Ўзбекистон: ОИТСга чалинганлар сони 50 мингга яқинлашди

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда 15-49 ёшли аёлларнинг 76 фоизи ОИТС билан оғриган фуқаролардан кундалик маҳсулотлар сотиб олишни ва улар билан мулоқотга киришишни хоҳлашмайди. Ўзбекистон ва жаҳондаги ОИТС га назар.
ОИТС ва Ўзбекистон
ОИТС (ОИВ) жаҳон бўйлаб энг оғриқли соғлиқни сақлаш муаммоларидан бири ўлароқ, Ўзбекистон учун ҳам янги кашфиёт эмас.
Мамлакатда касаллик билан оғриниш ҳолати илк маротаба 1987 йилда қайд этилган бўлсада, йиллар давомида у ёки бу сабаблар билан унинг тарқалиш кўлами анчайин секин ёки кўримсиз эди. Хусусан, 1998 йилга қадар Ўзбекистон миқёсида ОИТС билан касалланиш ҳолатларининг атиги 51 тасигина рўйхатга олинган эди.
Бир томондан аҳоли орасида тарқалган нотўғри мулоҳазалардан қўрқувчи кўпчилик ўзидаги касаллик симптомларини яшириб келган бўлса, бошқа томондан тиббий текширув жараёнларининг чекка ҳудудларга қадар етиб бормаганлиги баъзилар ўзлари оғриган дарддан буткул бехабар яшашидаги бирламчи омили эди.
Бироқ, сўнгги ўн йилликда айниқса, ёшлар ва заиф ижтимоий қатлам орасида ОИТС билан касалланиш ҳолатлари вақт ўтган сайин ортиб борди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига ўртача 3,5 минг - 4 минг одам айни шу дард билан давлат қарамоғига олинади.
Ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатларга қарамай, аҳоли орасида касалликдан хабардорликнинг етишмаслиги ва соғлиқни сақлаш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар сабаб ОИТС Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон учун ҳануз долзарб мавзулигича қолмоқда.
Биргина 2022 йилнинг ўзида 3,889 та яқин янги ҳолатлар қайд этилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, ОИТС билан яшовчи фуқаролар сони 45 мингга яқинлашган. Бу 2016 йилдаги 31 мингта рўйхатга олинган ОИТС билан оғриш ҳолатларига таққослаганда олти йил ичида қарийб 44 фоиз ўсиш дегани.
Сўнгги маълумотлар эса ҳозирда Ўзбекистонда ОИТС билан касалланган фуқаролар сони 50 мингга яқинлашганини кўрсатади.
Ушбу рақамлар кузатиш орқали Ўзбекистон учун ОИТС нафақат эътиборга молик тиббий ва иқтисодий муаммо эканлигини, балки алоҳида ёндашув талаб қилувчи ижтимоий масала ўлароқ ҳам етилиб улгурганлигини пайқаш мумкин.
Ёшлар орасида ОИТС билан оғришнинг ортиши
Сўнгги йилларда қайд этилётган ОИТС билан оғриш ҳолатларининг аксар қисмини ёшлар ташкил этади. Жумладан, 2022 йил февралида эълон қилган ҳисоботда янги қайд этилётган ОИВ билан касалланиш ҳолатларининг 25 фоизи 18-30 ёшлиларга тўғри келётганлиги таъкидлади.
Мутахассисларга кўра, салбий йўсинда ўсиб борётган ушбу тенденциянинг бирламчи сабаби бу ёшлар орасида кенг қамровли жинсий таълимнинг йўқлигидир. Вазирлик маълумотларига таяниб айтиш мумкинки, 2020 йилда республикада рўйхатга олинган 2817 нафар ОИВ инфекцияли шахсдан 2110 нафарига, яъни қарийб 75 фоизига касаллик жинсий алоқа йўли орқали юққан.
Аҳолида ОИВ билан инфекцияланишнинг олдини олиш усуллари ҳақида тўлиқ билим етишмаслиги билан бир қаторда, ушбу тренднинг хавотирли сабабларидан яна бири шундаки, ёшларнинг кўпчилигида хавфсиз жинсий амалларни бажариш билан боғлиқ анчайин кенг тарқалган, бироқ ҳеч бир асосга эга бўлмагам янглиш тушунчалар мавжуд.
Kasalligimdan xabar topganimda deyarli tamom bo‘lgandim. Bu haqida do‘stlarim va boshqalarga aytishga qo‘rqardim. Agar yaxshi qiz bo‘lganingda edi, OITS bo‘lmasding, derdi odamlar.
Йиллардирки жинсий таълимнинг ошкора йўлга қўйилиш-қўйилмаслиги хусусида муросага келмайдиган ўзбек жамияти учун бу хабарлар кечагина кашф этилган муҳокама мавзуси эмас. Бироқ, ўқув даргоҳларида жинсий тарбиянинг йўлга қўйилиши тугул, ҳатто жинсий саломатлик ҳақида гапиришни ҳам табу ўлароқ таснифловчи маданий қатламинг мавжудлиги вазиятга янада хавотирли тус беради.
Модомики, одамлар ушбу мавзулардан масофа сақлашга уринар экан, бу борада ҳукумат томонидан илгари сурилиши мумкин бўлган ўқув дастурлари ва ташаббусларнинг самарадорлиги ҳам ўз навбатида савол остида қолади.
Ўрганишларга кўра, Ўзбекистонда ОИВ билан инфекцияланиш ҳолатларида яна бир мавжуд омил бу наркотик маҳсулотларининг истеъмолидир. 2010 йилга қадар ОИТС билан оғриш ҳолатларининг асосий қисми наркотик маҳсулотлар истеъмолидан келиб чиққан. Хусусан, 2011 йилда қайд этилган инфекцияланиш ҳолатларининг 44.6 фоизи айни шу йўл билан юққан.
Кейинги йилларда эса, бу тренд секинлашишни бошлаган.
Бироқ, наркотик қабул қилувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу мавзу атрофидаги ташвишлар ҳамон ўз ўрнида қолаверади. Сабаби, кўплаб ёшларда наркотик воситалари ҳақида умуман билим ваёким кўникма мавжуд эмас.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Мамлакатга ноқунуний олиб кирилувчи роҳатбахш маҳсулотлар эса ёшлар орасида бу тренднинг янада ошишини таъминлаш билан бирга уларнинг соғлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳам жиддийлаштиради.
Қўлбола тайёрланган ва инсон соғлигига таъсир этиш кўлами бўйича ҳеч бир қўлланмага эга бўлмаган ушбу маҳсулотлар истеъмоли ўз-ўзидан нафақат тана органлари билан боғлиқ муаммоларни, балки, шу қаторда, ОИТС ва у каби бошқа узоқ давом этувчи ёки ирсий касалликларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, сўнгги йилларда нарко маҳсулотлари билан биргаликда ишлатиладиган игналар орқали ОИТС тарқалишига олиб келадиган жараёнлар ёшлар орасида кенг ёйилмоқда. Бу охирги пайтларда дунё бўйлаб ОИТС тарқалиш миқёси нақадар тез кечётганлигини яна бир бора дастаклайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда кўплаб ёшлар инфратузилма яхши ривожланмаган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди. Шаҳардан ташқарида тиббий хизматларнинг сезиларли даражада чекланганлиги касалликни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш имкониятларини камайтиради.
ОИТСга қарши ҳаракатлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ташкилотлар ОИВ билан инфекцияланиш хавфини камайтириш учун йиллардан буён ҳаракат қилиб келади. 2018 йилдан кейин ҳукумат ОИТС ва унга алоқадор жабҳалар учун ажратилдагина маблағ миқдорини сезиларли даражада оширган. Жумладан, биргина 2022 йил учун 8,54 миллион доллар ОИВ билан инфекцияланишга қарши ҳаракатларда сарфлаш учун ажратилган.
Ўзбекистонда ОИТС бўйича тест топшириш текин бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли кўрсатмаларига асосан ихтиёрий ёки мажбурий шаклда ўтказилади. Хусусан, турмуш қурмоқчи бўлган жуфликлар, қон берувчи донорлар, касаллик билан оғриган онадан туғилган болалар ва эҳтимолий дори воситаларини қабул қилувчилар мажбурий равишда тест топширишлари кераклиги белгиланган.
Мамлакат 2030 йилга қадар ОИВ билан инфекцияланиш хавфига тўлиқ барҳам беришни мақсал қилган. Бироқ, бунга беришиш учун Ўзбекистон 2025 йилга қадар ЖССТнинг “95-95-95” стратегиясига эришиши зарур.
“95-95-95” тамойилига кўра, ОИВ юқтирган беморларнинг 95 фоизи ўз статусини билиши, беморларнинг 95 фоизи махсус терапия билан қамраб олиниши, беморларнинг 95 фоизида вирус юкламаси паст даражага тушишига эришилиши лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларда сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёхуд 5 бараварга ошгани таъкидланади. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молоялаштириш эса ҳозирги кунда 80 фоизни ташкил қилади.
Ўзбекистон учун бу борада катта ютуқ дея таърифлаш мумкин бўлган яна бир жиҳат борки, бу республикада ОИВ билан оғриган оналардан 99,7 фоиз ҳолатларда соғлом болаларнинг дунёга келишидир. Ўзбекистонда йилига тахминан 600 минг ҳомиладор аёллар ОИВ учун тест топширишади. Шулардан ўртача 600 нафар чақалоқлар ОИВ билан оғриган оналардан туғилади.
Бироқ, ҳукумат касаллик ва унинг тарқалишига қарши йиллардирки муттасил равишда курашиб келётганига қарамай, Ўзбекистонда ҳануз тахминан 14 фоиз ОИВ билан инфекцияланган фуқаролар ўзларининг статусларидан бехабар яшаб келмоқда. Бунга эса кўпчилик ҳолатларда аҳоли орасида ОИВ билан касалланганларга нисбатан шаклланган салбий муносабатлар сабаб бўлади.
Жамият босими
MICS (Multiple Indictor Cluster Survey) томонидан олиб борилган сўровномаларга кўра, Ўзбекистонда 15-49 ёшли аёлларнинг 76 фоизи ОИТС билан оғриган фуқаролардан кундалик маҳсулотлар сотиб олишни ва улар билан мулоқотга киришишни хоҳлашмайди. Бу эса ўз-ўзидан ОИВ билан инфекцияланганларнинг жамиятдан ажратиб қўйилишига олиб келади.
Элина Круглова ҳам жамиятда шаклланган асоссиз қарашлар қурбони. У Ўзбекистонда ОИТС ташхиси қўйилган илк чақалоқ бўлган. Ота-онаси эса айни шу сабабдан уни меҳрибонлик уйига бериб юборишган.
Ҳозирда у Тошкент Давлат Аграр Университетида таълим олади. Болалик травмалари ва ижтимоий босимларга қарамай, у бугун мамлакатда ОИТСга қарши ҳаракатнинг фаол аъзоларидан бири.
Элина бугунги кунда ўз Инстаграм саҳифасида кундалик ҳаёти ҳақида блог юритиб боради. Обуначиларининг аксар қисмини эса ОИТС билан оғриганлар ташкил қилади. Элина нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам ОИВ билан инфекисияланган одамлар учун рағбат манбаига айланган.
“Мен инсон ўз-ўзини қабул қила билиши қанчалик муҳимлигини биламан. ОИТС билан оғриганларни қўллаб-қувватлаш ва одамларда ушбу касаллик ҳақида тўғри қарашларни шакллантиришга ҳаракат қиларканман, мен тўғри йўлдалигимни ҳис қиламан. Ўзимда куч ва марҳаматни туяман,” дейди у БМТнинг Барқарор Ривожланиш Гуруҳи лойиҳасига берган интервьюсида.
UN Women лойиҳаси қаҳрамони Азимабону Жумабекова ҳам йиллардирки ОИТС билан курашиб келади. Унга бу касаллик нотўғри қон қуйиш амалиёти орқали ўтган.
“Мен касаллигимдан хабар топганимда деярли тамом бўлгандим. Бу ҳақида дўстларимга ва маҳалладаги бошқа одамларга айтишга қўрқардим. Сабаби, улар мен кабиларни қаттиқ ажратишар ва уларда бу ҳақида нотўғри фикрлар бор эди,” дейди Азимабону болалик хотираларини эслаб.
Азимабону касалликнинг илк даври ҳақида эслар экан, хатто кўчага чиқиш учун ҳам юзини ёпишига тўғри келганлигини айтади. Бошқа ОИВ билан инфекцияланганлар каби у ҳам жамиятда тарқалган стереотиплар ва янглиш қарашлардан азият чеккан.
“Агар яхши қиз бўлганингда эди, ОИТС бўлмасдинг,” дея одамлар унга тез-тез гапиришганини айтади Азимабону.
ОИТС ва дунё

Сурат манбаси, Getty Images
UNAIDS маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда 39,9 миллион киши ОИТС билан яшайди, уларнинг тахминан ярми Жанубий ва Шарқий Африкада истиқомат қилади.
2010 йилдан буён ОИВга чалиниш ҳолатлари 39 фоизга, ОИТС сабабли юз берган ўлимлар эса 50 фоизга камайган. Бироқ 2010 йилдан 2023 йилгача Афғонистон, Миср, Фиджи, Филиппин, Папуа-Янги Гвинея ва Саудия Арабистонида ОИВ ҳолатлари билан боғлиқ 100 фоиздан ортиқ даражада ўсиш қайд этилган.
Кенияда, Малавида, Зимбабведа ва Непалда эса ОИВга чалиниш ҳолатлари 2010 йилдан буён 75 фоизга камайтирилди. Бугунги кунда Африка ОИТСга қарши курашда етакчилик қилмоқда.
Яна 18 давлат, асосан, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Лесото, Эсватини, Бенин, Эфиопия, Руанда, Ботсвана, Эритрея, Либерия, Буркина-Фасо, Того, Замбия, Бурунди, Гвинея-Бисау ва Уганда, шунингдек, Тожикистон, Португалия, Беларус ва Италияда янги ОИВ инфекциялари сони йиллик кўрсаткич бўйича 60 фоиздан ортиққа камайган.
Дунё бўйлаб ОИВ билан яшаётганларнинг 77 фоизи антиретровирус терапиясини олмоқда. Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада эса бу кўрсаткич 82 фоизни ташкил этади.
Ҳаёт давомийлиги ўртача беш йилга ошиб, 2010 йилдаги 56 ёшдан 2023 йилда 61 ёшга етди. Бу ОИВ инқирозига қарши курашда эришилган ютуқлар натижасидир.
“ОИТСга қарши курашда, айниқса, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада эришилган ютуқлар жамоатчиликни сафарбар қилиш, миллий етакчилик ва халқаро бирдамликнинг қандай натижа беришини кўрсатди,” дейди UNAIDS ижрочи директорининг ўринбосари Кристин Стеглинг.
Бироқ, булар ҳали етарли эмаслигини таъкидлайди у.
“Дунё ҳали ҳам ОИТСни жамоат саломатлиги учун таҳдид сифатида йўқ қилиш йўлида кутилган натижаларга эришмаяпти, чунки хизматлардан фойдаланишда чекка ҳудудлардагилар учун катта бўшлиқлар мавжуд. ОИВнинг олдини олиш борасида инқироз ҳали ҳам давом этмоқда.”












