90 лаҳзалик видео қандай қилиб 400 миллион долларлик бизнесга айланди?

Baby Shark

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Baby Shark
    • Author, Osmond Chia
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ким Мин-сок 2016 йил июнида болалар қўшиғига ишланган 90 сониялик клипини эълон қилганида, нимани қўйиб юбораётганини билмаган эди.

Бу клип глобал ҳодисага айланиб, 16 миллиарддан ортиқ марта кўрилди – YouTube тарихидаги энг кўп томоша қилинган видео бўлди.

Бу қўшиқ ғоят қулоққа ўрнашадиган "Baby Shark" (Акула бола) эди.

У нафақат бутун дунё бўйлаб гўдакларни ўзига ром этди ва катталарни эса безовта қилди, балки унинг тайёрлаган Pinkfong'нинг юзлаб миллион долларлик медиа-бизнесга айланишига замин яратди.

"Биз бу клип бошқа контентларимиздан ажралиб туради деб ўйламаган эдик," дейди Pinkfong'нинг бош директори жаноб Ким Би-би-сига. У компаниянинг Сеулдаги бош офисида туриб суҳбатлашди.

"Аммо ортга назар ташласак, бу глобал саёҳатимиз учун замин яратган муҳим бурилиш нуқтаси бўлган экан."

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Сешанба куни бу саёҳат Pinkfong'ни Жанубий Корея фонд бозорига олиб борди, у ерда компания акциялари дебютда 9 фоиздан кўпроққа кўтарилиб, унинг қиймати 400 миллион доллардан ошиб кетди.

"Биз ҳатто маош олишни ҳам кутмагандик"

2010 йилда SmartStudy номи билан ташкил этилган ширкат 12 ёшгача бўлган болалар учун рақамли контент яратарди.

Унда атиги учта ходим, жумладан, жаноб Ким ва компаниянинг технология бўйича бош директори Донгву Сон бор эди.

Ким Мин-сок 2016 йил июнида болалар қўшиғига ишланган 90 сониялик клипини эълон қилганида, нимани қўйиб юбораётганини билмаган эди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ким Мин-сок 2016 йил июнида болалар қўшиғига ишланган 90 сониялик клипини эълон қилганида, нимани қўйиб юбораётганини билмаган эди.

"Офис жуда кичик эди – ҳатто бундан ҳам кичикроқ," деб эслайди жаноб Ким ўзи гаплашаётган конференция хонасига ишора қилиб.

У шунчалик кичик эдики, "ўша пайтда ҳатто маош олишни ҳам кутмагандик," дейди у таржимон орқали.

Pinkfong бир нечта йирик ўзгаришлар қилди, жумладан, эътиборини кичкинтойларга қаратди.

Ширкат ходимлари сони 100 га яқинлашди, содда, таълимий ўйинлар ва контентга устуворлик берилди. "Айнан ўшанда Baby Shark пайдо бўлди," дейди жаноб Ким.

Ширкат 2022 йилдан бери The Pinkfong Company номи билан танилган, бу ном унинг дастлабки мультфильмларидан биридаги қаҳрамон қувноқ ва қизиқувчан тулки номидан олинган.

Ҳозирда унинг 340 га яқин ходими бор, офислари Токио, Шанхай ва Лос-Анжелесда жойлашган.

Baby Shark феномени

Baby Shark 1970-йилларда АҚШда пайдо бўлган ва кўпинча болаларнинг ёзги лагерларида куйланган қўшиқдир.

"Baby Shark, doo-doo-doo-doo-doo-doo" иборасини такрорлайдиган қўшиқ "болалар учун жозибали, аммо катталар учун бошоғритар бўлиши мумкин," деqди Нанянг технология университети медиа-таҳлилчиси Кевин Чу.

Pinkfong

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Pinkfong

Жаноб Ким ҳам бу қўшиқнинг қанчалик қулоққа ўрнашиб қолишини жуда яхши билади.

"Бу К-поп қўшиғига ўхшайди. У жуда тез, ритмик, одам унга тез ўрганиб қолади," дейди у ва қўшиқнинг "жўр бўлиб айтиш" эффекти борлигини, бу эса болаларнинг эслаб қолишини осонлаштиришини қўшимча қилади.

Бироқ клип бир зумда машҳур бўлгани йўқ, унинг рақс ҳаракатлари Жануби-Шарқий Осиёдаги болалар тадбирларида намойиш этилгандан сўнг оммалашди.

Қўшиқ остида рақсга тушаётган болалар ва катталарнинг видеолари интернетда тарқала бошлади, клип вирусдай ёйилди.

Жаноб Кимнинг айтишича, Pinkfong офисида "байрамона кайфият" ҳукм сурарди, чунки жамоа кўришлар сони ошишини кузатарди.

2020 йил ноябрь ойида Baby Shark клипи Youtube'нинг энг кўп кўрилган видеосига айланди.

Унинг сўзларига кўра, бу видео чиққандан сўнг дарҳол ширкат даромадининг ярмини таъминлаган ва янги контент ҳамда маҳсулотлар учун пойдевор бўлган.

Бироқ Pinkfong 2019 йилда америкалик бастакор асаридан ўғирлашда айбланиб, судга тортилди.

Жанубий Корея Олий суди компаниянинг версияси жамоат мулки бўлган халқ қўшиғидан олинганини таъкидлаганидан сўнг ишни рад этди.

Жаноб Кимнинг айтишича, бу ғалаба акциялар фонд бозорига чиқарилиши арафасида ширкатга руҳлантирувчи таъсир кўрсатди. Фонд бозорига ариза суд қарори эълон қилинишидан олдин топширилган экан.

Бир марталик муваффақиятми?

Pinkfong'нинг Bebefinn ва Sealook каби бошқа франшизалари тез ўсиб бормоқда, бироқ ширкат ўз муваффақияти фақат Baby Shark'ка боғлиқ эмаслигини кўрсатиши керак, дейди Корея университети бизнес ўқитувчиси Мин Жунг Ким.

Компаниянинг аудиторияси катта афзаллик ҳисобланади, чунки кичкинтойлар бир хил материални қайта-қайта кўришга мойил, дейди у.

Ким Мин-сокнинг таъкидлашича, унинг бизнеси Baby Shark билан чекланиб қолмайди, ҳозирда у Pinkfong даромадининг чорак қисмини ташкил қилади. Шу билан бирга, Bebefinn олдинга ўтиб, фирма даромадининг тахминан 40 фоизини таъминламоқда.

Ота-оналардан бири Би-би-си билан суҳбатда унинг оиласи Pinkfong'нинг видеоларига турлича муносабатда эканини айтди.

Икки фарзанднинг отаси Салим Нашеф айтишича, у ширкат чиқараётган контентнинг таълимий жиҳатларини қадрлайди, лекин унинг рафиқаси Baby Shark "болаларни ҳаддан ташқари ҳаяжонлантирворади" деб ҳисоблайди.

Шунга қарамай, бу видеодан қочиб қутулиш қийин, чунки унинг уч ёшга тўлаётган қизи яқинда Baby Shark мавзусида туғилган кунини нишонлайди.

Профессор Ким айтишича, Pinkfong Baby Shark'нинг тижорий муваффақиятига тенг келадиган бошқа қаҳрамонларни ярата оладими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Жаноб Ким таъкидлашича, компания биржадаги дебютида қарийб 52 миллион доллар маблағ тўплаган ва бу пулни фильмлар ва қаҳрамонлар рўйхатини кенгайтириш учун сарфлашни режалаштирмоқда.

Шунингдек, компания кўришлар сони, суръати ва бошқа маълумотлардан фойдаланган ҳолда янги лойиҳаларни йўлга қўйиб, "технологияга асосланган" контент яратувчисига айланишни кўзламоқда.

Pinkfong аллақачон "кўплаб ижодкорлар орзу қилган натижага" эришган, дейди Ким.

Аммо энди у инвесторларга бу шунчаки бир марталик муваффақият эмаслигини кўрсатиши керак.