рақамлар ўша пайтдан бери ошганини кўрсатмоқда ва ҳарбийлар ҳам буни чоршанба куни тасдиқлади — шаҳар жанубий ҳудудлари энди Россия назорати остида.

Украина асосланган DeepState мониторинг гуруҳи хариталарига кўра, рус қўшинлари Покровскнинг аксарият ҳудудларига яқинлашмоқда. Баъзи кузатувчилар унинг қулаши яқин деб ҳисоблайди.

Шаҳар кўп қисми ҳозирда "кулранг зона"да, яъни ҳеч бир томон тўлиқ назорат қилмайди, дейди "Ғоз". "Биз бир бинода позицияни ушлаб туришимиз мумкин, аммо душман кейинги бинода бўлиши мумкин. Улар орқамиздан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда," дейди у.

Москва Покровск ва қўшни Мйрноҳрадни "қозон" деб аталадиган усулда ўраб олишга уринмоқда. "Қопқоқ" ёпилмаса ҳам, руслар FPV дронлар ёрдамида кириш-чиқиш йўлларини доимий нишонга олиши мумкин.

Бундай ўраб олишнинг олдини олиш учун украин қўшинлари русларни "қозон"нинг шарқий қисмидаги Суворове ва Родйнскедан орқага суриб, рус қанотлари орасида катта бўшлиқ яратди.

Рус кучлари Покровскдаги украин қўшинларини таъминлайдиган логистика йўлларини узишга ҳаракат қилмоқда. Улар таъминот йўлларига фақат дрон ва артиллерия билан узоқдан эмас, балки ердан аскар юбориш орқали ҳам ҳужум қилмоқда, дейди украин дрон бошқарувчиси BBC га.

Бу тактика "инфилтрация" деб аталади ва жуда самарали бўлиб чиқди, дейди украин ҳарбий таҳлилчиси Костянтин Машоветс. Унинг фикрича, рус кучлари украин FPV бошқарувчиларини махсус нишонга олган, шунинг учун улар кичик рус гуруҳларининг ҳаракатини аниқлаш учун етарли ресурсларга эга эмас.

Шаҳар шароитида рус аскарлари баъзан маҳаллий аҳоли ёки украин ҳарбийлари кийимида кириб келади, дейди Машоветс.

"Уларнинг асосий мақсади - украин ҳимоячилари орасида тартибсизлик яратиб, рус қўшинлари ҳужуми учун йўл очиб бериш", дея қўшимча қилади у.

Кремл фронтнинг бошқа қисмларида ҳам босимни оширмоқда — шимол-шарқда Купянскда ва жанубда Запорижжя вилоятида.

Қўшма кучлар операцияси вакили Виктор Трегубов Москванинг Купянскни ўраб олганлик ҳақидаги даъвосини рад этди, аммо шаҳарнинг жанубида рус қўшинлари борлигини ва вазият мураккаблигини тан олди.