Ўзбекистон ёшлари электрон сигаретларга қанчалик қарам?

Электрон сигарет

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Тошкент кўчалари бўйлаб пиёда сайр қиларкансиз ёки одатда ёшлар билан гавжум бўладиган манзилларга яқинлашаркансиз, анъанавий сигарет чекувчилар камайиб бораётгандай таасурот уйғонади.

Macrotrendsга кўра, аҳолисининг қарийб 14 фоизини чекувчилар ташкил қиладиган Ўзбекистонда бу каби ҳолатлар билан юзлашиш ғайритабиий туйилади, албатта.

Табиий, Ўзбекистонда тутатиб чекиладиган тамаки турлари бошқа мамлакатларга нисбатан ўта оммалашмаганига яна бир сабаб бор. Бу -носвой!

Нима бўлганда ҳам бу каби “кашандалар озлиги” сабабини жамоат жойларида чекишга нисбатан қўйилган тақиқлар ёки омма орасида чекишнинг узоқ муддатли зарарларидан огоҳликнинг ошиши билан эмас, балки сўнгги йилларда ёшлар орасида трендга чиқиб улгурган электрон сигаретларлардан кенг фойдаланишга боғлаш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йилда мамлакат ҳудудида электрон сигаретларни олиб кириш, сотиш ва сотиб олишга бўлган бир қатор тақиқларни бекор қилгач, бу товарларга бўлган талаб янада ошди.

Хоҳ қонуний, хоҳ ноқонуний йўл билан бўлсин, Ўзбекистонга кириб келаётган электрон сигаретлар у ёки бу сабаблар билан ўз истеъмолчиларини топиб улгурди.

Reuters
Elektron sigaret chekishimni ota-onam allaqachon bilishadi. Boshida ularga buni aytishdan qo‘rqdim. Dadam chekardi. Hozir ulardan buni yashirmayman.
19 yosh o'zbekistonlik yigit
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Баъзилар уни ҳидсизлиги ва кўп маротаба фойдаланиш мумкинлиги учун афзал билган бўлса, баъзилар анъанавий сигаретлардан кўра соғлиққа камроқ зарар бериши мумкинлиги важидан унинг доимий мижозларига айланишди. Яна кимдирлар учун эса у шунчаки янгилик эди, холос.

Бироқ, аввалига “қучоқ очиб” кутиб олинган электрон сигаретлар орадан кўп вақт ўтмай энг кўп муҳокамага қўйилган мавзулардан бирига айланди. Бунинг сабаби эса электрон сигаретларлар чекишни ташламоқчи бўлганлар ёки ўз соғлиги ҳақида қайғурувчилар орасида эмас, эндигина ўспирин ёшига етган юқори синф мактаб ўқувчилари орасида фавқулодда тезлик билан оммалашгани бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган маълумотларга кора, жорий йил бошида 26,6 минг ўғил болалар ҳамда 8,6 минг қизларда чекишга мойиллик бўлган.

Ёш чекувчилар сони ортиб боришига параллель равишда улар томонидан қонун бузилиши ҳолатлари ҳам ошиб борган.

2019 йилда ўтказилган рейдлар давомида мактаб ўқувчилари орасидан атиги 6 дона электрон сигаретларлар топилган бўлса, кейинги йилларда, хусусан, 2020 ва 2021 йилларда бу рақам мос равишда 27 ва 31 тага етган.

Бироқ, сўнгги икки йил ичида вазият ҳақиқатан жиддий тус олган. Мактаб ўқувчиларидан топиладиган электрон сигаретлар сони қарийб 34 бараварга ошиб, 2023 йил давомида бу билан боғлиқ жами 1040 та қонун бузилиши ҳолати кузатилган.

Шунингдек, 18−29 ёшдаги аҳоли орасида тамаки қиздириш тизимларидан фойдаланиш даражаси (252 минг киши) 30−69 ёшдаги аҳолига (94,2 минг киши) нисбатан 2,5 баравар юқори бўлган.

Вазирлликка кўра, агар бу тренд Ўзбекистонда қатъий тақиқланмаса, 2010 йилдаги 21 фоиздан 15 йил деганда 14 фоизга тушган чекувчи фуқаролар улуши яқин келажакда тескари тус олиб, яна 20 фоизга чиқиши мумкин.

Ўзбекистонда электрон сигаретлар тақиқланадими?

Электрон сигаретларни Ўзбекистонга олиб киришни тақиқлаш жорий йилнинг апрель ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан муҳокамаларга қўйилган ва вазирлик тегишли қонун лойиҳасини такилф қилган эди.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25 май куни эълон қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунига кўра, “таркибида никотин мавжуд бўлган маҳсулотлар, қиздириладиган тамаки маҳсулоти, электрон сигареталар, вейплар, никотин суюқликлари, чилим учун мўлжалланган қоришмалар тамаки маҳсулотларига” тенглаштирилди ва “уларга нисбатан ушбу турдаги маҳсулотларни чеклашга қаратилган ҳамма чоралар” амал қилиши кераклиги белгилаб берилди.

Электрон сигаретларни мамлакатга олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш тўлиқ тақиқланмади.

Президент томонидан тасдиқланган қонун лойиҳасига кўра, бошқа тамаки воситалари каби электрон сигаретларни ҳам 21 ёшдан катталар учун сотиш белгилаб қўйилган.

Бироқ, маҳаллий сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳар бир мижоздан паспортини кўрсатишни ва ёшини тасдиқлатишни сўрашга хафсала қилмайдиган Ўзбекистонда бу чеклов қандай ишлаши амалий жиҳатдан етарлича саволларни келтириб чиқади.

Мисол учун, алкогол ичимликларини 21 ёшдан кичик фуқароларга сотишни тақиқлаш бўйича қонун ижроси Ўзбекистонда аллақачон амалда бўлишига қарамай, ўспирин ичувчилар сони оз эмас.

Маҳаллий аксарият дўконлардан спиртли ичимликларни олиб чиқиб кетаётган ёшларни эса тез-тез учратиш мумкин.

Баъзи тармоқ фойдаланувчиларига кўра, чекиш ва ичиш зарарли эканлиги ёшларга қанчалик маълум бўлмасин, барибир улар қизиқиш учун ҳам буни синаб кўришга ҳаракат қилишлари мумкин.

Тақиқлар жиддийроқ тус олмаса, вазият ўзгармаслиги тайин, дейди кузатувчилар.

Вейплар анъанавий чекиш воситаларидан кўра қанчалик хавфсиз?

veping

Электрон сигаретлар ва вейплар анъанавий тутунли чекиш воситалари каби зарарли ҳисобланмайди деган қараш анчайин шаклланиб улгурди. Бунинг илмий асослари ҳамон баҳсталаб бўлиб қолмоқда.

Бироқ, соғлиқни сақлаш мутахассислари чекмайдиганларга вейпингни бошлашни тавсия қилишмайди, чунки бу ўпка, юрак ва мияга узоқ муддатли зарар етказиши мумкин.

Инҳалация қилинган буғда кичик миқдорда кимёвий моддалар, кўпинча никотин каби қарамлик келтирувчи модда мавжуд бўлади.

Уларнинг соғлиққа таъсирини тўлиқ тушуниш учун кўпроқ тадқиқотлар талаб қилинади, аммо 2023 йил декабрь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) улар олиб келадиган хавфлар ҳақида "ташвишли далиллар" ортиб бораётганидан огоҳлантирган эди.

Маълумотларга кўра, 2019-2020 йилларда (2020 йил 18 февралга қадар) АҚШда электрон сигареталарни чекиш оқибатида жами 2807 нафар киши касалхонага ётқизилган ва ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Шунингдек, бугунги кунда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ноқонуний вейплар етарлича миқдорда тарқалган ва уларда бошқа зарарли кимёвий ёки гиёҳванд моддалар бўлиши эҳтимоли анча юқори.

Маҳаллий янгилик саҳифаларида эса вейплар ва электрон сигаретларларни мамлакатга олиб киришга бўлган ноқонуний уринишларни тез-тез учратиш мумкин.

Хусусан, жорий йилнинг июль ойида Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган рейдлар давомида топилган четдан ноқонуний олиб кирилган маҳсулотлар орасида ҳам 30 дона электрон сигаретларлар мавжуд эди.

Шунга қарамай, мутахассислар кўпчиликка электрон сигаретларни чекишга ўтишни маслаҳат беришади.

Сабаби, анъанавий сигаретларда тамаки, қатрон ва бошқа зарарли, рак келтириб чиқарувчи кимёвий моддалар мавжуд. Кундалик ҳаётда уларнинг истеъмолидан воз кечиш дунё бўйлаб кўплаб касалликлар ва ўлимнинг олдини олиш мумкин бўлган энг муҳим қадамлардан бири сифатида қаралади.

Шунинг учун чекувчиларга чекишни тўхтатиш тавсия этиларкан, бунда никотинли вейплар энг самарали восита ҳисобланади.

Бироқ, вейпинг хавфсиз эмаслиги сабабли, у фақат катта ёшдаги чекувчилар учун тавсия этилади ва кўпчилик мамлакатларда уларга ЖССТнинг “чекишни тўхтатиш учун алмаштириш” дастури доирасида бепул вейп тўпламлари тақдим этилади.

Бироқ, аҳоли орасида ҳамма ҳам электрон сигаретларнинг эҳтимолий зарарларидан етарлича огоҳ эмас. Тадқиқотларнинг у ёки бу талқинини эшитиш орқали, электрон сигаретлар ҳақида ноаниқ хулоса чиқараётганлар эса албатта кун сайин ортиб бормоқда.

“Менимча, электрон сигаретлар унчалик ҳам зарарли эмас. Мен аввал оддий сигарет чекардим ва ҳар сафар ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Бу ҳам унинг чидаб бўлмас ҳиди туфайли эди, ҳам мен ўзимда қандайдир нохушлик ҳис қилардим.

Вейплар билан эса бу қанақадир яхши. Мен улардан ўзим истаган ҳидли ёки ҳидсизини, ёки қандайдир таъм берувчиларини танлашим мумкин. Менга малина таъмли электрон сигаретлар ёқади,” дейди исми сир қолишини истаган 21 ёшдан кичик чекувчилардан бири.

Унга кўра чекиш ёки чекмаслик ҳар бир фуқаронинг шахсий танлови.

“Электрон сигарет чекишимни ота-онам аллақачон билишади. Бошида уларга буни айтишдан қўрқдим. Дадам чекарди. Унинг ўзи ҳам электрон сигаретлар чекиш унчалик зарарли эмаслигини билганидан кейин менга ҳам чекишга рухсат берди. Ҳозир улардан буни яширмайман. Ошкора чекаман,” дея қўшимча қилади у.

Бироқ, Ўзбекистон Сақлаш сақлаш вазирлиги электрон сигаретлар зарарсиз эканлиги ҳақида омма орасида тарқалган фикрлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини таъкидлаб келади.

Вазирлик ўз Telegram каналида жойлаган постларнинг аксариятида эса электрон сигаретлар ва вейплар анъанавий сигаретлардан кўра анчайин хавфли эканлиги таъкидланади.

Жумладан, вазирлик эълон қилган ҳисоботлардан бирига кўра, бир марталик электрон сигарета 300 ва ундан кўп марта тортишга мўлжалланган. Унда никотин миқдори 1 миллилитрда 60 миллиграммни ташкил этади. Бу одатдаги 3 та қути сигаретадаги никотин миқдорига тенг.

Шунингдек, улар таркибида никотин миқдори 0 мг/мл дан 66 мг/млгача ва ундан юқори бўлиши мумкин. Бу никотин миқдори одатий сигаретадан камида икки марта кўпроқ дегани.

“Оддий ва электрон сигареталарнинг ҳар иккиси ҳам зарарли. Уларнинг барчасида никотин ва канцероген моддалар мавжуд. Никотин инсонда жуда кучли қарамликни келтириб чиқаради.

Айниқса, ҳали яхши ривожланмаган марказий асаб тизими бу моддага тез ўрганади. Агар ушбу тизимнинг шаклланиши тахминан 25 ёшгача давом этишини эътиборга олсак, электрон сигареталар ёшлар саломатлиги учун жуда хавфли.

Хусусан, бундай маҳсулотларни чекиш юрак-қон томир ва ўпка касалликларини келтириб чиқаради” - дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуров вазирлик саҳифасида эълон қилинган хабарда.

Хорижий тажриба

do'kon

Электрон сигаретлар фақатгина Ўзбекистонда эмас, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида аллақачон ташвишли воқелик сифатида кўрилишни бошлаган.

Қайд этилишича, дунё бўйича 13-15 ёшли болалар электрон сигаретлардан катталарга нисбатан кўпроқ фойдаланмоқда.

Масалан, Канадада 2017 йилдан 2022 йилгача 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида бу турдаги маҳсулотни чекиш икки баравар кўпайган.

Англияда эса сўнгги уч йил ичида электрон сигарета истеъмол қилувчи ёшлар сони уч баробар ошган.

Шу билан бирга, электрон сигаретадан фойдаланувчи йигит-қизларнинг кейинчалик оддий сигарета чекишга одатланиш эҳтимоли деярли уч баробар юқорилиги аниқланган.

Туркманистонда электрон сигарет каби вейпинг воситаларини мамлакат ҳудудига олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш аввалбошдан тақиқланган эди.

Қўшни Қозоғистонда эса жорий йилнинг 19 апрелида Президент Қосим-Жомарт Тоқаев айни ушбу тақиқ бўйича қонун лойиҳасини имзолади.

Вейпинг маҳсулотлари сотувини тақиқлаш устида ишлашни Ўзбекистон билан qariyb бир вақтда бошлаган Қиргизистон ҳам жорий йилинг июнь ойида электрон сигаретларни мамлакатга олиб кириш, сотиш ва сотиб олишга қатий чекловлар қўйилганини эълон қилган эди.

АҚШда эса электрон сигаретларда баъзи лаззат берувчи вейпинг воситалари, хусусан, ялпиз ва мевали қўшимчаларни қўшиш тақиқланган.

Шунга қарамай, АҚШ Озиқ-овқат ва дори-дармон бошқармаси АҚШдаги энг йирик электрон сигарет компанияларидан бири ҳисобланувчи Жуул компанияси томонидан сотиладиган маҳсулотларга 2022 йилда қўйилган тақиқни бекор қилган.

Компания аввалроқ АҚШда ёшлар учун мўлжалланган маҳсулотларни нишонга олганликда айбланиб, 5000 дан ортиқ вейпингга оид қонуний даъволар билан ҳам юзлашган эди.

Бундан ташқари, Англия, Уэлс ва Шотландияда ҳам бир марталик электрон сигареталар 2025 йил 1 июндан бошлаб тақиқланиши эълон қилинган. Шимолий Ирландия ҳам бу қадамни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Австралияда таркибида никотин бўлган электрон сигаретлар, одатда, тамакидан воз кечмоқчи бўлган чекувчилар учун фақат рецепт бўйича мавжуд, холос. Дорихоналарда эса бир марталик электрон сигареталар умуман сотилмайди.

Янги Зеландия 2023 йилда бу борада янги қоидаларни жорий қилди, кўпчилик бир марталик электрон сигареталарни тақиқлади ва болаларга ёқадиган лаззат берувчи қўшимчаларни нишонга олди.

Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Бразилия каби мамлакатлар ҳам жуда қатъий вейпинг қоидаларини жорий этишган, Хитой эса чекловларни эълон қилган.

Бироқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 88 мамлакатда вейпинг воситаларини сотиб олиш учун энг кичик ёш белгиланмаган ва 74 мамлакатда электрон сигареталар бўйича қонунлар умуман мавжуд эмас.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002