Ўзбекистон-Россия, мажбурий текширув: Булар СПИД (ОИТС) юқтириб келади, дейдими?!

Сурат манбаси, Getty Images
Хорижда уч ойдан ортиқ бўлиб Ватанига қайтган шахсларни 24 соат ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлмоқда.
Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган Россиядаги ўзбекистонлик айрим меҳнат муҳожирлари ҳозир шундоқ ҳам ОИВ/ВИЧ таҳлилига мажбурланаётганликларини билдиришди.
- Ўзбекистонга боришим билан келганимни қандай эшитади, билмадим, ўша куниёқ уйимизга ҳамширалар келиб келинимизга айтиб кетади: «Россиядан қайнопангиз келибди, бориб анализ топширсин. Кечаси учиб келаман, эрталаб турсам, келинимиз шунақа янгилик айтади. Баъзида жаҳлим чиқиб кетади, мен касаллик орттириб келганманми, мени «бу бева ОИТС орттириб келади» дейдими?!, - дея ўз эътирозларини билдиради, жумладан, ошхона ишчиси Шукрона Қобилова.
Унинг айтишича, бу каби текширувларнинг лозимлигини тўғри тушунади, аммо, барибир, салбий фикрга бориб қолади.
- Менга оғир ботади, ўзини авайлаган одам мажбурий текширувларсиз ҳам саломатлигидан хабардор булиб бўлиб туради. Шунинг учун бирон марта бормадим. Ахир, соғломлигимни биламан, ҳар йили патент олиш учун тиббий кўрикдан ўтаман-ку, дейди у.
Россияда қонунан меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳар йили меҳнат патентини расмийлаштириш жараёнида тиббий кўрикдан ўтадилар. Таҳлиллар орасида ОИВ текшируви ҳам бор.
Айнан Россия энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлат бўлади.
Шу йил бошида эълон қилинган расмий рақамларда уларнинг сони икки миллиондан ортгани англашилади.
Аммо норасмий ҳисоб-китобларда ҳақиқий рақамлар расмийсидан икки баробар кўп экани айтилади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда уларнинг орасида ушбу янгиликка ижобий муносабатда бўлганлари ҳам бўлди.
Уларга кўра, бу каби текширувлар фойдадан холи эмас.
- Русда миллионлаб юртдошларимиз ишлашади, ким қандай холатда юрибди ҳаммасини билиб бўлмайди. Қон анализ олиш текширувдан ўтказиш яхши, дейди самарқандлик меҳнат муҳожири Бахтиёр Турсунов.
- Текширувлар мигрантларга ишончсизликдек кўринади, лекин улар патент олгандан кейин ҳам бир йил юришади-ку, билиб бўлмайди. Руслар учун қон бераяпмиз. Ўзимизни юрт учун ҳам берайлик-да, дея ўз сўзлари давом этади у.
Аммо, суҳбатдошимизга кўра, шунга яраша шарт-шароит ҳам қилинмоғи лозим.
"Узоқ йўл юриб борган одамлар бир суткада қон топширишга бориши қийин, машинада, автобусда бораётганлар бор..."
Лойиҳа инсон ҳуқуқларига қаршими?

Сурат манбаси, Science Photo Library
Мажбурий тиббий текширувга оид янги қонун лойиҳаси Россиядаги меҳнат муҳожирлари қолиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи фаолларнинг ҳам эътиборларидан четда қолмаган.
Жумладан, юрист Зарнигор Омониллаевага кўра, Ўзбекистонда ҳали ҳам ОИВ/ОИТС ҳақида информацион оқсоқлик катта.
- Ўзбекистон Республикаси "Юқумли касалликларга чалинганлар ҳуқуқлари" хартиясини қабул қилган. Таклиф қилинаётган қонун бу халқаро хартиянинг тамойилларига қарши, - дейди у.
- Ушбу хартияда, биринчидан, асосий талаб анонимликка қаратилган. Иккинчиси, жамиятдан ажралиб қолинмаслик ва дискриминация ва босимларга учрамаслиги борасидаги тамойил. Лойиҳа билан танишиб тушунишим бўйича, 24 соат ичида (чегарани ўзида) топширилган таҳлил муҳожирдан олдин ёки кейин (ўзини хабари бўлиб-бўлмай) нафақат унинг турмуш ўртоғига, балки яқинларига ва маҳалла нозирию маҳаллагача етиб бораркан. Бу унинг рухсатисиз жамиятнинг ўзи яшаётган кичик бир қисмига овоза қилиш деганидир. Хартияда эса, ҳали жамиятга бу нарсага нисбатан лоял муҳит бўлмагани учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият босимларидан қутқариш, муҳитдан ажралиб қолмасликларига қаратилган. Таклиф этилаётган бу лойиҳа инсон ҳуқуқларига зид" , - дея ўз сўзларида давом этади Зарнигор Омониллаева.
Ҳуқуқшуносга кўра, бу ҳаракат Ўзбекистон Коституциясига ҳам зиддир.
"Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирлиги мақсади ОИВнинг олдини олиш бўлса, тезкор таҳлилларни ўзи яхши натижа бермайди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маслаҳати ва тажрибасидан келиб чиқиб иш юритиш ўринли".
Суҳбатдошимизга кўра, бунга қўшимча муҳожирларга руҳий босимлар эҳтимоли ҳам ортиши мумкин.
- Айнан чет элга бориб келган фуқароларга бундай чора кўрилиши нотўғри. Сабаби, бу қонун ВИЧ/СПИДни камайишига хизмат қилмайди, аксинча ажиотаж орттиради, - дейди у.
"Тасаввур қилинг, чет элга 6 ойга бориб келдингиз ва анализ топширишга мажбурсиз. Нима учун? Биринчидан бу билан чет элга бориб келаётганлар эҳтимолли ВИЧ/СПИД ташувчиси деган тамға уриляпти. Иккинчидан, мажбурий қон топширилгани билан кейинги даволаниш жараёни ихтиёрий бўлиб қолаверади. Учинчидан, анализ топширилгандан кейинги чиқадиган жавоблар маҳфий бўлиб қолиши шарт. Буни Ўзбекистон қонунчилиги ҳам, халқаро қонунчилик ҳам кафолатлайди. Тўртинчидан, агар анализ топширилгач, жавоблар яхши бўлса нима бўлади-ю, ёмон бўлса нима бўлади? Ноаниқ. Бу текширув таҳлилларисиз ҳам Ўзбекистон Меҳнат Кодекси бўйича ВИЧ/СПИДга чалинганлар ишлолмайдиган касблар сони катта".
Янги қонун лойиҳаси regulation.gov.uz порталида шу йилнинг 3 июль куни муҳокамага қўйилган.
Порталда бу қонун лойиҳасининг жаъми икки ҳафталик муддатда муҳокама остида бўлиши билдирилган.
Орадан икки кун ўтса-да, қонун лойиҳаси борасида бор-йўғи битта таклиф билдирилган.
Жумладан, Мардонов Алишер Очилдиевич, ""уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш" яхши самара бериши мумкин. Лекин нега шу муддатга хорижга чиқиб кетаётган шахслар ўртасида ОИВ инфекцияси ва унинг юқиш йўллари тўғрисида маълумот берилмайди? Нега профилактика ишлари хорижга чиқиш олдидан амалга оширилмайди?", - дея муносабат билдирган.
Расмий муносабат: Ўзбекистонда ОИВ ортаяпти

Сурат манбаси, Getty Images
"Республикада меҳнат мигрантлари орасида ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда", дейилади Соғликни сақлаш вазирлигининг Вазирлар маҳкамасига йўллаган тушунтириш хатида.
Вазирлик баён қилган маълумотларга кўра, " 2018 йилнинг 11 ойида 571 нафар меҳнат мигрантида ОИВ инфекцияси аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилни 11 ойида 525 нафарни ташкил этган бўлиб касалланиш кўрсаткичи 8,0 фоизга ортган".
Шунингдек, ОИВ тарқалиши ҳудудлари ва юқтирилиш сабаблари ўрганилгани ҳамда унинг натижалари қисман билдирилади.
"Таҳлилларга кўра, ОИВ инфекцияси аниқланган меҳнат мигрантларининг 94,1 фоизига касаллик жинсий йўл билан юққанлиги аниқланди. Оқибатда касаллик уларнинг турмуш ўртоғига ва оила-аъзоларига юқишига сабаб бўлмоқда".
2017 йилда ўтказилган махсус эпидемиологик тадқиқотлар кўрсатдики, ОИВ инфекциясининг мигрантлар орасида тарқалганлик даражаси Республикада 1,3% фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич Андижон ва Урганч шаҳарларида 2,3% ни, Бухоро шаҳрида 1,3%ни, Китоб ва Самарқанд шаҳарларида 1,0% ни ташкил этган.
Аниқландики, 20,0% мигрантларнинг миграция даврида доимий жинсий шериги бўлмаган, 17,0% мигрантлар рағбатлантириш эвазига жинсий алоқага киришган, 2,8%-мигрантлар бир марта бўлса ҳам гиёҳванд моддаларни қабул қилган (гиёҳванд модда қабул қилганларнинг 79,0% -ушбу моддани томир ичига қабул қилган)", - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хужжатида.
Хавфли меҳнат муҳожирлари

Сурат манбаси, courtesy
Россияда айни пайтда расман 2 миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида. Уларнинг 70 фоиздан зиёди эркаклар ва ўртача ёши 18-40 ёшни ташкил этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, "меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси бўйича билим савиясининг пастлиги ОИВни юқтиришига ва инфекцияни доимий яшаш манзилига олиб киришига имкон яратади".
Лойиҳадаги маълумотга кўра, ОИВ инфекцияси аниқланган меҳнат мигрантларининг 94,1 фоизига касаллик жинсий йўл билан юққани аниқланган.
Вазирлик ОИВнинг ортишининг асосий сабабини миграция жараёнлари билан боғлайди ва белгиланган муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларга ОИВга мажбурий текширувни жорий этиш ҳаракатида.
"Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган фуқаролар кўп ҳолларда ноодатий шароитга тушадилар ҳамда ҳулқ-атворга таъсир этувчи бир қатор омиллар натижасида уларга ОИВ инфекцияси юқиши ҳавфи ортади".
Хужжатда "уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган шахслар хавфли хулқ-атворни ўзида синаб кўришга кўпроқ мойил бўлган аҳоли қатламига мунсуб" дейилади ва "уларнинг жинсий йўл билан ОИВ инфекциясини ўзига юқтириб олиш эҳтимоли муқим(турғун) аҳолига нисбатан юқорироқ"лиги билдирилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Қонун лойиҳасининг бирон жойида ҳорижда ишлаётган меҳнат муҳожирларини юқумли касалликлардан эҳтиёт қилиш, касалликнинг олдини олиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш каби иборалар учрамайди. Аксинча, муҳожирлар ОИВ ташувчилар сифатида кўрилади.
"Бошқа давлатда бўлиш даврида орттирилган хавфли хулқ-атвор ва янги одатлар улар ўз яшаш жойларига қайтиб келганларидан кейин мигрантларни янада хавфли гуруҳга айлантириши мумкин"
Матнда хорижга чиқиб қайтган шахслардан кўра, асосан меҳнат мигрантларига урғу берилган:
"Меҳнат мигрантлари касалликни юқтириб олгандан сўнг, ўз юртига қайтганида уни оила-аъзоларига юқтириши эҳтимоли мавжуд".
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИВга қарши курашнинг ихтиёрий текширув амалиёти самара бермагани боис мажбурийга ўтказилиши ва бу амалиётлар учун давлат бюджетидан қўшимча 30 млрд сўм маблағ ажратилишини билдирган.
Бугун Ўзбекистон ташқарисида меҳнат муҳожирлигида банд мамлакат фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Улар пул ишлаш илинжида йўл солаётган давлатлар сифатида Россиядан ташқари яна Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва АҚШ ҳам тилга олинади.
Ўзбекистондаги Республика ОИТС/СПИД марказининг ўтган йилги маълумотларига кўра, мамлакатда ОИВ/ВИЧ юқтирган 37 минг киши расман рўйхатга олинган.
Улардан 20 мингга яқини тиббий муолажа остида.
Ҳар йили икки мингга яқин одам янгитдан ОИВ/ВИЧ ташувчиси сифатида рўйхатга олинмоқда.
Бу каби рақамларни марказ вакилига таяниб, centre1.com интернет нашри берган.
Турли халқаро ҳисоботларда Марказий Осиё давлатлари ОИТС/СПИД хасталиги жадаллик билан тарқалиши мумкин бўлган давлатлар сифатида тилга олинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












