Россия қандай қилиб Украина болаларини ўз ватанига қарши курашга тайёрламоқда?

Сурат манбаси, BBC/ Angelina Korba
- Author, Zhanna Bezpiatchuk
- Role, ВВС News Ukraine
- Reporting from, Kyiv
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Украина жанубидаги Херсон вилоятининг Россия ишғоли остидаги ҳудудида мактаб ўқувчилари оч жигарранг ҳарбий кийим ва қизил берет кийган синфдошлари медал ва совғалар олаётганини жимгина кузатмоқда.
Форма кийган болалар Россиянинг "Юнармия" – "Ёш армия" деб номланган умуммиллий ҳарбий-ватанпарварлик ёшлар ҳаракати аъзоларидир. Энг кичик аъзолар атиги 8 ёшда.
Юнармия аъзолари қатор имтиёзлардан фойдаланади: ошхонада алоҳида овқатланиш, сифатлироқ таомлар ва муаллимларнинг алоҳида эътибори.
Аъзоликдан бош тортиш
12 ёшли Сергей исмли ўқувчи Би-би-сига Юнармияга қўшилишдан бош тортгани ва бунинг оқибатида, жумладан, паст баҳолар билан жазолангани ҳақида сўзлаб берди.
"Уларга фанни билмаса ҳам аъло баҳо қўйишади," дейди у мактабидаги Юнармия аъзоларини назарда тутиб.
Сергей рус босқини даврида уч йил давомида бир неча марта мактабини ўзгартирган.

Сурат манбаси, BBC/ Angelina Korba /Yunarmiya Telegram Channel
Ҳозир Украина назоратидаги ҳудудга кўчиб ўтган Сергейнинг чамалашича, аввалги синфдошларининг қарийб ярми Юнармия ёки Россиянинг Тергов қўмитаси бошқарадиган курсантлар синфлари орқали ҳарбийлаштирилган дастурларга ёки Россия армиясидан алоҳида бўлган, аммо давлат назоратидаги Росгвардия махсус қўриқлаш бўлинмаларига жалб қилинган.
Танқидчилар фикрича, бу дастурлар болаларни келажакда Россия армияси ёки бошқа хавфсизлик кучларида хизматга тайёрлайди. Иштирокчилар махсус форма олади ва мактаб таътиллари вақтида Россиядаги ҳарбий машғулот лагерларига юборилади.
Юнармия қандай пайдо бўлган?
Юнармияни 2016 йилда Россиянинг ўша пайтдаги мудофаа вазири, президент Владимир Путиннинг яқин сафдоши Сергей Шойгу ташкил этган.
Ҳозирги кунда ташкилотда тахминан 1,8 миллион бола бор, уларнинг аксарияти Россияда, шунингдек, Россия босиб олган Украина ҳудудларида 43 минг бола ҳам бор.
Ташкилот Россия ишғол қилган барча ҳудудларда янада кўпроқ украиналик болаларни фаол жалб қилаётгани тахмин қилинмоқда.
2025 йил май ойига келиб, унинг 120 мингдан ортиқ битирувчиси Россия армиясида хизмат қилмоқда, деб маълум қилди Юнармия раҳбари Владислав Головин.

Сурат манбаси, ВВС
Головин 2022 йилда кенг кўламли босқиннинг дастлабки ҳафталарида Украина жанубидаги Мариупол шаҳрини қамал қилишда иштирок этган рус ҳарбий денгиз пиёдаси. Ўшанда минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлган, ўн минглаб уйлар вайрон қилинган эди.
Головин Юнармиянинг вазифасини бола ҳаётининг "ҳар онига Россияни сингдириш" деб таърифлайди.
Болаларга Россия байроғини ўпиш, давлат мадҳиясини куйлаш, ўқотар қуролларни йиғиш ва қўллаш ўргатилади. Улар жанг қилишга ҳам рағбатлантирилади.
Ўқувчилардан бири ёшнинг аҳамияти йўқлигини айтишганини эслайди – агар Украина "Россияга ҳужум қилса", қуролланишинглар керак, деб уқтирилган ёш аъзоларга.
Головин, шунингдек, "Русский мир"нинг "анъанавий маънавий ва ахлоқий қадриятлари"ни тарғиб қилувчи "Движение первых" деб номланган бошқа ёшлар ташкилоти раҳбари ўринбосари лавозимида ҳам ишлайди.
Украиналик болаларни ёллаш
2022 йилда Россия Украинанинг тўртта вилоятини қўшиб олгандан сўнг, Юнармия у ерда болаларни оммавий жалб қилишни бошлади. Фақатгина Донецк вилоятида Би-би-си ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Юнармиянинг 180 та расмий бўлинмаси мавжуд.
Мариуполда маҳаллий амалдорлар "ёвузликка қарши курашинг" ва "қатъий туринг" каби шиорлардан фойдаланиб, ёшларни очиқча урушга тайёрланишга ундамоқда.
Украинанинг дезинформацияга қарши кураш маркази маълумотларига кўра, баъзи мактабларда "Юнармия синфлари ташкил этилган... ота-оналар жарималар ёки мактабда ўқишдаги чекловлар таҳдиди остида болаларини рўйхатдан ўтказишга мажбурланмоқда."

Сурат манбаси, BBC/ Angelina Korba /Yunarmiya
Би-би-си маълумотига кўра, мактаблардаги мажбурий дарсларда, шунингдек, Юнармия синфларида – ҳам босиб олинган Украинада, ҳам Россияда – Украина кўпинча неонацист давлат сифатида тасвирланади ва унинг миллат сифатида мавжудлиги инкор этилади.
Болаларга Россия қудратли экани, Украина эса 30 йилдан ортиқ вақт олдин Совет Иттифоқи парчаланишига сабабчи бўлгани ўргатилади.
Синфдан ташқарида, Юнармияга қарашли ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳарбий тайёргарлик ва ҳарбий фаолият кенг кўламда тарғиб қилинади: нишонга отишдан тортиб биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларигача, ҳатто Иккинчи жаҳон уруши аскарлари қолдиқларини қидиришгача.
Би-би-си ҳисоб-китобига кўра, 2025 йилнинг январь-август ойларида гуруҳ Украинанинг босиб олинган Донецк вилоятида камида 1275 та шундай тадбир ўтказган.

Айнан шу ерда болалар рус ҳарбий ёлловчилари ва "Махсус ҳарбий операция" (Россиянинг Украинага қарши урушини шундай атайдилар) иштирокчилари билан учрашади.
Иштирокчиларга қурол-яроғ, жумладан, алангапуркагичлар, пулемётлар ва гранаталар билан ишлаш, дронларни бошқариш ва сунъий йўлдош алоқа тизимларини бузиш ўргатилади.
Би-би-си ҳисоб-китобларига кўра, ушбу тадбирларнинг 15 фоиздан ортиғи ҳарбий бўлмаган тадбирлар, масалан, боғларни тозалаш ёки музейларга бориш, бироқ булар ҳам кўпинча мафкуравий тарғиботсиз бўлмайди.
Би-би-сининг аниқлашича, бу тадбирларда кўпинча Иккинчи жаҳон урушига эътибор қаратилади, нацистлар ва Россия ҳукумати Украинадаги "неонацистлар" деб атайдиганлар ўртасида «ўхшашликлар» кўрсатилади.
Ушбу лагерларда босиб олинган Украинадан, шунингдек, Россиядан келган болалар қабул қилинади ва тайёрланади.
Йел университети Жамоат саломатлиги мактаби тадқиқотчилари 210 та шундай жойни аниқлади, уларнинг тахминан 20 фоизи фақат ҳарбий тайёргарликка қаратилган.
Россия ҳукумати ташкил этган "Жангчи" ва "Авангард" каби марказлар жанговар тактика, муҳандислик ва жанг майдонидаги тиббий ёрдамни ўргатади.
Босиб олинган ҳудудлардаги украиналик болалар ҳам мактабларда ўтказиладиган ва жанговар шароитларни моделлаштирувчи "Зарница 2.0" каби Россия ҳарбий мусобақаларида иштирок этади.
"Юнармия" аъзолари, шунингдек, янги аъзоларни жалб қилиш мақсадида мактабларга бориб, мунтазам тадбирлар ўтказади.

Сурат манбаси, BBC/ Angelina Korba /Yunarmiya Telegram Channel
Инсон ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилишлари
Украина расмийлари можаро бошланганидан бери Россия камида 19,6 минг украиналик болани Россияга "депортация қилгани"ни айтди ва бир қатор украиналик ўсмирлар 18 ёшга тўлганидан кейин Россия армиясига чақирилган ҳолатларни ҳужжатлаштирди.
2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди президент Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Лвова-Беловани украиналик болаларни мажбуран кўчиришда айблаб, уларни ҳибсга олиш ордерини чиқарди. БМТ бу ҳаракатларни ҳарбий жиноятлар деб баҳолади.
Москва булар зўравонлик билан амалга оширилганини рад этиб, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида қилинганини таъкидламоқда. Россия ҳукумати яна украиналик болаларнинг ўз уйларига қайтишига тўсқинлик қилганини инкор этмоқда.
Украина "Save Ukraine" каби ташкилотлар ёрдами билан 1500 дан ортиқ болани мамлакатга қайтаришга эришди. Халқаро саъй-ҳаракатлар, жумладан, биринчи хоним Олена Зеленскаянинг ташвиқоти ва Қатарнинг воситачилиги ҳам давом этмоқда.
Украина ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, армияга чақирув ишғол қилинган ҳудудларнинг ўзида ҳам амалга оширилмоқда, унинг сўнгги босқичи 2024 йил охирида бўлиб ўтган. Бунинг оқибатида украиналиклар ўз мамлакатига қарши урушда ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари буни Москванинг Украина жамиятини бўлиб ташлаш ва сафарбарлик базасини яратиш стратегиясининг бир қисми деб ҳисоблашмоқда.

Сурат манбаси, BBC/ Angelina Korba /Yunarmiya Telegram Channel
Украина прокуратураси "Юнармия"нинг бир қатор раҳбарларини уруш қонунлари ва таомилларига зид равишда болаларни ҳарбийлаштирганини текширмоқда.
Халқаро ҳуқуқ вояга етмаганларни босқинчи кучлар армиясига ёллашни тақиқлайди. Шу боис, Россия ҳаракатлари бир нечта шартномани бузиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
"Юнармия" бу айбловларга жавоб бермади, аммо Россия ҳукумати ҳар доим болалар ўз ихтиёри билан қатнашаётганини ва яхши рус фуқаролари ҳамда Россиянинг келажакдаги ҳимоячилари бўлиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидламоқда.
Мақолага ҳисса қўшган баъзи одамлар исмлари уларнинг хавфсизлиги туфайли ўзгартирилди. Мақолани тайёрлашда Мариана Матвейчук ҳам ёрдам берди.












