Вампирлар қаердан келган ва уларнинг туркларга нима алоқаси бор?

Сурат манбаси, Getty Images
XVIII аср бошларида Сербияда ўнлаб одамлар сирли тарзда вафот эта бошлади. Гўёки уларни ўлган қўшнилари таъқиб қилган, ўлимдан олдин бўғилиш ҳисси ёки нафас қисишини бошдан кечиришган.
Бу миш-мишлар марказида иккита кичик қишлоқ – Сербия жанубидаги Медведжа ва шимоли-шарқидаги Кисилево турарди. Қишлоқлар бир-биридан 200 километр узоқликда жойлашган бўлса-да, ўн йил ичида ўхшаш ғалати ҳодисалар ҳақида хабар беришди.
Бу ўлимларнинг сабабини ўрганиш учун Австриялик шифокорлар юборилди ва улар топган барча маълумотлар бўйича батафсил ҳисоботлар тузишди. Бу натижалар тез орада Австрия матбуотига, кейинчалик эса илмий доираларга етиб борди.
"Вампирлар: Европа афсонасининг келиб чиқиши" китоби муаллифи, немис тарихчиси Томас М. Бон айтишича, "вампир" сўзи биринчи марта 1725 йилда Австриянинг "WienerischesDiarium" номли кундалик газетасида пайдо бўлган.
Вампир – тирикларнинг қони билан озиқланиб яшайди деб тасаввур қилинадиган афсонавий мавжудот.
Вампирларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ривоятлар дунё бўйлаб турли маданиятларда қайд этилган, аммо "вампир" атамаси Ғарбий Европада XVIII асрдаги шундай хабарлардан сўнг оммалашган.
"Шайтон иши"
1725 йилда Кисилевода икки кун ичида тўққиз киши вафот этди. Айтишларича, уларнинг барчаси ўлимидан олдин маълум бир қўшниси ҳақида гапирган.
Улар аллақачон вафот этган Петар Благоевич исмли одам тушларига кириб, уларни бўғаётганини айтишган.

Сурат манбаси, Universal Pictures
Бунга жавобан маҳаллий аҳоли Благоевичнинг қабрини очиб, яхши сақланган жасадни топди. Бу "шайтон ишининг далили" сифатида қабул қилинди.
Эксгумацияда қатнашган австриялик амалдор шундай ёзган: "Юзи, қўллари ва оёқлари, умуман, бутун танаси худди тирикдек сақланиб қолган эди".
"Унинг оғзидан, мени ҳайратга солиб, у ўлдирган одамлардан сўриб олган янги қонни топдим."
Дублиндаги Тринити коллежидан профессор Клеменс Рутнернинг фикрича, "вампир" сўзи австриялик шифокорлар қабрларни очиб, содир бўлган воқеаларни тушуниш учун маҳаллий таржимонлар билан суҳбатлашган пайтда пайдо бўлган.
"Таржимон, эҳтимол, "упир" деган сўзни ғўлдираган бўлиши мумкин. Бу словенча жин маъносини англатади ва шу тушунмовчилик натижасида "вампир" сўзи туғилган," дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, ўзларини "маърифатли" деб ҳисоблаган Австрия амалдорлари ва австрияликлар томонидан "ибтидоий" деб қабул қилинган маҳаллий қишлоқ аҳолиси ўртасидаги мулоқот натижасида янги мавжудот пайдо бўлди.
Петарни тўхтатиш учун қишлоқ аҳолиси унинг юрагига қозиқ қоқиб, кейин жасадини ёқиб юборишган. Шу билан қишлоқда вампирлар ҳақидаги хабарлар тўхтаган.
Гарчи бу воқеалар эътиборни тортган бўлса-да, профессор Боннинг сўзларига кўра, "вампиризм", яъни вампирларга ишониш кенг жамоатчилик тасаввурини эгаллаш учун ҳали вақт етилмаган эди.
Ўша даврдаги маърифатпарварлик руҳи мантиқан тушунтириб бўлмайдиган ҳеч нарсани қабул қилмасди.
Вампирми ёки айбсиз "гуноҳкор"ми?
Етти йил ўтиб, 1732 йил январида Медведжа қишлоғини ваҳима қамраб олди.
Уч ой ичида 17 киши, уларнинг баъзилари ёш ва соғлом бўлишига қарамай, ҳеч қандай сабабсиз вафот этди.
Кисилеводаги воқеалар каби вафот этганларнинг баъзилари ўлимдан олдин кучли бўғилиш ва кўкракдаги қаттиқ оғриқлардан шикоят қилишган.
Қабрларни очиш ҳақидаги буйруқдан сўнг, доктор Йоҳаннес Флюкингер ҳисобот ёзди. Унда у "вампирлик" ҳолатларида асосий айбдор сифатида бир ҳарбийни тилга олди.
Хабарларга кўра, унинг танаси ҳали чиримаган бўлиб, кўзлари, бурни, оғзи ва қулоқларидан янги қон оқаётган эди.
Медведжа аҳолиси буни унинг ҳақиқатан ҳам вампир эканлиги тасдиғи деб билди. Шунинг учун улар унинг юрагига қозиқ қоқиб, кейин жасадини ёқиб юборишди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Йиқилиб вафот этган ва қишлоқ аҳолиси томонидан гуноҳкор деб топилган бу одамнинг ҳаёти ва тақдири ҳақида кўп нарса маълум эмас," деб ёзади Томас Бон ўз китобида.
У бу одамни Косоводан келган албан Арнаут Павле бўлган деб тахмин қилади.
"Кисилеводаги Петар Благоевич ва Медведжадаги Арнаут Павле вампир турининг биринчи маълум вакиллари эди," дейди у.
Илмий изоҳ
Қишлоқ аҳолиси парчаланмаган жасадлардан қўрқса-да, замонавий патологлар марҳумларнинг топилган ҳолати ғайритабиий эмаслигини таъкидлайди.
"Венанинг машҳур патологи Кристиан Райтернинг фикрича, бу ҳодисаларнинг барчаси ўтмишда урушлар пайтида ва ундан кейинги даврларда кенг тарқалган куйдирги эпидемияси билан боғлиқ," дейди профессор Рутнер.
Куйдирги – касалланган ҳайвонлардан одамларга юқадиган ва кўпинча ўлимга олиб келадиган бактериал касалликдир.
Рутнер, шунингдек, ўлимдан олдинги бўғилиш ҳақидаги маълумотлар пневмония билан боғлиқ бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
"Агар ҳисоботларни диққат билан ўқиб чиқсангиз, ҳеч ким вампирларни ўз кўзи билан кўрмаганини пайқайсиз. Улар қон сўрган деган фикр австриялик шифокорларнинг талқини эди," дейди у.
Томас Бон ҳам қон сўриш ғарб жамоатчилиги томонидан яратилган афсона деб ҳисоблайди.

Сурат манбаси, Getty Images
Медведжалик маҳаллий тарихчи Иван Несичнинг айтишича, вампирларга бўлган ишонч ва қўрқув ҳали ҳам одамлар онгида сақланиб қолган.
У Петар Благоевич ва Арнаут Павле вафот этганидан анча вақт ўтгач ҳам, маҳаллий аҳоли ўз уйларини вампирлардан ҳимоя қилишга уринганлигини таъкидлайди.
"Серб вампири қон билан тўлдирилган шишган тери пуфагига ўхшайди," дейди у.
"Улар вампирни бирор жойидан тешилса, худди ҳаво шаридек пучайиб қолади деб ўйлашган. Шунинг учун одамлар ҳимоя мақсадида дарвозалар, деразалар ёки эшикларга дўлана шохларини қўйишган."
"Турк таҳдиди"га муқобил
Кисилево ҳам, Медведжа ҳам XVIII асрда, асрлар давомида Усмонлилар ҳукмронлигидан сўнг Ҳабсбург монархияси ҳокимияти остига ўтган чегара ҳудудларида жойлашган эди.
Профессор Рутнернинг фикрича, вампирларнинг пайдо бўлиши эътиборни тортган, чунки бу ҳодисалар шундай низоли ҳудудларда содир бўлгани хабар қилинган эди.
"Усмонийлар империяси ва Ғарб ўртасидаги катта можаро бу воқеаларнинг муҳим замини ҳисобланади," дейди у.
Профессор Бон, шунингдек, 1683 йилда Усмонлиларнинг иккинчи муваффақиятсиз Вена қамалидан сўнг, вампирлар насронийлик учун "турк таҳдиди"га муқобил бўлиб хизмат қилганини таъкидлайди.
XVIII аср ўрталарида Ҳабсбург монархиясида "вампирлар"нинг янги тўлқини пайдо бўлди, аммо хурофий эътиқодларни жиловлаш учун хаёлий мавжудотларга қарши ҳар қандай кураш тақиқланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ вампирлар тез орада бошқа қиёфада қайта пайдо бўлди.
"Романтика давридаги вампирлар қизил юзли серб қишлоқ аҳолиси эмас, балки келишган, оқ танли зодагонлар эди," дейди Рутнер.
Замонавий бадиий адабиётдаги харизматик ва мураккаб вампир образи 1819 йилда инглиз ёзувчиси Жон Полидорининг "Вампир" асари нашр этилиши билан пайдо бўлди.
Брам Стокернинг 1897-йилги "Дракула" романи энг муҳим вампир романи сифатида эътироф этилади ва бугунги кунгача замонавий вампир афсонаси асосини ташкил этади.












