ОИВ юқтирган Ўшлик қиз нега ўзи ҳақида очиқ гапиролмайди? Dunyo Yangiliklar AIDS OITS

Марта ўзининг ОИВ мақомини яширмайди ва бу унга ёрдам олишга йўл очишига ишонади.

Сурат манбаси, Martha Clara Nakato

Сурат тагсўзи, Марта ўзининг ОИВ мақомини яширмайди ва бу унга ёрдам олишга йўл очишига ишонади.
    • Author, Свамината Натаражан
    • Role, Би-би-си Жаҳон хизмати

Соғлиқни сақлаш расмийлари ОИТС (СПИД) ҳақида биринчи марта 1981 йил ёзида хабардор бўлган. 1980 йилларда ОИТС ташхиси "ўлим ҳукми" сифатида кўрилган эди, аммо тиббиёт ютуқлари туфайли ОИВ (ВИЧ) юқтирган беморларнинг соғлом ҳаёт кечириш имконияти анча кенгайди. Аммо БМТ ОИВ билан касалланган болалар эътибордан четда қолаётганини айтади. Биз ОИВ билан яшаётган уч нафар ёш билан суҳбатлашдик.

"Дунё ОИТСга чалинган болаларга ёрдам беришда сусткашлик қилмоқда. Болалардаги янги ОИВ инфекцияси олдини олиш мумкин, аммо 2021 йилда 160 000 нафар болага инфекция юққан", дейди UNAIDS'нинг Глобал амалий фан, тизимлар ва хизматлар директори Фоде Симага.

БМТ маълумотига кўра, эпидемия бошланганидан бери 84,2 миллиондан ортиқ одам ОИВ билан касалланган ва 40 миллиондан ортиқ одам ОИТС билан боғлиқ касалликлардан вафот этган.

Эпидемиянинг дастлабки кунлари билан таққослаганда, ҳозир ретровирусга қарши дорилар кенг қўлланади, аммо барибир тараққиёт нотекис. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, 2021 йилда катталарнинг 76 фоизи ретровирусга қарши дориларни қабул қилган бўлса, болаларнинг (0-14 ёш) атиги 52 фоизи муолажа олган.

Би би си уч давлатдан ОИВ билан яшаётган уч нафар ёш билан суҳбатлашди.

"Менинг болам ОИВ билан туғилмайди"

Уганданинг Кампала шаҳрида яшовчи 26 ёшли Марта Клара Накато 14 ёшида ОИТС'га чалинган.

Марта аъзоси бўлган хайрия 14 миллиард доллар йиғишга муваффақ бўлди.

Сурат манбаси, Martha Clara Nakato

Сурат тагсўзи, Марта аъзоси бўлган хайрия 14 миллиард доллар йиғишга муваффақ бўлди.

Бир гал унинг эгиз акаси ҳимоясиз жинсий алоқада бўлиб, сўнг хавотирга тушиб қолган эди. Улар биргаликда тиббий марказга боришди. Тиббий кўрик бепул бўлгани учун Марта ҳам тест топширди. Унинг акаси тести манфий чиққан бўлса, Марта Кларанинг таҳлил натижаси мусбат чиқди.

«Эсимда, эгиз акам менга ўгирилиб, "Ҳой, жинсий муносабатда бўлганмидинг?» деб сўради. "Йўқ, қаердан келганини билмайман", деб жавоб бергандим.»

Онаси Марта беш ёшида вафот этган. Уни отаси боқиб катта қилган. Уларнинг иккаласи ҳам ОИВ билан касалланган эди.

Саккиз нафар туғишганлар орасида фақат у ОИВга чалинган эди.

"Мен яшашдан маъно кўрмай қолдим. Ўша пайтда ОАВда бу касалликка чалинганларни қоралашарди. Европада ОИВ гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғланарди. Африкада эса бу касалликни жинсий алоқа билан боғлашарди. Мен ўз жонимга қасд қилиш ҳақида ўйлардим».

Марта ўзи каби бошқа ўсмирларга ёрдам бериш орқали таскин топди ва ОИВ беморларини қўллаб-қувватлаш гуруҳига қўшилди.

"Улар менинг олдимга келиб, мендан маслаҳат сўрашарди".

Гуруҳ ёрдамида у ўзига бўлган ишончни тиклади. У яхши таълим олди ва ҳатто ОИВ билан касалланган ёшлар учун ташкил этилган гўзаллик танловида ҳам қатнашди. Ҳозир у ушбу танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси.

Марта ўз жинсий шерикларидан ОИВ мақомини яширмайди.

Сурат манбаси, Martha Clara Nakato

Сурат тагсўзи, Марта ўз жинсий шерикларидан ОИВ мақомини яширмаган.

Марта, шунингдек, жинсий ва репродуктив саломатликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда, саломатлик ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

"Тасодифий ёки бир кечалик муносабатлардан завқ олишингиз мумкин. Аммо презервативлардан фойдаланишни унутманг", деб маслаҳат беради у.

Марта ОИВ ҳақида очиқ гапириш қийинлигини тушунади. Аммо у жинсий партнерларидан ҳеч нарсани яширмайди.

"Кимдир мени ОИВ билан ҳам севишини хоҳлайман, чунки бу менинг бир қисмим".

"Мен учта эркак билан муносабатда бўлдим. Уларнинг барчаси менда ОИВ борлигини билишарди. Улар мени шундайлигимча севди... ва мендан нега турмушга чиқмаганимни сўрамадилар. Мен турмуш қурмаганман, чунки орзуларимиз бошқача".

Учала эркакда ҳам ОИВ манфий бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Мартанинг айтишича, у ҳар куни қабул қиладиган ретровирусга қарши дорилар ундаги вирус юкини пасайтирган.

"Мен 101 фоиз ишончим комилки, бир кун келиб она бўламан, боламга ОИВ юқмайди. Буни қалбимдаги умид билан айтаман, чунки мен самарали даволаниш оляпман".

"Мен жамиятдан кўп нарса кутмайман"

23 ёшли трансгендер Лулу Манганг Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Имфал шаҳридан. У ОИТСга қарши курашувчи фаоллардан бири.

Лулунинг айтишича, жамият ҳамиша қайсидир тоифадаги одамларни қабул қилишга қийналади.

Сурат манбаси, Lulu Mangang

Сурат тагсўзи, Лулунинг айтишича, жамият ҳамиша қайсидир тоифадаги одамларни қабул қилишга қийналади.

У зоологияни ўрганган ва энди биокимё бўйича магистратурага киришни режаламоқда. "Мен ОИВга қарши дориларнинг самарадорлиги бўйича тадқиқот ўтказмоқчиман", дейди у.

Лулу 1999 йилда Деҳлида камбағал оилада туғилган. 2002 йилда отаси вафотидан кейин амакиси қўлида тарбияланган. Унинг айтишича, "олти-етти ёшида ОИВ билан касалланган".

"Нима қилишни билмасдим. Мен ҳам ғазабда, ҳам хафа эдим. Бу ҳиссиётлар аралашмаси эди. Кимни айблашни билмасдим. Мен ҳам ўзимдан ғазабланиб, ўзимни сўкдим".

"Мен онам билан гаплашдим, у менга бу касаллик ундан ўтганини айтди", деб эслайди Лулу.

Онаси уни дўстлар орттиришга ёрдам берган ОИВга чалинган бир гуруҳ болалар билан таништирди. Аммо у барибир камситишларга дуч келди.

"Ўйнаб юрганимда, тўсатдан бир бола менинг касаллигими айтиб, унга яқинлашмасликни ва у билан ўйнамасликни айтди. Кейин уришдик, иккаламиз ҳам жисмоний жароҳат олдик.

Лулу биокимё мутахассиси бўлиб етишиб ОИВ дорилари самарасини тадқиқ қилишни истайди.

Сурат манбаси, Lulu Mangang

Сурат тагсўзи, Лулу биокимё мутахассиси бўлиб етишиб ОИВ дорилари самарасини тадқиқ қилишни истайди.

Вояга етганида, у қийинчиликларни яхшироқ енгишни ўрганди.

"Мен жамиятдан кўп нарса кутмайман. Биз бир-биримиздан фарқ қиламиз ва барчамизнинг фикрлаш тарзимиз фарқли".

"Баъзилар мени ўзимни қандай кўрсам, шундай кўришлари мумкин. Баъзилар ундай қила олмайди."

Лулунинг айтишича, у жинси туфайли даволанишда ҳеч қандай тўсиқларга дуч келмаган. Охирги уч йил давомида у нотижорий ташкилот фаоли сифатида ишлади, бу эса унга ОИВ билан касалланган ёшлар билан ишлаш имконини беради.

Лулу камситишларга барҳам бериш учун одамларнинг тушунчасини тўғрилаш керак, деб ҳисоблайди. "Хавфсизлик йўқлиги ва маълумот етишмаслиги туфайли кўп одамлар камситилади ва зулм кўради."

"Мен ўзим ҳақимда одамларга очиқ гапиришга қарор қилдим, чунки бу менинг штатимда (Манипур) осон қабул қилинади. Буни баъзи ёшларни илҳомлантириш ва рағбатлантириш учун қилдим.»

Унга ижобий қарашди, кўплаб ёшлар унга ёрдам ва маслаҳат сўраб мурожаат қилди.

Тўсиқларни енгиб ўтиш йўлини топиш Лулу учун устувор вазифадир ва у "жамият сизни рад этаверса, бошқа жойга қараш керак" дейди.

"Мен шунчаки ўзимни севишга уринаман."

2px presentational grey line

ОИТС рақамларда

- 2021 йилда дунё бўйлаб 38,4 миллион киши ОИВ билан яшамоқда.

- 2021 йилда 1,5 миллион одам ОИВ билан касалланди

- 2021 йилда ОИТС билан боғлиқ касалликлардан 650 000 одам вафот этди. Шу жумладан, 110 000 га яқин болалар ва ўсмирлар (0-19 ёш).

- ОИВ билан яшаётганларнинг 2,7 миллионгачаси ёшлардир.

- Болалар ва ўсмирлар ОИВ билан касалланган аҳолининг атиги 7 фоизини ташкил қилади, аммо 2021 йилда ўлимнинг 17 фоизи ва янги инфекцияларнинг 21 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади.

- Эпидемия бошлангандан бери 84,2 миллион киши ОИВ билан касалланган ва 40,1 миллион киши ОИТС билан боғлиқ касалликлардан вафот этган.

Манба: UNAIDS ва Unicef

2px presentational grey line

"Қачон тайёр бўлсам, ўшанда буни ошкор қиламан"

18 ёшли университет талабаси Аяна Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган. Ҳозир у пойтахт Бишкекда яшайди.

Аяна ҳали ОИВ мақомини очиқлашга тайёр эмаслигини айтади.

Сурат манбаси, UN AIDS

Сурат тагсўзи, Аяна ҳали ОИВ мақомини очиқлашга тайёр эмаслигини айтади.

"Мен ақлим кирганидан бери вирус билан яшаяпман", дейди у Би би сига.

UNAIDS маълумотларига кўра, 2006-2007 йилларда 391 бола касалхонада ОИВ инфекциясини юқтирган. Улар орасида Аяна ҳам бор. Аянанинг онаси қизини қўрқмасдан тарбиялашда ёрдам берган бир қатор семинарларда қатнашди.

Ўсмирлигида Аяна ОИВга қарши кўмак гуруҳларига қўшилган.

"Биз бир-биримизга ёрдам берамиз. Имкониятларримиз ҳақида ҳам гаплашамиз", дейди у.

Аянадан фарқли ўлароқ, бошқа кўплаб ёш қизлар кундалик дориларни қабул қилмайди. Аяна уларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

"Менинг бир дўстим бор, у дори ичишни истамайди. Биз мулоқот қилиш учун махфий сўзларни ўйлаб топдик. Дўстимга дори ҳақида эслатмоқчи бўлсам, сўрайман, гулларни суғордингми деб?"

Аяна ўз ҳолатини фақат оила аъзолари ва яқин қариндошларига ошкор қилган.

"Бир куни мен очиқ майдонга чиқаман, лекин буни ота-онам ёки бошқалар учун қилмайман. Қачонки тайёр бўлсам, ўшанда".

Глобал мақсад - 2030 йилгача болаларга ОИВ юқтириш ҳолларининг тугатилишига эришиш.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Глобал мақсад - 2030 йилгача болаларга ОИВ юқтириш ҳолларининг тугатилишига эришиш.

Аяна беморлиги ошкор этилган дўстлари қандай қийинчиликларга дуч келаётганини билишини айтади.

"Уят ва дискриминация ҳали ҳам мавжуд. Яқинда дўстимнинг кундалигидан синфдошлари унинг ОИВ ҳолати ҳақида билиб қолишибди. Гап кенг тарқалди ва у зўравонликларга дуч келди ва мактабини ўзгартирди."

Аяна университетга кирди ва бир неча йилдан сўнг журналист бўлишни орзу қилмоқда. Бўш вақтларида эртаклар ёзади, бахтли бўлишига умиди сўнмаган.

"Ҳаёт оқар сувга ўхшайди. Бошимга нима тушган бўлса, мени бугунги ўзлигимни шакллантирган. Мен шу ҳаётни яшашни истайман, қаерга олиб боришини кўришни хоҳлайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek