"Юзингни оч": Исломий ниқоб баҳси Тошкентдан Бишкекка қадар

Куч тизимлари кўчаларда аёлларни тўхтатишмоқда.

Сурат манбаси, УКМК

Сурат тагсўзи, Куч тизимлари кўчаларда аёлларни тўхтатишмоқда.
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Айдай Аманқулова, Би-би-си Бишкек

Апрель ойи бошидан Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида жамоат жойларида ниқобда юрган аёлларга огоҳлантиришлар берила бошлади. Ҳукумат вакиллари юзни яширадиган кийимда юриш расман тақиқланганини ва бу чора жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг бир қисми бундай чекловлар конституцияда белгиланган эътиқод эркинлиги ҳуқуқига зид бўлиши мумкин, демоқда.

Илоҳиётшунослар фикрича, тушунтириш ишларини милиция эмас, балки юзларини ёпиб олган аёллар тинглайдиган ва эргашадиган кишилар олиб боргани самаралироқ бўларди.

Ушбу мавзу бир неча йилдан буён нафақат Қирғизистонда, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам муҳокама қилинмоқда.

"Энди кўчага чиқмайман"

Айрим мамлакатларда хавфсизлик нуқтаи назаридан ниқoб кийиш тақиқланган. Сурат Доғистонда олинган.

Сурат манбаси, DPA

Сурат тагсўзи, Айрим мамлакатларда хавфсизлик нуқтаи назаридан ниқoб кийиш тақиқланган.
Алоқадор мавзулар:

Айсалкин (ўз илтимосига кўра исми ўзгартирилган, яшаш жойи кўрсатилмаган) ўн йилдан ортиқ вақтдан бери ниқобда юради. Унинг айтишича, ўтган ҳафта уни туман ички ишлар бўлимига чақиришган. Ҳуқуқ-тартибот идораси ходими у билан профилактик суҳбат ўтказиб, жамоат жойларида юзни тўсишни тақиқловчи қонунга риоя қилиш зарурлигини уқтирган.

Айсалкин ниқобдан воз кеча олмаслигини, керак бўлса, кўчага чиқмасликка тайёр эканлигини айтди.

"Мен у ерга ниқобсиз бордим – рўмол, қуёш нуридан ҳимояловчи кўзойнак ва тиббий ниқоб тақдим. Бўлимда профилактик суҳбат ўтказилиб, қонун билан таништиришди. Турмуш ўртоғим билан мен буни тушуниб, қабул қилдик. Милиция ходими раҳбариятга ҳисобот бериши шартлигини айтиб, видеога олиш учун юзимни очишимни сўради. Суҳбатдан сўнг у қўшимча қилди ва "Илтимос, кўчага чиқаётганда ниқобни олиб ташланг, деди" - ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

"Мен юзимни кўп йиллардан бери яшириб келганим учун очолмаслигимни айтдим. Керак бўлса, уйдан чиқмай қўя қоламан. Мен учун инсонларга эмас, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш муҳимроқ. Шунда у "Биз сизни огоҳлантирдик. Агар қулоқ солмасангиз, жарима солинади, деди" - таъкидлайди Айсалкин.

Ниқоб учун жарима 230 доллар

Апрель ойи бошидан бери Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида жамоат жойларида ниқоб тақишни тақиқлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

8 апрель куни Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси бозорлар, аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларда рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берaди.

Милиция ходимлари юзларини ёпиб олган аёлларни тўхтатиб, Дин тўғрисидаги қонун ва Ҳуқуқбузарликлар кодексига ўзгартиришлар киритилганини тушунтиришaди.

Кўринишича, жамоат жойларида ниқоб таққанлик учун 20 минг Қирғизистон сўми (тахминан 230 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган.

3 апрель куни худди шундай профилактик рейд Жалолобод вилоятининг Жалолобод шаҳри ва Сузоқ туманида ҳам ўтказилган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, 1 майдан бошлаб ниқобини ечишдан бош тортган фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўллаш режалаштирилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилади.

Маҳаллий кузатувчилар таъкидлашича, Қирғизистон жанубида ниқоб кийишни афзал кўрадиган аёллар кўпроқ, шунинг учун рейдлар, биринчи навбатда, айнан шу ҳудудларда ўтказилмоқда.

Очиқ эълон қилинган фото ва видеолавҳаларда нафақат ниқоб ва паранжи ёпинган аёллар, балки ҳижоблилар билан ҳам тушунтириш суҳбатлари олиб борилганини кўриш мумкин.


Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўчада ниқоб таққан қизларни тўхтатиб, огоҳлантиришмоқда.

Сурат манбаси, УКМК

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўчада ниқоб таққан қизларни тўхтатиб, огоҳлантиришмоқда.

"Бу давлат сиёсати эмас, муфтият қоидаси". Президентнинг баҳсли баёноти

Президент Садир Жапаров ўтказилаётган рейдларга изоҳ берар экан, "Кабар" агентлигига берган интервьюсида юзи очиқ рўмолли аёлларга тегмаслик кераклигини, юзни тўлиқ ёпиб турадиган ниқоб ва паранжига қарши чоралар кўриш зарурлигини айтди.

Жапаров ниқоб ҳам, паранжи ҳам муфтият қарори билан тақиқланганини таъкидлади.

"Бу ҳокимият ташаббуси эмас. Қирғизистон мусулмонлари учун муфтият томонидан ўрнатилган қоида. Биз давлат сифатида четда турмаслигимиз, балки ушбу қоидалар ижросини таъминлашга ёрдам беришимиз керак. Умуман олганда, барча масалалар бўйича биз муфтийликка унинг фатволарини ижро этишда кўмаклашишимиз керак" - деди президент.

Айни пайтда президентнинг юзини тўсадиган кийимдаги аёлларни текшириш муфтийлик фатвоси асосида амалга оширилиши ҳақидаги баёнотлари ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқшунослар танқидига сабаб бўлди.

"Қилим шами" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдрасулова текширувлар муфтийлик фатвоси асосида эмас, балки Ҳуқуқбузарликлар кодексига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан ўтказилаётганини эслатди.

"Милиция органлари - Қирғизистон мусулмонлари бошқармаси (Қирғизистон мусулмонлари муфтияти) каби алоҳида ташкилотнинг ички ҳужжатларига эмас, Қирғизистон Республикаси қонунларига хизмат қилувчи давлат органи. Изоҳингиз билан фуқароларни чалғитиб, бутун давлат хизмати тизимининг мустақиллиги ва бетарафлиги тамойилини шубҳа остига қўймоқдасиз... Ҳуқуқшунос ва маслаҳатчиларингиз кўпроқ хабардор бўлиши ва сизга тўлиқ ҳамда ишончли маълумот бериши лозим" - деб ёзди Гулшайıр Абдирасулова.

Президент Садир Жапаров жорий йилнинг 21 январида "Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида"ги қонунни имзолади, унга кўра, Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди.

Янги меъёрларга мувофиқ, давлат ҳокимияти органлари ва жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпиш тақиқланади. Тиббий кўрсатмалар, касбий зарурат ёки маданий, спорт ва бошқа тадбирларда иштирок этиш билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.

Қоидабузарлик учун 20 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

Президент баёнотига изоҳ берар экан, ҳуқуқшунос Таттуубубу Эргешбаева ҳам Қирғизистон дунёвий ва ҳуқуқий давлат эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, давлат органларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаракатлари фақат амалдаги қонунчилик қоидаларига асосланиши шарт.

"Ушбу чора жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва шахсни аниқлаш имкониятини яратишга қаратилган. Бундай нормалар бошқа мамлакатларда, жумладан, Европа Иттифоқи давлатларида ҳам амал қилади."

Муфтият: ниқоб қирғиз жамияти учун ёт нарса

Шу орада 8 апрель куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси мурожаат билан чиқиб, ниқоб Қирғизистон жамияти учун бегона эканини таъкидлади.

Баёнотда айтилишича, ҳижоб диний меъёрларга кўра фарз, ниқоб эса фарз эмас. Бундан ташқари, муфтият хавфсизлик масалалари юзасидан хавотир билдирди.

"Ниқоб – жамиятимиз учун ёт ҳнарса. Бугунги воқеликда опа-сингилларимиз ниқоби остида аёллар либосини кийган бузғунчи шахслар яшириниб олиши, бу эса жамоат хавфсизлигига таҳдид солиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунинг учун юзни очиқ қолдириш ва таниб олиш мумкин бўлиши муҳимдир" - дейилади муфтият баёнотида.

Ниқоб баҳси тармоққа ҳам кўчди

Айни пайтда ниқобни тақиқлаш масаласи қирғиз сегментидаги ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзи фойдаланувчилар бу чорани жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш усули сифатида қўллаб-қувватласа, бошқалари эса бу эътиқод эркинлигини чеклайди, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон Конституцияси ҳар бир фуқарога дин эркинлиги ҳуқуқини кафолатлайди.

"Бундай вазиятда қатъий тақиқлар эмас, балки тушунтириш, сабр ва мулоқот керак. Шунингдек, ниқобга қарши бўлганларга нафрат билан қараш, уларни душман, деб билиш ҳам тўғри эмас. Жамиятнинг эътибори ва қалбини забт этиш учун ақл ва чидам керак. Эҳтимол, ниқоб ҳақида гапиришдан олдин аҳолининг билим даражасини ошириш лозимдир. Бугун ниқобнинг тақиқланиши эртага намоз ҳам тақиқланади, деган қўрқувни келтириб чиқариши мумкин" - ёзди Facebook фойдаланувчиси Курманжан Асанова.

Ниқобли аёлларни яккалаш давлатнинг ўзига зарарми?

Илоҳиётшунос Элмурат Қўчқор ўғлининг фикрича, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари нафақат милиция ходимлари, балки муфтият вакиллари томонидан ҳам олиб борилса-да, самарасиз бўлиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, кўпчилик ниқобли аёллар профилактик суҳбатларни ўзларининг ички дунёси, эътиқоди ва диний қарашларига аралашув сифатида қабул қилишади.

"Диний соҳада, айниқса, турли оқимларга мансуб кишилар фақат ўзлари шайх ёки кучли олим деб билган кишиларнигина тан олади. Улар на давлат арбобларига, на машҳур илоҳиётчиларга қулоқ солишади. Бундан ташқари, муфтиятнинг баёнотлари кўпинча эътиборга олинмайди, чунки у давлатнинг қуроли деб кўрилади. Шунинг учун тушунтириш ишларини улар ҳурмат қиладиган ва эргашадиган, сўзлари билан жаннатга кириш умидини боғлайдиган одамлар орқали олиб бориш керак" - дейди у.

Элмурат Қўчқор ўғлининг фикрича, юзини яширган аёллар ўзини изоляция қилиш орқали жарималардан қочса, бу уларнинг ўзи учун ҳам, умуман жамият учун ҳам узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

"Мамлакат келажаги ва миллатнинг руҳий саломатлиги ҳақида ўйласак, шуни тушунишимиз керак: агар аёл киши ниқоб туфайли жамоат жойларига чиқмай, уйда ўтириб қолса, бу бутун оилага зарар етказиши мумкин. У таълимда ортда қолиш, ижтимоий алоқаларини ва ишини йўқотиш хавфи остида қолади. Энг хавфлиси эса – узоқ вақт изоляцияда бўлиш туфайли депрессияга тушиш хавфи. Бундай бўғувчи муҳитда ўсган болаларнинг келажаги қандай бўлади?" - дея таъкидлайди Элмурат Қўчқор ўғли.

Марказий Осиё ҳукуматлари чора-тадбирлари ва муносабатлари

Марказий Осиё мамлакатларида диндорларнинг ташқи кўриниши, жумладан, мусулмон аёлларнинг кийимлари ва эркакларнинг соқоли вақти-вақти билан муҳокама мавзусига айланади.

Ҳокимият бундай ташқи белгиларни чеклаш чораларини кўпинча жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш зарурати билан изоҳлайди.

Ўзбекистон

2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жамоат жойларида юзни яширадиган кийим кийганлик учун жарима солишга рухсат берувчи қонунни имзолади.

Ҳужжатга кўра, агар шахсни аниқлашнинг имкони бўлмаган даражада юз тўсилган бўлса, 3,3 миллион сўмдан 4,95 миллион сўмгача (тахминан 260-390 АҚШ доллари) жарима солинади.

Шунингдек, ушбу қонун асосида юзини таниб бўлмас даражада узун соқол ўстирган эркаклар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эркакларнинг узун соқол ва мўйловларини мажбуран олиб ташлаган ҳолатлар ҳақида бир неча бор хабар беришган.

Тожикистон

2024 йил июнь ойида Тожикистон президенти "Байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Унда, жумладан, "жамоат жойларида миллий маданиятга ёт бўлган кийимларда юриш ва сотиш" тақиқланиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, қоидаларни бузган жисмоний шахслар учун 7920 сомоний (тахминан 730 АҚШ доллари), мансабдор шахслар учун эса 39 600 сомоний (тахминан 3650 АҚШ доллари) маъмурий жарималар белгиланган .

Қонун парламент томонидан жамоатчилик эшитувларисиз маъқулланган.

Туркманистон

Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг сўнгги йиллик ҳисоботига кўра, Туркманистон рўйхатдан ўтган диний уюшмалар фаолиятини қаттиқ назорат қилишда давом этмоқда ва рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳларни бутунлай тақиқлаган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўтган йил апрель ойида миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳаж зиёратига борган давлат хизматчиларини иш жойида ўз эътиқодини ошкора намойиш этишдан тийилишга чақирган.

Хусусан, уларга соқол қўйиш ва оқ рўмол ўраш тақиқланган. Ушбу талабларга риоя қилмаганларни ишдан бўшаш тўғрисидаги "ихтиёрий" аризаларга имзо чекишга мажбур қилишган.

Қозоғистон

Қозоғистонда 2016 йилдан бери Таълим ва фан вазирлигининг мактабларда диний либослар, жумладан, рўмол ўрашни тақиқловчи буйруғи амал қилмоқда.

Ушбу чеклов киритилгандан сўнг, талабга риоя қилишдан бош тортган ўнлаб қизлар машғулотлардан четлатилди. Уларнинг ҳимоясига чиққан ота-оналар судга мурожаат қилишди.

2024 йилда Қозоғистон Олий суди мактабларда рўмол ўрашга қўйилган тақиқ ўз кучида қолишини тасдиқлади, бироқ ўқувчиларни дарслардан четлатишни ноқонуний, деб топди.

2024 йил ёзида ахборот агентликлари Қозоғистон парламентига жамоат жойларида диний либосда юришни тақиқловчи қонун лойиҳаси киритилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.