Тошкент ҳавоси нега ифлос ва уни тозалаб бўладими?

Сурат манбаси, kun.uz
- Author, Асадбек Комилов
- Role, Мустақил журналист
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Тошкентда кеч куз. Одатда бу палла совуқ тушиши, ёғингарчилик ва рутубатли ҳамда булутли ҳавоси билан ажралиб турарди.
Аммо сўнгги йиллари Ўзбекистон пойтахтида айни даврда бошқача ўзгариш ҳам кечмоқда. Ҳавони тутун, туман ва чангга ўхшаш нимадир қоплаб олади. Кўпчилик ниқоб тақиб кўчага чиқади.
Халқаро ҳисоботлар эса охирги йиллари бир неча бор Тошкентни дунёдаги энг ҳавоси ифлосланган шаҳарлар сирасига киритди.
Пойтахт ҳавосининг ифлосланишига сабаб нима? Иссиқлик марказларими, автомобилларми, мазут ёқишми, қурилиш ишларими ё бошқа омиллар борми?
Сўнгги йилларда пойтахт ҳавосининг ифлосланиш даражаси кескин ошгани ҳақида нафақат мутахассислар ва ҳисоботлар эътиборига тушмоқда, балки Тошкентда одамлар энг кўп гапирадиган мавзулардан бирига ҳам айланган.
Одамлар нима дейди?

Сурат манбаси, kun.uz
"Охирги пайтда токчамиз ҳар куни чанг йиғади. Авваллари бир ҳафтада, уч кунда бир артиб қўйиш етарди" - дейди тошкентлик Умида исмли аёл.
"Болам билан очиқ ҳавода сайр қилишга чўчийман. Наилож, фақат уйда ўтириб бўлмайди. Аввал кечқурунн чиқардик. Энди эса ҳаво тозалигига қараб чиқадиган бўлдим".
У автомобиллар чиқараётган зарарли газлар ҳам атроф-муҳитни ифлослантиришини айтиб, уларнинг ўрнига электромобиллардан фойдаланиш кераклиги ҳақида сўз юритади.
Охирги пайтларда нафас олиши қийинлашганини айтган чилонзорлик 58 ёшли Шоҳида опа ҳаво ифлосланишига асосий сабаб сифатида дарахтларнинг кесилаётгани ҳамда қурилишларнинг ортаётганини кўрсатади.
"Шаҳарда ерларни ҳадеб кавлашни тўхтатиш керак. Бугун келиб у жойни, эртага бошқа жойни ковлашади. Бу яхши эмас. Чанг ана шундан ҳам кўтариляпти. Дарахтлар камайиб кетмоқда. Яшиллик йўқ. Япроқлар ёзда ҳам оппоқ чанг. Кислород берадиган дарахтлар чанг билан қопланиб туради" - дейди у.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суҳбатдошимиз ўтган сентябрда кузатилган ҳаво ифосланиши ортидан шифохонада даволаниб чиққанини айтаади ва айнан нафас олишида муаммолар кўплигини айтади.
"Биласиз, бевақт касалланиш - ортиқча чиқим" - кулади суҳбатдошим.
"Муаммолар ҳақида айтсам, мени қамаб қўйишмайдими?" - хавотир аралаш қўшиб қўяди.
Сергелида яшовчи Жавоҳир эса агар пойтахт ҳавосининг ифлосланиши шу тарзда давом этса, яқин 10-15 йилда яқинлари билан шаҳардан чиқиб кетишини айтади .
"Аммо ҳозирги кунда ҳаво ҳар доим ҳам ифлос эмас, баъзан қўрқинчли статистикалар чиқиб туради, йилда бир неча маротаба чанг бўронлари кузатилади, ўша пайтда одам ўзи ва яқинларидан хавотирга тушади ".
Жавоҳирнинг фикрича, пойтахт атрофида ва ичида яшилликни, дарахтларни янада кўпайтириш керак.
"Об-ҳаво учун ҳамма бирдек масъул. Ўзгаришни биринчи ўзимиздан бошлашимиз керак. Уйимизда турли ҳил дарахтлар сонини кўпайтириш орқали ҳам чанг зарарларини камайтира олармиз, балки. Чунки шу ҳаводан ўзимиз нафас оламиз!"
Хуллас, пойтахтликлар хавотирда.
Мутахассислар фикри

Сурат манбаси, Rasmiy
"Атмосфера ҳавосининг сифати масаласи глобал миқёсдаги экологик муаммолардан бири сифатида долзарб аҳамият касб этмоқда" - дейди эколог Наргис Қосимова. .
"Ҳаво ҳарорати, шамол тезлиги, атмосфера босими ва иқлим ўзгариши ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда, PM10 ва PM2.5 кўрсаткичлари ҳам ҳаво ифлосланиш даражасини баҳолашнинг муҳим кўрсаткичлари ҳисобланади".
Унинг айтишича, бу тушунчалар нимани англатиши билан кўпчилик етарлича таниш эмас.
- PM10 – диаметри ўн микрометр ёки ундан кичик бўлган заррачалар.
- PM2,5 – диаметри 2,5 микрометр ёки ундан кичик заррачалар.
Наргис Қосимовага кўра, бу кўрсаткичлар ҳавода мавжуд бўлган нозик заррачаларни англатади ва улар инсон саломатлигига тўғридан тўғри таъсир кўрсатади.
"Оддийгина мисол, битта соч кесимига тахминан 40та PM2.5 заррача жойлашиши мумкин. Бу ўта жиддий".
"Бу заррачалар нафақат ҳаво чангининг асосий қисмини ташкил этади, балки уларнинг хавфи шундаки – улар бурун, томоқдан ўтиб, ўпканинг чуқур қисмига кириб боради" - тасвирлайди у.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, катта шаҳарларда, жумладан, Тошкентда нозик заррачаларнинг асосий манбалари – машиналар ҳаракати, қурилиш ишлари, саноат корхоналари фаолияти ва йўлларнинг емирилиши.
"Автомобил шинаси асфалтга ишқаланганда, майда резина заррачалари ажралиб чиқади, асфалт қатлами эса вақт ўтиши билан емирилади. Бу заррачалар шамол таъсирида узоқ масофаларга тарқалиши мумкин.
Қурилиш майдонларидаги чанг ҳам катта экологик хавф туғдиради. Асбест ва цемент таркибидаги моддалар ҳавога аралашиб, одамлар нафаси орқали организмга кириб боради" - дейди эколог.
Тошкентда яшаб, таҳсил олаётган қорақалпоғистонлик экофаол Дилфуза Сейтимова Тошкент ва Нукусдаги ҳаво сифатини солиштиради.
Toshkent bilan solishtirganda tug‘ilib o‘sgan ovulimda havo sifati hozir ancha yaxshi
"Кейинги вақтларда Нукус тоза ҳудудга кирмоқда, бу қувонарли ҳолат" - дейди Дилфуза.
"Биз тарафларда ҳаво шўр, тузли. Аммо энди ёмғирлар кўпроқ ёғиб, дарахтлар кўпайган ва шу боисми ҳаво ҳаво ҳам анча тиниқлашяпти. Зарарли машиналар ва саноат корхоналари кам. Тошкент билан солиштирганда туғилиб ўсган овулимда ҳаво сифати ҳозир анча яхши" - дейди Дилфуза Сейтимова.
"Эколог" жамоат бирлашмаси мутахассислари ҳаво ифлосланиши омилларини фоизларга бўлиб, тушинтирадилар.
Уларга кўра, пойтахтда табиий чанг манбалари тахминан 30-36 фоиз.
Бу турдаги чанг асосан ёз ва баҳор фаслларида кузатилади.
Шамол орқали Қизилқум ва бошқа қўшни ҳудудлардан чанг келиши, шунингдек, қурилиш ишлари ва қурғоқчилик туфайли ҳавода зарралар кўпайиши – ҳаво ифлосланишининг муҳим сабаби.
Иситиш тизими ва ёнилғи ёқиш тахминан 25-30 фоизни ташкил этади.
Қишда иситиш учун кўмир, мазут ёки газ ёқилиши оқибатида ҳам катта миқдорда зарарли моддалар чиқади.
Автотранспорт воситалари тахминан 15-20 фоиз ифлосланишу учун масъул.
Эски автомобиллар, дизел ёнилғиси ишлатиладиган техникалар, йўллардаги тирбандлик ва нотўғри техник хизмат кўрсатиш ҳам ҳаво ифлосланишига катта ҳисса қўшиши айтилади.
Саноат ва энергия ишлаб чиқариш объектлари тахминан 10-15 фоиз ифлосланишга сабаб бўлади.
Бу тоифага заводлар, электростанциялар ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари киради.
Қишлоқ хўжалиги ва маиший чиқиндиларни ёқиш ҳам айрим ҳолларда қўшимча сабаб бўлади. Масалан, майдонларни тозалаш ёки чиқиндиларни ёқиш жараёнларида кўп миқдорда тутун чиқади.
Ҳаво қайси фаслда ёмонлашади?
Қишда ҳаво ифлосланиши энг юқори даражага етиши билдирилади.
Совуқ тушиши билан иситиш мавсуми бошланади ҳамда уйлар ва биноларни иситиш учун ёнилғи ёқилади.
Мутахассисларга кўра, совуқ ҳаво шароитида атмосферанинг "инверсия" ҳолати вужудга келади, яъни ифлос моддалар юқорига кўтарилмай, ер юзига яқин жойда тўпланиб қолади.
Оқибатда ҳаво сифатининг кескин ёмонлашиши кузатилади.
Баҳорда шамоллар кучаяди, қурғоқчилик ва ер юзасидаги лой ҳамда тупроқнинг қуриши ортидан чанг кўпайиб, ҳаво тозалиги пасаяди.
Шунингдек, аксар сўл ва саҳролардан иборат минтақанинг бошқа ҳудудларидан кўтариладиган чанг тўфонлари ҳам Тошкентга етиб келади.
Ёзда ўрта меъёрдаги ифлосланиш кузатилади.
Ёздаги асосий сабаблари - қурилиш майдонларидаги чанг ва автотранспорт чиқиндилари.
Шамолнинг йўналишига қараб, баъзи кунларда ҳаво нисбатан тоза бўлади, лекин қурғоқчилик кучайганда, чангнинг таъсири яна ортиши мумкин.
Кузда ёмғир ёғиши ҳавони бироз тозалайди, аммо иситиш мавсуми бошланиши билан ифлосланиш яна ортиши мумкин.
Шу билан бирга, ҳаво ифлосланишига атмосфера шароити, яъни шамол тезлиги, ёмғир ёғиши, намлик ва ҳароратнинг ўзгариши бевосита таъсир қилади.
Охирги чанг бўронлари

Сурат манбаси, kun.uz
Ўтган 22 сентябр куни ҳам Тошкент шаҳри дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича олдинги ўринларга чиққани айтилди.
Тошкент ҳавосида майда PM2.5 зарралари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан қарийб йигирма бараварга кўплиги билдирилди.
Кейинроқ, 6 октябр куни ҳам Тошкент ҳавоси ифлослангани урғуланди.
Ҳаво сифати фақат экологларнинг эмас, тиббиёт ходимларининг ҳам эътиборида.
Улар ифлос ҳаво одамлар соғлиғига аста-секин, лекин жиддий зарар етказаётганини таъкидлашади.
Хусусан, ЛОР шифокори Ҳикматулла Мадиримов Тошкент ҳавоси нафас йўллари, ўпка ва юрак-қон томир тизимига зарар етказиб, организмдаги кислород алмашинувини бузишини айтади.
У ифлос ҳаво энг аввало болаларгатаъсир қилишини таъкидлайди.
"Болаларнинг нафас йўллари тор ва ҳимоя тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган" - дейди шифокор - "Қариялар, ёши катталар ҳам шулар қаторида. Негаки, инсон улғайгани сари иммунитети пасаяди, ўпка ва юрак фаолияти заифлашади".
"Нафас етишмовчилиги ёки аллергияси бор беморларда эса ҳаводаги кимёвий моддаларга нисбатан сезгирлик юқори бўлади".
Шифокор ҳаво ифлосланиши оқибатида энг кўп учрайдиган касалликлар ва уларнинг белгиларини санаб ўтди:
- Бурун битиши, оқиши, ҳид сезишнинг пасайиши;
- Томоқ қуриши, оғриқ, овоз бўғилиши;
- Узоқ давом этувчи йўтал, нафас қисилиши, хириллаш;
- Аксириш, кўз ёшланиши, терида тошмалар.
"Беморларимиз йўтал ва томоқ оғриғи, нафас қисилиши ёки хириллаш, бурун битиши ёки оқиши, кўз қичишиши ва ёш оқиши, аллергик тошмалар билан оғриётганини айтишади. Кўпчилик беморлар буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, кеч мурожаат қилишади" - дейди шифокор Ҳикматулла Мадиримов.
У эса ҳозирги пайтда Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизими маълум даражада тайёрлигини, аммо профилактик чоралар етарли эмаслигини айтади.
Шифокорга кўра, ҳар бир клиникада ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар бўйича махсус мониторинг тизими жорий этилиши лозим.
"Ўзим Сергелида яшайман. Бу ерда саноат корхоналари ва транспорт ҳаракати кўплиги сабабли ҳаво сифати қониқарли эмас. Кечқурун ва эрталаб чанг ва оғир ҳидни сезаман. Ўзим ҳам нафас олишда қийналаман. Болаларимда ҳам бурун битиши ва йўтал тез-тез кузатилади".
Нима қилиш керак?

Сурат манбаси, kun.uz
Эколог Наргис Қосимова айни пайтда Ўзбекистонда PM10, PM2.5 ва ултранозик заррачаларнинг ҳавога тарқалишини тартибга солувчи аниқ меъёрий ҳужжатлар мавжуд эмаслигидан афсус чекади.
Унинг фикрича, бундай андазаларни жорий этиш нафақат инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, балки саноат ва қурилиш соҳаларида экологик жавобгарлик маданиятини шакллантириш учун ҳам муҳим.
Эколог ҳаво сифатини яхшилаш учун кўп дарахт экиш, машиналардан чиқадиган тутун, газ ва бошқа зарарли моддаларга чек қўйиш, шунингдек, қурилиш майдонларида чангга қарши чораларни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.
"Шаҳар ҳудудларида яшил майдонлар ва дарахтзорларни кўпайтириш ҳам ифлосланишни табиий равишда камайтиради" - дейди эколог.
Ҳозирча эса мутахассислар пойтахтликларга ниқоб тақиб юриш ва ҳаво ифлосланиши бўйича маълумотларни кузатиб боришни тавсия этадилар.












