Аҳолиси 38 миллионли Ўзбекистон ЯИМини $130 миллиарддан оширмоқчи

Президент Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистон Ялпи Ички маҳсулоти икки баравар ўсди, бу йил у 130 миллиард АҚШ долларидан ошиши кутилаяпти.
Мамлакат иқтисодий тараққиёти ҳақида гапирган Президент Мирзиёев шундай деди:
– Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларимиз қандай улкан натижалар бераётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтган саккиз йилда ялпи ички маҳсулотимиз шиддат билан ўсиб, 115 миллиард долларга етди. Бугун битта рақамни биринчи марта айтмоқчиман: Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, бу йил иқтисодиётимиз ҳажми 130 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда. Яъни, илгари бундай ўсиш, бундай юксак эътироф ҳеч қачон бўлмаган.
Президент Мирзиёевга кўра, иқтисодий ўсишга тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланаётгани, замонавий саноат мажмуалари барпо этилаётгани, "яшил" ва инновацион иқтисодиётга ўтилиб, муқобил энергия манбалари яратилаётгани, ахборот технологиялари, туризм ва молиявий технологиялар каби хизмат кўрсатиш тармоқлари ривожлантирилаётгани замин бўлмоқда.
Ўзбекистон Миллий Статистика қўмитаси 28 август куни мамлакат доимий аҳолисининг сони расман 38 миллион кишига етганини эълон қилди.

Сурат манбаси, .
2025 йил бошида ўзбекистонликларнинг сони 37,5 миллион эди, қарийб тўққиз ой мобайнида аҳоли сони ярим миллионга кўпайди.
Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси мамлакат раҳбариятининг сўнгги йиллардаги иқтисодий тараққиёт йўлидаги ислоҳотларини юқори баҳолаб келади.
Хусусан, шу йил 18 июнда эълон қилган ўзининг янги ҳисоботида ХВЖ Ўзбекистон иқтисодий кўрсаткичлари кучли, ўсиш суръати мустаҳкам, бюджет ва жорий операциялар ҳисоби дефицитлари қисқариб бораяпти, халқаро резервларнинг даражаси юқори деган хулосага келди.

2024 йилда ЯИМ ўсиши 6,5 фоизни ташкил этган, 2025 йил бошидан буён 6,8 % ўсишда давом этаяпти деб кўрилади.
Ялпи Ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тўғри келиши ўтган йили Ўзбекистонда 3286 АҚШни ташкил этган.
Жон бошига ЯИМ - мамлакатнинг ҳар бир аҳолиси бир йилда ишлаб чиқарган маҳсулот дейиш мумкин.
2017: ~$1,563
2018: ~$1,872
2019: ~$2,038
2020: ~$2,012
2021: ~$2,308
2022: ~$2,650
2023: ~$2,973
2024: ~$3,286
Бу рақам Қозоғистонда $12374, Туркманистонда $7200, Қирғизистонда $1625, Тожикистонда $1236, Россияда $11043, АҚШда $66682 ташкил этган.

"Яхши биласиз, олдинлари асосан хомашё экспорт қилар эдик. Барча тармоқларни трансформация қилганимиз ҳисобига, саноат ҳажмини 2017 йилги 29 миллиарддан 70 миллиард долларга етказдик... Авваллари 500 миллион долларга етмаган туризм экспорти ҳозир 3 миллиард долларлик маррадан ошди", деди Президент Мирзиёев.
Президент Мирзиёевга кўра, ўтган саккиз йилда аҳоли учун 500 мингга яқин квартирали кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди, бу мустақилликнинг дастлабки 25 йилига нисбатан тўрт карра кўп деганидир.
Расмий маълумотларга кўра, ҳукумат 7 миллиондан зиёд аҳолини даромадли қилди.
Ижтимоий инфратузилмага олдинги йилларга нисбатан олти карра кўп маблағ йўналтирилган, натижада Ўзбекистондаги боғча ўринлари сони 720 мингдан 2,5 миллионга етказилган. 466 та янги мактаб қурилиб, 1 миллион ўқувчи ўрни яратилган.
Ўзбекистон ҳукумати охирги йилларда камбағалликни камайтиришга жиддий киришган, жорий йил бошидан бу мақсадда дастурли ишлашга ўтилган.
Аммо ҳамон маошлар кам, Жаҳон Банки яқинда бизнес муҳитига бағишланган ҳисоботида Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатга айланиши учун камида 100 йил керак бўлади деган хулосага келди.
Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишга Россия-Украина урушининг салбий оқибатлари манзарасида эришилаяпти.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон учун иқтисодиётга давлатнинг аралашувини камайтириш, хусусий секторни етакчи кучга айлантириш муҳимлигини тавсия этиб келадилар.












