Электрон сигареталар соғлиққа зарарсизми ёки уни бошлаш жинниликми? Саломатлик, Дунё

18 яшар Иза вейпга ружу қўйганидан сўнг милклари қонаб, лабларига яра чиқа бошлади

Сурат манбаси, Izzy Esposito

Сурат тагсўзи, 18 яшар Иза вейпга ружу қўйганидан сўнг милклари қонаб, лабларига яра чиқа бошлади
    • Author, Елена Бэйлей ва Филиппа Роксби
    • Role, Би-би-си

Ёрқин рангли, ишлатиш учун қулай, пахтақанддан тортиб кўк малинаникигача бўлган таъмларда бир марталик ишлатиладиган вейплар оммалашмоқда.

Электрон сигаретлар, шунингдек, Буюк Британия ҳукуматининг қолган яна олти миллион чекувчини 2030 йилгача чекишни ташлатиш режасининг муҳим қисмидир.

Хўш, вейпинг, айниқса, ҳеч қачон чекмаган ёшлар учун қанчалик хавфсиз?

Борҳэмвудлик 18 ёшли Иззи Эспозито ўтган ёзда барча дўстлари чекишни синаб кўрганларида чекишни бошлаган ва ҳозир у кун бўйи чекади.

"Мен каравотда ўтириб, чекишим ва вақтни дўстларим билан Facetime'да ўтказишим мумкин", дейди у.

"Доим қўлингизда бўлади, эрмак қилиб ўтирасиз.

Бу шундай даражага етдики, ҳафтасига иккита вейпни тугатаман, ҳар бири 3500 марта пуфлашга тўғри келади."

Яқинда Иззининг милклари қонай бошлагани, оғзи ва лабларида яралар пайдо бўлганидан кейин бу сигареталарни чекишни камайтирди.

"Оғриганидан тишимни ювишга безиллаб қолдим", дейди у.

vayp

Сурат манбаси, Getty Images

Бир мартали ишлатиладиган электрон сигареталар вейпинг дунёсидаги сўнгги тенденциядир. Улар бир қути сигаретадан арзонроқ ва тўғридан-тўғри қутисидан фойдаланиш мумкин. Тугагач, ташлаб юборасиз.

Иззи уларнинг ранглари ва таъмига, шунингдек, кечки либосига мос келадиган бирини сотиб олиши мумкин.

У вақти-вақти билан дам олиш кунлари чекар эди, лекин вейпинг унга анча қулайроқ.

"Мен электрон сигаретни ҳақиқийсини чекканидан анча кўп чекаман. Бир кечада бутун бир вейпни чекиб тугатишим мумкин эди".

Электрон сигареталар кўп минглаб одамларга хавфли ва заҳарли тамаки тутунидан воз кечиб, чекишни ташлашига ёрдам берди, бу уларнинг соғлиғини сезиларли даражада яхшилади.

Аммо ичга тортилган электрон сигарет буғларида ҳали ҳам оз миқдорда кимёвий моддалар, шу жумладан, никотин ҳам бўлиши мумкин, улар эса хавфсиз эмас. Олимлар ҳали бу нарсани тўлиқ ўрганишмаган.

Ёшларнинг вейпингга қарам бўлиб қолишидан хавотир бор, чунки улар буни бутунлай хавфсиз деб ўйлашади.

«Жиннилик»

Ноттингем университетининг фахрий профессори, ҳукуматнинг чекишни ташлаш ҳақидаги ҳисоботи бўйича маслаҳатчилик қилган профессор Жон Бриттон шундай дейди: "Вейпингни хавфсиз деб айта олмайсиз, бу хавфлар мувозанати.

Агар сиз шундоғам никотинни бирор шаклда қабул қилмаётган бўлсангиз, электрон сигаретни чекишни бошлаш жинниликдир."

Профессор Бриттон 40 ёки 50 йил ичида электрон сигарет чекиш натижасида одамларда ўпка саратони, сурункали бронхит ва бошқа жиддий ўпка касалликлари кўпайишини кутиш мумкин дейди.

Аммо бу рақамлар кичик бўлиши мумкин ва ҳақиқий сигаретни чекиш туфайли келиб чиқадиган соғлиқ муаммоларидан анча кам.

Охирги маълумотлар шуни кўрсатадики, ўсмирларнинг аксарияти электрон сигарет чекмайди - 2021 йилда 11 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирларнинг атиги 11 фоизи вейпингни синаб кўрган. Аммо 2022 йил учун янги маълумотлар эълон қилинмади ва баъзилар бу ҳолат ўсишини башорат қилмоқдалар.

Лондон Университет коллежи (ЛУК) ҳисоб-китобларига кўра, биргина Англияда 16 ёшдан 17 ёшгача бўлган 74 000 электрон сигарет чекувчи бор.

Ва яна бир ЛУК тадқиқоти шуни кўрсатадики, бир марталик вейплар 18 ёшлилар орасида оммалашиб бормоқда, уларнинг ярмидан кўпи аллақачон улардан фойдаланмоқда.

elektron sigaretlar

Сурат манбаси, Getty Images

"Демак, бу сигаретларни чекиб кўраётган ёшлар ва ўсмирлар бор, лекин улар узоқ муддатли чекувчига айланмайди", дейди Эдинбург университетининг жамоат саломатлиги профессори Линда Баулд.

Илгари улар ҳақиқий сигарет чекувчи ўсмирлар бўлиши мумкин эди, бу эса анча зарарли бўларди, лекин ёшларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилиш керак, дейди у.

Буюк Британияда дунёдаги энг қатъий электрон сигарет қоидалари мавжуд. Электрон сигарет маркетингининг деярли барча шакллари тақиқланган, маҳсулотдаги никотин миқдори чекланган ва фақат 18 ва ундан катта ёшдагилар уларни қонуний равишда сотиб олиши мумкин.

"Бу маҳсулотлар ёшлар қўлига тушмаслиги муҳим, чунки бу сигаретлар улар учун мўлжалланмаган", дейди профессор Баулд.

"Томоғим жуда оғрияпти"

18 ёшли Меган Мандей сигарет чекишни камайтириш учун вейплардан фойдаланишни бошлади ва унинг таъмига одам ўрганиб қолишини сезди.

Унинг айтишича, электрон сигаретлар сабабли зўрға гапирадиган бўлиб қолган, "ва шундай қаттиқ томоқ оғриғини келтириб чиқардики, ютганимда томоғим тешилгандек бўларди", дейди у.

"Бу жуда ёмон эди, шунинг учун мен ишдан танаффус қилишга мажбур бўлдим", дейди у ва улардан фойдаланишни тўхтатганини қўшимча қилади.

veyp

Сурат манбаси, Getty Images

Стоматологлар вейпингнинг баъзи ножўя таъсирлари кўринаётганини айтишади, масалан, ёмон ҳид, яралар, баъзи жойларда оғриқ ва қуруқ оғиз. Бу тупукнинг етишмаслигига ва эҳтимол тишларнинг емирилишига олиб келиши мумкин.

Одамлар ҳақиқий сигаретни чекишни тўхтатгандан сўнг милклардан қон кетиши мумкин, чунки қон айланиши яхшиланади, кўпинча бу электрон сигаретни чекишни бошлаш билан бир вақтга тўғри келади. Бу милкнинг ҳаётга қайтишини кўрсатади ва ёмон белги эмас.

Ҳозирча стоматологларнинг таъкидлашича, никотин саратон ёки милк касаллиги ривожланишида муҳим омил бўлиши даргумон.

Нюкаслдаги ресторатив стоматология бўйича катта ўқитувчи ва фахрий маслаҳатчи профессор Ричард Холлидей шундай деди: "Биз буни ҳозир ҳам ўрганяпмиз, бу борадаги ҳамма саволларга ҳам жавоб йўқ, аммо ҳозирча ташвишли нарса чиқмади."

"Кўпроқ зарарли"

Бироқ, ҳамма ҳам бу қадар хотиржам эмас.

Бирмингем университетининг нафас олиш йўллари тиббиёти профессори Дэвид Тикетт вейпинг пайтида ўпкага кирадиган никотиннинг юқори дозалари таъсиридан хавотирда.

Никотин сақичлари ва парчалари сигаретга бўлган эҳтиёжни сусайтириш учун йиллар давомида ишлатилган ва хавфсиз деб ҳисобланган бўлса‑да, у вейпингдаги никотин таъсири ҳақида бунчалик хотиржам бўла олмайди.

"Вейп орқали юборилганда кўпроқ зарарли бўлиши мумкин", дейди профессор Тикетт.

Лаборатория тадқиқоти шуни кўрсатдики, вейпинг ўпкадаги муҳим иммун тизимининг ҳужайраларига зарар етказади ва яллиғланишни келтириб чиқаради.

Натижаларни тасдиқлаш учун электрон сигарет чекадиган одамларда кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш керак, аммо баъзи таъсирлар оддий чекувчилар ва сурункали ўпка касаллиги бўлган одамларда кузатилганларга ўхшаш эди.

Профессор Тикетт электрон сигаретага ўтгандан сўнг никотинни ташлаш учун улар ҳар доим ҳам етарлича ёрдам бермайди, деб огоҳлантиради.

Унинг сўзларига кўра, электрон сигареталар анъанавий сигаретларга қараганда хавфсизроқ, аммо улар ҳали ҳам узоқ муддатда зарарли бўлиши мумкин ва тадқиқотлар ҳали ҳам дастлабки босқичдадир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek