Ўзбекистон: энг яхши маошгача ҳали 100 йил борми ва ё "мигрантлар қуролли можаролардан узоқ турсин"

Сурат манбаси, TASS
Миграция агентлиги ўзининг Telegram канали орқали хориждаги Ўзбекистон фуқароларини қуролли можароларда иштирок этишнинг жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Агентликнинг маълумот беришича, қатор давлатларда меҳнат мигрантларини қуролли ҳаракатларга ёллаш ҳолатлари кўпаймоқда, бу эса фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги ва келажагига катта хавф туғдирмоқда.
Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароларига бир қанча ҳаракатлар қатъий равишда тақиқланади.
Улар жумласига қуролли можаро ва жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга яқинлашиш, ҳарбий операцияларда иштирок этиш ҳамда хорижий давлатларнинг қуролли кучлари, хавфсизлик хизматлари ёки бошқа куч тузилмаларига қўшилиш киради.
Шунингдек, шубҳали шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ҳар қандай ёллаш (вербровка) таклифларига рози бўлмаслик зарурлиги алоҳида қайд этилган.
Миграция агентлиги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154¹-моддасини эслатиб ўтди. Ушбу моддага мувофиқ, хорижий давлатларда ёлланма асосда ҳарбий хизмат ўташ 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Бу огоҳлантириш фуқароларни ўз хавфсизлиги ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақиради.
Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатга айланиши учун камида 100 йил керак бўлади
Жаҳон банкининг 2025 йилги "Тадбиркорлик, технологияларни ўзлаштириш ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш" номли ҳисоботи Европа ва Марказий Осиё (ЕМО) минтақасидаги иқтисодий шарт-шароитлар ва ўсиш стратегияларини таҳлил қилади.
Икки асосий қисмдан иборат бўлган бу ҳисоботда минтақадаги сўнгги иқтисодий ўзгаришлар, сиёсатлар ва истиқболларга умумий назар ҳамда тадбиркорлик, технологияларни ўзлаштириш ва инновациялар ўсишни қандай ривожлантириши мумкинлигини батафсил кўриб чиқилган.
Ҳисобот сустлашган бизнес динамикасини таъкидлайди ва янада инновацион ва самарали хусусий секторни ривожлантириш учун таркибий ислоҳотлар, жумладан, рақобатни кучайтириш ва давлат корхоналари таъсирини камайтиришга чақиради.
Шунингдек, унда фискал сиёсат, инфляция тенденциялари, меҳнат бозори шароитлари ва минтақа иқтисодиётида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг роли муҳокама қилинган.
Бу ҳисоботнинг хулосаларидан бирига кўра, Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатга айланиши учун камида 100-йил керак бўлади дейилади.

Сурат манбаси, BBB
13 август 2025. Марказий Осиё: Шартномадан ташқари "хизмат", депортация хавфи ва яна тил масаласи

Сурат манбаси, EPA
Марказий Осиёлик аскарлар муддатлари тугаган шартномаларга қарамай, Россия учун жанг қилмоқда
Украина ҳукуматига қарашли "Хочу Жить" ("Яшашни хоҳлайман") маркази кеча ўзининг Телеграм-каналида маълум қилишича, Марказий Осиё давлатларининг 1200 дан ортиқ фуқароси ҳарбий шартномалари тугаганига қарамай, Россия учун Украинада жанг қилишда давом этмоқда.
Марказ хизмат муддати тугаганидан кейин ҳам Россия армияси сафларида қолаётган ёлланма аскарлар сони бўйича етакчи давлатлар рўйхатини эълон қилди.
Унда Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллаб, 426 нафар фуқароси шартномалари тугаганига қарамай, Россия қуролли кучларида хизмат қилаётгани айтилган. "Хочу Жить" маълумотларига кўра, 367 нафар тожикистонлик, 241 нафар қозоғистонлик, 155 нафар қирғизистонлик ва 68 нафар туркманистонлик ҳам шундай вазиятда.
"Россия Мудофаа вазирлиги билан тузилган шартнома - бу бир томонлама чипта. Россия шартномалари муддати тугаган хорижлик ёлланма аскарларни қўйиб юбормайди", дейилади хабарда.
Айни пайтда, Ўзбекистоннинг ижтимоий тармоқларида Тошкент давлат тиббиёт университети талабаларининг яқинда Украина дронлари ҳужумига учраган Россиянинг Нижний Новгород шаҳрига мажбуран юборилаётгани ҳақида видеолар тарқалмоқда.
Видеоларда баъзи ёшлар ўз хавфсизлигидан хавотирда бўлгани учун Россияга ўқишга боришни истамаслигини айтишган.
Ўзбекистон университети кеча ўзининг Телеграм-каналида ижтимоий тармоқлардаги хабарларни рад этди ва унинг талабалари ушбу шаҳарда жойлашган университет билан қўшма дастур доирасида Нижний Новгородга ихтиёрий равишда бораётганини билдирди.

Сурат манбаси, GETTYIMAGES/ILLYUSTRATIV
Қирғизистон 90 мингдан ортиқ фуқароси Россиядан депортация қилиниши мумкинлигини айтди
Xусусий Кактус.медиа ахборот агентлигига хабар беришича, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги,10-сентабрдан кейин 91 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси Россиядан депортация қилиниши мумкин.
Вазирликнинг тушунтиришича, бу Россия расмийларининг ноқонуний мигрантлар рўйхатига киритилган Қирғизистон фуқаролари.
Февраль ойида Россия ҳукумати Россияда қолиш учун қонуний асослари бўлмаган хорижликларни мамлакатни тарк этишга мажбурловчи янги қоидалар қабул қилган эди.
Хорижий фуқаролар учун Россияда қолишларини қонунийлаштиришнинг сўнгги муддати 10 сентабр.
Қирғизистон расмийлари ўз фуқароларини сентабрга қадар мамлакатнинг миграция "қора рўйхати"дан ўз исмларини олиб ташлашга бир неча бор чақирган.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда 350 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси Россияда расмий рўйхатдан ўтган.

Сурат манбаси, EPA
Қозоғистон рус тилида ўқитиладиган мактаблар сонининг камайишини "табиий жараён" деб атади
Қозоғистон Таълим вазири Ғани Бейсембаев кеча ўз мамлакатида рус тилида таълим берадиган мактабларни ёпиш режалари йўқлигини айтди.
Хусусий Курсив.медиа янгиликлар сайтида эълон қилинган шарҳларда, Бейсембаев пойтахт Остона шаҳридаги рус синфлари сони қозоқ синфларига нисбатан икки ёки уч баробарга камайганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ота-оналарнинг хоҳишига кўра кўпроқ қозоқ синфлари очилмоқда.
"Статистика шуни кўрсатадики, фарзандларининг қозоқ тилида ўқишини хоҳлайдиганлар сони тобора ортиб бормоқда.
Бу бир тенденция. Ҳукумат уларни очиш ёки ёпиш бўйича махсус режалар ёки дастурларга эга эмас. Ва бу табиий жараён", деди вазир.

Сурат манбаси, EPA
Қирғизистон баҳсли тил тўғрисидаги қонунни қабул қилди
11 август куни Президент Садир Жапаров қирғиз тилидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини имзолади, деб хабар берди Kaktus.media.
Янги қонунда айтилишича, телекўрсатув контентининг камида 60 фоизи қирғиз тилида бўлиши керак, шунингдек, қирғиз тилини билмайдиган фуқароларнинг депутат ёки бош вазир бўлиши тақиқланади.
Россияпараст танқидчилар ушбу қонунни собиқ совет республикасида расмий тил мақомига эга бўлган рус тилига нисбатан "камситувчи" деб қоралади.
Қирғизистонлик экспертлар таклиф этилаётган ўзгаришлар аҳолининг 80 фоизи рус тилида гаплашадиган ва этник ўзбеклар аҳолининг тахминан 14,2 фоизини ташкил этадиган кўп миллатли Марказий Осиё давлатида норозиликларга сабаб бўлишидан хавотирда.
12 август 2025. Ўзбекистон ва дунё: Мигрантга таксичилик тақиқланган Россияда 1 миллион ишчи етишмаяпти

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида мигрантларнинг курерлик ва киракашлик билан шуғулланишлари тақиқланиши ортидан такси ҳақи икки баравар қимматлашиши, ишчи кучи етишмаслиги 40 мингни ташкил этиши мумкин, дея баёнот берди "Яндекс".
Меҳнат муҳожирларига етказиб бериш хизматини кўрсатишни тақиқлаш ҳақида қарор имзолаган Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ушбу қадам Россия фуқароларини иш билан таъминлашга қаратилганини таъкидлаган.
"Қарор яширин бандликка қарши курашиш, курерлик соҳасида хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, Россия фуқароларига, биринчи навбатда ёшлар ва талабалар учун янги иш ўринларини яратишга қаратилган", дейилади Санкт-Петербург расмийлари баёнотида.
"Яндекс" ширкатига кўра эса ҳозирнинг ўзидаёқ шаҳарда таксичилик ва етказиб бериш соҳасида кадрлар етишмайди, талаб эса тобора ортиб бораётир. Янги тақиқдан кейин такси ҳайдовчилари ва курерлар "соя иқтисоди"га ўтиб кетиши мумкинлиги айтилди.

Сурат манбаси, .
11 август куни Россия Президенти Путин Россия фуқаролигини олган, бироқ мажбуриятларини бажармаган чет элликларни фуқароликдан чиқариш ҳақидаги қонунни имзолади.
Бунда фуқаронинг Россияни қўлида қурол билан ҳимоя қилишга тайёрлигига муҳим эътибор қаратилади, агар Россия фуқаросига айланган хорижлик 80 турдаги ҳуқуқбузарликни содир этса, россиялик мақомидан айрилиши кўзда тутилган.
Аксар таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Россия чет элликлар ҳисобига Украина урушини давом эттиришга қарор қилган.
Бу нарса Кремлга бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий сафарбарликни эълон қилмасдан туриб ҳам жанг қилиш имкониятини беради.
Оммавий ҳарбий сафарбарлик ҳокимиятга қарши ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.
2024 йил мартидаги Москва яқинидаги "Крокус Сити Холл" савдо марказига қуролли ҳужум ортидан Россияда мигрантларга қарши рейдлар кучайди, Россияда бўлиш ва ишлаш билан боғлиқ тартиблар тобора қаттиқлаштирилган янги қонунлар қабул қилинди.
Россиянинг турли ҳудудлари турли касбларга хорижлик мигрантларни ишга олмасликка қарор қилганларини эълон қилдилар.
Айни пайтда Украина урушида қатнашишга рози бўлган чет элликларга Россия фуқаролигини беришни осонлаштириш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш имкониятлари берилди.
Оммавий ахборот воситаларига маълум бўлган ва тасдиқланган рақамлар Россиянинг уруш жабҳаларидаги вазиятни "гўшт қиймалагич" деб таърифлайди, Россия ҳарбийлари ҳар қанча оғир талофатларга қарамасдан, ҳужумларини тўхтатмаслиги кўринади.
Украина ҳарбийлари ўзларининг ҳисоботларида Россия жанг майдонида 1000, баъзан бундан ҳам кўп аскарларини йўқотди, дея хабар тарқатадилар.
Жанг жабҳасидаги ахборотни аниқ тасдиқлатиш имконсиз, аммо Би-би-сининг Рус хизмати ва "Медиазона" нашри яқинда Россиянинг 2022 йил 24 февралидан кейинги йўқотишлари сони камида 122883 кишини ташкил этганини аниқлади.
Мигрантларга қарши рейдлар, Украина урушига мажбурлаш ҳолатлари аксар Марказий осиёликларни Россияни тарк этишга мажбур қилди.
Россиядаги нуфузли "Известия" газетаси ёзишича, бугунги кунда мамлакат логистика соҳасига 1 миллион мутахассис етишмаяпти.
Айниқса, юк ташувчи, ҳайдовчи ва омборчиларнинг тақчиллиги юзага келган, вазият ҳаммасидан ҳам кўпроқ Москва ва Москва вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Свердловск, Новосибирск, Ростов вилоятлари ва Татаристон республикасида оғирроқ эканини айтиб беришда "Известия"га соҳани ичидан яхши биладиган экспертлар.
Шимолий Кореядан Украина уруши учун зарур қурол-яроғ олаётгани тасдиқланган Россия энди қурилиш соҳасига ҳам арзон корейс ишчи кучидан фойдаланишга қарор қилган.
Жанубий Корея расмийларига кўра, 10 минг Шимолий кореялик Россияга ишлаш учун юборилган, бундан кейин янада кўп сондаги ишчиларни юбориш кўзланган.
Россияда қурилишда қулдек ишлатилганларини айтиб берган, қочишга муваффақ бўлган Шимолий кореялик худди ўзларидек қурилишда ишлаётган марказий осиёликлар уч баравар кам ишлашлари, аммо беш баравар кўп ҳақ олишларидан хабардор бўлиб уялганини айтиб берди Би-би-сига.
7 август дайжести: Афғон тужжорлари биринчи ўринда, ярим йилда 5000 маиший зўравон, қашшоқликни енгиш илғорлари кимлар?

Ўзбекистонга 2025 йилнинг илк олти ойида тижорат мақсадида ташриф буюрган хорижликлар орасида биринчи ўринни Афғонлар эгаллади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Статистика қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотларига кўра, мамлакатга тижорат мақсадида келган хорижликларнинг сони 3,4 баравар ошган.
2025 йил ярим йилида Ўзбекистонга 207 ярим минг афғонистонлик келган. Бу 2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги рақамларига солиштирганда 132 баробар кўп - ўшанда 1569 Афғон келганди.
Ўзбекистонга бизнес мақсадида ташриф буюрганлар хорижликларнинг рўйхатида иккинчи ўринда Тожикистон фуқаролари - 12200.
Учинчи ўринда Туркманистон - 1642, сўнг Россия - 451 киши, Туркия - 276, Қозоғистон - 255 ва бошқа мамлакатлар - 1177.
2025 йил январидан июнигача Ўзбекистонга жами 223 минг 600 хорижлик тижорат мақсадида келган.
Ўзбекистонга Афғон тужжорлари ташрифи кўпайиши Ўзбек-Афғон чегарасида, Термиз шаҳри яқинида "Термиз Халқаро савдо маркази" очилиши билан боғлиқ.
У ерда хорижликлар 15 кун визасиз бўлишлари мумкин.
Шунингдек, чет элликларга савдо марказида дўкон ёки бошқа иншоотларни ижарага олиш рухсати берилган.
Маиший зўравонликка қарши кураш кучайди

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярим йили мобайнида 5000 дан ортиқ киши маиший зўравонлик учун жавобгарликка тортилганлар.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар тарқатди.
Хабар қилинишича, оилавий зўравонликка қўл урадиган шахсларга нисбатан қонунчилик талаблари кучайтирилгани мана шундай натижаларга етаклаган.
"Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Президент томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган "Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарганини таъкидлаш лозим", дейилади Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидов Телеграм каналида.

Сурат манбаси, .
2023 йил 11 апрелдаги қонун билан Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шаҳвоний шилқимлик моддаси, оилавий(маиший) зўравонлик моддаси, Ўзбекистон Жиноят кодексига оилавий(маиший) зўравонлик, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситадиган ва инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш деган бандлар киритилган.
Ушбу янги бандларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистонда аёлларга нисбатан оилада зўравонликларни тийишга хизмат қилади деб ишонилади.
2025 йилнинг дастлабки олти ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) қўлланиши натижасида 4952 шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, уларнинг 3200 нафарига жарима жазоси, 1752 тасига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
БМТ ҳисоботида Марказий Осиё тўйиб овқатмасликни енгишда илғор деб топилди

Сурат манбаси, BBC News O'zbek
Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик дастури - FAO янги ҳисоботига кўра, Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси сўнгги 20 йилда беш баравар қисқарган.
Минтақада 2005 йили жами аҳолининг 13,1 фоизи тўйиб овқатланмаяпти деб кўрилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 2,8 фоизга тушган.
Бу қорни тўймаётган одамларнинг сони 7,8 миллион кишидан 2,3 миллионга тушди деганидир.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик дастури таҳлилларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари очликни камайтириш амалларини 2019 йилгача фаол давом эттириб келишган, бироқ 2020 йилги Ковид пандемияси бу ҳаракатларни тўхтатиб қўйган.
2020-2021 йиллари қорни тўйиб овқатланмаётган одамларнинг сони яна ортган ва бу рақам яна кўтарилиб 2,5 миллион кишига етган деб кўрилади.
БМТ бутун дунёдаги вазиятни таҳлил этар экан, Марказий Осиёда тўйиб овқатланмасликка қарши кураш самараси дунёнинг бошқа жойларига солиштирганда яхшироқ кўзга ташланганини қайд этади.
20 йил олдин бутун дунёда қорни тўймаслик даражаси 12 фоизи, Марказий Осиёда эса 13,1 фоиз деб кўрилган.
2024 йили минтақа кўрсаткичи 31,1%дан 2,8% га тушган, дунёники эса 12% дан 8,2 фоизга пасайган.
БМТ бир одам қорнини тўйғазишга етарли егуликни соғлом озиқ-овқат рационининг ўртача баҳосини (CoHD) киши бошига харид қобилияти паритетидан келиб чиқиб ҳисоблайди.
БМТга кўра, глобал CoHD 2024 йили кунига 4,46 АҚШ долларини ташкил этган.
Шарқий Осиёда бир ишининг бир кунлик CoHDи $5,95, Европада 4,02 долларни ташкил этган.
Марказий Осиёда кунлик егулик арзон - $3,78 экани қайд этилади.












